27 aug 10:43
News

МДҲ футболи: Кимда қандай ўзгариш?

Охирги йилларда ўзимиз иштирок этаётган Осиё қитъасидаги мамлакатлар билан футболимиз савиясини солиштириб бориш одатга айланди.
Чунки минтақамизда ким қандай ривожланганидан тўғри хулоса чиқариб, юқорига юришимиз мумкин бўлади. Лекин бу сафар вазиятга бошқача баҳо беришга қарор қилдик. Аниқроғи, Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетгач, унинг таркибида бўлган 15 давлатда футбол қандай ҳолатда эканлигини кўриб чиқамиз. Албатта, бунда кўпроқ сўнгги йиллардаги натижаларга эътибор қаратамиз.

Дастлаб Европа ҳудудида жойлашган мамлакатлардаги футбол ҳақида маълумот берамиз. Кейин эса Осиё қитъасидаги давлатларга тўхталамиз.

РОССИЯ
Россия биринчилардан бўлиб жаҳон чемпионатида иштирок этган. Лекин охирги икки мундиални руслар ўтказиб юборишга мажбур бўлишди. Терма жамоа миқёсидаги энг катта муваффақият 2008 йилги Европа чемпионатида ярим финалгача етиб келингани бўлган. Шунингдек, икки бор ўсмирлар терма жамоаси қитъада тенгсиз бўлган. Клублардан эса УЕФА Кубогига эга чиққан ЦСКА ва “Зенит”ни алоҳида эсга олиш мумкин. Чемпионлар лигасида “Спартак” ва ЦСКА чорак финалгача етиб борган. Айниқса, “Спартак” 16 жамоа иштирок этган даврда гуруҳ баҳсларида барча учрашувни ғалаба билан якунлаб, кўпчиликни қойил қолдирганди. Футболчилардан Тихонов, Аленичев, Цимбаларь, Пятницкий, Никифоров, Онопко, Канчельскис, Мостовой, Карпин, Титов, Черчесов, Акинфеев, Аршавин, Жирков, Кержаков каби етакчиларни санаб ўтса бўлади. Миллий терма жамоага айни пайтда италиялик Фабио Капелло устозлик қилмоқда. Ўсиб келаётган ёш юлдузлардан Загоевни алоҳида эътироф этиш мумкин. Руслар бевосита Собиқ Иттифоқнинг давомчилари ҳисоблангани учун ҳам футбол хўжалигини яратишда қийинчиликларга дуч келишмади. Миллий терма жамоа сафига бошқа давлатда туғилган футболчилар жалб этилишди. Сўнгги пайтларда миллий чемпионатга хориждан юқори савиядаги ижрочилар таклиф этилмоқда. Бироқ миллий терма жамоа барибир Европада грандлар қаторига кира олмаяпти. Клублари ҳам катта миқдордаги пулларни сарф этгани билан ЕЧЛда юқори натижа кўрсатишга эриша олишмаяпти. Шунга қарамай, кучли чемпионатга эга эканлиги боис МДҲлик ўйинчиларнинг асосий орзуси Россия чемпионатида тўп тепиш бўлиб қолмоқда. Миллий чемпионат эса 16 жамоа иштирокида икки даврали тизимда, куз-баҳор форматида ўтказилади.

УКРАИНА
Украина жаҳон чемпионатларидаги кўрсаткич бўйича МДҲда тенгсиз жамоага айланиб олган. Чунки улар 2006 йил Олег Блохин бошчилигида чорак финалгача етиб боришганди. Европа чемпионатида эса 2012 йил мезбон сифатида иштирок этишди. Шунингдек, ёшлар терма жамоаси Европа чемпионлигини қўлга киритган. Украинлар МДҲ давлатлари ичида Россия билан гегемонлик борасида бемалол тортиша олишади. Клубларидан “Шахтёр” УЕФА Кубогини боши узра баланд кўтарган. “Динамо” Киев ЕЧЛда ярим финалгача, донецкликлар эса чорак финалгача ўйнаган мавсумлар учраган. Ҳозирча бу натижаларга руслар фақат ҳавас қилишлари мумкин. Стадионлар инфратузилмаси борасида Украина МДҲда етакчи. Буни қўрқмасдан таъкидлаш мумкин. Тимошук, Шевченко, Воронин, Лужний, Ребров, Чигринский сингари футболчилар машҳур хориж клубларида ўзларини кўрсатишди. Русларда ЕЧЛ ғолиблигига Аленичев эришган бўлса, украинларда Шевченко ва Тимошук шундай кўрсаткич қайд этишган. Шевченко ҳисобида “Олтин тўп” ҳам мавжуд. Миллий терма жамоани шу йиллар мобайнида фақат маҳаллий мутахассислар бошқариб келмоқда.Ҳозир Михайло Фоменко бош мураббий саналади. Ушбу саралаш раундини унчалик муваффақиятли бошламаган жамоа охирги турлардаги ғалабалар сабабли имкониятини анча яхшилаб олди. Ўз майдонида Англияни доғда қолдира олса, Украина мундиал иштирокчисига айланиши мумкин. Ҳозирги пайтда етакчилар “Шахтёр”, “Динамо”, “Металлист” ва “Днепр” клублари шарафини ҳимоя қилмоқда. МДҲда биринчилардан бўлиб ПФЛ ташкил этилган. Миллий чемпионат тизими ҳам куз-баҳорга ўтказилган. Премьер-лигада 16 жамоа икки давра давомида олтин медаллар учун курашади.

БЕЛАРУСЬ

Беларусь футболи ўртамиёна поғонада сақланиб турибди. Қайсидир йилларда улар пастлашгандек туюлди, лекин вақт ўтиши билан яна аввалги савияга қайтишди. Бунда Виктор Гончаренко устозлик қилаётган БАТЭнинг ҳиссаси катта бўлди. Ушбу клуб икки марта ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида иштирок этди. “Бавария”, “Ювентус” ва “Реал” сингари рақибларга қарши беллашувларда футболчиларнинг маҳорати ортди. Хацкевич, Белькевич, Глеб ва Кутузовлар авлодидан кейин энди Нехайчик, Кисляк, Родионов, Брессан етишиб чиқди. Ўсиб келаётган авлоддан беларусларнинг умиди катта. Чунки улар Европа чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, Лондон Олимпиадасига йўлланма олишди. Терма жамоалар миқёсида бошқа айтарли ғалабаларни қўлга киритишмади. Ҳозирда бош жамоага Сергей Кондратьев бошчилик қиляпти. Миллий чемпионатнинг юқори дивизионида 12 жамоа иштирок этади. Улар ўртасида уч давра кечадиган ўйинлардан сўнг чемпион номи аниқланади.

ГРУЗИЯ
Грузияда ҳар доим юқори савияда ўйнайдиган футболчилар бўлган. Бироқ уларни миллий терма жамоада бирлаштириш ҳеч бир мураббийга насиб этмаяпти. Кинкладзе, Деметрадзе, Арвеладзе, Кобиашвили, Кецбая, Каладзе ва ҳозир Ананидзе юксак имкониятлари билан ажралиб туради. Каладзе грузиялик футболчилар ичида биринчи бўлиб ЕЧЛ совринини қўлга киритган. Бироқ шундай футболчиларга эга бўлиб ҳам грузинлар ўртамиёна терма жамоаларга муносиб қаршилик қила олмаслиги кузатилади. Клублар миқёсида эса Грузия анчадан буён айтарли натижаларга эришганича йўқ. Охирги йилларда Европа Лигаси гуруҳ босқичига чиқиш ҳам уларга насиб этмаяпти. Бу йил “Дила Гори” буни уддалаши мумкин. Миллий чемпионат куз-баҳор тизимида бўлиб ўтади. 12 жамоа икки давра учрашувларида майдонга тушади. Кейин эса чемпионлик ва юқори лигада қолиш учун икки гуруҳжа баҳслар давом этади.

АРМАНИСТОН
Арманистон сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсишга эришди. Буни инкор этиб бўлмайди. Авваллари бу жамоа аутсайдердан бири сифатида эътироф этиларди. Энди эса Даниядек жамоа арманларга ўз майдонида йирик ҳисобда имкониятни бой беряпти. Вардан Минасян бошчилигида миллий терма янги савияга йўлни босиб ўтиш билан банд. Ҳозирда Мхитарян, Озбилиз, Пиццелли, Мовсисян сингари ёш футболчилар арман футболи мавқеини жаҳон бўйлаб ижобий тарзда ёйишмоқда. Миллий чемпионат борасида мақтана олмаса-да, юқори техникага эга алоҳида футболчиларни тарбиялаб бераётгани Арманистон футболининг асосий ютуғи бўлиб турибди. Россия чемпионатида ҳам ушбу мамлакатдан бўлган футболчиларга талаб кучайиб бормоқда. Мхитаряннинг “Боруссия” Дортмундга ўтиш учун “Ливерпуль” таклифини рад этгани кўп нарсани билдиради. Балки, тез орада арман клубларини Европа Лигаси ва ЕЧЛ гуруҳ босқичларида кўриб қолармиз. Юқори дивизионда 8 жамоа 4 даврада ғолиблик учун курашади. Шу мавсумдан бошлаб чемпионат куз-баҳор форматида ўтказилмоқда.

ЭСТОНИЯ

Эстонлар кўп жиҳатдан аллақачон европалашиб улгурган дейиш мумкин. Уларнинг турмуш тарзи, футбол хўжалиги бошқалардан фарқ қилади. Асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратадиган Эстония кучлилар сафига яқин боргани йўқ, лекин исталган жамоа билан баҳсда довдираб ҳам қолмайди. Ҳар қандай кучли рақиб бу жамоани нари борса икки ёки уч тўп фарқи билан мағлуб этиши мумкин холос. Терма жамоани маҳаллий мураббий Тармо Руутли бошқариб келяпти. Машҳур футболчилардан Мартин Рейм, Андрес Опер, Март Поом, Райо Пиироя, Константин Васильев ва Рагнер Клаванни таъкидлаб ўтиш мумкин. Миллий чемпионат юқори лигасида 10 жамоа қатнашади. Улар тўрт даврали тизимда ўзаро баҳс олиб борадилар. Клублар миқёсида эстонларда айтишга арзигулик натижа мавжуд эмас. Лекин Голландия ва шу каби ўртамиёна чемпионатларда бир қанча футболчилари тўп тепади.

МОЛДОВА
МДҲнинг Европа тарафида футбол хўжалиги энг қолоқ давлатлардан бири ҳисобланади. Ўйинчиларга жуда кам маош тўланади. Натижада футбол билан шуғулланувчилар бошқа ишга эътибор қаратишга мажбур бўлишади. Клубларининг ЕЛ ёки ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида иштирок этиши ҳам муаммога айланиб улгурган. Ҳозирда Тирасполнинг “Шериф” жамоаси Европа Лигаси гуруҳ баҳсларига йўлланма олиш имкониятига эга бўлиб турибди. Машҳур футболчилардан Александр Епуряну ва Сергей Дадуни тилга олиш мумкин. Улар Россияда фаолият кўрсатгани билан кўпчилик ишқибозларга танилган. Миллий терма жамоа эса баъзи-баъзида кутилмаган натижани тақдим этиб туради. Лекин ўз майдонида ҳам кучли рақиблардан голлар “ёмғири”ни қабул қилиб олаверади. Ҳозир терма жамоага Ион Караш бошчилик қиляпти. Бу ерда футболни ривожлантириш учун каттагина маблағ зарур. “А” лигада 12 жамоа 3 даврали баҳсларда қатнашади.

ОЗАРБАЙЖОН
Озарбайжонда футболчилар техник тарафдан яхши имкониятларга эга, лекин уларнинг жисмоний ва тактик тарафдан ўзларини кўрсатишлари қийин. Терма жамоа немис мураббийи Берти Фогтс қўл остида ўсишга эришди, бироқ бу ўртамиёна даражага чиқишга ҳам етмаяпти. Миллий чемпионатни ривожлантириш учун жамоаларни йирик компаниялар сотиб олмоқда. Бунинг самараси бир неча йилларда сезилиши мумкин. Ҳозирги авлод футболчиларидан Жаҳон Ўзкара, Вагиф Жавадов ва Бранимир Субашич маҳоратини намойиш этиб улгурган. Клублари фақат Европа Лигаси гуруҳ ўйинларида қатнашиб келади. Миллий биринчиликда 10 жамоа 4 давра мобайнида ўйинларда майдонга тушади.

ЛИТВА
Литвада баскетболни кўпроқ хуш кўришади. Лекин футболда ҳам уларда айтишга арзигулик ўйинчилар етишиб чиқмоқда. Бундан ташқари, чемпионат формати баҳор-куз тизимида эканлиги билан МДҲнинг Европада жойлашган мамлакатлари орасида ажралиб туришади. 9 жамоа 4 даврали баҳсларда иштирок этади. Клублар миқёсида унчалик яхши кўрсаткичларни топиб бўлмайди. Лекин Европанинг кучли чемпионатларида ўзини кўрсатган Мариус Станкевичюс, Эдгарас Чеснаускис, Эдгарас Янкаускас ва Томас Данилавичюс Литва футболи довруғини бутун Европага таратишди. Станкевичюс ҳамон “Лацио” сафида жавлон урмоқда. Лекин миллий терма жамоа ўртамиёналикдан юқорига сакрай олмаяпти. Миллий терма жамоани ҳозирда Чаба Лацло бошқаряпти.

ЛАТВИЯ
Латвия терма жамоаси 2004 йилги Европа чемпионати финал босқичига йўлланма олиб, барчани ҳайрон қолдирганди. Ўшанда бу жамоа сафида Юрис Лайзанс, Марис Верпаковскис, Виталий Астафьев ва Михаил Землинскийнинг ўйинлари кўпчиликка ёққанди. Айни пайтгача бу латишларнинг энг юқори муваффақияти бўлиб турибди. Ҳозир Рудневс ва Цауня бу футболчилар ўйинларини давом эттиришга уриниб келяпти. Клублар мусобақаларида латвияликлар ўртамиёна савиядан ҳам тушиб кетишди. Терма жамоани яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси Марян Пахар бошқармоқда. Миллий лига баҳор-куз форматида ўтказилади.

ҚОЗОҒИСТОН
Қозоқлар икчи лигани ривожлантириш учун футболга катта сармоя киритишмоқда. Улардаги аутсайдер жамоалар ҳам футболчиларга яхши миқдорда маош тўлашларини барчамиз яхши биламиз. Лекин хорижликлар ҳисобига кучайтирилаётган клублар кучайгани билан бунинг терма жамоага фойдаси бўлмаяпти. “Шахтёр” ва “Актобе” клублари ушбу мавсумда ЕЧЛ ва ЕЛ гуруҳ босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлиб турибди. Булардан “Шахтёр” камида Европа Лигасида иштирок этади. Ҳозирча терма жамоа ва клублар бирор натижа билан мақтана олишмайди. Миллий чемпионат баҳор-куз тизимида ташкил этилади. Икки даврадан кейин жамоалар икки гуруҳга ажралади. Яқин ўтмишда Давид Лория, Руслан Балтиев, Самат Смаков ва Олег Литвиненко каби футболчилар мухлисларга ёқадиган футбол намойиш қилганлар. Ҳозир эса Германиянинг “Фортуна” клубида ўйнаётган Генрих Шмитдгал энг машҳур футболчи саналади. Миллий терма жамоани чехиялик Мирослав Беранек бошқариб келмоқда. Бироқ у ўртача натижаларга ҳам эришмаяпти.

ТОЖИКИСТОН
Муҳсин Муҳаммадиев, Акмал Холматов, Тоҳир Мўминов, Ҳаким Фузайлов, Рашид Раҳимов сингари футболчилар тожик футболининг энг машҳур ўйинчиларидир. Лекин миллий терма жамоа ҳеч йўғи Осиё Кубоги финал баҳсларида иштирок этмаган. Охирги йилларда эса “Чақирув Кубоги”да қатнашмоқда. Клублари эса бир неча йиллик танаффусдан сўнг ОФК Кубогида қатнашди. Кучли жамоалар билан тўқнаш келмагани боис терма жамоа ҳамда клублар савияси анча тушиб кетган. Бош жамоага яқинда Муҳсин Муҳаммадиев бош мураббий этиб тайинланди. Эҳтимол, ушбу мутахассис вазиятни ўнглашни уддалар.

ҚИРҒИЗИСТОН
Қирғизистонда терма жамоага бўлган эътибор тушиб кетганди. Ниҳоят, бу йилдан жамоа ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишни бошлади. Россиялик Сергей Дворьянков бошчилик қилаётган жамоа Эстония ва Беларусь каби термаларга қарши куч синаб кўради. Етакчи футболчилардан Мурод Жумакеев, Вячеслав Амин, Мирлан Мурзаев, Валерий Кичинни эътироф этиш мумкин. Умуман олганда, бир неча йил турғун даврни бошдан кечирган қирғиз футболи энди уйғонишни бошлашига умид қиламиз. Миллий чемпионат савияси жуда паст бўлиб, 8 жамоа 4 даврали тизимда қатнашади.

ТУРКМАНИСТОН
Ёзгели Хўжагелдиев ҳозир туркманлар термасига устозлик қиляпти. Машҳур футболчилардан Гочгулиев, Дурдиев, Овеков, Владимир Байрамов, Геворкян, Қурбонмамедов, Хомуха, Муслим Агаев, Александр Коробко, Қулиев ва Назар Байрамовни айта оламиз. Терма жамоа 2004 йил Осиё Кубоги финал босқичида яхши иштирок этиб, мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлганди. Бироқ шундан кейин терма жамоага эътибор берилмай, жамоа ўйинлар ўтказишни ҳам тўхтатиб қўйди. Клублар эса савияли дастлабки икки мусобақада иштирок этмаяпти. Натижада туркманлар футболи тайинли хулоса айтиш ҳам қийин. Бир пайтлар “Копетдоғ”нинг Осиё клублар мусобақаларида ярим финалгача етиб боргани эса бугун худди хаёлий воқеага ўхшаб кетади.

Биз МДҲдаги 14 мамлакатдаги футбол савияси ҳақида тўхталиб ўтдик. Ўзимизнинг футболдаги вазиятдан эса барчангиз яхши хабардорсиз. Бу борадаги таққослашни ўқувчиларимизга қолдирамиз.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook