UZ

Сўнгги янгиликлар

22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  0 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  5 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  4 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  29 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9

Трагедиянавис "Турон"да Ашурматовнинг фаолияти қай даражада бўлди? Янгиликлар

Трагедиянавис "Турон"да Ашурматовнинг фаолияти қай даражада бўлди?

"Турон" иштирокидаги ўйинларни ҳакам ҳуштагининг уч бора чалингунига қадар томоша қилмасдан илож йўқ.

Йил давомида дам олиш кунлари бир неча бор театрга тушиб тураман. Футболни бевосита стадиондан кўриб роҳатланган сингари, Беҳбудий бобомиз таъкидлаган ибратхонада ҳам саҳна асарини жонли томоша қилганга етмайди. Кўпчиликдан фарқли равишда чойхона ёки ресторанларда эмас (у ерларга боришга имкониятим ҳам тўғри келмайди), маданият ёки санъат масканларидан кайф оламан. Яхши спектакль ёки фильмларда кўпинча якун мутлақо ўзгача тарзда кўриниш олади. Муҳими, ўша асар саҳна пардаси ёпилгунча ёки экранда "Тамом" сўзи чиқмагунга қадар сизни эснашга ёки ўрнингиздан туриб кетишга мажбур қилмайди. Жорий мавсум "Турон" иштирокидаги ўйинлар ҳам мана шу таҳлитда кечмоқда. Тўғри, бироз бўрттириб юборгандирман, яйпанликлар ўйин давомида "тики-така" қўлламайди, уларнинг Рамоси ҳам йўқ, бироқ водий клуби иштирокидаги ўйинларнинг ҳал қилувчи лаҳзалари Шекспир асарлари сингари трагедияга айланиб кетмоқда. Шу сабабли ҳам, турнир жадвалини оёғини осмондан қилганда, яйпанликлар пешқадамлар сафидан ўрин эгаллаган. Акс ҳолда, Бахтиёр Ашурматовга чиқиш эшиклари кўрсатилмасди. Келинг, трагедиясевар ишқибозлар билан Фарғона клубининг жорий мавсумдаги ўйинлардаги якунларни кўриб чиқамиз. 

Бир йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтган яйпанликлар дастлабки турда ўзи учун анча таниш жамоага айланган "Бухоро"га қарши майдонга тушди. Ёдингизда бўлса, иккала жамоа Про лигада ҳам роса кураш олиб борганди. Дастлабки турдаги тўқнашув ҳам Суперлиганинг ўзига хос дербиларидан бирига айланди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланаётган, қолаверса, бухороликлар бир киши кам бўлиб қолган бир пайтда учрашув якуни арафасидаги Темур Исмоиловнинг зарбасидан сўнг бироз олдинга чиққан Раҳимжон Давронов тўпни парвозга юборади, аммо тўпнинг парвози "Турон" посбони ўйлагандек бўлмайди ва "ракета" яйпанликлар дарвозасига қулайди. Шу тариқа, дастлабки ўйин кўнгилсиз тарзда якунланади. 

Ўйиндан кейин мағлубиятни бўйнига олган Бахтиёр Ашурматов аламзада фикрларини билдирди.

"Тўғриси, шунча кўрган тайёргарлигимиз, амалга оширган селекциямиз, раҳбарлар ва мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши – ҳаммасини биргина ўйин ювиб юборди. Афсуски, буни жуда ҳам уятли мағлубият деб таърифласа бўлади. Бугун энг ёмон учрашувимизни ўтказдик".

Бироқ уятли мағлубият келгуси учрашувда ҳам такрорланди. "Насаф" майдонида кечган баҳс ҳам 1:1 ҳисобида ниҳоясига етаётганди. 99-дақиқа қанотдан узатилган тўпга Ҳусниддин Алиқулов бош билан зарба йўллаб, яйпанлик мухлисларнинг валерианка таблеткасини қидириб қолишларига сабабчи бўлди. Шунда ҳам Ашурматов шогирдларида 5-6 ўринлар учун кураша оладиган салоҳиятини кўраётганини таъкидлади. 

Учинчи турда ҳам фарғоналик ашаддий футбол ишқибозлари ойисидан қолган тошонайларни қидириб қолишган бўлса, ажабмас. Ўз майдонида кечган "Сурхон"га қарши баҳсда Шоҳназар Норбековнинг голи эвазига мезбонлар 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Аммо учрашув якунига 5 дақиқа қолганда Аъзамжон Алиев ўз жарима майдончасида Силванус Нимелини йиқитди ва учрашув бош ҳаками 11 метрли нуқтага ишора қилди. Жамалутдинов эса 88-дақиқада пенальтини аниқ амалга ошириб, стадионга ғалаба илинжида келган минлаб ишқибозларнинг кайфиятини февраль ойидаги ҳаво ҳарорати даражасига келтириб қўйди.

Тўртинчи турда кўпчилик иштаҳаси очилиб бораётган "Бунёдкор" майдонига сафар уюштирган туронликларнинг мағлубиятини кутганди. Бироқ ўйин давомида меҳмонлар рақибларига қараганда фаолроқ ҳаракат қилишди. Шунга қарамай, клуб учун қора дақиқаларда айланаётган ўйин якунида "Бунёдкор" гол уришига миллиметрлар етишмади. 90+4-дақиқада Иззатовнинг зарбаси дастлаб тўсинга тегиб, қайтди. Акс ҳолда, "Турон" футболчилари футбол вақтини 90 дақиқа этиб белгилаган кимсаларни қарғаб ўтишарди эҳтимол. 

Ашурматов ҳам бунга ўз муносабатини шундай изҳор қилди:  "Агарда гол ўтказганимизда борми, мен ортга қайтмасдан, шу ерда қолардим. Тасаввур ҳам қилолмайман, рости..."

"Олимпик"га қарши кейинги баҳс якуни юракларни тўлқинлантиришга сабаб бўлмаса-да, натижанинг ўзи драмага айланди. Қолаверса, учрашувдаги ягона голни ҳам "Турон" футболчиси ўз дарвозасига жойлаб қўйди.

Навбатдаги баҳс кубок доирасида яна "Бухоро"га қарши бўлиб ўтди. Дастлаб бурчак зарбаси натижасида гол ўтказиб юборган яйпанликлар анъаналарига тескари равишда учрашув сўнгида рақиб дарвозасини ишғол қилишди.


Ашурматовнинг фаолияти қай даражада бўлди?

Ўтган йилнинг 9 октябрида "Турон" жамоа бош мураббийи Анвар Бердиевни лавозимидан озод қилди ҳамда Бахтиёр Ашурматовни бош мураббий этиб тайинлади. Бердиев эса мураббийлар штабида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Ўшанда клуб Про лига турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётганди. 

Ашурматов қўл остидаги илк ўйинда клуб ўз майдонида "Машъал" билан дуранг ўйнади. Мавсум якунида эса жамоа учинчи поғонага тушиб кетди ва ўтиш ўйинида иштирок этадиган бўлди. 

Яйпанда ўтган плей-офф баҳсида эса "Локомотив" мағлуб этилди ҳамда "Турон" Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Умуман олганда, "Турон" Ашурматов қўл остида 12 расмий учрашувда майдонга тушиб (Суперлига, Про лига, ўтиш ўйини; ўртоқлик ўйинлари бундан мустасно), 4 ғалаба, 4 дуранг ва 4 мағлубият қайд этди. Бугун тунда эса мутахассис истеъфога чиқарилди.

Ашурматов қўл остида водийликлар Суперлигада юқори самарадорликка эришмаган бўлса-да, ҳужумкор ҳамда интизомли жамоа бўлиб шаклланди. Жумладан, клуб 5 тур давомида чемпионат иштирокчилари орасиида энг кам фоль қайд этди (44 та). Шунингдек, майдонга тушган 5 ўйиннинг учтасида зарбалар сони бўйича рақибини ортда қолдирди. Бироқ юқорида тилга олганимиздек, клуб қатнашган ўйинларнинг сўнгги дақиқалари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир вақтлар араб жамоаларига қарши майдонга тушган баҳсларини ёдга солаверди.


Кейинги ўйинлар

“Турон”ни олдинда ўта қийин икки водий дербиси кутиб турибди. Жумладан, клуб дастлаб чемпионат пешқадами “Нефтчи” меҳмони бўлса, сўнгра 3-ўринда бораётган “Навбаҳор”ни қабул қилади. Бироқ бу ўйинлар ҳам жамоа мухлисларининг юзида табассум уйғотишига ҳеч ким кафолат беролмайди. 

 Хусусий клуб ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Мен эса “Турон” спектаклининг якуни ўзбек эртаклари сингари яхшилик билан тугашини истардим.

Рейтинг: -2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика