27 jun 18:53
News

Туркия-2013: Ўзбекистон Хорватия билан дуранг ўйнади

Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси Туркияда давом этаётган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-турида Хорватия билан дуранг ўйнади.
26 июнь, чоршанба куни Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари якунига етди. Турни Хорватия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўзаро баҳс якунлаб берди. Биринчи турда мос равишда Уругвай (1:0) ва Янги Зеландия (3:0) жамоаларини мағлубиятга учратган томонлар ўртасидаги баҳсда муроса кўчаси танланди. Ушбу натижа ҳар иккала жамоанинг гуруҳдаги ўз ўрнини, шунингдек, кейинги босқич чиқиш имкониятларини тўла сақлаб қолишга имкон берди.

Ўйин давомида Динко Йеличич шогирдлари шогирдлари тўпни нисбатан кўпроқ назорат қилишди (53 фоиз). Бироқ ўзбекистонлик футболчилар бўйдор европалик рақибларига қарши яккакурашларда бўш келишгани йўқ. Қайд этиш жоиз, ўйин нисбатан асабий руҳда ўтди – ўйин давомида хорватиялик футболчилар тўрт марта, Аҳмаджон Мусаев шогирдлари эса уч марта огоҳлантириш олишди. Бахтга қарши, Янги Зеландияга қарши ўйинда ҳакам томонидан огоҳлантирилган Максимилиан Фомин учун перулик Виктор Каррильонинг сариқ карточкаси мусобақадаги иккинчиси бўлди. Шу сабаб, терма жамоанинг чап қанотдаги асосий ҳимоя қўрғони Уругвайга қарши ўйинда жамоадошларига ёрдам бера олмайди.

Учрашув Хорватия тарафининг ҳужумлари билан бошланган бўлса-да, ўйиндаги илк хавфли вазият Аҳмаджон Мусаев шогирдлари томонидан юзага келтирилди. Бироқ, Игорь Сергеевнинг тўп узатишидан сўнг дарвоза олдида якка ўзи қолган ўтган ўйин қаҳрамони – Аббосбек Махсталиев вазиятдан фойдалана олмади. 24-дақиқага келиб эса барибир Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакиллари томонидан ҳисоб очилди. Ўнг қанотдан белгиланган жарима зарбасини Жамшид Искандеров маҳорат билан амалга оширганидан сўнг, тўп ушбу жарима зарбасини ишлаган Диёржон Туроповнинг бошидан марказий ҳимоячи Сардор Раҳмоновга келиб тушди; Мексика-2011 қаҳрамонларидан яна бири ортиқча қийинчиликсиз Оливер Зеленика дарвозасини ишғол қилди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси биринчи бўлимни ғолиб сифатида якунлади. Мусаев болаларида нафақат иккинчи бўлимда, балки биринчи бўлимнинг ўзида ҳам ҳисобни ошириш учун қатор имкониятлар бўлди. Умуман, ўзбекистонлик футболчилар бутун ўйин давомида ишончли, хотиржам ўйин кўрсатишди. Жамшид Искандеров, Диёржон Туропов, Аббосбек Махсталиев, Сардор Собирхўжаевнинг алдамчи ҳаракатларини «Bursa Ataturk Stadium»га йиғилган ишқибозлар давомли қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб туришди. Бироқ иккинчи бўлимда фақат битта гол қайд этилди. Бахтга қарши, ушбу ягона гол Асилбек Омонов қўриқлаётган дарвоза тўридан жой олди. Чап қанотдан Уругвайга қарши ўйин қаҳрамони Анте Ребич томонидан амалга оширилган жарима зарбасидан ўзбекистонлик ҳимоячилар томонидан бутунлай қаровсиз қолдирилган Италиянинг «Аталанта» клуби ҳимоячиси Марко Ливая қийинчиликсиз Ўзбекистон дарвозасини ишғол қилди.

Ўйиннинг қолган қисмида ҳар иккала тарафда ҳам ҳисобни ўзгартириш учун қатор вазиятлар бўлди. Айниқса, асосий эътиборни қарши ҳужумга қаратган ўзбекистонликлар бир неча бор узоқ масофалардан йўлланган зарбалар орқали Хорватия дарвозасини ишғол этишга уриниб кўришди. Бироқ Аббосбек Махсталиев, Сардор Собирхўжаев, иккинчи бўлимда майдонга тушган Жалолиддин Машариповнинг зарбаларига сўнгги лаҳзада бироз аниқлик етишмади.

26 июнь куни бўлиб ўтган гуруҳнинг иккинчи ўйинида Уругвай терма жамоаси Янги Зеландия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақадаги дастлабки очколарини қўлга киритди. Айни вақтда жанубий америкаликлар 3 очко билан «F» гуруҳида учинчи бўлиб туришибди. Бугунги дурангдан сўнг тўплар нисбатига кўра пешқадам Ўзбекистон ва иккинчи ўриндаги Хорватия ҳисобида тўрттадан очко бор. 29 июнь куни бўлиб ўтадиган 3-тур учрашувларида Ўзбекистон ёшлари Уругвайга қарши майдонга тушса, Янги Зеландия Хорватияга қарши баҳсда мусобақадаги илк очколарини қўлга киритишга уриниб кўради.

Ўрни келганда маҳаллий ишқибозларнинг Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасига нисбатан хайрихоҳлик билан муносабатда бўлаётганини лозим. Айнан Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари майдонга машғулотлар учун чиққанда, «Bursa Ataturk Stadium» жонланиб, ўзбекистонлик футболчиларни олқишламоқда. Ўзбекистоннинг ҳар захира амалга ошириши эса давомли қарсаклар, олқишларга уланиб кетмоқда. Айниқса, иқтидорли марказий ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров алмаштирилган вақтда бутун стадион ёш футболчини давомли ва гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўйгани ҳар қандай ўзбекистонликда ҳам фахр туйғусини уйғотади. Бунда, Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасининг чиройли ва ишончли ўйинларидан ташқари, ўзбекистондан ташриф буюрган кўп сонли футбол мухлисларининг фаол қўллаб-қувватлашлари алоҳида ўрин тутади.

Ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2013, гуруҳ босқичи
«F» гуруҳи, 2-тур учрашувлари
26 июнь, чоршанба
ХОРВАТИЯ – ЎЗБЕКИСТОН 1:1 (0:1)
Голлар:
Марко Ливая (65) – Сардор Раҳмонов (24).
Огоҳлантиришлар: Нико Даткович (54), Дарио Канадижа (61), Йозо Шимунович (70), Иван Алексич (90+2) – Максимилиан Фомин (41), Сардор Раҳмонов (51), Тоҳиржон Шамшитдинов (90+2).
ХОРВАТИЯ: Оливер Зеленика, Тони Горупец, Иван Алексич, Филип Мрзляк, Нико Даткович, Марко Ливая (Петар Брлек, 80), Хрвое Миличевич (Круно Иванчич, 54), Марко Пьяка (Стипе Перица, 67 ), Анте Ребич, Дарио Канадижа, Йозо Шимунович.
ЎЗБЕКИСТОН: Асилбек Омонов, Тоҳиржон Шамшитдинов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Йўлдошев, Максимилиан Фомин, Владимир Козак (Муҳсинжон Убайдуллаев, 67), Диёржон Туропов (Жалолиддин Машарипов, 61), Жамшид Искандеров (Абдул Азиз Юсупов, 79), Игорь Сергеев, Сардор Собирхўжаев.
Бош ҳакам: Виктор Каррильо (Перу).
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook