10 oct 14:55
News

Тарғиботсиз футбол мухлисларсиз ўйинми?

Футболнинг ҳозирги даражага чиқишида ОАВ ва тарғиботнинг ўрни катта бўлган. Шу икки жиҳатсиз футбол бугунгидек севимли спорт турига айлана олмасди.
Роналду ёки Мессини айнан ОАВ шунчалик танитмаганда биз уларга бунчалик эътибор бермаслигимиз аниқ эди. Ҳозир шундай даврки, бозорда маҳсулотингизни сотиш ёки хизматингизни бошқалар танлаши учун уни қай даражада реклама, тарғиб қилишингиз муҳим аҳамиятга эга. Маҳсулот қанчалик тез кўзга ташланувчан бўлса, унинг хариди шунчалик яхши бўлади.

Олий лигамизда охирги йилларда мухлислар ташрифининг аввалгиларга нисбатан кескин камайиб кетгани ҳақида кўплаб мақолалар чоп этиляпти. Уларда айтилаётган барча фикрлар тўғри. Клубларимиз ва миллий терма жамоамизнинг халқаро саҳнада айтарли натижаларга эриша олмаётгани, маҳоратли футболчиларнинг фаолиятини хорижда давом эттираётгани, ўзимиздаги ўйинчиларнинг савияси қониқарли эмаслиги, мураббийларнинг ўз устида ишламаётгани, ҳақиқий иқтидорларнинг кўздан панада қолиб кетишаётгани, ҳакамларнинг хатолари сингари жиҳатлар аксарият ишқибозларни стадионга келиб, футбол томоша қилишдан бездириб бўлган. Лекин бу бир томондан қараганда. Чунки чин дилдан футбол кўришни истаган мухлис барибир бевосита стадионда учрашувларни кўраверади. Олий лигада ҳар турда ҳеч бўлмаса битта бўлса-да, юқори савияда кечаётган учрашувларни кузатяпмиз. Ҳозирги ҳолатимиз Россия ва Украина юқори лигалари шу аср бошларида тушиб қолган даврларни эслатмоқда. Ўшанда бу мамлакатларда ҳам миллий лигага бўлган қизиқиш тушиб кетганди. Бир неча йил футбол инқирозга юз тутгандай туюлди. Лекин кейинчалик кўрилган чора-тадбирлар натижасида мухлислар яна стадионларга қайтишди. Бизда эса бунинг имкони топилмаяпти. Бироқ ушбу ҳолат ҳал қилиб бўлмайдиган вазифалар тоифасига кирмайди. Агар астойдил ҳаракат қилинса, яқин йиллар ичида стадионларда кўп минг сонли ишқибозлар ўтирганини кўришимиз мумкин. Фақат бунинг учун биринчи навбатда миллий футболимизни реклама қила олишимиз шарт.

Хориж давлатларида кўп бўлганим сабабли бир ҳолатга алоҳида эътибор қаратганман. Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Австралия ёки Эронда миллий чемпионат ўйинларига телевидение шундай эътибор қаратадики, ўша дастурларни тушунмасангиз ҳам беихтиёр қизиқиш билан томоша қилишни бошлайсиз. Чунки дастурлар жуда қизиқарли, турли хил машҳур инсонларнинг фикрлари билан бериб борилади. Ҳар бир учрашувга оид фактлар, аввалги ўйинлардан видеолавҳалар кўрсатувлардан жой олади. Бутун ҳафта мобайнида ҳар бир беллашув алоҳида реклама қилиб борилади. Натижада футболга озгина қизиққан одам борки, ўша ўйинга боришни истаб қолади. БАА ва Қатарда сўнгги пайтларда мухлислар ташрифи ўсди, бунга асосий сабаб айнан тарғиботнинг яхши эканлиги бўлди деб иккиланмасдан айтиш мумкин. Бизда эса тарғиботга айнан телевидениенинг фаоллиги етишмаяпти. Агар “Спорт” телеканали ходимлари бу ишга улгурмаётган бўлсалар, балки ПФЛ ҳар тур учрашувлари арафасида камида 3 кунлик дастурларга ўзи кўрсатув тайёрлаб, уни тақдим этиши керакдир. ПФЛ телекўрсатувлар тайёрлаш учун махсус ижодий гуруҳни ёллаган ҳолда бунинг уддасидан чиқиш имкониятига эга. Ёки ўйинлар трансляцияси бепул бўлгани сабабли бу масалада келишувга эришса бўлади. Тур олдидан превью, турдан кейин ўйинлар таҳлили ва яна олий лигага бағишланган турли мавзудаги камида 2 кўрсатув керак. Беллашувлардаги голлар намойиш этилаётган “Футбол шарҳи” табиий равишда олий лиганинг барча қирраларини очиб бера олмайди. Имкони бўлса, турли қизиқарли ва тортишувга сабаб бўлган ҳолатлар ҳакамлар департаменти вакиллари иштирокида тушунтириб борилса, бу қизиқишни янада оширарди. Ҳозир эса газета ва сайтларгина тур олди превьюлар ва ўйин шарҳларига жиддий эътибор қаратмоқда. Лекин сайт ва газеталарнинг умумий ўқувчилари миқдори телевидениеники олдида унчалик кўп миқдордан иборат эмас. Қолаверса, “Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши” мақоли бежизга айтилмаган. Учрашувлар трансляциялари борасида ҳам аҳволни ўзгартириш вақти етиб келган. Фақат Тошкентдаги эмас, балки бошқа шаҳарлардаги баҳслардан ҳам трансляция, ҳеч бўлмаганда ўйинни ёзиб олган ҳолда кўрсатиш керак. Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Бекобод, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятидан олий лига учрашувлари охирги марта қачон намойиш этилгани хотираси кучли инсонларнинг ҳам ёдидан чиқиб кетган. Баъзида қизиқарли ўйинлар бўлаётганини мухлисларга исботлаб бўлмайди. Чунки телевидение орқали ўша баҳслар намойиш этилмаган бўлади. Бизнингча, бугунги кунда ҳар бир вилоятда учрашувларни 3-4 камера ёрдамида ёзиб олиш имконияти мавжуд. Олий лига ҳақида турли кўрсатувлар ва учрашувларни намойиш этиш орқали тарғиботни кучайтириш ва мухлислар сонини кўпайтиришга эришиш учун ҳаракатни бошлаб юбориш лозим.

Хориж чемпионатларини кузатар эканмиз, бошқа давлатлардаги мухлислар Вьетнам, Индонезия, Ҳиндистон каби биринчиликлар тўғрисида маълумотга эга эканлигини биламиз. Чунки ушбу чемпионатлардаги барча ўйинлар трансляция қилинади ва интернет орқали ҳам ўйинларни кўриш имконияти мавжуд. Истаган мухлис ўзи учун бу чемпионатлардаги баъзи беллашувларни кўриши мумкин. Бизда эса ҳали телевидение орқали 30 фоиз ўйинларни кўриб бўлмаяпти. Айнан шу салбий ҳолат Ўзбекистон олий лигаси ва умуман ички чемпионатимиз, футболчиларнинг савияси ҳақида тайинли фикрлар йўқлигига олиб келади. Охирги йилларда юртимизга ташриф буюрган журналистлар биздаги шароитларни кўриб, ҳайрон бўлганликларнии яшириб ўтиришмади. Англия, Қатар, Австралия, Франция, Германия сингари давлатлардан журналистлар юртимизга келиб, стадионлар, мухлислар ва ўйинлар савиясига яхши баҳо беришди. Уларнинг аксарияти бу ерга келгунга қадар стадионларимизни талабга умуман жавоб бермайдиган, жамоаларни эса шунчаки ҳаваскорлар деб ўйлагани тўғрисида сўзлаб беришганди. Бу ҳам чемпионатимизни реклама қила олмаётганимиздан бўлса керак. Бизга бўлаётган эътиборни ушлаб қоладиган даражада тарғибот йўқ. Халқаро футбол янгиликларини ёритишга ихтисослашган турли сайтларда Ҳиндистон ёки Вьетнам учун алоҳида саҳифа ажратилган, Ўзбекистон лигаси учун эса йўқ. Чунки биз олий лигани шунга яраша қилиб ёрита олмаяпмиз. Аниқроғи, интернетдан трансляцияларни кузатиш имконияти йўқ. Бу борада Осиёда камида 20-25 чемпионатдан ортда қолиб кетяпмиз.

Замонавий талабларнинг анча-мунча критерийларига жавоб берадиган стадион қуриб битирилгани ва жамоаларимиз учрашувларни яхши стадионларда ўтказишаётгани тўғрисида бошқа давлатлардаги футбол мухлислари хабардор эмас. Олдимизга футбол бўйича қитъамиздаги грандлар қаторига киришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бошқа ташкилий ишларни ҳам шунга яраша қилиб қўйишимиз шарт.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook