31 oct 13:43
News

Магометов енг шимариб ишга киришадиган кўринади

Хабарингиз бор, айни пайтда БААда футбол бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Бу мусобақада қатнашган Ўзбекистон ўсмирлар термаси ўз иштирокини 1/16 финалда тўхтатди. Шу ўринда аввало футболчилар ва мураббийлар штабига раҳмат деб қоламиз. Чунки улар қўлдан келган ҳамма ишни бажаришди. Лекин насиб қилмаган экан, ўсмирларимиз Гондурас тўсиғидан ўта олишмади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, жамоамиз ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Энг муҳими, бу мусобақа катта футболга қадам қўяётган ёшлар учун ўзига хос трамплин вазифасини бажариб берса бўлгани.

Фужайра шаҳрида ўтказилган гуруҳ баҳсларини кўпчилик қатори ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов ҳам кузатди. Фарҳод Абдуалиевич айниқса футболчиларимиз Хорватияни 2:1 ҳисобида мағлуб этишганида роса қувонди. Ўзини жамоамизнинг бир бўлаги деб ҳис қилди. Албатта, ғалаба ҳаммамизга хурсандчилик ато этди.

Мана, бу йилги биринчи лига баҳслари ҳам якунига етди, олий лига тугашига эса иккита тур қолди. 8 ноябрь куни навбатдаги миллий чемпионатга якун ясалади ва шу билан жамоалар қишки таътилга йўл олишади.

Лекин ПФЛ таътилга чиқмаса керак. Чунки ташкилот бош директорининг кейинги мавсумдан умиди катта ва унга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмоқчи. Фарҳод Магометов БААда бўлиб, ўйин билан боғлиқ барча ташкилий ишларни ўз кўзи билан кўрди, ҳаммасини зимдан ўрганиб чиқди, керакли нарсаларни ён дафтарчасига қайд қилиб олди.

Бундан кўриниб турибдики, у ёқда катта тажриба ошириб қайтган Магометов ўрганганларини кейинги йилдан бизнинг чемпионатда ҳам тадбиқ қилмоқчи. Зеро, улардан олишимиз мумкин бўлган жиҳатлар ниҳоятда бисёр. Ўйинни ташкил қилиш, уни ажойиб тарзда ўтказиш, журналистлар билан доим мулоқотда бўлиш, жамоаларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш – буларнинг бари аслида қанақа бўлишини Фарҳод ака кўрди. Ва энди кўрганларини ўзимизнинг олий лигада йўлга қўйиш учун астойдил енг шимариб ишга киришса ажаб эмас. Негаки юртимизда футбол ривожланишини ҳаммамиз, шу жумладан ПФЛ раҳбари ҳам хоҳлайди.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook