“Водий футболи”. Нодирбек Қўзибоев сафдан чиқди
18 май 2015 15:35
Янгиликлар
“Водий футболи”. Нодирбек Қўзибоев сафдан чиқди
Бугундан “Андижон” жамоасининг 10-турда “Металлург”га қарши ўйинга тайёргарлиги жиддий бошланди.
Бекободда ўтадиган ушбу баҳсда андижонликлар очко олишни мақсад қилганлар. Аммо “Металлург”га қарши учрашувда жамоамиз етакчи ўйинчисиз майдонга тушади. Иброҳим Отахонов билан Санжар Асқаралиев бу ўйинда “Андижон”га ёрдам бера олишмайди. Чунки бу футболчилар “Навбаҳор” билан бўлган беллашувда қизил карточка олиб майдонни тарк этишди. Шундай бўлса-да, жароҳат сабабли учта ўйиндан бери жамоага ёрдам бера олмаётган Расул Раҳмонов Бекободда сафга қайтиши мумкин.
“Қўқон-1912”: Нодирбек Қўзибоев сафдан чиқди
Тажрибали футболчи Нодирбек Қўзибоев “Шўртан”га баҳсда ўйин қайдномасига киритилмади. Бунга сабаб футболчи жарохати борлигидир. Катта эхтимол билан 30 ёшли футболчи якшанба куни “Локомотив”га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юбориши кутилмоқда. Биз эса Қўзибоевга тезроқ сафга қайтиб, мухлисларни қувонтиришини тилаб қоламиз.
“Навбаҳор”: Бахтиёр Ашурматов кейинги ўйинни ҳам ўтказиб юборади
Наманганликлар ҳам бугун ўз қароргоҳида йиғилиб, навбатдаги ўйинга тайёргарликни бошлайди. “Лочинлар” шанба куни ўз майдонида “Олмалиқ”ни қабул қилади. Айтишларича, Бахтиёр Ашурматов айни дамда жамоа билан бирга эмас. Боиси мураббий БААда бўлаётган Осиё чемпионати "B" гуруҳи саралаш ўйинларини бевосита кузатиш мақсадида сафарга жўнаб кетган. Бош мураббийнинг якин 2-3 кунда Наманганга қайтиб келиши кутилмоқда. Айтиш лозимки, Бахтиёр Аъзамович “лочинлар”нинг “Олмалиқ”қа қарши кечадиган баҳсида ҳам дисквалификация туфайли захира ўриндиғида бўла олмайди.
“Нефтчи”: “Насаф” билан ўйинга тайёргарлик бошланди
Ўтган шанба куни Тошкентда “Пахтакор”га 2:0 ҳисобида имкониятни бой берган “Нефтчи” футболчилари бир кунлик дам олишдан сўнг бугун яна ўз қаоргоҳида йиғилади. Жамоа матбуот хизматининг айтишича, футболчилар тушликдан сўнг Қиргулида йиғилади ва “Насаф” билан ўйинга тайёргарлик бошланади. Эслатиб ўтамиз, фарғоналиклар келаётган шанба куни ўз майдонида “аждарлар”ни қабул қилади.
Фикрлар