14 jul 13:23
News

“Шўртан”ни ҳозирча ҳеч ким расман тарк этмади

Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси айни пайтда йиғинни ўз базасида ўтказмоқда.
Бош мураббий Зоир Тўрақулов кунига икки маҳалдан машғулот ўтказиб, футболчилар билан жиддий ишламоқда. Охирги пайтларда ушбу жамоанинг етакчи футболчилари ёппасига кетиб қолаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо жамоа расмийларининг маълум қилишича трансферга қўйилган Шавкат Раимқулов, Азиз Мансуров, Музаффар Умурзоқов, Павел Леус ҳамда “Нефтчи”дан ижарага олинган Шукур Жумабоевдан ташқари, ҳозирча ҳеч қайси футболчи расмий равишда клубни тарк этмаган. 

Тўғри, бугунги кунда ўтказилаётган машғулотларда биринчи даврада ҳаракат қилган футболчилардан атига беш нафари иштирок этмоқда холос. Асрор Алиқулов, Ботир Қодирқулов, Зоҳид Раупов, Александр Востриков ҳамда Аббос Омонов каби ўйинчлар билан бирга асосан ёшлар жамоасидаги футболчилар шуғулланишмоқда. Қолган етакчи ўйинчилар маълум сабабларга кўра айни пайтда машғулотларда иштирок эта олишмаяпти. Мисол учун ҳимоячи Жамол Отақулов ва дарвозабон Александр Корнейчук даволаниш жараёнини ўтказаётган бўлса, легионер ҳужумчи Артурас Фоменко таътил пайтидан унумли фойдаланиб ватанига бориб келишни ва йиғинга бироз кечроқ келишини клуб раҳбарларига маълум қилган. Айтишларича 16 июльдан барча футболчилар сафга келиб қўшилади ва жамоа тўлиқ таркиб билан йиғинни давом эттиради.

Биринчи даврада ўзини кўрсатишга эришган Обид Жўрабоев, Дилявер Абибуллаев ва Иброҳим Отахоновга айни пайтда бошқа клублардан қизиқиш бўлаётган эрсада, уларнинг жамоа билан тузган амалда шартномалари мавжуд. Шу боис “Шўртан” улар билан осонликча хайрлашмоқчи эмас.

Ўзгаришлар хусусида айтадиган бўлсак, эндиликда бош мураббий Зоир Тўрақуловга Динмуҳаммад Қурбонназаров яқиндан ёрдам берадиган бўлди. Маҳаллий мураббий бунга қадар, вилоят иккинчи лигасида иштирок этувчи “Нуристон” жамоасини бошқариб келаётганди.

Оралиқ танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида жамоа таркибни кучайтиришни режалаштирмоқда. Клуб раҳбарлари айни пайтда “Қизилқум”, “Динамо”, “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” каби жамоаларда фаолият юритаётган ўйинчиларга қизиқиш билдирмоқда. Агарда ушбу жамоалар ўртасидаги музокаралар ижобий якунланса, “Шўртан” сафига бир қатор янги футболчилар келиб қўшилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Шўртан” бугунги кунда йиғинни ўз базасида олиб бормоқда. Жамоа иккинчи давранинг дастлабки ўйинини Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўтказади. Шу боис мазкур ўйинга жўнаб кетиш олдидан, жамоа Тошкентда қисқа муддатли йиғин ўтказишни режалаштирмоқда.

Исломбек Рустамбеков
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook