UZ

Сўнгги янгиликлар

22:45"Реал" нимадан норози?  0 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  1 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  0 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  1 20:24"Барселона" ҳужумчиси сафдан чиқди  0 19:59"Навбаҳор" Азимжон Аҳмедов билан янги шартнома имзолади!  6 19:36"Ювентус" Дисасини ижарага олмоқчи  1 19:15"Пахтакор" Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан янги шартнома имзолади!  1 18:50Боливияда жамоа керакли натижани сақлаб қолиш учун, ўйин тугамай, майдондан чиқиб кетди  2 18:12"Сурхон" етти нафар футболчи билан янги шартнома имзолади  0 17:43Ферран Торрес "Барса"нинг омадсизликлари ҳақида: "Барчасини вақт кўрсатади"  9 17:17Ильгиз Танташев яшил майдонга қайтди  1 17:06Ўзбекистон U-16 термаси Тошкент вилояти футбол академияси жамоасига қарши ўйин ўтказди   3 16:47Шаҳзодбек Ғофурбеков — "Локомотив" футболчиси!  0

Воҳа ва водийнинг чойхонасини, Тошкентнинг эса дорихонасини бойитган дастлабки тур ҳақида Янгиликлар

Воҳа ва водийнинг чойхонасини, Тошкентнинг эса дорихонасини бойитган дастлабки тур ҳақида

Осиё Чемпионлар лигасининг 1-турида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган тўрт жамоа иштирокида бир-биридан фарқ қиладиган турлича ўйинлар гувоҳига айландик.

Кеча ва ўтган кунги ўйинлардан кейин юртдошларимизнинг иштироки ҳамда гуруҳдаги вазият тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.

ОКМК

Тўғрисини айтсам, "Ал Иттиҳод"га қарши ўйиндан олдин олмалиқликлардан Америка кашф этишини кутганим йўқ. Шу боис, ҳакам ҳуштаги қулоқни қиёматга келтургунга қадар ўзимни руҳан тайёрлаш мақсадида парча-парча бўлиб кетиши мумкин бўлган буюмларни олдиндан кўздан нарироққа яшириб қўйдим. Учрашувдан кейин эса омон қолган ўша буюмлар миннатдорчилигини билдириди. Ўйинга келсак, вакилларимизнинг ҳимояга қўйган "автобус"и ўт олмасдан туриб, рақиб томонидан ишдан чиқарилди. Суперлигада ўзининг ҳам, рақибининг ҳам истаганча гол уришига шароит яратадиган Миржалол Қосимов шогирдлари учун янгилик бўлган бешта ҳимоячи билан ўйнаш режими иш бермади ҳамда тезкор голлар жамоани гангдиратиб қўйди. "Ал Иттиҳод" футболчилари эса ўз посбонининг қўлқопларига туфлашига ҳожат қолдирмади. 

Қосимовнинг майдонда деярли уялтирмайдиган Сияваш Ҳақназарийни халқаро ва Суперлиганинг муҳим ўйинларида нега кўргазмага олиб қўйилган буюм сингари захирага олиб қўйишига тушуна олмайман. Эронлик ярим ҳимоячи бир тайм ўйнаганига қарамай, пас бериш бобида (32 та) майдонда тўлиқ ҳаракат қилган Ғиёсов билан бир хил натижа қайд этган бўлса, 72 дақиқа ҳаракат қилган Миржамол Қосимовдан кўпроқ узатма амалга оширган. Қисқа паслар бобида эса иккаласидан ҳам яхшироқ кўрсаткич қайд этган. 

Умуман олганда, ОКМК икки жабҳада кафтни пешонага босадиган ҳолатга солди. Тўп назоратини инобатга олмаганда, биринчиси, иккинчи қаватда Иттиҳод Airlines'га бой берилди (ҳаводаги курашларда ғалаба қозониш бўйича кўрсаткич % ҳисобида 69–31). Иккинчиси ўз жарима майдони ичида рақиб зарба бериши учун пояндоз тўшади ("Ал Иттиҳод" ОКМК жарима майдонида 12 марта зарба йўллашнинг уддасидан чиққан).

Бироқ иккинчи бўлимда ҳовурини босиб олган, бошқача айтганда, танаффусда Қосимовда биз болаликда дарсдан қочганимиз учун мактаб директоридан эшитган гапларни қулоқларига қуйиб олган "кончилар" нисбатан тартибли ҳимоялана олишди. Эҳтимол, биринчи турдаги рақибимиз бошқа бўлганда, олмалиқликларда мослашиш жараёни эртароқ бошланарди. 

Нима бўлган тақдирда ҳам, олмалиқликлар гуруҳдаги энг қийин ҳисобланган рақибга қарши ўйинни ўтказиб олишди. Гуруҳдаги иккинчи баҳсда Ироқнинг "Эйр Форс" жамоаси Эроннинг "Сепаҳон"и билан жанговар дуранг (2:2) қайд этди. Кейинги учрашувни ироқликларга қарши ўз майдонида ўтказадиган Қосимов шогирдларида гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олиш учун яхши имконият бор.

Саудияликлар учун эса қитъа турниридан кўра қийинроқ бўлган мамлакат чемпионатида ўзи сингари гегемонлар билан Том ва Жерри мультиқаҳрамонлари сингари қувлашмоқ ўйнаш қизиқроқ, назаримда.

"Насаф"

ОКМК билан бир вақтда ўз учрашувини бошлаган "Насаф" учун илк турда нисбатан енгил рақиб рўбарў келди. Шунга қарамасдан, ўйин курашларга бой бўлди. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш борасида кепкасидан шода-шода тер оқаётган Рўзиқул Бердиев жамоасида мазкур ўйинда ҳам шундай ҳолат содир бўлди. Кўпгина вазиятларда эса мезбонлар посбони жамоадошларини чойхонага туширадиган ҳаракатлар амалга оширди. Бироқ қаршиликларнинг ягона номинал ҳужумичиси ўрнига майдонга ташланган Зафармурод Абдираҳматов беллашув сўнгида ўз сўзини айтиб, чойхонани барбод қилди. 

Ўйин давомида "Насаф" ғалабага лойиқ ўйин намойиш этди ва пенальти берилмаса ҳам, ҳақли равишда муваффақиятга эришди.

Яқинда "Ҳумо қуш"га айланган "аждарлар"нинг устунлигини Сардор Мамадалиев томонидан қўшиққа солинган рақамлар ҳам исбот бўла олади.

Гуруҳнинг нариги қарама-қаршилигида тўрт жамоа ҳам гол урмасликка келишишган деб ўйлаган Қатарнинг "Ал Садд" ва БААнинг "Шаржа" жамоалари бир-бирини хафа қилмаган ҳолда майдонни тарк этишди. 

Гуруҳ етакчисига айланган Қашқадарё клуби навбатдаги учрашувини 2 октябрь куни ўз майдонида "Ал Садд"га қарши ўтказади.

"Навбаҳор"

Ўзбек футболида мухислар томонидан энг кўп ёдга олинадиган мураббий(лардан бири) телевизорга термулиб, кўзига иссиқ кўринган футболчисини беҳисоб муллажиринглар эвазига олиб келаётган гигант клубга қарши муносиб тайёрлай олди. Тўғри, наманганликлар мазмунли ўйин намойиш этишмагандир, бироқ ОКМКдан фарқли ўлароқ, ҳимояланиш борасида анча тартибли ўйин намойиш этди. Қишлоқда футболга ошно укамнинг айтишича, ўтган кеча икки нарсанинг бўлар-бўлмасга бақириши унга уйқу бермаган: бири ашулачи бўлишни орзу қиладиган молхонадаги сигиримиз бўлса, иккинчиси Неймар бўлган. 

Беллашув аввалида Саудия жамоаси томонидан Бабаян сартарошининг бундан буёғига ишсиз қолдирилиши мумкинлигидан чўчигандим. Бироқ наманганликларнинг ҳимоя қўрғони гарчи охирги дақиқаларда диққатини бироз йўқотган бўлса-да, ўзига бириктирилган вазифани беш баҳога топширди. 

Учрашув давомида ҳамюртларимиз ўз имкониятларидан максимал фойдаланишга ҳаракат қилди. "Навбаҳор" бир ярим тайм давомида атиги икки маротаба аниқ зарба йўллади, улардан бири клуб учун унутилмас воқеага айланган бўлса, иккинчисига билдирган реакциям учун атрофимдагилар бир неча сония қулоқларига наушник тақиб туришди. 

Кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳимояда Милович–Иванович тандемини, ярим ҳимояда эса Ўруновнинг кўпроқ тер тўккани эътироф этишимиз мумкин. Бироқ келгуси ўйинларда ҳам ушуб тактика асосида ўйнаш ярамайди. Унга қадар Бабаян тўп назорати (23%), ҳаводаги курашда устунлик (39%), паслар аниқлиги (63%) ва бошқа камчиликларни бартараф этиш борасида иш олиб бориши лозим. 

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Ҳиндистоннинг "Мумбай" клуби Эроннинг "Нассажи" жамоасига 0:2 ҳисобида ютқазди. 2-турда наманганликлар 3 октябрь санасида ўз ареналарида Болливуднинг спортча вариантини кўриш имкониятига эга бўлишади. Катта тўсиқдан ошиб ўта олган "Навбаҳор"да кейинги босқич йўлланмаси учун яхши имконият мавжуд.

"Пахтакор"

Суперлигада қутурган шер қиёфасида гавдаланадиган пойтахтликлар халқаро майдонда ювош мушукчага айланишда давом этмоқда. "Пахтакор"дан кечаги баҳсда ҳеч бўлмаганда бошни эгган ҳолда майдонни тарк этмайдиган натижа кутгандим, бироқ Суперлига етакчиси рақибига меҳмондўстлик қилиб юборди. Эҳтимол, "Бунёдкор" стадиони улар учун бегонасирагандир.

"Пахтакор"нинг мағлубияти оламшумул сенсация эмас. Жамоада мавжуд нуқсонларни Суперлига клублари айтишга ийманиб турганда, бир эмас, иккита Про лига клуби бирин-кетин уларни юзага чиқарганди. Халқаро баҳсларда етакчи Чераннинг ҳам бошқалар сингари одам эканлигини англай бошлаяпмиз. 

Юқорида таъкидлаган сенсация атамаси эса Туркманистонда содир бўлди. "Аҳал" ўзи учун қулай бўлиб қолган сунъий майдонда кимсан Саудия жамоасини мағлубиятга учратди. Шайх жамоаси эса аламини 2-турда Шацких жамоасидан олишга ҳаракат қилади.

Дастлабки тур воҳа ва водийликларнинг чойхоналарини, тошкентликларнинг эса дорихоналарини бойитди. Бизга ким қандай кўз билан қараган тақдирда ҳам ҳамда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган клубларимиз қандай натижа қайд этишидан қатъи назар сиз каби биз ҳам барча клубимизни охиригача қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Осиё Чемпионлари лигаси турнир жадвали

Рейтинг: +18   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика