Latest news

16:45Изменения в ФК "Обод". Шохруз Норхонов тоже покинет команду?0 16:45Вадим Чемиртан: "Бухоро" билан шартномам тугаган"3 16:35"Лейпциг" спорт директори: Месси ва Роналду жуда қари ва жуда қиммат6 16:35В "Лейпциге" отказались покупать Лионеля Месси и Криштиану Роналду0 16:10"Эвертон" Депай ва Шнейдерлен трансфери борасида МЮ билан музокара ўтказди0 16:10«Эвертон» провёл переговоры с «МЮ» о трансфере Депая и Шнейдерлена0 15:47Киберспорт. Артур Бабаев ўйнайдиган "Evil Geniuses" жамоаси "The Boston Major"нинг чорак финалига чиқди1 15:39"Манчестер Юнайтед" футболчилари Украинада музлаб қолишди ФОТО+ВИДЕО7 15:22Санжар Турсунов: "Ворскла"нинг футболчилардан қарзлари жуда кўпайиб кетди"11 15:18Германия ва Дания июнь ойида ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишиб олишди0 15:18Германия и Дания договорились о товарищеском матче, который состоится в июне0 15:08Olamsport.com: Федор Емельяненко: “Мени UFC таклиф қилган шартлар қониқтирмади”0 14:54ЕЧЛ. 6-турнинг энг яхши футболчисига овоз бериш бошланди18 14:51Фозил Мусаев "Жубило Ивата" билан дастлабки келишувга эришди25 14:49Голбан попал в сферу интересов ФК "Амкар"1

21 nov 13:33
News

Қайрат Ўтабоев: «Қозоғистонда яшаяпман, Ўзбекистон эса ватаним»

Ўзбек футболи тарбияланувчиси, кейинчалик Қозоғистонга кўчиб ўтиб, у ерда ҳам катта ютуқларга эришган Қайрат Ўтабоев профессионал футболчилик фаолиятига якун ясади. Унинг ортиқ футбол ўйнашига соғлиғи йўл қўймади.
Ўтабоев ўзбекистонлик футбол ишқибозларига «Пахтакор» ва «Андижон»даги ўйинлари билан яхши таниш. Айнан шонли жамоамиз таркибида у Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубогини қўлга киритганди. Шунингдек, Қайрат «Қайрат» ҳамда «Шахтёр» клублари сафида Қозоғистон чемпиони ҳам бўлди. Айни пайтда Тошкент вилоятида туғилган Ўтабоев Остона шаҳрида яшаяпти. Биз футболчи билан боғланиб, у билан суҳбатлашдик.

- Қайрат, қарши бўлмасангиз, суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақингизда ўқувчиларимизга маълумот берсангиз.

- Албатта. Мен 1980 йилнинг 16 июль куни Тошкент вилоятида дунёга келдим. Болалик йилларим Янгибозорда ўтди. Отам Комил Маликович Ўтабоев футбол мураббийи бўлганлари учун миллионлар ўйинига қизиқиш ўз-ўзидан оилавий муҳит таъсирида юзага келди. Илк сабоқни айнан улардан ўргандим. Болалигимда ўзимга келажакда ким бўламан, деган саволни тез-тез берардим. Чунки жуда кўп соҳага қизиққанман. Аммо футболга нисбатан қизиқиш барибир ҳаммасидан устун чиқди.

- Сиз таҳсил олган даргоҳдан кўплаб кўзга кўринган футболчилар етишиб чиққан. Сиз билан ўқиганлар орасидан кимларни алоҳида айта оласиз?

- Синфдошларим орасида истеъдодлилари кўп бўлган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам кейинги фаолиятини футбол билан боғламади. Тақдир тақозоси билан кўпчилиги бошқа соҳани танлашди. Олий лига клубларига таклиф этилганларининг ҳаммаси ҳам турли сабабларга кўра ўйнаб кета олишмади. Адашмасам, ҳозирда Шерзод Шарипов «Локомотив» клубида ўйнаяпти.

- «Пахтакор»га сизни ким таклиф этганди?

- Раҳматли Зафар Муҳамаджонович деган мураббий бўлардилар. Афсуски, у киши ҳозир орамизда йўқ. Айнан шу инсон мени «Пахтакор»га таклиф қилганди. Аниқ эсимда, 1997 йилнинг 16 июнь куни илк профессионал шартномамни имзолагандим. Ўша 1997 йилдан то 2003 йилга қадар кўпчилик учун армон бўлиб қолган «Пахтакор» жамоаси шарафини ҳимоя қилдим. Ўша йиллар жамоанинг олтин даври эди, десам янглишмайман. Бир неча бор мамлакат чемпиони бўлдик, кубокни қўлга киритдик. МДҲ кубогида муваффақиятли иштирок этдик. Лекин мен жамоага келган пайтда «Пахтакор» турнир жадвалининг ўрталарида эди. 1998 йили клуб раҳбарияти жамоага Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Собир Ҳодиев, Андрей Акопянц, Николай Ширшов, Павел Бугало, Мурод Алиев, Рустам Шоймардонов, Бахтиёр Ашурматов, Бахтиёр Қамбаралиев каби тажрибали футболчиларни таклиф этди. Бунинг натижасида ўша йили «Пахтакор» чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Мен ўшанда 18 ёш эдим. Табиийки, бундай машҳур футболчилар билан рақобатлашиш жуда мушкул эди. Бир томондан шундай ўйинчилар билан бирга машғулот ўтказиш мароқли бўлган. Улардан жуда кўп нарса ўргандим. Фақат тўп тепиш эмас, майдон ташқарисида ўзини қандай тутиш, инсонийлик фазилатларини ўзлаштирдим. 2001 йили кумуш медал совриндори бўлдик ва шундан сўнг «Пахтакор»нинг чемпионлик даври бошланди. 2003 йили Қозоғистоннинг «Қайрат» клубига кўчиб ўтдим. Мени футболчи сифатида вояга етказган «Пахтакор»ни бошимни тик тутган ҳолда тарк этдим. Бу жамоадан фақат ёрқин хотиралар қолган. Ҳозир Остона шаҳрида яшаяпман.

- Ўша сиз учун қадрдон бўлиб қолган жамоа ўйинларини ҳозир ҳам кузатиб боряпсизми? Умуман, сиз ўйнаган давр билан ҳозиргисини таққослаганда, Ўзбекистон чемпионатида нималар ўзгарган?


- Очиғи айтсам, сўнгги бир йилдан бери футболдан бироз узоқлашиб қолдим. Ўтган йилнинг март ойларидан ўзимни бироз ёмон хис қила бошладим. Соғлиғим билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Шифокорларнинг тавсияси билан Истанбул шаҳрида жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлдим. Менга янги буйрак ўрнатишди. Шу боис нафақат футболчилик фаолиятимни якунладим, балки ўзим севган машғулотдан ҳам узоқлашиб қолдим. Айни пайтда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Ҳозир «Пахтакор»да бошқа авлод вакиллари ўйнашяпти. Билишимча, таркибда ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳаёт ўзи шундай. Кекса авлод кетади, унинг ўрнини ёшлар эгаллайди.

- Мураббийлик ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Ҳамма футболчи ҳам майдондаги фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббий бўлиб кетавермайди. Кутилмаган ишлар бўлиб кетди. Аслида футболчиликни якунлаш ҳақида умуман ўйламаётгандим.

- Ортга назар ташлаб, футболчилик фаолиятимдан кўнглим тўлди, дея оласизми? Ёки кўпроғини кутганмидингиз?


- Биласизми, мен максимум даражада ўйнашга ҳаракат қилганман. Аммо соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ҳамиша менга халал бериб келган. Афсуски, футболда эришмаган ютуқларим қолди. Бу энди тарих. Балки қачонлардир мураббийлик фаолиятимни йўлга қўйсам, бу орзулар ҳам рўёбга чиқар.

- Нима учун Қозоғистонга кетдингиз?


- Ўша пайтда «Қайрат» жамоасидан ҳар томонлама манфаатли таклиф бўлганди. Бунга рад жавобини бера олмасдим. Тўғри, Ўзбекистон клубларидан ҳам чорлов бўлганди. Лекин «Қайрат» варианти яхшироқ кўринди. Ҳозир шу мамлакат фуқаросиман. Лекин ота-онам, қариндошларим Тошкентда яшашади. Лекин Ўзбекистон менинг ватаним. Шу юртда дунёга келдим, футболчи сифатида шаклландим. Озми-кўп мухлислар эътиборига тушдим. Ҳаммаси учун раҳмат.

- Эътиборга молик жиҳати, сиз ҳам Қозоғистон, ҳам Ўзбекистон терма жамоалари сафида ўйнашга муваффақ бўлгансиз. ФИФА бунга тўсқинлик қилмаганмиди?

- Йўқ. ФИФА томонидан қаршилик бўлмаган. Бу мавзуда менга жуда кўп савол беришади. Маълум муддат Ўзбекистон ёшлар термаси шарафини ҳимоя қилдим. Миллий терма жамоадан таклиф олдим ва бир марта Словакияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдим. 2004 йили оилам билан Қозоғистонга кўчиб ўтдим ва у ерга боришим билан фуқароликни қабул қилдим. Кейин кутилмаганда Қозоғистон терма жамоасидан чорлов бўлди.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувининг ўтказилиши кўпчилик учун жуда қизиқ. Сизнингча, агар шу ўйин ташкил этилса, қайси жамоа ғалаба қозонади?

- Ҳақиқатан ҳам, икки қардош жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилса, ажойиб иш бўларди. Нима учун икки мамлакат футбол федерациялари бу ҳақда бош қотиришмаяпти? Шу нарса мени ўйлантиради. Адашмасам, сўнгги ўйин 2007 йили бўлиб ўтганди. Авваллари ўсмирлар, ёшлар терма жамоалари ўзаро жуда кўп тўқнаш келишарди. Энди саволингизга келсак, қайси жамоа ғолиб бўлишини билмайман. Ҳар икки жамоанинг ҳам ўзига яраша устун жиҳатлари бор. Мен иккала жамоага ҳам мухлислик қилардим. Дуранг натижа қайд этилса, кўпроқ хурсанд бўламан.

- Бир неча йилдирки, Қозоғистон УЕФА байроғи остидаги мусобақаларда иштирок этяпти. Лекин натижалар кўнгилдагидек эмас. Сизнингча, УЕФАга ўтиш бу тўғри қарор бўлганми? Мамлакат футболи Европага ўтганидан сўнг нима ўзгарди?

- Шубҳасиз, бу тўғри қарор эди. Терма жамоаларимиз Европанинг кўзга кўринган терма жамоалари билан ўйнаяпти. Мухлислар дунё футболи юлдузларини жонли тарзда кўриб, уларнинг бетакрор ўйинидан завқ олишяпти. Тўғри, натижалар яхшимасдир, лекин илк йиллар билан таққослаганда ижобий томонга ўзгариш бор. Клублар миқёсидаги натижалар айтишга арзигулик. Мана бу йил Қарағанданинг «Шахтёр» клуби қозоқ футболи тарихида илк Европа Лигасининг гуруҳ босқичида ўйнаяпти. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқишига озгина омад ва тажриба етишмади. Европа Лигаси гуруҳ босқичида қатнашиш ҳам тарихий натижа. Терма жамоаларда ҳам аста-секин натижа бўлиб қолади. Фақат бунинг учун вақт керак. Энди ички чемпионатларга келсак, шахсий фикрим Қозоғистон премьер-лигаси бугунги кунда Марказий Осиёдаги энг кучли лига бўлиб турибди. Қозоқ клублари ўз таркибларига кучли легионерларни таклиф этишяпти. Асосий таркибдан жой олиш учун рақобат кучайиб кетди.   

- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2014даги омадсизлигини қандай қабул қилдингиз?

- Ачинарли якун. Терма жамоанинг ҳал қилувчи 4-саралаш босқичидаги ўйинларини кузатиб бордим. Чин юракдан ачиндим. Ахир, Ўзбекистон менинг ватаним-ку! Биз мундиалга жуда-жуда яқин келгандик. Қозоғистонда ҳам футбол ишқибозлари ва матбуот Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧга чиқа олмаганини жуда кўп ва хўп муҳокама қилишди. Худди ўзларининг мағлубиятларидек қайғуришди. Деярли барча миллий терма жамоамизнинг Бразилияга боришига ишонганди.

- Ўзбекистонлик бир неча футболчилар айни пайтда Қозоғистон чемпионатида тўп суришяпти. Улар билан кўришиб турасизми?


- Ўтган йили тез-тез майдон ва унинг ташқарисида учрашиб турардик. Бир-биримизга қарши майдонга тушардик. Бир йилга яқинроқ вақт мобайнида футболдан ташқарида қолиб кетаётганим учун йигитлар билан кўришмаяпмиз. Ҳозир Кападзе, Гейнрих ва Бикмаевга қўнғироқ қилиш учун яхшигина асос бор: ахир, «Актобе» Қозоғистон чемпиони бўлди-ку! Уларни албатта бу ютуқ билан табриклаб қўяман.

- Қозоғистон чемпионати легионерлар ҳисобига кучаймоқда, деган фикрни айтдингиз. Хўш, ҳозирда хорижлик футболчилар учун қозоқ клублари тахминан қанча маош тўлашяпти?

- Аксарият футболчиларнинг клуб билан тузган шартномаларида маошларни ошкор қилмаслик банди киритилган. Шу боис, легионерларнинг қанча маош олаётганини аниқ билмайман. Менимча, 10 мингдан 30 минг АҚШ долларигача маош олишади. Билганим, 10 мингдан кам эмас.

- Агар шундай бўлса, клубларингизнинг молиявий аҳволи яхши эканда?

- Қозоғистонда футболчиларга муносабат умуман бошқача. УЕФАга аъзо бўлингандан кейин футболга қараш умуман ўзгарди. Клубларга биринчи галда футболчиларнинг манфаатини ўйлаб иш юритиш вазифа қилиб қўйилган.
 

Блиц савол-жавоблар
- Қайрат Ўтабоевнинг мухлислик қиладиган жамоаси?


- Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларига мухлислик қиламан. Шунингдек, Италия терма жамоасига ҳам ишқибозман. ЖЧ-2014да «мовий гвардиячи»ларнинг чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишига ишоняпман. Аммо Бразилия ва Испания терма жамоалари бунга осонликча рози бўлишмайди.  

- Ёқтирган машина русумингиз?
- «Мерседес» маркали машиналар ёқади.

- Таом пиширишни биласизми?

- Албатта. Ошхона - севимли жойим. Очиғи, ўзбекча тўй ошини соғиндим.

- Сиз томоша қилган сўнгги фильм?

- Ўтган дам олиш кунлари бир нечта фильмларни томоша қилдим. Улар орасида «Шиндлернинг рўйхати», «Клокло», «Сталинград» фильмлари маъқул келди. Ўзи болаликдан тарихий жанрдаги картиналарни севиб томоша қиламан.

- Жорий мавсум ҳисобидан дастлабки «Эл-Классико»ни кўрдингизми?

- Бўлмасамчи. Лекин бу гал «Барселона»-»Реал» тўқнашуви «Эл-Классико»га ўхшамади. Жамоалар нисбатан сокинроқ ўйин намойиш этишди.

- Хўш, кимга мухлислик қилдингиз?

- Шубҳасиз, «Барса»га.

- Сизнингча, ким кучлироқ: Марадонами ёки Пеле, Мессими ёхуд Роналду, «Барселона»ми ё «Реал», «Бавария»ми ёки «Боруссия»?

- Марадона ва Пеле мен учун афсонавий футболчилар. Уларни бир-бири билан умуман таққосламаган бўлардим. Улар турли даврларда ўйнашган ва ҳар иккисининг ҳам ўзига яраша устун жиҳатлари бор. Месси эса ўзга сайёралик. Унга кўпчилик қатори мен ҳам шундай таъриф бераман. «Бавария» дортмундликларга қараганда кучлироқ. Лекин иккала жамоада ҳам ажойиб мураббийлар ишлашяпти.

- Оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Икки йил аввал уйландим. Ҳозир рафиқам билан бирга яшаяпмиз. Соғ-лиғим сабаб фарзандли бўлиш бироз ортга сурилганди. Яқин орада ота ва она бўлиш арафасидамиз. Фарзандларим спортчи ёки футболчи бўлишадими? Танловни уларнинг ўзига қўйиб бераман.
 
Бизнинг маълумот
Қайрат Ўтабоев - 1980 йил 16 июлда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкентдаги Республика олимпия захиралари коллежида таҳсил олган. Илк мураббийи - отаси Комил ака Ўтабоев. «Пахтакор» жамоаси тарбияланувчиси. «Шерлар» таркибида мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритган. Шундан сўнг, Қозоғистоннинг «Қайрат», «Олма-Ота», «Мегаспорт», «Шахтёр» ва «Иртиш» клубларида ўйнаган. Орада, 2009 йил «Андижон» сафида ҳам тўп сурган. Қозоғистон миллий терма жамоаси таркибида 10та ўйин ўтказган. Ўзбекистон терма жамоаси либосида эса Словакияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган.
Қўлга киритган ютуқлари

2001-2002 - кубок («Пахтакор»)
2002 - чемпион («Пахтакор»)
 2004 - чемпион («Қайрат»)
2003 - кубок («Қайрат»)
2005 - бронза («Қайрат»)
2011 - чемпион («Шахтёр»)
 2012 - кумуш («Иртиш»)
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: InterFutbol газетаси
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook