21 may 14:20
News

Нодирхўжа Юлдашев. “Пахтакор” – “Навбаҳор”. Ўйин ва ўйиндан кейин. (ВИДЕО)

Кеча ўйинни якунига етказиб уйга қайтдим. Матбуот анжумани ҳам биринчилардан бўлиб, биринчилардан эмас, тўғридан-тўғри (live) шаклида сайтимиздан ўрин олди.
Бахтиёр Ашурматовнинг ҳакам манзили томон айтган ҳар бир гапи тезкорлик билан сайтдан ўрин олди. Ашурматовнинг матбуот анжумани сайтдан ўрин олиб бўлинган пайтда, ўйинга оид фикрларга кўз югуртирдим. Менинг шаънимга шунақанги гаплар бўляпти-ки, ваҳолангки қолган сайтларга қараганда тезкорлик билан матбуот анжуманини жойлаб бўлгандик. Кечирасизлар-ку, ўйин тугаши билан 2 дақиқа ичида Уткин ҳам тезкор таҳлилий мақола ёзиб тугата олмайди. Майли, бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталаман.

Ўйин. Ўйинни ҳамма ҳам кўрмади.ТВдан кўрганлар бор, аммо ТВда ҳам кўрмасдан уруш ўчоғига “бомба” ташлаб турган ўқувчиларимиз ҳам бор экан. Ўйин тезкор голлар билан бошланди. Кейин “Навбаҳор” бор эътиборини ҳимояга қаратди. Кўплаб вазиятларда махсус ўйинни чўзиш операцияси бошланди. Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Чунки Ашурматов айтганидек, ҳар ким футболни кучи етганича ўйнайди. Аксига олиб “Навбаҳор” клуби бугунги кунга келиб молиялаштирилмаяпти. Ашурматовнинг кучли психолог ва футболчиларга аввало дўст эканлиги “Навбаҳор”нинг яхши ўйинига сабаб бўляпти.

Балки Ашурматовнинг жамоаси яхши молиявий ҳолатга эга бўлганида яхши ижрочиларни олиб ҳужумга кўпроқ эътибор берар, аммо ҳозирги ижрочиларнинг психологик ҳолатидан келиб чиқиб бу ишни уддалай олмайди.

Аввало ўйинга Шерзод Қосимовнинг бош ҳакам этиб тайинланиши катта хато бўлди. Энди-энди ҳакамликни бошлаётган киши учун турнинг марказий ўйинларидан бирини бошқариш катта босим эди. Қизил карточкаларга келсак, биринчисида футболчи сариқ карточка олганидан кейин ҳакамни сўкди. Иккинчисида эса керак бўлмаган пайтда Рижко Кримецга тирсаги билан туширди. Регламент бўйича икки ҳолатда ҳам қизил карточка берилиши шарт. Кўпчиликда иккинчи қизил карточка эътирозга сабаб бўляпти. Гарчанд тўп Кримец ва Рижко ўртасида бўлмаса-да, ҳакамлар қоидасига кўра, жарима майдончаси ичидаги ҳар қандай тўқнашув, агар у ерда тўп бўлмаса ҳам пенальти билан жазоланади. Аммо, лекин, бироқ...

Аммоси шундаки, биринчи вазиятда у жиддий ўйинда ўзи томон ишлатилган сўкинишни катта ҳакамлар даражасида қабул қилди. Бундай муросасиз ўйинда эътибор бермаса ҳам бўларди. Иккинчисида эса у тўп ўйналаётган нуқтага эътибор қаратганлиги ва Кримец/Рижко жуфтлигини эътиборсиз қолдириши ҳам мумкин эди. Аслини олганда ўзбек футболида ҳамма нарса мумкиндек. Агар шундай бўлганида, жабрдийда “Пахтакор” бўлиб, ҳакамга “Навбаҳор” эмас, ҳозир “Пахтакор” мухлислари ташланишаётган бўларди. Чунки ВИДЕО факт улар томонда! Видеони кўрмаганлар шу гапларимга қарши гап ёзишмасин. Рижко бир эмас, кетма-кет икки маротаба Кримецни тирсаги билан ураяпти. Бу ерда на ҳакам, на Ашурматов, на Бабаяни айбдор. Рижко сўнгги, 94-дақиқада эхтиросларини жиловлай олиши керак эди.






Мен ҳакамлар борасида нима дейишим мумкин, ҳакамлар аллақачон олий ва биринчи лигани ўз қўлларига олиб бўлганлар. Бундай бўлишига кўпроқ фаворитлар эмас, қуйи ўринда юрадиган клубларнинг ҳотамтойлиги сабаб бўлган. Бир клуб раҳбарига айтган гапим эсимда. “Шу пулларни "яхши бир  легионерга сарф қилсангиз бўлади-ку?”. Саволим жавобсиз қолган.

Мираброр Усмонов ЎФФ постига келганида биринчи бўлиб ишни ҳакамларни тозалашдан бошлаган. Фахрийлар кетиб, майдонга ёшлар кириб келди. Бошида чакки бўлмади, лекин 10 йил аввал келган ўша ёшлар бугун фахрий бўлиб улгурдилар. Яна битта тозалаш ишларини амалга  ошириб юборсак чакки бўлмасди.

Одатда ТВ Тошентда бўлиб ўтадиган ўйинларни эфирга узатяпти. Бошқа вилоятларда шунақанги “ўлдириш”лар бўладики... Аммо бугун сайтни қоралаб, фисқу фасод ташлаётган ўқувчи ўша ўйинларда жамоаси ғалаба қозонганида ҳеч нима демайди. Биздан адолат талаб қилишни биладилар. Мен аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Токи, ҳар бир ўйинда бетараф фикрлай оладиган ходимга эга бўлмас эканмиз, бири қолиб иккинчисини тўлиқ танқид қилмаймиз. Чунки футболимиздаги асосий қаллоблик асосан вилоят клубларида бўлади. Бошқа вилоят жамоасида фаолият олиб борганимда шу нарсага тўлиқ амин бўлганман. У ерларда на Магометов, на клуб президенти, на бошқа бир мансабдорнинг гапи гап, у ерда ўйинни ҳакам бошқаради. Лекин ҳакамлар ҳам ўзларидан-ўзлари бундай бўлиб қолмайдилар. Бунинг барига клублар айбдор, ортиқча мулозамат билан эркалатган айнан шу клублар бўлади. Ҳаттоки ўзи чекадиган тамакисини олиб бермасангиз, башараси тиришадиган назоратчилар бор. 

Бир амаллаб Баҳром Давлатовни футболдан бадарға “қилдик”. Бундан футбол нима ютди? Футбол ютмади, аксинча ютқазди. ОЧЛда иштирок этган “Машъал”нинг бугунги “Машъал”дан ер билан осмончалик фарқи бор ҳозир. Саркисянни тўнтарган “Нефтчи” нимага эришди?
СА журналистлари тошкентлик деб кеча роса мен томон мағзава ағдарганларга айтадиган гапларим йиғилиб қолган эди, бугун ёрилмасам бўлмайди. Демак:

Коментни мухлис баъзан ўйламай, баъзан туҳмат, баъзан эҳтирос билан ёзади. Лекин ёши катта, ақли жойида бўлганларнинг гапи одамни шунчалик хафа қилиб юбордики... айниқса, фарғоналик ўқувчилар дилни оғритдилар. Кечагиниа Фёдоров ва Саидов учун раҳмат айтаёганлар, бугун ўзларининг жамоаси бўлмаган ва сайтимизга бир тийинлик алоқаси бўлмаган кишиларни деб шахсиятимга тегдилар.

Шу ерда бир нарсани ёдга олиб ўтмасам бўлмайди.
9 февраль куни “Локомотив” ўз майдонида “Қувайт СК”га мағлуб бўлди. Роса ачинган эдим. Чунки “Локо” сафида кўплаб танишларим бор. Умуман олганда танишим йўқ жамоанинг ўзи йўқ. Ўйин тугади, уйга қайтар эканман, “эртага албатта бувимни кўриб келаман” дедим. Худо дилимга солган эди. Бувим 82 ёшга кирганлар, анча тетик эдилар. Шу ёшга килиб ҳасса таянмаганлар. Уйга келиб суратларни қўйдим. Бир пайт твиттерда ҳе йўқ, бе йўқ бир бола мен томон “қилиқ” гап қилди. Тўғриси ҳеч кимга, ҳеч нима демаган эдим. Кейин унга яна бир шериги қўшилди. Дилим хира бўлди. Кун бўйи ўйлаб ётдим. Фақат менда шунақами десам, бошқаларда ҳам шундай бўлар экан. Юраги бор киши борки, ноўрин уруш чиқса анча вақтгача юраги ғаш бўлиб юради. Хуллас юрак ғаш, бувимни кўриш учун боришга кайфият йўқ. Бормадим ҳам. Ва эртаси куни ҳаётимдаги энг нафратли кун бўлди. Бувим оғир аҳволда касалхонага тушдилар. Маҳаллада бир оиланинг уйига тинчлантириш учун чақирилган эканлар. Қайтиб чиқиб, бировнинг оиласини тинчлантираман деб ўзларига қаттиқ олиб юборган эканлар. Кечқурун “инфаркт” бўлдилар. Агар ўша твиттер бўлмаганида, ўша твиттердаги комент бўлмаганида мен эртаси куни бувимникига боришим мумкин эдими? Ҳа, мумкин эди. Набираси келган бувим мен билан чалғиб қўшни хонадонга чиқмаслиги мумкин эдими, мумкин эди ва ниҳоят сўнгги жумлам, бувим ҳозир ҳаёт бўлишлари мумкин эдими? Албатта, мумкин эди. Тўғри ҳар бир ўлимга бирон нарса сабаб бўлади, лекин 10 кун аввал бизнинг уйимизда отам ва онамнинг туғилган кунлари меҳмон бўлиб кетган бувимни мен айнан шу твиттердаги фисқу фасодни деб кўра олмадим, армон бўлди менга бувимнинг сўнгги маротаба чеҳрасини кўриш.

Бир сўз билан борсан, бир сўз билан йўқсан деб бежизга айтишмайди. Битта гап билан киши билмасдан шеригинининг юрагига найза санчиши мумкин. Коментлардаги кечаги уришни эсласам, яқиндагина йўқотган бувимни хотирлайман. Мен ҳаётимни шу футболга кўндаланг тикиб бўлган кишиман. Бировга туҳмат ёзмасам, бировни бекорга ҳақорат қилмасам. Футболчи ва мураббийлар томонидан таҳқирлансам-да, шу сайт учун жонимни берсам, мен айбдорманми? Ёки кечаги ўйинни мен бошқардимми? Ҳакамларга эшикни мен очиб бердимми?

Балки ишонмассиз, қашқадарёликлардан ҳам кеча киши хафа бўлиб кетди. “Насаф” мухлислари нималар дейишмади. Зиёдулла Сафаровдан сўранг танисангиз. “Воҳа.уз” сайтининг ташкилотчиларидан бири. Бухородан қайтиб, эртаси куни Қаршига йўл олишим керак эди. Аммо аёлим оғир ҳолатга тушиб қолиб зудлик билан касалхонага ётқиздик. Мени Қаршида кутиб олишни режа қилган Зиёдулла акага бора олмаслигимни айтдим. Аммо аёлим касалхонага ётган бўлишига қарамай, унинг ёнида туришим керак бўлмасин, Қарши томон йўлга чиқдим. Мақсадим фақатгина “Насаф” – “Бунёдкор” учрашувини томоша қилиш эмас, Яккабоғга бориб Камолиддин Кенжаев билан учрашиш ва унга ёрдам қилиш мақсадида тадбир ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш эди. Ўзимнинг аёлим дард билан олишаётган пайтда мен, менга бутунлай бегона бўлган кишининг дарди билан йўлга чиққан мен айбдорманми кечаги ўйинга? Ўчирсанг ўчир, нима қилсанг қил, сен “пахтачисан” деган фахрий юзерлар олдида кечаги ўйинга мен айбдор бўлдимми ҳали? Қаршига келганимни кўриб Зиёдулла ака ҳайрон бўлди, “Ахир аёлингиз касал эди-ку”, - дея мени қарши олдилар.

Яна бир воқеани ёд олайми? Бобомни ҳам сўнгги маротаба кўриш 29 набира ичида айнан менга армон бўлган. Чет элдаги мусобақалардан бирига кетишдан аввал мени илк марта стадионга олиб кирган бобом оғир аҳволда эдилар. Лекин, халқ олдидаги масъулият бор эди. Ҳар куни уй билан боғланаман. “Бобом тузукмилар?”... Қайтиб келган куним кечагидек ёдимда, бувим раҳматли, бобонг сени сўраяптилар деб қолдилар. Мени бобомнинг олдиларига олиб киришди. Бувим эса, “додаси, ана Нодирни сўраган эдингиз келди” деб йиғлар эдилар. Орадан кўп ўтмади, мени икки ҳафта кутган бобом 8 соат ўтмай жон таслим қилди. Мени кутди бобом, мен билан ёшликдан футбол кўрган бобомни, мен айнан шу футбол деб сўнгги суҳбатини ололмадим.

Хизмат туфайли яқинларим менга армон бўляпти. Яна мен ёмонми? Бошқаларга ўхшаб ўйинни ТВдан кўриб шарҳ ёзсам яхши бўладими? Интернетдан маълумот қидириб мақола ёзайми? Шунда мен яхши бўламанми? Ҳозирги ўқувчи ҳақиқатни ёзсанг, “пахтачи”, аксинча туҳматни бўрттириб ёзсанг “ҳақиқат” деб таъриф беради. Йўқ, футбол сиз кузатаётгандек рост эмас.

Кейин сайтимиздаги хатоларни айтишади? Қани биронта мард борми “кел, мен текинга ёрдам бераман” дейдиган. Шу икки ҳафта ичида Қўқон, Бухоро, Фарғона, Қарши шаҳарларида бўлдим. Қаерга бормай таклиф билдираман. Бир ойда бир 100 нафар мухлис 10 000 сўмдан йиғса ўша вилоятини тубдан ёритиб бера оладиган шогирдларни тайёрлашимиз мумкин. Биз клубларга ўхшаб молиялаштирилмаймиз. Сайт ўқувчилари ичида бирр нечта машинасига эгалари бор. Лекин ҳеч ким бизга ёрдам қўлини шу кунгача чўзмади, нега биздан натижа талаб қилишади? Биз қўлимиздан келганича ишлаяпмиз. Бундан ортиғига маблағимиз ҳам, кучимиз ҳам етмайди.

Сизни онангиз қандай қийинчилик билан туққанини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Фақатгина аёлингиз ҳомиладор бўлиб, сўнгги ойлари яқинлашаётганида сал пал тушунасиз. Кеча коментларда ўқувчилар ота-оналаримиз томон шундай гапларни ёзишди. Уларга шу майдонни яратиб берганлигим учун ўзимни койидим. Юрагим ҳамон ғаш. Қўрққаним учун эмас, она-оналаримиз арзимаган бир футболни деб ёш болалалардан ҳақоратли гапларни ўзларининг манзиллари томон қабул қилиб олаётганлари учун юрагим ғаш. Кеча ёппасига қадрдон юзерларни ўчирар эканман, худди бирон бир ерим узилаётгандек бўлди. Шунақанги алам қилар экан. Ёпиб юборай шу сайтни дейсан. Бувим вафот этганларидан кейин қайтиб твиттерда ёзмайман деб ўзимга ваъда берди ва ваъдамни бажаряпман.

Сиз ҳам комент ёзиб биров ва ўзингизнинг юрагингизни ғаш қилманг, кейин бир умр армонга сабаб бўладиган ҳолатларни бошингиздан кечиришингиз мумкин.

Яна бир нарса, футболчилар майдонда қанчалик тортишишмасин, мураббийлар. Аммо улар ечиниш хонасига кириб бўлганидан кейин қучоқлашиб чиқиб келишади. Кеча ҳам Бахтиёр Ашурматов ўйиндан кейин Бабаян билан бориб илқ хайрлашди. Биз эса бу ерда тарбиясизларча сайтни булғаймиз. Инсон инсонга дўст. Мени шахсиятимга тегинманг! Бориб ўша ҳакамга мурожаат қилинг.

Кеча сохта юзерлар ҳам пайдо бўлди. Ҳаттоки баъзи клуб ходимлари ҳам шундай ифлос ишга қўл уришганини кўрдим. Шу фурсатдан фойдаланиб твиттерида биз томон хотин киши каби муносабатда бўлаётган футбол кишиларига сўнгги гапим, Футбол эркаклар ўйини!



Нодирхўжа Юлдашев.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook