Интервью. Жаъфар Ирисметов "Спартак", "Бавария"га йўллаган зарбаси ва бошқалар ҳақида
08 ноя 2016 15:35
Янгиликлар
Интервью. Жаъфар Ирисметов "Спартак", "Бавария"га йўллаган зарбаси ва бошқалар ҳақида
2001 йилда Жафар Ирисметов «Спартак»ка Осиёнинг энг қобилиятли футболчиси сифатида келганди. Бироқ Москвада ўз имкониятларини ёрқин намойиш эта олмади. Ўзбекистонлик футболчи "қизил-оқ"лар сафида ўйнаб кета олмади, аммо «Спартак» билан охирги марта чемпионликка эришган эди.
Икки ой олдин Ирисметов Ўзбекистон олий лигасининг «Обод» клубини қабул қилиб олди. Ҳозирча бу клуб хавфли зонада бормоқда, бироқ мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам олий лигада қолишга ишонишмоқда. Биз собиқ ҳужумчи билан Романцев, «Спартак», «Бавария» дарвозасига йўлланган ўша машҳур зарба ҳақида гаплашдик.
— Жафар, «Спартак» сафида кам ўйнагансиз, аммо чемпион бўлгансиз. Ўша пайтларни қандай эслайсиз?
— Ўша пайтда авлодлар алмашинуви содир бўлганди. Юлдузлар аста-секин сўна бошлашган, уларнинг ўрнига ғалати легионерларни сотиб олиш бошланганди. «Спартак»ни тарк этганимдан сўнг хорижлик футболчиларни қаердан топишганига хайрон бўлардим? Бу борада менга «Зенит» ёқади. Ўз трансферларидан пул топади, уларни реклама қилади. «Спартак» эса легионерларни сотиб олади, кейин текинга қўйиб юборади. Бу нимаси?
— Сизни ҳам кимдир «ғалати легионер» деб атаган...
— Менга шунчаки иккинчи имкониятни беришмаган. Кавенагини камида бир йил ўйнаб кетишини кутишганди. Унга имконият беришганди ва ўзини кўрсатганди. Мени эса дарҳол четга чиқариб қўйишганди.
— «Спартак»ка қандай ўтгандингиз?
— Мен Ўзбекистонда кўп гол урардим. Айниқса 2000 йил омадли чиққан. «Дўстлик» сафида 37та ўйинда 45та гол ургандим. Ўшанда мураббийимизга Романцевнинг ёрдамичси Вячеслав Грозний телефон қилганди. Менга «Спартак»да ўзимни синаб кўриш имконияти пайдо бўлди. Россиядан таклифлар кўп эди, аммо ўзингиз тушунасиз: «Спартак», чемпион, афсонавий клуб...
— Янги маош.
— «Спартак» сафида МДҲ кубогига келганимда ва голлар ура бошлаганимда ҳали шартнома тузмаган эдим. Ўшанда Киевнинг «Динамо» клубидан таклиф бўлганди.
— Ажойиб маош биланми?
— У ердагилар менга «Спартак»дагидан икки баравар кўп маош таклиф қилишганди. Аммо «Дўстлик»даги вакилимиз Шикунов («Спартак» техник директори) билан келишувимиз борлигини айтганди.
— «Спартак» сизга уй берганмиди ёки базада яшармидингиз?
— Ўшанда оилали эдим, шу боис квартира ижарага олдим. Кўтарма пули сифатида кейинроқ клуб уй олиб беришини маълум қилганди.
— Романцев билан илк учрашувни эслайсизми?
— Исроилдаги йиғинга Грозний таклиф қилганди. Келдим, форма беришди. Биринчи машғулот. Жимгина машғулот ўтказдим, барча билан бирга шуғулландим. Машғулотдан кейин иккига бўлиниб футбол ўйнадик ва мен тўртта гол урдим. Романцев мени ёнига чақириб: «Сен кимсан деди?». «Ўзбекистонлик Ирисметов», — деб жавоб бердим. «Сен чакки эмассан».
— Романцев йиғинга келганингизни хатто билмаганмиди?
— Балки билгандир. Балки, шунчаки танишмоқчи бўлгандир.
— Кейин нима бўлди?
— Ҳар бир ўртоқлик ўйинида гол урдим, ўзимни кўрсатдим. Москвага учиб кетганимизда, аэропортда Романцев ёнига келиб шундай деди: «Худди шу руҳда давом эт, барчаси яхши бўлади».
— Расмий дебют учун рақиб анойилардан эмасди – «Бавария»...
— Мюнхенда асосий таркибда майдонга тушдим. 0:1 ҳисобида мағлуб бўлдик, аммо ёмон ўйнамагандим. Москвадаги жавоб баҳсида ҳам яна асосий таркибда эдим...
— Кўпчилик ўша ўйиндаги ноаниқ зарбангизни эслайди. Агар ўшанда гол урганингизда «Спартак»даги фаолиятингиз буткул бошқача бўлиши мумкин эди?
— Ўшанда гол урганимда тарихга кирардим. Титов менга яхши пас оширганди, мен ўнг оёғим билан зарба беришга уриндим, аслида оддийгина чап оёқни қўйишим керак эди. Ўша вазиятдан сўнг мени дарҳол алмаштиршди. Албатта, бу руҳий зарба эди.
— Ёмон кайфиятда эдингизми?
— Мен ёш бола эмасман, аммо кўнгил кўтариш учун бир-икки оғиз гап айтиш мумкин эди. Исталган мураббий шундай қиларди. Бунга қадар ЕЧЛ ўйинларини фақат телевизор орқали томоша қилардим, илк бор бундай савияда ўйнадим.
— Кейин «Спартак» сафида бир неча ўйинларда қатнашдингиз...
— Аммо гол ура олмадим. Машғулотларда барчаси ажойиб эди, ўйинларда эса нимадир ўхшамасди. Мени захирага ўтказиб қўйишди. Журналистлар Романцев ва Грознийдан нега Ирисметов майдонга тушмаётганини сўрашарди. «Спартак»дагилар худди ўша ноаниқ зарбам туфайли менда руҳий пасайиш борлигини айтишарди.
— Бундай ҳолатда эмасмидингиз?
— Бундай вазиятларда ҳеч қачон жиддий ўйламасдим. Барча қулай вазиятда гол уриб бўлмади тушунарлику. Барча нарса бўлиши мумкин.
— Романцев билан гаплашишга уринмаганмисиз?
— Ахир у ҳеч ким билан гаплашмас эди. Мен ҳам нима учун ўйнамаётганимни сўрагим келмасди. Барчасини майдонда исботлашга уриндим. Аммо бир кун чидай олмадим ва Романцев билан гаплашиб олишни сўрадим.
— Нима дедингиз?
— Вазиятни тушундирдим, ёшлигимни ўйнашни исташимни айтдим. Романцев қисқа жавоб бердим: «Барча саволлар Шикуновга».
— Сизчи?
— Хайрон бўлдим: «Нимага Шикуновга? Асосий таркибни сиз аниқлайсизку». «Шикуновга мурожаат қил, сен ҳақингда барчасини унга айтганман», — дейди Романцев. Шу билан тамом. «Спартак»даги бутун фаолиятим давомида бош мураббий билан уч марта суҳбатлашган эканман. Йиғинда, аэропортда ва ўшанда.
— Шикунов нима деди?
— Мени Европа Чемпионлар лигаси учун олишганини айтди. Реклама қилиб қимматроққа сотишмоқчи бўлишганини маълум қилди. Россия чемпионатида мен уларга керак эмасдим, сабаби клуб тарбияланувчиси эмасдим.
— Тўғридан-тўғри шундай дедими?
— Агар ишонмасингиз ўзидан сўраб кўринг.
— Якунда сизни Беларсунинг «Славия» клубига ижарага бериб юборишди.
— «Спартак» уларнинг ҳужумчиси Роман Василюкни олмоқчи эди. Мени ушбу трансфер ичида ижарага беришди.
— Сиз рози бўлдингизми? Ёки бошқа вариантлар йўқмиди?
— Беларусь чемпионати менга қизиқ эмасди. Аммо «Славия» ўшанда ЕЧЛ саралаш баҳсларида иштирок этарди. У ерда ўзимни кўрсатиб Европа клублари эътиборига тушишга умид қилдим. Гуруҳ босқичига чиқсак нима бўларди? Маош борасида ҳам ютқазмаётгандим.
— «Славия»да ҳам кам ўйнадингиз.
— Чемпионлар лигасида омадимиз келмади. Мен Москвага қайтдим. Учиб келган заҳоти мени Шикунов чақирди. Ўз машинасига чақирди. Унда «Анжи» вакили ўтирган экан. У ерга ўтишни таклиф қилишди.
— Рози бўлдингизми?
— Аксинча, оиламни ўйлаб Махачқалъада яшашни истамаслигимни айтдим. Ўша пайтда у ерда вазият оғир эди. Аммо Шикунов очиқчасига шундай деди: «Анжи»га бормасанг — ўринбосарлар сафида бўласан. Машғуот ўтказишга имкон бермаймиз». Шунда мен унга ҳам қарши савол бердим: «Сиз менга уч хонали уй ваъда қилгандингиз. Қани у? Беринглар, у ерда ўтириб таклифларни кутаман». Менга квартира керак эмасди — шунчаки унга жавоб ҳужуми қилдим. Шунда эркин агент сифатида қўйиб юборишлари мумкин эди. 25 ёшда эдим ва ўйнашни истардим.
— Шикунов кўндими?
— Йўқ. Мени катта пуллар эвазига сотиб олишганини ва шартномани бекор қилиш ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмаслигини айтди. Квартирани ҳам беришмади. Кам ўйнаганимни рўкач қилишди.
— Барибир қандай қилиб Махачқалъада пайдо бўлдингиз? У ерга куч билан олиб боришмагандир?
— Танлаш керак эди ёки «Спартак» ўринбосарлари ёик «Анжи»да ўйнаш. Иккинчисини танладим. Бундан ташқари «Анжи» менинг маошимга қўшимча тарзда квартира олиб беришини маълум қилди.
— «Спартак»даги қисқа фаолиятингиз қандай ёдда қолди?
— Титов ва Парфёнов элита эди, қолганлар эса қора ишчилар эди. Жамоавий руҳ сезилмасди. Келдик, машғулот ўтказдик, ҳамма уй-уйига. Балки, мени ҳеч қаерга таклиф қилишмагандир (кулади).
— Ижарага олган квартирада ўтирармидингиз?
— Йўқ, Ширко, Левицкий каби йигитларнида меҳмонга борардим. Яна Василий Баранов билан кўп гаплашардик, у менга янги мамлакатда жуда кўп ёрдам берган. Юлдузларга қўшилиш эса қийин эди (кулади). Фақат майдонда жамоа бўлишимиз керак эмаску. Бир куни мени ҳам таклиф қилишди – Писарев ўйиндан кейин мени стадион ёнидан олиб кетишини айтганди. Аммо ўшанда мени ҳеч ким олиб кетмаганди.
— Ёмон хотиралар эканда.
— Балки, хайрон қоларсиз, аммо «Спартак»ка ўтганимдан афсусланмайман. 2008 йилда Москвада эканлигимда бир йигит келиб менга шундай деганди: «Сен «Спартак»да ўйнагансанку! «Бавария» билан ўйиндаги акробатик зарба эсингдами?». Хатто Ўзбекистонда ҳам ўша вазиятни эслашади. «Спартак»ка ўтиш ҳар қанақасига мен учун катта реклама бўлганди.
— «Спартак»даги қайси легионерлар ёдингизда қолган?
— Тчуйсени эслайман, «Спартак»дан олдин «Черноморец»да бирга ўйнагандик, кучли футболчи. Менгача Робсон ўйнаганди, у чемпионликка катта хисса қўшанди. «Спартак»да улардан кейин яхши савиядаги легионерларни кўрмадим. Мукункуни сотиб олишди. Менимча уни шунчаки устидан кулиш учун харид қилишганди. Менимча у хатто Ўзбекистон чемпионатида ҳам ўйнаб кета олмасди.
— Романцев эса уни яхши футболчи деб айтганди.
— Ўшанда Мукунку 19 ёшда эди ва 5 нафар боласи бор эди. Балки, ҳақиқатдан ҳам яхши бўлгандир. У билан кўп гаплашмагандим. Мукунку ҳам кўп гапирмасди. Бошқа инсонлар ҳақида гапиришни ёқтирмайман, аммо «Спартак» савиясига мос эмасди.
— «Спартак»да Европа даражасидаги ўйинчи бормиди?
— Тўғрисини айтсам йўқ. Ўша «Спартак»дан ҳеч ким юқори савияда ўйнаб кета олмади. Аммо «Анжи»да Илья Цымбаларь ёдимда қолганди. Бундай маҳоратли футболчини ҳеч қаерда кўрмагандим. Сергей Семакни ҳамон эслайман – суягигача профессионал, юксак инсон! Бундай одамлар жуда кам. «Анжи»да Будун Будунов билан дўст эдик, у ҳам ажойиб инсон эди.
— Будун Перхун билан тўқнашув ва унинг вафотини эслаб турармиди?
— Бу мен «Анжи»га ўтгунимгача бўлганди, Бу борада у билан гаплашганман. Унинг айтишича ўша вазиятда дарвозабонга орқаси билан тургани ва ҳеч нимани кўрмаган экан. Ҳар қандай футболчи бундай бахтсиз ҳодисадан кейин қийналади, аммо менимча ўша вазият учун Будунни айблаш нотўғри.
— Сиз «Спартак»дан олдин ЦСКАга ўтишингиз мумкин эди.
— Ҳа, Долматов даврида. «Черноморец»да ўйнардим. Эсимда у «Спартак» билан ўйинда мени дарҳол асосий таркибга қўйганди. Қизиғи бу «Черноморец»даги охирги ўйини эди. Новогорскда «Спартак»ка қарши ўйиндан кейин у ЦСКАга кетаётганини айтишди. Долматовдан сўрагандим: «Олег Васильевич, бу қанақаси? Сиз мени чақиргандингиз, менга ишонгандингиз, энди кетаяпсиз». Долматов бир кун келиб ЦСКАга чақиришга ваъда берганди. Губернатор менга маошимни кўтаришини айтганидан кейин «Черноморец»да қолганман.
— У ерда атига 7та ўйин ўтказдингиз.
— Янги мураббйи Сергей Бутенко мени деярли майдонга туширмаганди.
— Нима учун?
— Рақобатчим Сергей Бурдин машғулотларда унга эътироз билдирганди. Ўшанда «Черноморец»да мураббийга ўйнашни исташини айтиб эътироз билдирган бўлса керак. Яхши формада бўлганимга қарамай захира ўйинчисига айланиб қолдим. Яна она ватанимга қайтдим – бу сафар Самарқанднинг «Динамо» клубига.
— Долматов ЦСКАга чақирмадими?
— Чақирдим, сал кейинроқ. Мени Бельгиядаги йиғинга чақиришди, хатто виза ҳам қилиб беришди, аммо сўнгги лаҳзада Самарқанддагилар мени қўйиб юборишни исташмади.
— Нима учун?
— Қаердан биламан? Шунчаки: «Шу ерда ўйнайсан» дейишди. ЦСКА спорт директори Авал Шамхановга қўнғироқ қилиб: «Ирисметов ҳеч қаерга бормайди» деб айтишганди. Ўшанда жамоада Маҳмуд Раҳимов бош мураббий эди, у мен учун кўп иш қилган. Ярим йилдан сўнг уни Осиёнинг энг яхши мураббийи деб топишганди. Аммо кейинги фаолияти фожиали тарзда якун топган.
— Нима бўлган?
— Тақдирлаш маросимига кетаётганида автоҳалокатга учраган. Ўша жойнинг ўзида вафот этган. Шундан сўнг, фаолиятимни бошлаган «Дўстлик»ка қайтгандим.
— Ва 37та ўйинда 45та гол уриб ажойиб мавсумни ўтказгандингиз.
— Ҳа. Ўшанда кучли жамоа йиғилган эди. Шерикларим кучли эди, ўзим ҳам яхши формада эдим. Шу тариқа 45та гол ургандим. Бироқ ундан ҳам кўпроқ уришим мумкин эди. Чиройли ҳаракатлар қилишга киришиб кетгандим, гоҳида финт ишлатардим, гоҳида шерикларимга тўп узатардим.
— Шўхлик қилармидингиз?
— Жамоада Ҳасанов ва Хабибуллин ўйнашарди, улар чемпионатда 100-голларини уришлари керак эди. Шу сабаб уларга бўш дарвоза қаршисида тўп узатардим.
— Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян мамлакатда футбол ривожланаётганини маълум қилганди. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?
— Сизга худди Самвел Вячеславович каби жавоб берайми ёки ҳақиқатдан ҳам нимани ўйласам шуни айтайми? (кулади) Шахсий фикрим, Ўзбекистонда футбол ривожланмаяпти, аксинча пасаймоқда. Болалар-ўсмирлар футболи оқсамоқда – мана ёшларимиз Жаҳон чемпионатига чиқа олишмади, охирги йилларда бу ёшдаги жамоалар мунтазам равишда мундиалларга чиқиб келаётганди.
— Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россиядаги Жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти бор.
— Баҳслашмайман. Бабаян келгач натижа бўлмоқда, аммо Эрон билан баҳсда муаммоларимиз кўриниб қолди. Ўзбекистон терма жамоасига маҳоратли футболчилар етишмаяпти – Аҳмедов ва Денисов бор, аммо бир кун келиб бу авлод фаолиятини якунлагач, уларни ким алмаштиради? Мен ўз чемпионатимни яхши биламан, ҳар холда шу ерда ишлаяпман, шу боис терма жамоани кучайтирадиган футболчиларни кўрмаяпман.
— «Спартак»ка мураббий сифатида қайтишни истармидингиз?
— Бу ҳақиқий эртак бўларди. Аммо Россиянинг ўзида мураббийлар етарли.
— Мураббийликдаги мақсадларчи?
— Албатта катта муваффақиятга эришишни истайман. Аммо осиёлик мураббийнинг Россия чемпионатида иш бошлаши осон эмас. Мен Қурбон Бердиев эмасманку.
— Ҳозирги «Спартак» сиз учун қизиқми?
— Албатта! Яқинда ЦСКА билан дербини томоша қилдим, барча яхши ўйнади. «Спартак»да бирга ишлаган барчани яхши танийман, ошпазлардан тортиб тансоқчиларгача.
— Ҳозир «Спартак»да 2001 йилдан сўнг биринчи бор чемпион бўлиш учун яхши имконият мавжуд.
— Қўшиламан, аммо бу жамоага стабиллик етишмаяпти. Асосийси – мақсад сари интилиш. Биринчи ўринда бўлиш учун руҳий кучли бўлиш керак. Каррера – яхши мураббий, рақобатбардош жамоа тузгани кўриниб турибди. Олдин йигитларнинг кўзлари ёнмасди. Ҳозир барча футболчилар бир бирлари учун ўйнаётганларини кўриш мумкин.
— Нима деб ўйлайсиз «Спартак» мухлислари сизни эслашармикин?
— Мен уларни жуда ҳурмат қиламан. Ҳалигача улар менга ёзиб туришади. Бир неча йил олдин бир мухлисга ўз футболкамни юборгандим. Мухлислар билан доим яхши муносабатда бўлганман. «Спартак» ниҳоят чемпион бўлишини тилайман. Бу клуб учун қайғураман ва барча ишчи ходимлар, мухлислар жамоа ғалабасидан хурсанд бўлишини истайман.
championat.com сайтидан Нарзулла Сайдуллаев таржимаси
Фикрлар