UZ

Сўнгги янгиликлар

12:33Испания ва Италия клублари АПЛдаги украиналик футболчига қизиқиш билдирмоқда  0 11:47Мбаппе Ла Лигада кетма-кет 8та ўйинда гол урди. "Реал"да буни фақат Роналду ва Пушкаш уддалаган  9 11:08Пролига. Марказий учрашувни Достон Раҳмонов бошқариб боради  0 10:53Узоқ кутилган ғалабадан сўнг Слот нималар деди?  2 10:25Суперлига. Бугун 3 та учрашув бор  11 09:56Муҳаммад Салоҳ Премер-лигадаги Уэйн Руни рекордини такрорлади  3 09:28Камбекдан сўнг Роналду нималар деди?  8 08:59Кечаги учрашувда "Реал"нинг асосий футболчиларидан бири жароҳат олди  2 08:30"Эл Класико"дан сўнг Ямал севгилиси билан муносабатларига нуқта қўйди  5 08:02МЛС. Мессининг голи жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолмади  10 07:36Opta АПЛнинг якуний жадвали қандай бўлишини тахмин қилди  7 03:03АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида "Астон Вилла"ни ишончли ҳисоб билан мағлуб этди  6 03:01Ла лига. "Реал" Мадридда "Валенсия"ни тор-мор этди  10 02:43А Серия. "Ювентус" меҳмонда "Кремонезе"ни мағлуб этди, мезбонлар сафида Жейми Варди гол урди  3 02:00Бундеслига. "Бавария" марказий ўйинда "Байер"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  2

Лутфулла Тўраев: "Малайзияда футболга қизиқиш жуда баланд экан" Янгиликлар

Лутфулла Тўраев: "Малайзияда футболга қизиқиш жуда баланд экан"

Аввалги ҳафта Малайзия супер-лигасининг жорий йилги мавсуми якунига етди ва «Жоҳар Дарул Таъзим» клуби кетма-кет 3-марта мамлакат чемпионига айланди.

Ҳамюртимиз Лутфулла Тўраевнинг жамоаси - «Фельда Юнайтед» эса ўз тарихида илк бор совриндорлар қаторига кирди - 2-ўрин. Хуллас, ҳамюртимиз Малайзиядаги илк мавсумида кумуш медаль соҳибига айланди. Сирдарёлик футболчи бу натижага 16та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол уриш асносида сезиларли ҳисса қўшди. Агарда Лутфулла жароҳат сабаб, 2 ойни майдон ташқарисида ўтказиб юбормаганида, ўйинлари ва табиийки, голлари сони ҳам нисбатан кўпроқ бўларди. Яна бир ҳамюртимиз Ойбек Қиличевни ўз сафига чорлаган «Перак» 6-поғонадан жой олди. Жамоага иккинчи даврада қўшилган Ойбек 9та ўйинда иштирок этди. Собиқ «пахтакорчи» Дилшод Шарофутдиновнинг клуби - «Т-Тим» эса чемпионатни 7-ўринда якунлади. Шарофутдинов биринчилик давомида 20 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 6 бора ишғол қилди. Биз мавсум якунлангани ҳамоно Тошкентга қайтган Лутфулла Тўраев билан учрашиб, ундан Малайзиядаги фаолияти юзасидан интервью олдик.

- Лутфулла, аввало, Малайзияда вице-чемпион бўлганингиз билан табриклаймиз. Дебют мавсум учун кумуш медаль ҳам чакки эмас, шундайми?

- Албатта. Менимча, хориж клубида тўп сурадиган футболчи учун ҳар қандай медаль муҳим. Хуллас, Малайзия вице-чемпиони мақомига эришганимдан хурсандман. Боз устига, «Фельда Юнайтед» бунгача бирор марта совриндорлар сафида жой олмаган экан. Шуни ҳисобга олсак, 2-ўрин клуб учун зўр натижа.

- Умуман, мавсум шахсан сиз ва жамоангиз учун осон кечмагандир...


- Шубҳасиз. Айниқса, иккинчи давра ўйинларида шиддат ошди.

- Айнан нимаси мураккаблик туғдирди? Рақобат кучлимиди ёки жамоангиз бироз толиқиб қолди?


- Иккинчи даврада ҳар 3 кунда майдонга тушдик. Шунинг ҳисобига футболчиларда жисмоний томондан чарчоқ сезилди.

- Раҳбарияти мавсум аввалида жамоа олдига қандай вазифа қўйганди ва у бажарилдими?


- ОФК кубоги йўлланмасини қўлга киритишимиз керак эди. Шунингдек, жамоамиздан Малайзия кубогини ютиш талаб қилинди. Якунда кубокни қўлга киритолмадик, лекин вице-чемпион сифатида ОФК кубогида иштирок этадиган бўлдик.

- Чемпионлик учун ҳам имконият бормиди? Бунга нима тўсқинлик қилди?

- Афсуски, 1-ўринни банд этган «Жоҳар Дарул Таъзим»га қарши ўйинда мағлубиятга учрадик. Шундан сўнг пешқадамга етиб қолиш имконини тополмадик. Айтишим жоиз, тиззамдаги жароҳат сабаб, 2 ой майдонга тушолмадим. Яъни муҳим ўйинларда жамоага ёрдамим тегмади.

- Малайзия чемпионатидан олган умумий таассуротларингиз қандай? У ерга боришдан аввалги тасаввурингиз ва амалдаги ҳолат нечоғли фарқланди?


- Очиғи, Малайзия чемпионати ёқди. Ҳарқалай, кутганимдан яхшироқ экан. Чемпионат савияси кўпчилик ўйлаганидек паст эмас. Муҳими, мамлакатда футболга қизиқиш жуда баланд. Ахир стадион мухлислар билан гавжумланса, роҳатланиб ўйнайсиз.

- Медалларни топшириш маросими қандай ташкиллаштирилди?


- Бу тадбир ҳали ўтказилмади.

- Демак, Малайзияга яна қайтасиз, шундайми?


- Ҳа. Насиб қилса, бир ой ҳордиқ чиқаргач, сафарга чиқаман.

- Ўзи «Фельда» билан тузган шарт­номангиз қанча муддатга мўлжалланган?


- 31 декабрь куни якунланади.

- Келишувни узайтириш ниятидамисиз ёки бошқа таклиф ва режалар бор?


- Бу масала бир ойдан сўнг ҳал этилади.

- Ўзингиз қандай фикрдасиз? Клуб раҳбарияти билан бу мавзуда  гаплашмадингизми?


- Шартнома якунланмагани учун клуб раҳбарияти ҳозирча жим, мен ҳам. Малайзияга қайтганимдан ке­йин бир тўхтамга келамиз.

- Ўз жамоаларимиздан таклифлар тушмаяптими?


- Ҳозирча йўқ.

- Ўзбекистон чемпионати ҳам якуний паллага кирди. Уни кузатиб боряпсизми?

- Имкон қадар. Мана, яна шу ердаман ва менда чемпионатнинг қолган 3та тур ўйинларини бевосита стадионда кузатиш имкони бор.

- Сизнингча, жорий йил чемпионлик қайси жамоага насиб этади?


- «Локомотив»нинг имконияти яхши. Жамоа охирги турда «Насаф»­ни енгди. Бу ўйинни кўрдим. Шундай учрашувлар қанча кўпайса, савия шунчалик ошади. Менимча, «Локо»нинг чемпион бўлишига ҳеч кимда шубҳа қолмади, ҳисоб. Лекин кураш охирги тургача давом этса керак.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика