UZ

Сўнгги янгиликлар

22:33Ла Лига. "Реал Мадрид" "Реал Сосьедад"га қарши ўйин учун бошланғич таркибини одатдагидек эрта эълон қилди  6 22:11Ўзбекистон футзал термаси Осиё кубоги бронза медали учун Тожикистонга қарши ўйнайди (турнир сеткаси)  6 21:57U-23 Осиё кубоги. Ироқ – Вьетнам. Таркиблар аниқ!  10 21:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон финал остонасида Эронга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди  95 21:33Ўзбекистон U-23 Осиё кубоги ярим финалида Индонезияга қарши баҳс олиб боради (турнир сеткаси)  40 21:14U23 Осиё кубоги. ҒАЛАБА! Ўзбекистон қийин кечган ўйинда Саудия Арабистонини мағлуб этиб ярим финалга чиқди! Олимпиадага бир қадам қолди  430 20:47Тен Хаг бир неча нашрларга ўзи иштирокидаги матбуот анжуманларида савол беришни таъқиқлади  1 20:00"Бавария" мухлислари Тухель қолишини исташади  5 19:41Роналду "Манчестер Юнайтед"да Рангникка ультиматум қўйган  18 19:23Максим Шацких: "Асосийси кейинги босқичга йўл олдик. Ўйин ҳақида эса гапиришни истамайман"  12 19:18Ўзбекистон Кубоги. "Нефтчи" – "Металлург" 1:1. Highlights  0 19:05Бошкович: "Ғалаба қозондик, аммо кўрсатган ўйинимиздан хафаман"  2 19:02Ўзбекистон Кубоги. "Пахтакор" – "Сўғдиёна" 2:3. Highlights  1 18:45Ўзбекистон Кубоги. "Арал" "Цемент"чига "хоҳлаганича" гол урди, "Қўқон-1912" "Жиззах"ни ютолмади ва гуруҳда қолиб кетди  2 18:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд – илк финалчи, Тожикистон 3-ўрин учун ўйнайди  6

Немислар тажрибасини қўллаб кўрамизми? Янгиликлар

Немислар тажрибасини қўллаб кўрамизми?

Германия терма жамоаси 2000 йилги Европа чемпионатида муваффақиятсизликка юз тутгач, мамлакатда футбол тизимини қайта шакллантириш бўйича махсус ишлар йўлга қўйилиб, немислар ҳозирги кунда жаҳондаги энг кучли жамоалардан бирига узлуксиз равишда эга бўлиб туришибди.
Биз ҳам жаҳон чемпионатлари салалаш баҳсларида кетма-кет қониқарсиз иштирок этяпмиз. Балки, немислар тажрибасидан ўрнак олиш вақти етиб келгандир? Чунки ўзимиз билганимизча ишлаганимиз билан хориж тажрибасидан ўрак олмасак, бирор натижага эришиш имкониятимиз тобора пастлаб бормоқда.

Германияда 2000 йилдан кейин қай тариқа футболни янги босқичга олиб чиқишгани ва қандай режалар асосида амалга оширилгани ҳақида германиялик ҳамкасбларим тақдим этган маълумотлар билан ўқувчиларимизни ҳам таништириб ўтсам. Чунки айни пайтда жаҳондаги кўплаб мамлакатлар Германия футбол иттифоқи томонидан қилинган ишларни ўзлари учун ўрнак сифатида кўрмоқда.

Евро-2000да Германия терма жамоаси гуруҳда охирги ўринни эгаллагач, нафақат футбол иттифоқи, балки клублар ҳам ёш футболчиларни тарбиялашда янги услубга ўтиш лозимлигини тан олишди. Улар энди маҳаллий ўйинчиларни кўпроқ техник жиҳатдан ўстириш зарурлигини англаб етишди. Бундан аввал немислар ўта интизомли ва тартибли футбол намойиш қилишарди, лекин етарли даражада чиройли эмас. Барча футбол академияларига олдига шу вазифа қўйилди. Бу эса катта ўзгаришлар амалга ошиб, ҳозирги авлодда жуда ёш ва техник савияси юқори футболчилар камол топишига сабаб бўлди. Йоахим Лёв ихтиёрида ҳозирда Юлиан Дракслер (19 ёш), Андре Шюррле (22 ёш), Свен Бендер (24 ёш), Томас Мюллер (24 ёш), Ольгер Бадштубер (24 ёш), Матс Хуммельс (24 ёш), Месут Озил (24 ёш), Илкай Гюндоган (22 ёш), Марио Гётце (20 ёш), Марко Ройс (23 ёш) ва Тони Кроос (23 ёш) сингари футболчилар тўпланишига олиб келди. Ҳали Макс Крузе, Штефан Кисслинг сингари иқтидорлар ўз навбатларини кутиб туришибди.

Германия бўйлаб 366га ажратилган ҳудудларда 1000дан ортиқ мураббийлар футболчиларни тарбиялаш ва кузатиш ишларини олиб боришяпти. Уларнинг барчасида УЕФАнинг “В” тоифали лицензияси мавжуд. 2000 йилдан аввал немисларнинг ўзлари ҳам мамлакатда бунчалик кўп иқтидорли футболчилар борлигини тўлиқ англаб етишмаган. Фақат футбол билан шуғулланаётган деярли ҳар бир боланинг имкониятларини кузатиш имконияти пайдо бўлгач, улар футболда кескин ўзгаришлар қилиш мумкинлигини тушунишди.

Федерация клубларга мураббийларга таълим бериш борасида катта ёрдам берди. Натижада Германияда ҳозир “В” лицензияли мураббийлар сони 28400 нафардан ортган. Солиштириш учун Англияда бу миқдор 1759ни ташкил қилади. “А” лицензия соҳиблари 1070га 115, “Про” эгалари сони 1070га 115дан иборат. Бу жиҳат бўйича немислар инглизларни катта фарқ билан ортда қолдиришмоқда. Бу фарқ охирги йилларда терма жамоалар ва умумий футбол савиясининг ўсишида ҳам кўзга ташланяпти. Биринчи ўринда Германияда мураббийлар малакасини ошириш билан бирга уларнинг маошларини ошириш масаласи ҳам кўтарилди. Уларнинг фақат ишлари тўғрисида ўйлашларини таъминлаш учун тўланадиган пуллар миқдори кўтарилди. Шунингдек, футболчиларнинг ҳаётда фикрлашини ўстириш ҳам асосий вазифалардан бири этиб қўйилди. Унга кўра, 16 ёшдан катта ўйинчилар Германияда ҳафтасига 34 соат турли фанлар бўйича дарсларда қатнашишлари лозим. Англияда эса бу миқдор 9 соатни ташкил этган. Немислар ўйинчиларнинг ҳаётдаги фикрлаши, дунёқарашининг ўсиши майдондаги ҳаракатларга бевосита таъсир ўтказади деб ҳисоблашди. Охирги 10 йилда футболда Германия қандай муваффақиятларга эриш, қандай футболчиларни тарбиялади? Англия бу муддатда нималарни қўлдан бой берди? Бу ерда саволнинг ўзи билан жавоб барчага тушунарли бўлса керак. Европанинг кўп давлатларида фақат футболчи эмас, балки шахсни тарбиялашга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Бу бизнинг академия ва мураббийлар ўрганиши шарт бўлган биринчи ҳолатдир. Қолган ҳолатлар бўйича ЎФФнинг бош қотириб кўриши тўғри бўларди.

Боллар 12 ёшдан академияларга қабул қилинади, унгача эса умумий шароитларда шуғулланишади. Бир вақтнинг ўзида 5 мингдан ортиқ болалар элит академиялар тизимига кўчиб ўтади. Футбол иттифоқи ҳисоботига кўра, 2002 йилдан 2010 йилгача ёшларни тарбиялаш тизими учун 520 миллион евро сарфланган. Йиллик ҳаражатлар миқдори эса 47,85 миллиондан 85,7 миллионгача етди. Бу бир йил ичида ёшлар футболига қилинаётган сарф миқдори. Бизда эса қаергадир фалон сумма ишлатилди деган гаплар билан мақтаниб юришни хуш кўришади, лекин ундан қандай фойда келгани ҳақида биров бош қотириб ўтирмайди. Шу йиллар ичида бундеслигада ўйнаётган футболчиларнинг ўртача ёши 27,09дан 25,77га тушган. Бу клубларнинг ёшларга катта ишонч билдираётганини тасдиқлайди.

Ёш футболчиларнинг ўсиб бориши 3босқичда амалга оширилади. Дастлабкисида 11-14 ёшли болалар махсус футбол марказларида таълим олади, иккинчи босқичда футбол ва таълим олиш уйғунлашган элит мактаблар ва охирида энг иқтидорлилар профессионал клублар академиялари ихтиёрига кўчиб ўтади. Футболчиларни маълум тактика ва ғалаба қозониш учун чорлашни мураббийлар иккинчи босқичдан бошлашади. Бунгача футболчилар бемалол техник маҳоратларини шакллантириш билан машғул бўлишади. Охирги босқичда эса ўйинчилар бундеслиганинг ёшлар лигалари (17 ва 19 ёшлилар), ҳаваскорлар лигаси ёки учинчи дивизион клубларига ўтиб, тажрибаларини ошириб боришади.

Мураббийлар қуйидаги режа асосида иш юритишади:
6-14 ёшлилар учун. Футболчининг техникаси ва имкониятларини ўстириш устида ишланади. Бу босқич охирида техникаси яхши бўлмаган ўйинчиларга жавоб берилади. У кимнинг фарзанди бўлишидан қатъи назар.

14-16/17 ёшлилар учун. Футболчини жисмоний тарафдан тайёрлашга киришилади. Лекин бунда ёш ўйинчини жисмоний машқлар билан “эзиб ташлаш” тушунилмайди. Босқичма-босқич жисмоний имкониятлар ўстириб борилади. Майдондаги курашлар қандай кечиши борасида тасаввур шакллантирилб, шунга яраша машғулотлар ўтказилади.

17 ёшдан юқори футболчилар учун. Бунда тактик билим берилади. Уларнинг позициядан келиб чиқиб, қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ўргатилади. Футболчи ҳақиқий профессионал савияга яқин учрашувларда иштирок этиб, фаолиятини бошлашга сўнгги тайёргарликларни амалга оширади.

Германияда ҳар бир ёш тоифаси бўйича бунлеслига баҳслари ташкил этилган. Регионал гуруҳларда жамоалар одатий мавсумдаги учрашувларда майдонга тушишади, бутун мамлакат бўйлаб сафар қилишади. Ёшлар жамоалари учун кубок мусобақаси бўлиб ўтади. Қуйи дивизионларда муваффақиятли қатнашган ёшлар жамоаларининг юқорига кўтарилиб боришларига рухсат берилади. Бундай вазият Испанияда ҳам мавжуд. Шу сабабли бундеслигада қатнашувчи кўплаб клубларнинг ёшлар таркибларини учинчи ва тўртинчи дивизонларда кўриш мумкин.

Германияда футболни янада ривожлантириш учун ёшлакр тизимини ўзгартиришнинг ўзи кифоя қилди. Албатта, улар барча ишни олдиндан режалаштирган ҳолда амалга оширишди. Барча ишини сидқидилдан бажарган тақдирда, қинғир ишлардан келадиган пулларни мўлжал қилмаса, бунга ўн йил ичида эришиш мумкин экан. 2006 йилдан бошлаб миллий терма жамоа яна грандлар қаторига қайтди. Ҳозиргача бу жараён узлуксиз давом этиб келяпти. Немисларнинг ёшлар билан ишлашдаги ушбу тажрибаси биз учун қўлланма вазифасини ўтаб бериши мумкин. Айниқса, ҳар бир ҳудудга тайинланган скаутлар тажрибаси. Германияда базалар, элит мактаб ва академия босқичи амалда эканлиги ҳақида ёзиб ўтдик. Уларни мамлакат бўйича шундай тақсимлашганки, саралаб олиш жараёнида ҳеч бир бола эътиборсиз қолиб кетмайди. Германия бўйлаб 366 махсус ҳудудлар ўзаро алоқада бўладиган тизим остига марказлаштирилган. Эҳтимол, бизда ҳам ҳар бир туманга 2-3 нафардан махсус скаутларни тайинлаш вақти келгандир. Чунки юртимиздаги футболчиларни кузатиб бориш учун энг маъқул йўл шу – туманларни алоҳида бир ҳудуд деб қабул қилиш. Шаҳарларни шу рўйхатга киритиб юбориш мумкин.

Германиядаги яна бир ҳолат бошқаларнинг ҳавасини келтиради. Турли савиядаги 6 миллиондан ортиқ инсон футболчи сифатида расман рўйхатдан ўтган. Бунга қўшимча равишда яна 10 миллион аҳоли доимий равишда футбол билан шуғулланади. Клублар сони расман 26837тани ташкил қилади. Лекин аввалги мавсумда 2344 турли дивизионларда 33633 жамоа иштирок этган! 2344та лигани тасаввур қилишнинг ўзи қанчалик хаёлий эканлигини ўйлаб кўринг. Бу рақамларда ҳаваскорлар лигаларида иштирок этган жамоалар ҳам келтирилган. Дастлабки уч дивизион беллашувларини футбол иттифоқининг ўзи ташкил этиш ишлари билан машғул бўлади. Қолгани эса регионал футбол ассоциациялари зиммасига юклатилган. Регионал лигалар эса ҳудудларига қараб турли вилоятлар чемпионатларига бўлинган. Ҳар бир ҳудуднинг бир неча бўғинли лигалари мавжуд. Яъни, қуйидан юқорига қараб йўналган. Шу тариқа бутун бир тизим ривожлантириб чиқилган. Охирги йилларда 6 ёки 7-лигалардан бундеслига клубларига бир неча футболчилар келиб қўшилди. Бу эса истеъдодларни бемалол жуда қуйи лигалардан излаб топиш мумкинлигини кўрсатади. Академияларни битирган ёшлар баъзида шундай жамоаларда тажриба оширишни маъқул кўришади. Энг қойил қоладиган тарафи шундаки, ўша лига ўйинларини ҳам юқори дивизион клублари скаутлари кузатиб боришади. 4-дивизионда ҳам кўплаб хорижлик футболчилар исмларини ўқишингиз мумкин. Чунки ёш ва иқтидорли футболчиларни тарбиялашдан барча бирдек манфаатдор. Ва яна бир жиҳатни кўздан қочирмаслигимиз даркор. Германияда футбол шу даражада оммавий тус олганки, 4-дивизион беллашувларига баъзи жамоаларда мухлисларнинг ўртача ташрифи 7-8 мингни ташкил қилади! Шунчаки қойил. Шу лигада ўйновчи баъзи клубларнинг стадионларида эса бемалол халқаро учрашувларни ўтказиш имконияти яратилган. У ерда жамоалар қуйи лигаларга тушиб кетишса ҳам одатдагидек фаолиятларини давом эттиришади. Бунга эса бошқарув тизими сабаб бўлади. Айнан шу тизим Германия футболининг энг муваффақиятли тарафи сифатида кўрилади. Унга кўра, футбол жамоалари бир шахс ёки компания қарамоғига ўтказилиши мумкин эмас. Бошқарув тизими мухлислар ёрдамида ташкил этилган. Истисно тариқасида “Байер” ва “Вольфсбург”га кўп йиллардан буён ҳомийлик қилиб келаётган жамоалар эгаси сифатида эътироф этилади. Лекин бунинг учун ўша компания камида 20 йилдан буён клуб билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиши даркор. Ўз-ўзидан асосан ишқибозлар ва трансферлар ёрдамида кун кўрадиган клублар бор эътиборларини ёшларга қаратишга мажбурлар. Чунки улар ўзлари пул ишлаб топишмаса, Абрамовчи, Мансур ёки шу сингари шахслар жамоаларга яшаши учун пул бермайди. Ҳозирги кунга келиб, биринчи ва иккинчи бундеслигада ўйнаётган жамоалар бу бошқарув тизимига тўлиқ кўникиб бўлишган. Бу тизим германиялик ёш истеъдодлар фойдасига ишлайди. Чунки клублар кўп пул эвазига тўп тепадиган легионерлардан кўра камроқ пул олиб, кўзида ўт билан ҳаракат қиладиган маҳаллий тарбияланувчиларга ёрдам беришни маъқул кўришади. Сўнгги Евромавсумда барчани ажойиб ўйинлари билан ҳайратлантирган “Бавария” ва “Боруссия” Дортмунд ҳам асосан маҳаллий футболчилар ёрдамида бундай муваффақиятга эришишди. Бундеслигада 25 миллион евро бюджетга эга клубларнинг мавсумни бемалол ўтказишида ҳам 2000-йиллар бошида қўйилган қадам катта ўрин тутади. Германиядан нафақат ёшларни тарбиялаш тизимини ишлаб чиқишда, балки жамоаларни бошқариш, мухлислар билан ишлаш, стадионларни қуриш ва улардан унумли фойдаланиш, мураббийлар малакасини ошириш каби жиҳатларда Европанинг кўплаб давлатлари ҳам ўрнак олиши мумкин. Немислар бугун шундай даражага етишиб бўлди. Биз эса энг камида 10-15 нафар мутахассисни иш ўрганиш учун бемалол бу юртга юборишимиз мумкин. Юборганда ҳам эртага бирор мақсадга эришишни олдига шарт қилиб қўйган мутахассисларни. Футболимиз келажаги ўз қўлимизда. Бугун қабул қилинган ҳар бир фойдали қарор ривожланишимизни бир неча йилларга тезлаштиради. Биз эса шуни истаймиз холос.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика