UZ

Сўнгги янгиликлар

13:50Футзал бўйича Осиё Кубоги. Афғонистон Ироқни уйига кузатиб қўйди  0 13:22Шенсни "Ювентус" билан шартномасини узайтиришдан бош тортди  1 12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  0 12:31"Милан" "Штутгарт" етакчисига қизиқиш билдиряпти  0 12:05Ши Таэ Йонг: "Ўзбекистон ва Саудия учрашувини стадиондан томоша қиламан. Корея мусобақани эрта тарк этгани учун бироз хафаман"  3 11:40"Интер" эгалари ўзгариши мумкин  1 11:16"Бавария", ПСЖ ва АПЛ клублари Меньян ва Теога қизиқишмоқда  0 10:50“Ливерпуль” ва “Арсенал” 80 миллион евролик футболчи учун курашмоқда  0 10:30Жанубий Кореяни уйига жўнатган Индонезия ОТЖ ким бошқараётганини биласизми? (Мутолаа учун)   5 10:13«Манчестер Юнайтед» ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди  2 09:46«Фейеноорд» устози «Ливерпул»нинг қизиқиши ҳақида фикр билдирди  0 09:19Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди?  10 08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  11 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  26 08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  3

ПАЛА ПАРТИШ МАҚОЛА ЁХУД ИШОНЧ Янгиликлар

ПАЛА ПАРТИШ МАҚОЛА ЁХУД ИШОНЧ

Анчадан бери мақола ёзмай қўйгандим. "Кеча, Бугун, Эртага" лойиҳаси ҳам ҳозирча тўхтаб қолди. Мавзу йўқ дейсизми, тўлиб ётибди.
Ҳар қадамимдан мавзу чиқиб келаверади. Боиси оддий, футбол ичида юраман. Айнан шунинг учун ҳам ёзгим қелмай қолди. Баъзан бўлаётган ишлардан асабим шундай бузилиб кетадики, шу керакми менга деб юбораман. Футболда "спад" деган нарса бор. Бу ортга кетиш. Масалан бирорта ўйинчининг биз кўриб, ўрганиб қолган ўйини чиқмаса унда "спад" бўляпти деймиз. Худди шундай "спад" даврини ўтказдим. Русларнинг бир гапи бор, "мастерство не пропьешь". Яъни ўз истеъдодингни ичиб юбора олмайсан. Ҳаммамиз ёшлигимизда олган билим ва кўрган устозларимизнинг савиясига қараб аниқ бир чўққига чиқамиз. Кейинчалик ундан на тушиб кетасиз, на ошиб кетасиз. Фақат ўрганиш даврида мукаммалликка эришиб олсангиз бўлгани. Ёш ўтгани сари муаммоингиз ортади ва ўрганиш учун ўша ёшликдаги вақтни топа олмайсиз. Бу гапларни нима учун ёзяпман, балки кимдир ўқиб ўзига тўғри хулоса чиқарар, балки футболчилар ёшликда берилаётган имкониятдан тўлиқ фойдаланишга ўрганарлар.

Бежизга устозлар ҳақида тўхталиб ўтмадим. Бугунги мақолам аниқ бир мавзуни ўз ичига олмайди. Уни пала-партиш ҳолатда ўқийсиз. Соғлиғим билан бироз муаммо келиб чиқди. Шунинг учун сайтда кўринмай қолдим, газетада ҳам чиқиш қилмаганимга анча бўлиб кетди. Соғлиқ туфайли Ўзбекистон миллий терма жамоасининг машғулотларида иштирок эта олмадим. Аслида бирон сафар, бирон кун терма жамоамизнинг машғулотларини қўйиб юбормаганман. Илк ўйин "Навбаҳор"га қарши кечди, унга қадар бўлган йиғинларни ўз кўзим билан кўра олмадим, аммо "Металлург" билан ўйинга бордим. Одатдагидек ҳеч ким йўқ, бор ҳамкасбларим, аммо улар ҳам мен билан бир жойда ишлашади. "Спорт ТВ"нинг икки нафар ходимини инобатга олмаса ҳеч ким йўқ. Бир кун аввал, Хайрулла Холиқов ёзувчи журналистлардан ҳеч ким келмаганини айтиб ўтганди. Аввало бу футболимиз жуда ҳам зерикарли бўлиб кетганидан далолат. Ҳамкасбларимни бу борада айблай олмайман, улар ҳам яхши нарсани кўришни исташади. Ана, Эрматовнинг тадбирида 100га яқин киши қатнашди.

Хуллас "Спорт ТВ"дан икки нафар ходим. Бутун дунёда футбол кучини спорт канали ўлчаб берса, бизда аксинча эканлигини ҳеч ким рад эта олмайди. Бир қиз ва йигит "Хабарлар" учун лавҳа тайёрлагани келган. Йигитимиз биринчи бўлимда “Ислом Тўхтахўжаев ўз ўйинини йўқотиб қўйганидан” нолиди. Ҳа, Бобур Йўлдошев билан Ислом Тўхтахўжаевнинг юз кўриниши бўлмаса-да, клуби бир эканлигини инобатга олиб кулиб қўйдим. Кейингиси эса ошиб тушди. Янги келган ходима Холиқовга мурожаат қиляпти:
- Нега, манави иккита ҳакамда байроқ бор-у, ўртадагисида йўқ?

Холиқов кулиб юборди ва унга бироз ахборот бергач, иккинчи "удар" саволни қабул қилиб олди. Мен ҳамкасбим биринчи нокдаундан кейин нокаут бўлади деб ўйладим, йўқ Холиқов "клинч"га кирди. Саволни қаранг:
- Ўзи футбол неча соат ўйналади? (мен чеккада ўзимни хандон отишдан қандай тўхтатиб қолганимни фақат ўзим биламан).
- 3та гол бўлгунга қадар. (Буни қарангки, ҳисоб 2:1 кўринишини олди. Менимча, Хайрулла Холиқовнинг гаплари рост бўлиб чиқди. Ҳар ҳолда янги ходима шундай фикрга келгани аниқ).

Энг қизиғи, "Навбаҳор" билан ўйиндан аввал дастур учун мураббийлардан фикр олинди. Аслида бу ҳолат илк маротаба қайтарилмаяпти. Доимий равишда шундай воқеалардан бирида мураббийларимиздан бири менга, "Булар кадр йиғса бўлдими, ўйиндан кейинги фикрлар ва ўйиндаги ҳолатларни кўрсатиши керак эмасми, мен ҳали бошланмаган ўйин ҳақида нима дейишим мумкин", - дея ўз ҳайратларини яшира олмаганди.

Хуллас, яна бир қанча қовун тушди. Аммо улар ҳақида ёзишни маъқул кўрмадим. Менимча, ҳеч бўлмаса терма жамоа йиғини ва ўйинларида профессионал, футболни ҳақиқатдан ҳам тушунадиган журналистлар кадр йиғишга чиққанлари маъқул бўлса керак. Шунда мураббий ва футболчилар ҳам ТВга жиддийроқ муносабатда бўлармидилар?

Шу жойига яна битта қизиқ воқеани улаб кетаман. 23 июнь куни "Joma"нинг Ўзбекистондаги расмий вакиллари билан учрашдим. Улар "championat.asia" сайти билан жиддий равишда ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан чиқдилар. Очиғи хурсанд бўлдим. Уларнинг офисига ташриф буюрганимда "Андижон" жамоаси вакиллари ўтирган экан. Жамоа иккинчи давра учун янги футболкаларни кўраётган эди. Мезбонларнинг дарвозабонлар учун кўрсатган либоси "Андижон" вакилларида савол уйғотди. Сабаби ўйинчи ва дарвозабонларнинг футболкаси рангги бирон бир дастур орқали оқ-қора ҳолатга келтирилса уни ажрата олмайсиз. Аммо рангли кўринишда тубдан фарқ қилади. ОФК ўз тасарруфида ўтказадиган ўйинларда бунга қарши чиқади. Сабаби, ўйинлари трансляция қилинадиган мамлакатларда ҳамон оқ-қора ТВлар ишлатилади. Айнан шу боис трансляция давомида ранглар уйғунлиги юзага келмаслиги учун ОФК бунга руҳсат бермаган. Нега унда ПФЛ руҳсат беради дейсизми? Айнан шу савол ўртага ташланганда, чиройли жавоб ҳам чиқди: "Бизда ҳам оқ-қора рангдаги ТВлар ҳамон бор, аммо ПФЛ рухсат бераверади, сабаби биздаги ўйинлар трансляция қилинмайди". Бу жавобдан ҳамма кулиб юборди.

Хуллас ТВда жиддий ислоҳат олиб бориш керак чамамда, балки бошқа каналларга бўлаверар, аммо "Спорт ТВ"га ҳақиқатдан ҳам спортни яхши биладиган, ЎҚИГАН ва спорт ўйинларини жонли кўрадиган мутахассислар керак.

Энди мавзуни умуман бошқа томонга бураман. Терма жамоага, яъни бўлиб ўтган тўртта ўртоқлик ўйинига. Марказ яна ишни эплай олмади дейишга шошилманг. Ҳар доим ҳам Марказ айбдор бўлавермайди. Шундай ҳолатлар бўладики, унда сиз иложсиз қоласиз. Инчхондаги Осиё ўйинлари на ОФКнинг, на ФИФАнинг расмий мусобақаси эмаслиги, биз каби терма жамоаларга муаммо туғдиради. Июль ойида терма жамоа доирасида бирон бир ўртоқлик учрашувини ташкиллаштириш мумкинмиди? Йўқ дейишимга асос кўп. Сабаби бу миллий терма жамоа эмас, бирон бир мамлакат ўз миллий терма жамоасини, бўлиб ҳам сафарга, ёшлар терма жамоасига қарши юбормайди. Унда 23 ёшли терма жамоалардан бирига қарши баҳс олиб бориш керакдир? Шундай ўйлаётган "Донолар" йўқ эмас. Биз Темурхўжа Абдухолиқовни йиғинга жалб эта олмаяпмиз. Демакки, у тенги футболчилар ўз жамоалари билан янги мавсумга тайёргарлик кўряптилар. Осиёдан бошқа биронта қитъада бу каби мусобақа яқин эмас, шундай экан, бу терма жамоага мос рақиб бошқа қитъаларда мавжуд эмас. Бу вариант ҳам куйди. Демак, Осиё қоляпти, тўғрими? Осиёда эса биз ва Кореядан бошқа терма жамоа кўп ҳам мазкур мусобақага жиддий қараётгани йўқ. Биз 20 йиллик ғалабани такрорлашни истаётган бўлсак, Жанубий Корея мезбон. Бу мусобақа йиллар давомида Олимпиада учун машғулот вазифасини ўтаб келган. Биз ҳам унга Рио-2016 олдидан тайёргарлик сифатида қарасак бўларди, худди 2010 йилдагиси каби, аммо юқорида айтиб ўтганимдек, бу сафар натижа талаб қилиняпти. Бошқа терма жамоалар эса кўп эҳтимол билан 1993 йилда туғилган футболчилар билан мусобақада иштирок этадилар. Ундан ташқари ҳали мусобақада кимларни иштирок этиши ҳам номаълум. Кўриб турганингиздек, Осиёдан рақиб излаш ҳам ўз самарасини бермайди. Буларни нима учун ёзяпман? Шунчаки, ҳар нарсадан кичик кир қидиравериш яхши эмас. Шунинг учун Қосимовнинг бугунги режаси айни пайт учун энг мақбули. Шу футболчилар ўз клубларида ҳам йиғин ўтказсалар бўларди, аммо уларни яхлит бир жамоа сифатида шакллантириш биз учун ўта муҳим эди. Миржалол Қосимов Озарбайжон терма жамоасига қарши Инчхонда иштирок этадиган футболчиларни олиб кетишини инобатга олсак, биз бошқалардан кўра яхшироқ тайёргарлик кўрган бўламиз.

Мени ўйлантираётган нарса умуман бошқа. Миржалол Қўшоқович ихтиёрида учта катта футболчи танлаш имконияти бор. Легионерларни жалб эта олмайди. Чунки мусобақа ФИФА тақвими доирасидан ўрин олмаган. Олий лигамиздан кимни олиш мумкин? Бу таркибда дарвозада муаммо йўқдек. Ҳимояда ҳам. Аммо Ислом Тўхтахўжаев ҳалақит қилмаслиги аниқ. Ҳужумда бироз муаммо бор. Аммо олий лигамизда ҳеч бўлмаса 10та гол урган ҳужумчи йўқ. Энг яхши кўрсаткич Иван Нагаевда: 8та. Балки уни олармиз, тағин ким билсин? Ярим ҳимояда Лутфулло Тўраевни синаб кўриш мумкин. Олий лигамиз шу даражада пассивлашиб кетдики, мана шу учта ўйинчи кичиклар терма жамоасини кучайтириб юборади деб қўл билан кўрсата олмаймиз. Хайрлашув учрашувидан аввал Максим Шацких, олий лиганинг бу аҳволи 5 йилдан кейин қимматга тушади деганди. Бу кетишда беш йилни кутмайдиганга ўхшаймиз.

Юқорида соғлик ҳақида бекорга ёзмадим. Футболда қандай натижага эришмайлик, сиз оилангиз учун соғлиғингиз ва асабингизни асрашингиз керак. Баъзан футболга муккасидан кетиб қолиб уйингизда, ота-онангиз ёки аёлингизни, ҳеч бўлмаса фарзандингизни койиб юборасиз.  Шу жойига мақолани ўқишдан тўхтанг! Бир эсланг, ростан ҳам шундай бўлган-а? Ана кўрдингизми? Йўқ, бундай бўлиши керак эмас. Жамики касалликларни 90 фоизга яқини асаб билан боғлиқ бўлади. Сиз ўз асабингизни бузасиз, атрофдагиларнинг. Бу билан нимага эришасиз, ҳеч нимага. Энг муҳими юртимизнинг тинчлиги эмасми? Бахт бу ЖЧда иштирок этишми ёки жаннатмаконн юртда, тинчлик хукмронлик сураётган мамлакатда яшашми? Албатта, иккинчиси! Футболимиздаги баъзи “яра”лар эса, бир кун келиб барчасига жавоб беришади. Бизнинг ишимиз эса аҳиллигимизни бузмаслигимизда. Ўзи шундоқ ҳам инсонга бериладиган умр чегараланган, ундан унумли фойдаланишни ўрганишимиз керак.

Тинч мамлакатнинг спорти, хусусан футболи бир кун келиб барибир ривожланмай қолмайди. Ҳали мени айтди дерсиз, шундай даврлар келадики, ўша кунларни кўриб кўзингиздан қувонч ёшлари оқади. Энг муҳими ишонч, шу ишонч борлиги учун ҳам газетамиз ва сайтимиз Осиё ўйинларини марказдан - Инчхон шаҳридан туриб ёритади. Энди фаол бўлишга ҳаракат қиламан, буёғига тўхташ йўқ! 5 октябрь куни Хиросимадан – Инчхонгача деган мақола ёзиш насиб этсин.

Нодирхўжа Юлдашев
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика