UZ

Сўнгги янгиликлар

01:49Миср олимпия терма жамоаси сардори БАА клубига ўтди  1 00:44"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолади  0 00:16Париж-2024. Франция ва АҚШ чорак финал иштирокчиларига айланди  0 23:55"Пахтакор" ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионини таркибга қўшиб олди  9 23:38ОКМК хорватиялик футболчи билан шартнома имзолади  5 23:28"Андижон"ни Эркинов тарк этди ва унинг ўрнига "Динамо" футболчиси қўшилди  1 23:10Париж-2024. Доминикан Республикаси - Ўзбекистон 1:1, Олимпиадани ғалабасиз якунладик  12 22:59ЦСКА легионер футболчисини Ўзбекистонга юборди  2 22:32Россия кубоги. "Рубин" "Акрон"ни тор-мор этди, Эсанов дебют қилди  2 22:15Париж-2024. Марокаш ва Аргентина плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  3 22:02"Андижон" сербиялик футболчи билан шартнома имзолади  7 21:41"Насаф" "Атлетико Мадрид"да ўйнаган сербиялик футболчини таркибга қўшиб олди  9 21:24ОКМКни Қосимов ва яна икки нафар футболчи тарк этди  13 21:03Париж-2024. Миср Испанияни мағлуб этиб, гуруҳ пешқадами сифатида плей-оффга йўл олди  15 20:51Аббос Файзуллаев: "Олимпиадага ҳеч ким мағлубиятга учраймиз ёки гуруҳда қолиб кетамиз деган мақсадда келмайди"  25

Танишинг - «Наврўз» кубоги соҳиби «SLS-Орзу» жамоаси Янгиликлар

Танишинг - «Наврўз» кубоги соҳиби «SLS-Орзу» жамоаси

Футбол билан астойдил шуғулланганларнинг барчасига ҳам келажакда фаолиятини соҳада давом эттириш насиб этавермайди.
Иқтидорларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, саноқлиларгагина спортнинг ушбу турида ёрқин келажак кутиб туради. Омади чопмаганлар ноилож бошқа соҳага ўтишиб, мабодо муваффақиятли тарзда иш юритсалар, армонларини қисман қондириш мақсадида бирор жамоани оталиққа олишади ва имкон қадар кўмаклашиб келишади. Иккинчи лига иштирокчилари орасида жуда кўпининг тепасида айнан шундай инсонлар турганлигини таъкидлаш даркор. Исталган вилоят чемпионатига кўз югуртирсангиз, клуб раҳбарларидан бирортаси таркибда тўп сурадиганлар қаторида рўйхатга киритилган бўлади. Орзу-ҳаваслар шу даража билан якунига етса керак. Негаки, ҳаваскорликдан янада юқори босқичга чиқиб бориш учун на маблағлари, на имкониятлари етмаслиги шубҳасиздир.

Фарғоналиклар мусобақалар ташкил этиш борасида мамлакатимизда яна етакчилар қаторига чиқиб боришни астойдил истаётган кўринадилар. Февраль ойида вилоят ҳокими Кубоги учун анъанавий турнир уюштирилиб, унда асосан олий ва биринчи лига жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боришганди. 24 март-12 апрель санаси кунларида эса иккинчи лига қатнашчилари ўртасида Наврўз Кубоги учун баҳслар ўтказилди. Жамоалар географик жойлашувидан келиб чиқиб уч гуруҳга ажратилишди. 17 жамоа иштирок этган мазкур мусобақада меҳмон сифатида қўшни Андижон вилоятидан шаҳрихонликлар қатнашишди. Финал беллашуви Қиргулидаги «Нефтчи» СКга қарашли стадионда ташкил этилиб, Марғилоннинг «SLS-Орзу» жамоаси тошлоқликлар билан ўзаро рўбарў келишди. Ўйин ҳам ҳал қилувчи учрашувга мос тарзда шиддатли ўтди.

Омад якунда марғилонликларга кулиб боқиб, 2:0 ҳисобида ғалабага эришишди ва бош совринни қўлга киритишди. Тақдирлаш маросими ҳам тантанали равишда ташкил этилиб, Фарғона вилояти футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Салимжон Зокиров ғолиб жамоа раҳбарларига Кубокни топширди. Шунда марғилонлик жамоа раҳбарларидан бири, собиқ футболчи Ботирхон Умаров ёнимизга келиб, жамоалари ҳақида тўлароқ маълумот бера олиш имкониятларимиз ҳақида сўради. Суҳбат орасида газетамизнинг аввалги сонларидан бирида Марғилоннинг яна бир вакили - «Фидокор» ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтганимизга ишора қилди. Таклифга розилик билдириб, ушбу жамоанинг фаолиятини ҳам тарғиб қилишни дилимизга тугиб қўйдик.

Марғилонликлар гуруҳ баҳсларини муваффақиятли тарзда якунлашиб, тўплар нисбатига кўра 1-ўринни қўлга киритишди («Ёзёвон-Лочинлари» фарм-клубини 10:2га енгган бўлсалар, шаҳрихонликлардан 0:3 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Шунингдек, тошлоқликлардан ҳам устун келишди). Ярим финал беллашувида «Нефтчи» футбол клуби қошидаги БЎФМ тарбияланувчиларига қарши майдонга тушишиб, асосий ва қўшимча вақтларда ҳисоб очилмагач, пенальтилар сериясида омадлари кулиб боққанлигини таъкидлаш даркор (5:4). Ҳал қилувчи учрашувда эса юқорида таъкидлаганимиздек, тошлоқликларни енгишга эришишди. Жамоани истеъдодли, ёш мураббий Исломбек Исмоилов бошқармоқда. Фамилиясига эътибор қаратган инсон «Нефтчи» бош мураббийи Муродбекнинг тўнғич фарзанди эканлигини англаб олиши қийин эмас. Биз ҳам дастлабки суҳбатдошимиз Исломбек ИСМОИЛОВ билан бир қатор мавзулар борасида фикр алмашиб ўтирдик.

- Энди 23 ёшни қарши олдингиз. Аммо мураббийлик стажингиз ҳам анча ортиб бормоқда.
- Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат Жисмоний Тарбия институтига ўқишга кирганимда таҳсил давомида дастлаб «С» лицензияси учун курсларда иштирок этдим. Кейинчалик Баҳром Мамадалиев «Атласчи»да бош мураббий сифатида ишлаш учун мени таклиф этди. Мавсумга ҳозирлик кўра бошладик. Ҳаттоки қишки ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилинди. Аммо иқтисодий тарафдан имкониятини қила олмаганлигимиз туфайли биринчи лигада қатнашишимиз амалга ошмади. Орада «В» лицензияси соҳибига айландим. Ботирхон Умаров жамоасига таклиф этиб, биргаликда фаолият юритишни тавсия қилди. Розилик билдириб, февраль ойидан буён йигитлар билан машғулотларга киришганмиз.

- Ғолибликни қўлга киритиш ўз-ўзидан бўлмайди. Нима ҳисобига бош совриннинг эгасига айландинглар?
- Қисқа фурсат ичида йигитларнинг жисмоний формасини мукаммал даражага келтиришнинг имкони йўқ. Шу сабабли кўпроқ майдонда бир-бирларини тушуниб боришларига эътибор қаратдик. Ўйин юритиш тактикалари борасида бир қатор ишларни амалга оширдик.

- Ўзбекистондаги усталар жамоасида фаолият кўрсатаётган энг ёш мураббийлардан бири бўлсангиз керак. Нега энди футбол ўйнашни афзал билмадингиз?

- Дастлаб тенгқурларим қатори футбол билан шуғулланиб юрдим. Менда иқтидор йўқлигини вақтида пайқаган дадам яхшиси, соҳани ўзгартирганинг маъқул, дея тавсия қилгандилар. Шундан кейин хориж тилларини ўрганишга астойдил киришдим. Барибир қонда бор экан, футболчи чиқмаганидан кейин мураббийликда ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим. 19 ёшимда «Пахтакор» академиясида Станислав Кудряшовга ёрдамчилик қилдим. Шу тариқа икки йил пойтахтда фаолият юритдим.

- Ўз олдингизга юқори мақсадлар қўяётган бўлишингиз шубҳасиз. Неча ёшингизда олий лигада бош мураббий сифатида ишлашингиз мумкинлигини ҳеч тахмин қилиб кўрмаганмисиз?
- Дарҳақиқат, ниятларим улкан. 25 ёшга тўлганимда халқаро «Про» лицензиясини қўлга киритмоқчиман. Қолгани омадга боғлиқ.

Суҳбатни давом эттириш мақсадида клуб раҳбари Ботирхон УМАРОВнинг ҳам фикрларига қулоқ тутдик.

- Жамоани 2009 йили Абдумажид Охунжонов билан биргаликда ташкил этгандик. Марғилон шаҳрининг аввалги ҳокими ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганди. Ҳозирги кунда шаҳарга раҳбарлик қилаётган Шавкат Эркабоев ҳам жамоамизнинг олдида турган муаммоларни ижобий ҳал этишда ёрдамини аямай келмоқда. Хусусан, транспорт борасида сафар учрашувларига чиқадиган бўлсак, муаммога дуч келмаймиз. Иқтидорли мураббий Исломбек Исмоилов ёш бўлишига қарамай анча ғайратли, меҳнатдан қочмайдиган мутахассис сифатида ўзидан илиқ таассурот қолдирмоқда. Наврўз Кубогини қўлга киритишимиз катта ютуқларимиздан биридир.

- Ўзингиз бошқа соҳа вакилисиз. Аммо майдонга тушиб тўп тепиш, клубнинг муаммоларини ҳал қилиш учун вақт топа оласиз. Сабаб?

- Футболга меҳрим  бошқача. Болалигимда спортнинг ушбу тури билан жиддий тарзда шуғулланганман. Усталар жамоасидаги илк  фаолиятим  «Андижон»да ўтган. 2000 йиллари унга Сергей Шевченко устозлик қиларди. Жамоа таркибида Бахтиёр Ҳамидуллаев, Тоҳир Мўминов, Заҳириддин Акбаров, Отабек Қиличев, Сергей Дуб, Шуҳрат Назиров сингари таниқли чарм тўп усталари ўйнашарди. Рақобат ўта кучли эканлиги туфайли, Мухтор Мирзаев бошчилигидаги «дубл»да омадимни синаб кўрганман. Таркиб ҳам ёмон эмасди. Раҳим Қодиров, Музаффар Мирзараҳимов, Ҳуршид Мамадалиев, Дониёр Эргашев, Дониёр Тожибоев сингарилар бор эди. Айниқса, Анвар Абдуқодиров билан муносабатларимиз яхши бўлган. Ҳозирги кунда ҳам қўнғироқлашиб турамиз. Кейинчалик жароҳат олиб сафдан чиқдим. Тикланиш жараёни бироз чўзилиб кетгач, футболдаги фаолиятим узоқ давом этмаслигини тушуниб етганман. Суд тизимига ишга кириб, ҳозирги кунда ҳам фаолиятим ёмон кечаётгани йўқ.

- Эндиги мақсадлар қандай?
- Марғилон футболида ҳозирги кунда катта кўтарилиш сезилмоқда. Шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат  /аниевнинг ташаббуси билан стадионимиз қайта капитал таъмирдан чиқарилди. Бемалол биринчи лига талабларига ҳам жавоб берадиган даражага келтирилди. Наврўз Кубогида эришилган муваффақиятдан кейин болаларга бироз ҳордиқ чиқаришади. Кейин эса иккинчи лига баҳсларига тайёргарликка янада зўр берамиз. Футболчилар билан гаплашганда олдиларига фақат 1-ўринни эгаллашни вазифа тарзида қўйишимизни таъкидладим. Қолгани қандай кечиши вазиятга боғлиқ.

Клуб таъсисчиларидан бири, жамоа бошлиғи Абдумажид ОХУНЖОНОВ ҳам қуйидагича фикрларини билдириб ўтди.

- Марғилон футболида ўзига хос кўтарилиш юз бераётгандек.
- Аввало шаҳар ҳокими жамоалар учун барча шароитларни яратиб бераётганига алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Марғилон азалдан ўзбек футболига кўплаб кадрлар етказиб келган. Ҳозирги кунда «Нефтчи» жамоасида фаолият кўрсатиб келаётган Муродбек Исмоилов, Андрей Фёдоров иккаласи бизнинг футбол тарбияланувчилари ҳисобланишади. Шунингдек, вилоят футбол федерациясининг ижрочи директори Салим Зокиров ҳам Марғилон футболи вакили эканлигини яна бир карра эслатиб ўтмоқчиман. Қолаверса, Седуновнинг шогирдлари бугунги кунда Ўзбекистоннинг бошқа жамоалари шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда.

- Ҳар ким кўрпани ўзи томон тортавермасдан, кучларни бирлаштирган ҳолда ягона, биринчи лига талабларига жавоб берадиган клубни шакллантириш мумкин эмасми?
- Мабодо ушбу ғояни мутасаддиларга етказадиган бўлсам, нотўғри қабул қилишади. Истеъдодлар бўйича фикр юритсак, шаҳримизда бемалол 8 та жамоа учун кадр топиш мумкин. Ота-оналар ҳам жамоалар сони кўп бўлиши тарафдоридирлар. Чунки, фарзандлари спорт билан банд бўлиб, ёмон йўллардан йироқлашишмоқда. Машғулотларда қаттиқ чарчаганликлари туфайли уйларига борганда эртароқ дам олиш учун ётадилар. Бемаҳалда кўчада юриб, ёмон улфатларга қўшилишларига ҳожат қолмаяпти. Вақтларини мазмунли ўтказаётганлари сабабли, турли диний оқимларга қўшилиб кетишмайди. Шу сабабли мазкур сиёсат барчани қониқтирмоқда.
 
Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика