12 jun 07:42
News

Нўъмон Ҳасанов: “Андижон” руҳий томондан қийин аҳволда”

“Пахтакор!”да фаолият кўрсатиб келаётган иқтидорли мураббий Нўъмон Ҳасановни барча яхши билади.
Маълумки, у ўтган йилги мавсумнинг охирги турларини “Навбаҳор” клубида бош мураббий сифатида ўтказганди. Лекин бу йилдан бошлаб яна “Пахтакор”нинг мураббийлар штабига қайтди. Тажрибасини оширишда давом этаётган ёш мутахассис тажрибали жамоада ишлаш орқали билимини янада бойитиб бормоқда. Уни яна бир бор мустақил равишда қачон фаолият бошлашини вақт кўрсатади. Айни пайтда ээса Ҳасанов бутун эътиборини “Пахтакор”га қаратган. Куни-кеча “Андижон” – “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги учрашувга ташриф буюрди. Айтиш керакки, у бир неча бор “Андижон”нинг ўйинларини стадионда кузатмоқда.   
- “Пахтакор”даги ишингиз асосан нималардан иборат?
- 3-4 нафар мураббийлар бор ва биз Самвел Бабаянга ёрдам берамиз. Ҳар доим машғулотларни бирлагикда ўтказамиз. У ерда ҳар бир мураббийнинг вазифаси бор. Машғулотдан олдин мураббийлар йиғилишиб ким нимани бажариши борасида келишиб олинади. 

- Ишинигздан роҳат олиб ишлаяпсизми ёки кўнглингиз тўлмаётган жиҳатлар ҳам борми?
- Ишим яхши, ёқади. “Пахтакор”да ҳаммаси профессионал тарзда йўлга қўйилган. Кейинги рақибимизни обдон ўрганиш учун уни ўрганиб чиқамиз. Керак бўлса, стадионда унинг ўйинларини кузатамиз. Мен ҳам бир неча бор рақибларимизнинг ўйинларини бориб кўрдим. Шунга яраша мураббийларга фикримни билдираман. Шунга қараб Бабаян якуний хулосани чиқаради. Бу ишларимиз албатта ёрдам беряпти. Ўйиндан аввал рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини футболчиларга тушунтириб берамиз. Баъзида мен, баъзида эса Виктор Жалилов ўйинни кузатиши мумкин. 



- Сизни “Андижон”нинг уй учрашувларида кўп кўрамиз. Чунки у билан ўйнаётган жамоа кейинги сафар “Пахтакор” билан куч синашади. Демак, бу борада кузатув ишларини олиб борасиз, тўғрими?
- Ҳа. Фақатгина “Андижон”нинг эмас, унга рақиблик қилаётган жамоаларнинг ўйинларини ҳам обдон кузатаман. Чунки кейинги сафар ўша клуб биз билан ўйнайди. Яъни, тақвим бўйича “Пахтакор” “Андижон” билан жуфтлик бўлиб қолган. Водийдалиги ҳам менга яхши. Уйимга – Қўқонга бориб яқинларимни кўраман. Бу томондан ҳам мен учун қулай. Қарши ёки бошқа шаҳарларга эса бош мутахассис боради.

- Андижонликлар ўз майдонида “Сўғдиёна”га мағлубиятга учради. Мутахассис сифатида ўйинга қандай баҳо бердингиз?
- “Андижон” жамоаси шокка тушиб қолганга ўхшаяпти. Руҳий тарафдан қийин аҳволда. У ерда футбол ўйнашни биладиган йигитлар тўп суришяпти. Ҳадеб .ютқазавергач тушкун кайфиятга ўралашиб қолишган. Мухлислар эса барибир стадионга келиб жамоасини қўллаб-қўвватлашмоқда. Мавсум бошларида эса ишқибозлар сони анча кўп эди. Кечаги учрашувда менга “Сўғдиёна”нинг ўйини ёқди. Футболчилар тезлигини, тиришқоқлигини, иштиёқи юқорилигини кўрсатишди. Учрашув давомида тез ҳаракат қилишди. Иккала голларни ҳам айнан тезлик эвазига киритишди. Ҳисоб 0:2 бўлгач ғалабани қўлдан чиқариб юбормайдиган даражага олиб келишди. Навбатдаги рақибимиз “Сўғдиёна” бўлгани сабабли асосан уларнинг ўйинига эътибор бердим. “Андижон”ни эса кўп ўйинларини кўрдим. Ҳатто ғалаба қозонаётган пайтда ҳам мағлубиятга учради. Менимча, уларга омад ҳам  камлик қиляпти. Азамат Абдураимовга ҳам қийин. Балки у ҳам вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини қидираётгандир. 

- Бабаян билан “Сўғдина” хусусида гаплашдингизми?
- Мени алоҳида 45 дақиқалик дарсим бор. Барибир ўйинни жонли равишда кўриш ўзгача. Баъзида учрашувнинг диксини жўнатишади. Стадионда эса ҳамма нарсани кўриш мумкин. Лекин Самвел Бабаянга “Сўғдиёна” ҳақида илиқ фикрларимни билдирдим. Ўзига яраша кучли эканлигини, албатта рақибга ҳурмат билан ёндошиш зарурлигини айтдим. Ўзингиз ҳам биласиз, ҳар бир жамоа “Пахтакор”га қарши энг яхши ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилишади.
 
- Сизнингча, “Сўғдиёна”нинг асосий кучи нимада?
- Бу хусусида ҳамма нарсани айта олмайман. Авваламбор, менга уларнинг тезлиги ёқди. Футболчи тўпни эгаллаб олиши билан дарҳол катта тезликда олдинга чопяпти. “Андижон”га қарши учрашувда жиззахликларнинг кучиайнан тезлик борасида билинди. Айнан шунинг эвазига улар ютиб кетишди. Ҳужум чизиғи чакки эмас. Лекин аксарият ўйинчиларининг бўйлари паст. Ахир учрашув давомида бурчак тўплари ёки жарима зарбалари амалга оширилади. Лекин ҳамма нарсани айтмоқчи эмасман. Мураббийлар билан ўтириб бафуржа маслаҳатлашамиз. Лекин ҳозирда кубок баҳсида “Оқтепа”га қарши тайёргарлик кўряпмиз.

- Мухлислар сизни “Андижон”нинг ўйинларида бир неча бор кўришди. Шунинг учун Абдураимовнинг ўрнини эгаллашингиз борасида гап-cўзлар авж олди.
- Менга ҳеч қандай таклиф тушгани йўқ. Шунинг учун бўлмаган гап. Тўғри, мухлислар мени бир неча марта кўришди. Улар ҳадеб битта жамоанинг ўйинига келишимни кўриб ўрганишмаган. Одамлар эса ҳар хил кимдир “Андижон”да ишламоқчи, бош мураббийликни эгалламоқчи деб ўйлашлари мумкин. Лекин сизга рост гапни айтаман: Андижонга асосан “Пахтакор”нинг кейинги рақибини кўриб ўрганиш учун бораман. Клубда Азамат Абдураимовдек яхши мутахассис бор.

- Агарда сизга таклиф билан чиқишса, буни қабул қиласизми?
- Аввал шундай таклиф бўлсинчи, кейин ўйлаб кўрамиз. Менга ҳар қандай жамоадан таклиф тушса унинг тақвимини кўриб ўрганиб чиқаман. Қанақа ўйинчилар кераклиги хусусида ҳам бир қарорга келаман. Чунки эртага мухлислар олдида уялиб қолмаслигимиз керак. Ахир футбол мухлислар учун тўғрими? Шунга яраша ҳаммасини таҳлил қилиб кейин жавобини айтаман.

- Лекин сизда яна бош мураббийликка қайтиш иштёқи бор, шундайми?
- Биласиз, “Навбаҳор”да ҳам ишладим. Ҳар қандай мураббий ҳам вақти келиб бош мураббий бўлиб ишлагиси келади. Мураббий ўз фикрларини футболчиларга етказа олиши шарт.

- Ўтган мавсумнинг охирги бешта ўйинида “Навбаҳор”га бош мураббийлик қилдингиз. У ерда қисқа вақт ишлаб қандай хотиралар қолди?
- Вилоят ҳокимининг ўринбосарари Тошкентга келиб мени таклиф қилгани учун йўқ дея олмаганман. “Навбаҳор”ни олий лигада қолидиришга кўзим етгани учун ишлашга розилик билдирганман. Улар ҳам мендан шу нарса ҳақида сўрашди. Пул муҳим аҳамият касб этгани йўқ. Мавсум тугаганидан кейин эса улар билан келиша олмадик. Мен ҳам яхши жамоа тузишни ва яхши ўйинчилар билан ишлашни хоҳлайман. Менинг жамоада кўришни истаган 8-9 нафар кўз остимга олиб қўйган футболчиларим бор эди. Шуларни олиб берсаларинг, ишлашда давом этаман деганман. Шунингдек, клуб тезроқ профессионаликка ўтиши керак. Футболчига шароит яратилиб берилмаса ишлаш қийин. Ўзим футболчи бўлганим учун бу нарсани яхши тушунаман. Лекин “Навбаҳор” билан ўртамизда муаммо бўлгани йўқ. Бир-биримиз билан хафа бўлиш ҳолати сезилмади. Уларни ҳам тушунаман, осон эмас.



- Яқин дўстингиз Бахтиёр Ашурматов “Навбаҳор”ни бошқармоқда. Уни ва жамоани кузатиб боряпсизми?
- Ҳа, албатта. Ҳар ҳафтада бир марта телефон орқали гаплашиб турамиз. Ашурматов Наманганга боришдан олдин мен билан ҳам маслаҳатлашган. Биласизку, Бахтиёр ҳам қўқонлик. Умуман, барча қўқонлик мураббийлар билан алоқадамиз. Масалан, Мухтор Қурбонов “Шўртан”да, Шуҳрат Раҳмонқулов эса “Пахтакор”да. “Навбаҳор”нинг 2-3та ўйинларига бориб кўрдим. Футбол доим ўсяпти. Шунинг учун тўхтаб қолмаслик керак. 

- Ўтган сафар бош мураббийликка қайтганингиздан кейин ушбу лавозимда қаерда бўлмасин ишлашда давом этади деб ўйлагандик. Аммо орадан кўп ўтмасдан яна мураббийлар штабига қайтдингиз.
- Жамоага бош мураббий бўлгач шарт-шароитларни яратиб бериши керак. Истаган футболчилар олиб келинса янада яхши. Мураббийлар ҳар хил бўлади. Ҳар кимнинг ўз тактикаси бор. “Навбаҳор”да қоламан десам қолиб ишимни давом эттираверардим. Лекин шароит яхши бўлмаса ўзим истаган ўйинни ярата олмайман. Лекин ҳозирги ишимдан мамнунман. “Пахтакор”да ишлаб мураббий сифатида яна ўрганишда давом этяпман.

- Бу йилги интрига ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Чемпионлик учун кураш қизимоқда. “Пахтакор” ҳар доим ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйган. Менимча “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Насаф”да имконият кўпроқ бўлса керак. Менга шу жамоаларнинг ўйинлари ёқяпти. “Бунёдкор”да эса йўқотишлар ўкп бўлди. Хатто “Олмалиқ”ни улардан кучлироқ деб ҳисоблайман.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook