Latest news

07 mar 07:53
News

Ниҳоят, Суперкубок ўйинини кўрамиз

Ишқибозларимизнинг узоқ йиллик орзулари рўёбга чиқиб, Ўзбекистон Суперкубоги учун бўлиб ўтадиган беллашувни кўрадиган пайтга ҳам етиб келишди.
Ўзбекистон Суперкубоги
7 март, жума. 15:00. «Жар»
«Локомотив» (Тошкент) – «Бунёдкор» (Тошкент)
Бош ҳакам:
Равшан Эрматов (Тошкент).
Ён қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло Расулов (Тошкент), Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон).
Тўртинчи ҳакам: Азиз Асимов (Тошкент).
Назоратчи: Р. Серазитдинов (Тошкент).

Бу йилдан бошлаб энди мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби ўртасида янги мавсум старти арафасида суперкубок учун баҳс бўлиб ўтади. Аввалроқ икки жамоанинг вақти бўлмагани туфайли ПФЛ суперкубок учрашувини бекор қилиб қўйганига ҳам гувоҳ бўлгандик. Энди эса ПФЛ қатъийроқ туриб, ўйин бўлиб ўтишини расман маълум қилди.

“Локомотив” ҳамда “Бунёдкор” ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув янги мавсумни расман очиб беради. Ҳар бир мамлакатда шундай анъанага амал қилинади. Янги чемпионатни байрамона бошлаш учун суперкубок ўйинлари тақвимга киритилган. Қизиғи шундаки, “Локомотив” бирор соврин соҳиби бўлмасдан туриб суперкубокка эга чиқиши мумкин. Ўтган мавсумда “Бунёдкор” ҳам кубок, ҳам чемпионатда зафар қучгани сабабли иккинчи ўрин соғиби мазкур беллашувда майдонга тушади. Вадим Абрамовда эса илк расмий ўйиндаёқ соврин ютиб олиш имконияти юзага келди. “Ал Қувайт” билан кечган беллашувдан кейин бир ойча вақт ўтди. Бу пайт ичида “темирйўлчилар” ўйинида қандай ўзгаришлар юзага келганини бугунги баҳсда кўриб оламиз. Февраль ойида “Локомотив”нинг ўйинида катта муаммолар борлиги кўзга ташланганди.

“Қалдирғочлар” эса ОЧЛнинг биринчи турида ёмон таассурот қолдиришмади. Лекин биргина ўйин билан хулосага келиш ярашмайди, ҳар икки жамоа ўзгаришларга қўл уриб, мухлисларга сюрприз тақдим этиши ҳам мумкин. Умид қиламизки, ҳар икки жамоа ҳужумкор футбол намойиш қилишга интилади. Чунки бу ерда уларга босим юклайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Суперкубок кўпроқ мухлисларга орзиқиб кутилган мавсумдан олдин хуш кайфият тақдим этиш мақсадида ташкил қилинади. Ҳар ҳолда, мағлубиятдан фожеа ясашга эҳтиёж йўқ. Чунки ҳали бутун бир мавсум олдинда турибди.

Суперкубок ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунга қадар бир марта шундай баҳс ўтказилган. Ўша беллашув 1999 йил ташкил этилган. Ўзбекистон Президенти Кубоги номи остида ташкил қилинган учрашувда 1998 йилги чемпион ва кубок соҳиби Фарғонада майдонга тушган. ЎФФ учрашувнинг бетараф майдонда ўтишини таъминлаш учун баҳсни айнан Фарғонада ўтказишга қарор қилган. Ўйин 29 август куни бўлиб ўтган. Олти минг ишқибоз қаршисида кечган беллашув наманганликларнинг устунлиги остида кечган. Дастлабки дақиқалардан ташаббусга эришган «Навбаҳор» футболчилари «Пахтакор» дарвозасини 20-дақиқада ишғол қилишган. Шуҳрат Раҳмонқуловнинг голига 12 дақиқа ўтгач, Андрей Акопянц жавоб қайтарган. Лекин иккинчи бўлимда пойтахтликларнинг водийликларга кучи етмаган.

Леонид Кошелевнинг дубли ва Сайдулло Турсунов киритган бир тўп эвазига ҳисобни йириклаштирган навбаҳорчилар 88-дақиқада Акопянцдан иккинчи голни қабул қилишган. 4:2 ҳисобида ғалаба «Навбаҳор»га ҳозирча суперкубокнинг илк ва охирги соҳиби деган номни келтириб турибди. Ўша учрашувда «Пахтакор» шарафини Бугало, Шоймардонов, Қамбаралиев, Нурматов, Писарев, Алиев, Ширшов, Абдураимов, Шквирин ва Акопянц сингари номдор футболчилар ҳимоя қилишган. «Навбаҳор»дан эса Башкевич, Ғофуров, Турсунов, Каримов, Кошелев, Мадраҳимов, Саидкамолов, Раҳмонқулов, Солиев ва Дўрмоновларни келтириш мумкин.

Бугало, Каримов, Акопянц ва Кошелев сингари ўйинчилар ҳамон фаолиятларини давом эттириб келишаётгани таҳсинга лойиқдир. Кейинчалик нима учундир суперкубок баҳслари ўтказилмади. Балки, бунга ғалабани нишонлаш чоғида наманганликларнинг кубокни синдириб қўйгани сабаб бўлгандир. Ўша финалдан кейин «Навбаҳор» футболчилари эҳтиётсизлик туфайли кубокни синдириб қўйишган.

Ўша беллашув иштирокчиларидан баъзиларини финал баҳсига фахрий меҳмон сифатида таклиф этиш жуда яхши бўларди. Чунки кубок ва суперкубок финалларидан аввал уларни майдонга олиб тушиб, стадионда қисқа интервью олиш ва ишқибозлар билан учраштириш ўзига хос анъаналарни юзага чиқарарди. Шундай тадбирлар орқали мухлисларга қўшимча завқ улашиш қийин иш эмас.
Кейинги йилларда учрашувга қўшимча равишда шундай тадбирларни кутиб қоламиз. Ҳозирча эса суперкубокнинг қайта ташкил қилингани билан қувониб турсак арзийди.

Эндиликда бошқа мамлакатдан келган журналист ёки мухлисларга бизда суперкубок баҳси борлиги билан мақтана оламиз. Мухлисларни эса ўйинни кузатиш учун “Жар” стадионига таклиф этамиз. Беллашувнинг бошланиш вақти 15:00. Бу иш вақтига тўғри келиб қолган бўлишига қарамай, стадионда ишқибозлар сони кўп бўлишига умид қиламиз.

 «ПАХТАКОР» - «НАВБАҲОР» - 2:4 (1:1)
1999 йил 29 август. Фарғона. «Фарғона» стадиони. 6000 томошабин.
«Пахтакор»
: Павел Бугало, Бахтиёр Ашурматов, Рустам Шоймардонов, Владимир Гальянов (Андрей Стрельцов, 86), Бахтиёр Қамбаралиев, Нўъмон Нурматов (Александр Писарев, 67), Марат Аҳмеров (Мурод Алиев, 46), Николай Ширшов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Андрей Акопянц.
«Навбаҳор»: Дмитрий Башкевич (Олег Беляков, 64), Рашид Ғофуров (Жаҳонгир Рўзиқулов, 80), Сайдулло Турсунов, Хайрулла Каримов, Константин Гальченко, Леонид Кошелев, Тоҳир Мадраҳимов, Баҳодир Саидкамолов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Анвар Солиев, Рустам Дўрмонов (Шерзод Назаров, 75).
Голлар: Акопянц 32, 88 – Раҳмонқулов 20, Кошелев 55, 77, Турсунов 75.
Огоҳлантиришлар: Ашурматов 29 – Мадраҳимов 33, Каримов 44.
Бош ҳакам: Ғайрат Каримов.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook