Темурхўжа Абдухолиқов: "Ҳозирча ҳаммаси ажойиб"

Mirjalol Normatov
16 фев 2020, 11:31
"Локомотив" ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов янги мавсум олдидан ўз фикрларини билдирди.

- "Машъал" билан кечган ўртоқлик учрашуви ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйин ҳам мавсумга тайёргарликнинг бир қисми бўлди. Майдонда яхши кураш кечди. Ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз.

- Киритган голингиз ҳақида?
- Қулай вазият юзага келди ва бундан фойдаландим. Гол уришим керак бўлган вазият эди, агар уролмаганимда гапирса бўларди.

- Жамоанинг мавсумга тайёргарлиги қандай бўляпти?
- Ҳаммаси яхши. Тез-тез ўртоқлик учрашувларида майдонга тушяпмиз. Ўйлайманки, чемпионат старт олганидан кейин ўзимизни кўрсатамиз. Ўртоқлик ўйинлари билан расмий баҳсларнинг фарқи бор. Суперлига учрашувларига янада кўтаринки кайфиятда чиқамиз.

- "Машъал" ҳақида нима дея оласиз?
- "Машъал" бу йил яна Суперлигага қайтди. Ўйлайманки, бу жамоа чемпионат давомида ўзини кўрсатади.

- Суперлига қуръаси ҳақида нима дейсиз?
- Энди бу қуръа, барибир ҳамма жамоалар билан қачондир ўйнаймиз, чемпионат бошидами ё охиридами. Лекин мавсумни уйда бошлашимиз яхши деб ўйлайман.

- Ўзингиз янги мавсумга қанчалик тайёрсиз?
- Ҳозирча ҳаммаси ажойиб. Ўйинлар бошлансин, кўрамиз нима бўлишини.

"Локомотив" матбуот хизмати

Ўхшаш янгиликлар


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: lokomotiv.uz