21 may 11:10
News

Ёш “қалдирғоч”ларнинг биринчиликдаги натижалари

Футбол бўйича Тошкент шаҳар футбол мактаблари ўртасида бўлиб ўтаётган биринчиликнинг 7-8 тур учрашувлари бўлиб ўтди.
7-тур доирасида “Бунёдкор-А” сафарда “Локомотив” меҳмони бўлган бўлса, “Бунёдкор-Б” академия майдонларида “Спартак” жамоасини қабул қилди. 8-турда эса “Бунёдкор-А” “Истиқлол” билан ўз майдонида учрашган бўлса, “Бунёдкор-Б” РКОР уйига сафар қилди. Бевосита ўйинлар тафсилотига тўхталиб ўтсак...

7-тур ўйинлари
2003 йил
“Локомотив” - “Бунёдкор-А” 0:1
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 1:0

Жамоаларнинг энг кичик ёш тоифасидаги тарбияланувчилари ўйинларида минимал ҳисоблар қайд этилди. “Бунёдкор-Б” ўз уйидаги ўйинда гарчи рақибга нисбатан анча кучлироқ ўйин намойиш этган бўлса-да, вазиятлардан самарали фойдаланиш борасида камчиликларга дуч келди. Натижада ўйиндаги устунлик битта тўп фарқини ташкил этди, холос... “Бунёдкор-А” ва “Локомотив” баҳсида эса ўйин тенг курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоа вакиллари ўз омадини рақиб жарима майдонидан қидирди. Ўзига хос мураббийлар “ўйин”ига айланган баҳсда учрашув тақдирини битта гол ҳал этди – 0:1... “Бунёдкор-А” фойдасига!

2002 йил
“Локомотив” - “Бунёдкор-А” 0:4
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 1:0

2002 йилда таваллуд топган тарбияланувчилар ўйинида “Бунёдкор-А” рақибга асло имконият қолдирмади. Шу куни ўйин тўлиқ ёш “қалдирғоч”лар устунлигида ўтди ва бу устунлик ҳисобда ҳам ўз аксини топди – 0:4! Ўз майдонида ўйнаган “Бунёдкор-Б” вакиллари эса ўз тенгқурларини 1:0 натижаси билан мағлубиятга учратишди. Эътиборлиси, ўйиндаги ягона гол учрашувнинг биринчи дақиқасидаёқ “Спартак” дарвозасидан жой олди.

2001 йил
“Локомотив” - “Бунёдкор-А” 3:1
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 1:1

Афсуски, 2001 йилда туғилган болалардан иборат ҳар икки жамоамиз 7-турда ишончсизроқ ўйин намойиш этишди. “Бунёдкор-А” вакиллари ўз дарвозаларидан учта тўп ўтказиб, фақатгина бир бора жавоб қайтаришга мувофақ бўлишди. Ўз майдонида спартакчиларни қабул қилган “Бунёдкор-Б” ўз рақибига бир очко улашди, десак хато бўлмайди. Ўйиндаги ҳар икки гол биринчи бўлимда дарвозалар тўридан жой олди – 1:1!

2000 йил
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 0:0

“Бунёдкор-Б” ва “Спартак”нинг кейинги ёш тоифасидаги жамоалари ўйини ҳам дуранг билан якунланди. Бу ўйинда голли вазиятлар анчагина содир этилган бўлса-да, футболчилар охирги нуқтани қўйишда хатоларга дуч келишди. “Локомотив” ва “Бунёдкор-А”нинг 2000 йил ва 1998 йилда таваллуд топган жамоалари ўйини бошқа муддатга қолдирилди.

1999 йил
“Локомотив” - “Бунёдкор-А” 0:1
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 2:1

Бу ёш тоифасидаги ҳар икки жамоамиз иродали ғалабага эришдилар. “Бунёдкор-А” футболчилари бу ўйинда рақибга нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатиб, муҳим уч очконинг эгаси бўлишди. Ўйиндаги ягона гол Жаҳонгир Абдусаломов ҳисобига ёзилди. “Бунёдкор-Б” эса иродали ғалаба соҳиби бўлди. Гарчи улар биринчи бўлимдан сўнг “Спартак”ка 0:1 ҳисобида ютқазаётган бўлса-да, иккинчи таймда ишончли ўйин кўрсатиб ғалабани ўз томонларига оғдириб олишди – 2:1!

1998 йил
“Бунёдкор-Б” - “Спартак” 0:1

Шу куни спартакчилар ягона ғалабани энг катта ёш тоифасидаги футболчилар баҳсида қўлга киритишди. Биринчи бўлимда пеналътидан киритилган гол меҳмонларга ғалаба келтирди.

8-тур ўйинлари
2003 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 8:0
РКОР - “Бунёдкор-Б” 1:0

8-тур ўйинларини “Бунёдкор-А” жамоаси йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади. “Истиқлол”ни қабул қилган ёш “қалдирғоч”лар рақиб посбонини 8 (!) бора ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди. Ҳисобдан ҳам маълумки, меҳмонлар бу ўйинда рақибга нисбатан ҳеч нима қила олишмади. РКОР меҳмони бўлган “Бунёдкор-Б” вакиллари эса кичик ҳисобда мағлубиятга учрашди. Биринчи бўлимда белгиланган пеналъти ўйин тақдирини ҳал қилди.

2002 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 11:1
РКОР - “Бунёдкор-Б” 1:2

“Бунёдкор-А” жамоасининг голлар шоуси кейинги ўйинда ҳам давом этди. 2002 йилги тарбияланувчилар ўйинида жами дарвозаларга 12 (!) та тўп киритилди. Шундан 11 тасини “Бунёдкор-А” футболчилари рақиб посбонига “совға” қилишган бўлса, битта гол “Истиқлол” ҳисобига ёзилди. “Бунёдкор-Б” ҳам сафардаги учрашувда уч очкони қўлга киритди. Улар РКОР дарвозасига иккита тўп киритиб, ўз дарвозаларидан битта тўп олиб чиқишди. Якуний ҳисоб – 1:2.

2001 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 3:0
РКОР - “Бунёдкор-Б” 0:1

“Бунёдкор-А”нинг ғалабали одимлашини бу ёш тоифасидаги тарбияланувчилар ҳам давом эттиришди. Майдон марказидаги устунлик, вазиятлар яратиш ва улардан самарали фойдаланиш коеффициенти мезбонлар устунлигини таъминлаб берди. Биринчи таймда киритилган учта гол бунёдкорчиларга ғалаба келтирди. РКОР майдонида кечган ўйинда эса “Бунёдкор-Б” футболчилари 0:1 ҳисобида ғалаба билан қайтишди. Бу ўйин ҳужумкор руҳда ўтган бўлса-да, ҳар икки жамоа имкониятлардан фойдалана олмади. Ягона гол стандарт вазият натижасида РКОР дарвозасидан жой олди.

2000 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 4:0
РКОР - “Бунёдкор-Б” 0:3

“Бунёдкор-А” ва “Истиқлол”нинг бу ёш тоифасидаги жамоалари ўйинида мезбонлар меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 4:0. Ўйин борасида ҳам, тактика ва индивидуал ҳаракатлар борасида ҳам мезбонлар устунлик қилишди. Майдоннинг ҳар қаричи ёш “қалдирғочлар” назоратида бўлди. “Бунёдкор-Б” вакиллари ҳам меҳмонда ишончли ғалабани қўлга киритишди. Жавобсиз учта гол РКОР устидан зафар қозонишга кифоя қилди.

1999 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 3:1
РКОР - “Бунёдкор-Б” 3:3

“Бунёдкор-А”нинг зафарли юриши давом этиб, меҳмонлар яна бир бор мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди. Бу ўйинда ярим ҳимоячилар асосий ишни бажариб беришди. Айнан улар томонидан киритилган голлар мезбонларга ғалабани тақдим этди. РКОР майдонида кечган ўйинда эса жанговар дуранг қайд этилди. Ҳисоб ҳақиқатда ўйинга мос тушди. Тинимсиз ҳужумкор руҳда ўтган ўйин дарвозаларнинг олти бор нишонга олиниши билан якунланди.

1998 йил
“Бунёдкор-А” - “Истиқлол” 9:0
РКОР - “Бунёдкор-Б” 3:2
“Бунёдкор-А”нинг “Истиқлол” учун ўзига хос яна бир “мастер-класс”и... Ўйин бошиданоқ мезбонлар тўп назоратини ўз қўлларига олдилар. Майдон марказидаги устунлик, рақиб жарима майдончасидаги фаол ҳаракатлар ўз натижасини бермай қолмади. Ўйинни кузатган одамга гўё мезбонларнинг ҳар бир ҳужуми гол билан якунланаётгандек таасуррот уйғонарди. “Бунёдкор-А” ҳеч бир жабҳада меҳмонларга имконият қолдирмади – 9:0! “Бунёдкор-Б” вакиллари эса қийин кечган ўйинда имкониятни бой беришди – 3:2... Бу ўйинда ёш бунёдкорчиларга озгина характер етишмади.

Санжар Исматов
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook