Яхши ният: "Осиё Кубоги терма жамоамизнинг янги қиёфаси тақдимот маросимига айлансин!"
04 янв 2019 15:59
Янгиликлар
Яхши ният: "Осиё Кубоги терма жамоамизнинг янги қиёфаси тақдимот маросимига айлансин!"
Эртадан эътиборан барча футбол шайдоларининг диққат эътибори БАА стадионларида ўтадиган қитъа чемпионатига қаратилади. Мусобақа одатдагидек мезбон жамоа иштирокидаги ўйин орқали старт олади. БАА - Баҳрайн учрашуви билан бошланажак чемпионатдан умидларимиз ниҳоятда катта. Гарчи чемпионат биз учун кечроқ бошлансада, финиш ҳам стартдагидек энг охирида насиб қилишига умид қиламиз. Яхши ният.
Терма жамоамиз рулига Эктор Купер келгач Осиё Кубогига қадар 6 ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Тайёргарлик босқичи тўртга бўлинди. Аввалига сентябрда деярли салкам бир ойлик йиғин ташкил этилди. Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик ўйинлари. Кейинги йиғин октябрь ойида ташкил этилиб, унда КХДР ва Қатар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказдик. Сўнгра ноябрда Австралиядаги йиғинда Ливан ва Жанубий Корея билан ўртоқлик учрашувларида кучимизни синаб олдик. Осиё Кубоги олдидан якуний ва ҳал қилувчи тайёргарлик босқичи доирасида Туркияда 2 ҳафталик йиғин ташкил қилинди. Купер бошчилигидаги терма жамоамиз мазкур йиғинда ўртоқлик учрашуви ўтказмади. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини қитъа чемпионати кўрсатиб беради. Ҳозирча аввалига Купер истаган, аммо жароҳатлардан қочиш мақсадида якунда мураббий назорат беллашувини рад этди дейилди.
Ўтказилган 6 ўртоқлик ўйинларидан иккитасида ғалаба (КХДР, Қатар), икки дуранг (Сурия, Ливан) ва худди шунча мағлубиятга (Эрон, Жанубий Корея) учрадик. Тарози палласи тенг.
Демак, Осиё Кубогига қадар Купер терма жамоамиз билан танишиш, ўз фалсафаси ва услубини жорий қилиши учун жами тўртта йиғинни ўтказди. Ўртоқлик учрашувларидаги натижалар, ўйин услуби ва бошқа жиҳатлар энди ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Мазкур йиғин ва қилинган меҳнатлар самарасини кўрсатиб берадиган ва холис баҳони бериш имкониятини тақдим этадиган мусобақа эшик қоқмоқда.
Буёғига мусобақа давомида, айниқса муҳим чемпионат олдидан терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш асосий планга чиқади. Эртага бошланажак мусобақа олдидан барча бирлашаётган, жипслашиб терма жамоамиз ютуғини кутаётган палла борган сари яқинлашмоқда.
Купер ўйинни ҳимоядан қурадими, қарши ҳужум тактикасига таяниб ўйнайдими ёки услубни ўзгартирворадими фарқи йўқ, муҳими натижа.
Купер терма жамоамизга айнан натижа кўрсатиши учун ҳам олиб келинган. Бизнинг йўлимизга доимо ғов бўладиган Жанубий Корея, Эрон, Япония ёки Австралия каби Осиё гигантларини таслим этиш учун ҳам олиб келинган жаноб Купер. Айнан мазкур оғир вазндаги рақиблар қаршисида "йўқолиб" қолмаслигимиз учун ҳам Купер тажрибаси, малакаси ва билимига таянишга тўлақонли ҳақлимиз.
Ўртоқлик ўйинлари, услуб ва бошқа жиҳатларини ўша пайтда етарлича таҳлил ва керак бўлса танқид қилинди. Австралияда бўлиб ўтган Ливанга қарши нурсиз ўйин ва Жанубий Кореядан учралган мағлубият ҳам аслида алдамчи ҳолат бўлишига жуда ишонгимиз келади. Ич-ичимиздан шунга умид қиламиз.
Купер келганидан сўнг матбуот анжуманида айтган терма жамоамизнинг қиёфасини айнан БАА майдонларида бўладиган йирик мусобақада кўрайлик! Осиё Кубоги терма жамоамизнинг янги ва рақиблар учун қўрқинчли бўладиган қиёфасини тақдимот маросимига айланишига умид қиламиз!
Эсингизда бўлса, Эктор Купер келиши ҳақидаги хабар чиққанидан сўнг бу мавзуда яхши ниятда ёзган илк мақоламни эсга оламан:
Энг омадсиз мураббийнинг орзуси - финалда ғалаба қозониш!
Ўзбекистон терма жамоаси аллақачон БААга етиб борган. Эртага қитъа чемпионатининг 17-карвони йўлга чиқади. "CA" эса Худо хоҳласа 7 январь куни йўлга тушади. Буёғига терма жамоамиз учун муваффақиятли кечишини кутаётганимиз Осиё Кубоги ҳар томонлама бошқача бўлади.
Фикрлар