Хиросимадаги чемпионликка 26 йил тўлди ёхуд Бишовец ва Лобановский нималар деган эди? Футболчилар қанча мукофот пули олишган?
16 окт 2020 19:08
Янгиликлар
Хиросимадаги чемпионликка 26 йил тўлди ёхуд Бишовец ва Лобановский нималар деган эди? Футболчилар қанча мукофот пули олишган?
Катта ёшли футбол мухлисларнинг ва халқимизнинг ёдида бу кун ўчмас из қолдирган десак муболаға бўлмайди. Чиндан ҳам мазкур турнирда дебютант сифатида иштирок этаётган терма жамоамиз аъзолари ҳақиқий ирода ва матонат кўрсатишган. Айниқса, ўша пайтда мунтазам равишда мундиалларда иштирок этиб келган Саудия дарвозасига урилган тўртта гол (4:1) маҳаллий ишқибоз ва журналистларнинг эътиборини тортиб улгуради. Ҳали мустақил бўлганига ва ФИФАга кирганига кўп бўлмаган жамоанинг мусобақани бундай юриш билан бошлаши ҳақиқатдан ҳам кутилмаган ҳодиса сифатида тилга олинади. Навбатдаги Малайзия билан ўйинни кўргани ОФК бош котиби Дито Веллопан ҳам пайдо бўлгани кўп нарсани англатарди. Малайзия тўсиғидан ўтиб олган вакилларимиз гуруҳ босқичининг қолган ўйинларида Гонкгонг(1:0), Таиланд(5:4)дан устун келишади. Чорак финалда эса қўшнилар Туркманистон мағлуб этилади(3:0). Ярим финалда Юрий Шейкиннинг тўп йўлиға ғов бўлиши, ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари, Азамат Абдураимовнинг битта зарбаси ва голи бизга 1:0 ҳисобидаги ғалабани тортиқ қилганди. Терма жамоамизнинг аввалги учрашувига 25000 томошабин келган бўлса, Корея билан ўйинни 40000 мухлис бевосита стадиондан кузатиб боргани бу ўйинга эътибор кучли бўлганидан далолат беради.
Ушбу тарихий ўйинни Рустам Акрамов қуйидагича эслайди: "Ниҳоятда ҳаяжонли ўйин бизга муҳим ғалаба келтирганиданми ёки йигитларимизнинг ўзига хос жанг майдонида қаҳрамонлик ва мардлик кўрсатганлариданми, билмадим, ҳар ҳолда кечаси билан уҳлай олмадим. Тонгги соат бешларда меҳмонҳона рўпарасидаги боғда сайр қила бошладим. Бир вақт рўпарамдан Корея терма жамоаси бош мураббийи Анатолий Бишовец келяпти. Унинг кечқурун кўкариб кетган юзи ҳали ҳам ўзига келгани йўқ. У ёнимга келди ва қўл сиқиб табриклаб тезда хонаси томон юриб кетди. Шу лаҳзаларда унга ачиниб кетдим. Корея билан ўйинда Биродар Ҳасанович билан танлаган йўлимиз тўғри бўлиб чиқди. Футболчиларимиз бизни уялтиришмагани хурсанд қилди". Финал учрашувидан олдин машҳур мутахассис, Қувайт терма жамоаси устози Валерий Лобановский "Сизлар Кореяни доғда қолдирдинглар, финалда Хитойни бемалол ютишингиз мумкин",- деб башорат қилган эди.
Ҳал қилувчи паллада Лобановскийнинг тахминлари тўғри чиқди. Чин юрти вакилларини 4:2 ҳисобида ютган ҳамюртларимиз ўзлари қатнашган илк мусобақада зафар қучишганди. Ўшанда ватанамиз байроғини Шуҳрат Мақсудов майдон узра ҳилпиратгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Мусобақа якунида Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Юрий Шейкинга маҳсус совринлар топширилди. Айнан шу турнирдан кейин Сергей Лебедов Жаҳон терма жамоасига таклиф этилгани, кўплаб футболчиларимизга бир қатор хорижнинг кучли жамоаларидан таклифлар тушгани диққатга сазовордир. Афсуски, бугун ғалабага муносиб ҳисса қўшган Улуғбек Рўзимов, Юрий Шейкин биз билан бирга эмас.
Миллий терма жамоамизни бош мураббий сифатида мусобақага олиб борган Рустам Акрамов кейинги интервьюларида яна шундай деган эди:
"1992 йил миллий жамоани қабул қилиб олган вақтимда мутасаддилардан уч йил муддат, яъни биринчи йирик мусобақа якунига қадар вақт сўраганман. Бунинг учун уч йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиққанман. Мен бу дастурни тўлиқлигича амалга оширдим деб айта оламан: шогирдларим 1994 йил апрель ойида "Тошкент турнири", сентябрьда Мустақиллик кубоги ва октябрда эса Осиё ўйинлари ғолиби бўлишди".
Манбага кўра Хиросимадаги ғолибликдан кейин терма жамоанинг барча аъзоларига ваъда қилинган Тико автомобилидан беш донаси берилган ва қолганларга 1,5 минг доллар атрофида мукофот пули ва фахрий ёрқлиқлар тақдим қилинган.
Осиё ўйинлари ғолибларини яна бир бор эслатиб ўтамиз: Юрий Шейкин, Бердаҳ Алланиёзов, Александр Тихонов, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Андрей Фёдоров, Улуғбек Рўзимов, Абдусамад Дўрмонов, Фарҳод Магометов, Рустам Дўрмонов, Февзи Давлетов, Степан Атоян, Илҳом Шарипов, Миржалол Қосимов, Сергей Лебедов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Шуҳрат Мақсудов.
Фикрлар