Янги Мессини излаб...
03 июл 2015 17:12
Янгиликлар
Янги Мессини излаб...
Аргентиналик "Барелона" юлдузи Лео Месси ҳозир айни кучга тўлган ёшида, аммо ҳозирданоқ унга ўринбосар қидиришмоқда.
Янги Мессиларнинг ўнлигини тақдим этамиз.
Лусиано Вьетто
21 ёшли аргентиналик Европада анча машҳур бўлишга улгурди. У ўтган мавсумни "Вильярреал" сафида ўтказди ва Испания чемпионатининг 32та учрашувида майдонга тушиб, 12та гол урди. Ёзда эса "Атлетико" билан 5 йиллик шартнома имзолади. Мадрид клуби футболчи учун курашда "Вильярреал"га 20 млн. евро тўлаб "Ливерпуль"дан устун келди. Декабрда Вьетто Примеронинг ой футболчиси бўлди. Аргентиналик ўз мамлакатининг ёшлар терма жамоасига чақирилди.
Кристиан Атсу
23 ёшли вингер "Челси"га тегишли, аммо у янги мавсумда "Борнмут"да ўйнайди. Бунгача Лондон клуби Атсуни икки марта ижирага бериб юборган. Биринчи йил "Витесс"да кўп майдонга тушган бўлса, келаси йил "Эвертон"да Кристианнинг ишлари ўхшамади. Аммо Атсу Гана терма жамоасининг юлдузи. Шу йилнинг февраль ойида уни Африка Кубогининг энг яхши футболчиси деб топишди. Атсу фаолиятини "Порту"да бошлаган.
Ален Халилович
Хорватиялик иқтидор эндигина 19 ёшга тўлди,аммо у "Барселона"га ўтишга улгурди. Халилович Загребнинг "Динамо" клубида икки йил жуда ёрғин ўйин кўрсатганидан сўнг, 2014 йилнинг ёзида "Барселона" у билан 5 йиллик шартнома имзолади. Шу билан бирга, Ален Хорватия терма жамоаси сафида ҳам дебют қилди. Хорват тажриба тўплаши учун уни "Барселона Б"га юборишди ва Ален ушбу жамоа сафида 30та учрашувда майдонга тушиб, 4та гол урди. Халилович футболчилар оиласидан. Унинг отаси Сеяд Халилович 1990 йилларнинг иккинчи ярмида Босния ва Герцеговина терма жамоасида ўйнаган.
Паоло Дибала
"Ювентус" 21 ёшли футболчини "Палермо"дан харид қилиш учун 32 млн. евро сарфлади. Бу футболчини ҳам Мессига ўхшатишади. Дибаланинг ўзгача ўйин услуби ва техник қобилияти учун уни ўз мамлакатида Жавоҳир деб аташади. Паоло ўтган мавсумда А Сериянинг 34та учрашувида иштирок этиб, 13та гол урди ва 10та голга ҳаммуаллифлик қилди. Дибала "Ювентус" сафида Карлос Тевеснинг ўрнини эгаллаши кутиляпти. У ҳозирча Аргентина терма жамоасига чақирилгани йўқ, шу сабабли футболчи бувасининг мамлакати Италия ва Польша унга кўз тикяпти.
Мартин Эдегор
Иқтидорлик норвегиялик 15 ёшида профессионал фаолиятини бошлаган. У "Стремгодсет" сафида 23та иштирок этиб, 5та гол уради ва Европа топ-клубларининг эътиборини ўзига қаратиб олади. 2015 йилнинг январида Эдегор 2,25 млн. евро эвазига "Реал"га ўтади. Ҳозир футболчи 16 ёшда, аммо унинг Мадриддаги фаолияти осон кечаётгани йўқ. У асосий жамоа билан шуғулланиб, учрашувларда иштирок этмоқчи, аммо мураббийлар уни фақат "Кастилья"да кўришяпти. "Норвегиялик Месси" ижарага бериб юборилиши мумкин.
Зак Гилсенан
Зак Гилсенан бор-йўғи 11 ёшда, аммо у ирландиялик Месси номига эга бўлишга улгурди. Гап фақатгина унинг иқтидорида эмас, Гилсенан "Барселона" футбол мактабида шуғулланади. Зак ўз кумирининг йўлидан юриши мумкин. 2012 йилнинг ёзида Гилсенан Каталония клубининг йиғинида иштирок этиб, ер юзининг ҳамма жойидан келган 400 болакайлар ичида энг яхшилардан бири бўлган.
Такефуса Кубо
"Барселона" Мессининг яна бир издошини Япониядан топди. 2011 йилда Каталония клуби ўз академиясига ҳужумчи Такефуса Кубони олибкелади. Чапақай йигитча энди 18 ёшигача "Барселона" сафида тўп тепа олмайди. Чунки Каталония клуби ёш футболчиларнинг трансфери борасидаги қонунни бузган.
Икер Морено
11 ёшли мексикалик болакай ўз мамлакатида "Янги Месси" номини олди. Ҳозирча Морено ҳақида кўп нарсани билмаймиз, аммо Луиш Фигу уни "Реал"га таклиф қилган. Афсонавий португалиялик кучли техникага эга Моренони кўриб ҳайратда қолган. Морено ҳеч бўлмаса профессионал бўлиб етишини вақт кўрсатади, аммо унинг кўрсаткичлари жуда юқори. Испан спорт сайтлари ушбу болакайнинг видеоларини тақдим этишган.
Клаудио Нанкуфил
"Барселона" ва "Реал"нинг доимий рақобати, трансфер бозорида ҳам билинади. 2014 йилнинг январида Каталония клуби ва мадридликлар ўз академияларига Клаудио Нанкуфилни олиб келиш учун курашишлари маълум қилинган эди. 10 ёшли болакай Аргентинанинг Барилоче шаҳарчасида яшайди. У ўз ёши учун ҳайратланарли ишларни бажаради ва шу сабабли уни қорли Месси дейишади. Бунга сабаб у яшайдиган жойда машҳур тоғ-чанғи курорти бор.
Ли Минг
Хитойда миллиарддан кўпроқ одам бор ва улар ўзларининг Мессисига эга. Футбол мутахассислари Циндао шаҳар академиясида 15 ёшли Ли Мингни пайқаб қолишади. Видеода унинг такрорланмас техникаси ва етакчилик қобилиятлари кўриниб турарди. Бир неча йилдан сўнг "хитойлик Лео" ўз мамлакатига етишмаётган кучли футболчига айланиши мумкин.
Фикрлар