UZ

Сўнгги янгиликлар

22:00Ўзбекистон кубоги. "Хоразм"ни мағлуб қилган "Сурхон" ярим финалга йўл олди!  9 21:41Дани Ольмонинг "Барселона"га ўтиши аниқ бўлди! (Фабрицио Романо)  6 21:13Слот "Ливерпуль" нега янги ўйинчилар харид қилмаётганини тушунтирди  0 20:48Анчелотти: "Ҳозирги таркибимиз билан барча турнирларда қатнаша оламиз"  1 20:22Расман: 79 ёшли Мирча Луческу Руминия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди  2 20:00"Барселона"га Кьезани таклиф қилишди  4 19:41Ибрагимович: "Мен табиат мўъжизасиман"  13 18:59"Арсенал" Габриэл билан янги шартнома имзолайди  1 18:36Адейеми "Ювентус" қизиқиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди   1 18:15Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Японияга етиб борди  1 17:29Расман: "Севилья" "Интер" ярим ҳимоячиси трансферини эълон қилди  1 17:06"Агар Мудрикни 100 млн еврога сотиб олишган бўлса, Глушенковнинг нархи 200 млн"  2 16:30"Зенит" "Марсель" футболчисига 10 млн евро маош таклиф қилган, лекин...  1 16:07Гюндоган "Барселона"дан кетмайди  6 15:42Киммих бу ёз "Бавария"дан кетмайди  1

Тактик айёр ва ўжар мураббийлар тўқнашуви ёхуд Буффон - Нойер Янгиликлар

Тактик айёр ва ўжар мураббийлар тўқнашуви ёхуд Буффон - Нойер

Бугун Европа чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган энг марказий тўқнашув бўлиб ўтади, десам муболаға бўлмайди.


ПСЖ - "Челси", "Арсенал" - "Барселона" каби жуфтликларни камситмаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, "Ювентус" ҳамда "Бавария" ўртасидаги ўйин жуда кўпчиликни қизиқишларига сабаб бўлмоқда. Нейтрал ишқибозлар учун Туриндаги ўйин нисбатан қизиқарлироқ кечиши аниқ. Ушбу икки гранд жамоалардан бири чорак финал остонасида клублар ўртасидаги энг йирик турнирни эрта якунлашига тўғри келади.


Тўғриси, айнан шу икки жамоа кўрсатган футболлар орқали ушбу спорт турига бўлган меҳрим, муҳаббатим анча ошган. Дель Пьеронинг "Ювентус"даги ажойиб ўйинлари, Недведнинг ажабтовур зарбалари, Трезегенинг жарима майдончаси ичидаги рақибларига уюштирган "қотиллик"ларини кўпчилик тиффозилар ва футбол шайдолари ҳали унутишмаган. "Бавария" деганда Оливер Каннинг маҳлуқлардек важохати, Эффенбергнинг спортчиларга хос жаҳли, Жованни Элбернинг моҳирона ўйинлари ва голларини кўриб катта бўлган авлоднинг кўпчилиги "Бавария"ни бошқача яхши кўрса ажаб эмас. Улар қаторида камина ҳам бор. Яширмайман, европадан Германия ва Италия футболи ҳавосидан "нафас" олиб катта бўлганман.
Италия деганда аввало "Ювентус" кўз олдимизда гавдаланади. Бу жамоа Италия чемпионатлари тарихидаги энг кўп чемпионликни қўлга киритган клуб. Германия деса барча "Бавария"ни тушунуниши ҳаммага аён. Бир сўз билан айтганда, бугун Италия ва Германия гегемонлари тўқнашувининг дастлабки қисмини томоша қиламиз.


Мавсумни омадсиз бошлаган ЕЧЛнинг амалдаги финалчиси - "Ювентус" декабрга келиб ўз ўйинини топиб олди. Стартни кўнгилдагидек бошланмаганига ўзига хос сабаблар мавжуд эди. Аллегри қўл остидаги "Юве"нинг сўнгги йиллардаги энг муҳим, етакчи учта футболиси - Карлос Тевес, Артуро Видаль ва Андреа Пирлонинг жамоадан кетиши ўз таъсирини кўрсатди албатта. Лекин зукко Аллегри тез орада Погба ва Маркизио  атрофида қудратли "Ювентус" ўйинини тиклай олди. Тевес қилган ишларни, эндиликда ёзда катта пуллар эвазига сотиб олинган Пауло Дибала бажарадиган бўлди. Аргентиналик ёш иқтидор соҳиби тезда "Ювентус"нинг янги "мотори"га айлана олди. 2013 йилда "Бавария"га ЕЧЛни қўлга киритишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ва Пеп билан келишмовчиликлар сабабли мюнхенликлар сафини тарк этган Марио Манжукич, ўтган йили "Атлетико"дан туринликлар таркибига келиб қўшилди. Марио Манжукич "Ювентус"га тезда киришиб кетди. Аввалига Мандукич чемпионат ўйинларида гол уришда бироз оқсади. Аммо ҳужумчи "Юве"нинг ЕЧЛдаги муҳим голлари ва куздан сўнг чемпионатдаги қиймати баланд бўлган голларни киритишни канда қилмади. Марио Манжукич табиатдан жуда кўплаб голлар уриб ташлайдиган ҳужумчилар тоифасига кирмайди. Марио бир ўйинда хет-трик ёки пента-трик соҳибига айланмайди. Хорватиялик форвард асосан ҳар ўйинда биттадан гол уради ва кам ҳолларда максимум бир учрашувда дубл қайд этиши мумкин. Лекин Марионинг голлари асосан жамоасига доимо фойда келтириб келади. Жароҳати боис "Юве"нинг сўнгги беллашувларини ўтказиб юборган Манжукич, "Бавария"га қарши ўйин олдидан сафга қайтди ва катта эҳтимол билан собиқ жамоаси билан ўйинда иштирок этади. Марио учун бу баҳс жуда қадрли ва муҳим аҳамият касб этади. Манжукич бу баҳсда эски қадрдонларини кўради ва Мюнхендаги биргина "дўсти" Пепга ўз "салом"ини етказишга ошиқиши табиий. "Ювентус" жамоасининг жароҳатланганлар сафидан Жоржио Кьеллини ҳам қайтган ва туринликларнинг ҳимоя қўрғони сардори муҳим учрашувда жамоасига ёрдам бериши кутилмоқда.
Аллегри бошқарувидаги "Ювентус" кетма-кет 15 ўйиндаги ғалабали сериясини ўтган ҳафтада, чемпионат доирасидаги "Болонья" билан ўйинда дуранг қайд этиб, тўхтатиб қўйди. "Юве" ўз дарвозасидан сўнгги тўққизта учрашувдан буён тўп ўтказиб юбормаяпти. Мавсум стартидаги "Ювентус"дан асар ҳам қолмаган. Бугунги "Ювентус" ўтган йилгидан ҳам кучлироқдек, шашти юқорироқдек кўринмоқда. Ғалабаларга ташна, кўзлари рақиб дарвозасини кўришга ошиқаётган "Ювентус"нинг ҳужум чизиғи вакилларини тўхтатиб қолиш "Бавария"га осон бўлмайди.

"Бавария" доимгидек мусобақанинг асосий фаворитларидан бири саналади. Германия чемпионатида якка ҳокимликни ўрнатиб олган мюнхенликлар, ЕЧЛ бош соврини учун бўлган йўлда дастлабки жиддий тўқнашувга шайланишмоқда. "Бавария" "Ювентус"дан фарқли равишда мавсум стартини кўнгилдагидек бошлашганди ва жамоа деярли бир текисда қониқарли натижаларни қайд этиб келмоқда. Аммо жамоа ўйинида пасайиш йўқ эмас. "Бавария" кузда кўрсатган шиддаткор ўйинларини айни пайтда тақдим эта олмаяпти. Балки жамоа қишки паузадан сўнг бироз тин олгандир. "Бавария" бундеслигадаги катта тафовутдан сўнг ўз ўйинини бироз қочириб юбормоқда. Хосеп Гвардиола жамоага келганидан буён "Бавария" баҳорга қадар жуда катта тезликда келади. Бироқ баҳорга келиб "Бавария" аввалги мотивация, консентрацияни йўқотади ва мавсумнинг энг муҳим палласида юқори нотада ўйнай олмайди. Охирги икки мавсумда шу ҳолатлар юз берганди ва Пеп бу камчилигини ҳали тўғрилай олганича йўқ. Бу Гвардиола учун "Бавария"даги сўнгги мавсум ва ЕЧЛдаги аввалги хатоларини тўғрилаш учун ҳам охирги имконият.
"Бавария"га Гвардиола келишидан аввал бу жамоалар ЕЧЛда чорак финал босқичида ўзаро дуч келишганди. Ўшанда Юпп Хайнкес жамоаси Контенинг "Ювентус"ига ҳеч қандай имконият қолдирмасдан ярим финалга йўл олганди. Албатта Юпп ва Пеп бошқарувидаги жамоалар ўртасидаги фарқ жуда катта. У пайтдаги "Бавария" ҳақиқий фантастик жамоа эди. Ҳозирги жамоа ҳам таркиб борасида ундан кам эмас. Аксинча таркиб жиҳатдан Пепда танлов ҳам, сифат ҳам жуда юқори. Аммо "ошпаз" бошқа. Овқат тайёрлашда эса, биласиз, ҳамма гап ошпазда.   
Ҳозирги вақтда жамоалар деярли бир хил даражада. Таркибни ҳисобга олмаганда, "Ювентус" "Бавария"га бу сафар етарлича қаршилик қилишга қодир. Аллегрининг тактик юришларидан ўтган мавсум "Реал" азият чекканди, бу сафар Аллегри "Бавария"нинг бўлажак мураббийи Анчелоттини мағлуб этгани каби Гвардиолани ҳам енга оладими?
Буни Туриндаги ўйиндан сўнг эмас, Мюнхендаги учрашувда, ҳакам хуштагидан сўнг билиб оламиз. Унгача эса жамоалар ҳолати ва имкониятларини ўрганиб, таҳлил қилиб кўрамиз. "Бавария"нинг ҳужум чизиғидаги тандем Левандовски-Мюллер ушбу мавсумда барча мусобақаларда жами 56 маротаба дарвозаларни ишғол этишди. Бу фантастик натижа. "Бавария"нинг "Ювентус"дан яна бир устун томони - вингерларида. "Бавария"да айни пайтда жаҳоннинг энг кучли вингерлари тўп суради. Узоқ вақт жароҳатини даволаб сафдан чиққан Франк Рибери ушбу баҳсда майдонга тушишга тайёр. Роббен ҳам жароҳатидан фориғ бўлган. Камига ушбу мавсумни "Бавария"да кўтаринки руҳда ўтказаётган Дуглас Коста ва асли "Ювентус"га тегишли бўлган Кингсли Коман майдонга тушишга шайлар. "Бавария" жамоасининг қанотлари энг хавфли нуқта. "Ювентус" агарда шу муаммони ечимини топа олмаса, унда уларга жуда қийин бўлиши аниқ. Лекин "Бавария" жамоаси марказий ҳимояси айни пайтда ҳавас қиларли ҳолатда эмас. Жамоанинг асосий ҳимоячиси Жером Боатенг жароҳати туфайли сафдан чиққан. Хольгер Бадштубер ҳам айни пайтда жароҳати сабаб жамоа билан бирга эмас. Меҳди Бенатиа эса яқиндагина жароҳатидан фориғ бўлди ва сафга қайтди. Бадштубер ва Боатенгнинг жароҳатланиши оқибатида "Спартак"дан олинган Сердар Таски ўтган турда дебют ўйинини ўтказди ва айнан унинг хатоси эвазига "Бавария" "Дармштадт"дан гол ўтказиб юборди. Бу эса унинг бошланғич таркибда ўйнаш эҳтимолини камайтириб юборади. Катта эҳтимол билан марказий ҳимояда Жошуа Киммих ва Бенатиа пайдо бўлади. Ёки Алаба ҳам марказда ўйнаб бериши мумкин.


"Ювентус" - "Бавария" тўқнашуви орқали мухлислар Буффон ҳамда Мануэль Нойер каби замонамизнинг энг кучли иккита дарвозабонлари ўртасидаги ўзига хос дуэлга ҳам гувоҳ бўлишади. Ушбу икки кипер айни пайтда жаҳоннинг энг кучли дарвозабонлари саналишади. Буффон қариётган бўлсада, ёшлардек жўшқин ва иштиёқи баланд посбон. Мануэль Нойер эса майдонда дарвозабон қиладиган ишлардан ташқари бошқа юмушларни ҳам бажариб турадиган ғайри-табиий футболчи. Буффондек дарвозабонда ҳозирга қадар ЕЧЛ бош соврини йўқ. Бу эса бироз адолатсизлик. Нойер эса бу ютуқ таъмини билади. Буффон фаолиятини якунлаши арафасида ЕЧЛ бош соврини қўлга киритиш учун борини бериши аниқ.
Бизни камида 180 дақиқа давом этадиган қизиқарли ва шиддаткор футбол кутмоқда. Бу баҳсда эса биз бу икки фантастик дарвозабон ижросидаги ажабтовур "сейв"ларни томоша қилишимизга шубҳа йўқ. Уларга муаммо туғдира оладиган футболчилар ҳам етарли. Шу боис, бу ўйинни томоша қилиш учун яна бир қўшимча мотивация мавжуд.


Шу ўринда Буффоннинг бир гапини эслаб ўтмасам бўлмайди. Евро-2012 ярим финал учрашуви Италия ҳамда Германия ўртасидаги ўйин олдидан Буффон шундай деганди: "Нойер жаҳон футболидаги бундан буён биринчи рақамли посбон бўлади. Унинг истеъдоди ва маҳорати буни кўрсатиб турибди. Буёғига Нойер жаҳоннинг энг кучли дарвозабони номини мендан олиб қўяди", - деб айтиб ўтганди. Амалда ҳам бетакрор ва такрорланмас Буффоннинг сўзлари тўғри бўлиб чиқди. Нойер кетма-кет учинчи йилдирки дунёнинг энг яхши дарвозабони деб тан олинди. Лекин у ҳали Буффон даражасида чиқди деб айтмаган бўлардим. Нойер шак-шубҳасиз ҳозирги кунда биринчи рақамли кипер. Лекин Буффоннинг даражасига чиқиш, уни забт этиш учун ҳали Нойернинг қиладиган ишлари жуда кўп. Соврин ютиш борасида эмас, умуман ўйин ва ҳаракатлари эвазига. Буффон 38 ёшида ҳам жаҳон футболида Нойернинг рақобатчиси.


Демак бу тўқнашувда имкониятлар тенг. "Ювентус" ҳимоядаги жуда тартибли ва аниқ ҳаракатлари эвазига "Бавария"ни мусобақадан чиқариб юбориши мумкин. Гвардиола бошқарувидаги жамоаларга қарши юқори прессинг ва рақибни майдон марказидаёқ қарши олиб, уларга ҳужум ташкил этиш жараёнидаёқ тўсиқ қўйилса бас. Ўшандагина "Бавария" асабийлашиб қолади. Ёки Аллегри ҳимояда бутун ўйин давомида жуда зич ҳаракат қилиб, ўз омадини қарши ҳужумда излаши мумкин. Лекин "Ювентус" қарши ҳужумда идеал тарзда ўйнай оладиган жамоалар сирасига кирмайди. Аллегрида доимо иккита режа бўлади. Қайси бирини танлашини эса вақт кўрсатади. Менимча, Туриндаги баҳсда "А" режасини ишга солади ва Мюнхенда бошқа карталар билан юриш қилади.
Гвардиолада эса доимо битта режа - тўпни сақлаш ва рақиб жарима майдончаси олдида тики-така ўйнаб, бўш ҳудудларни пойлаш. Агарда "Бавария" ўз ўйинини ўтказа олса ва режалари иш берса "Ювентус" дарвозаси бир неча маротаба ишғол этилиши мумкин. Аммо аввалги йиллардаги ярим финал ўйинидаги каби ўхшамай қолса, "Бавария" ҳимояси сочилиб кетиши мумкин. Пепни режаси ўхшаса-ўхшади. Бўлмаса, "Бавария" ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда қанотлар орқали юриш қилиб кўради. Бу каби вазиятлар асосан "А" режаси ўхшамаган ва футболчилар майдонда ўзларининг индивидуаль ҳаракатларига таяниб ўйнашга тўғри келиб қолган пайтда бўлади. "Бавария"нинг ҳимоядаги муаммосидан ташқари энг катта камчилиги - мураббийнинг бошқа режаси йўқлигида. "Бавария" Гвардиола қўл остида иккинчи рақамли жамоа сифатида ўйнай олмайди. Фақатгина "Бавария" таклиф этган ўйинга рақиб чора тополмай қолсагина мюнхенликларнинг ишлари беш бўлади. Акс ҳолда 2014 йил "Реал", 2015 йил Каталониядаги "Барселона" билан бўлган учрашувларда кузатилган ҳолат такрорланиши мумкин.
Тактик айёр ва мохир Аллегри Гвардиолага нимани тайёрлаб қўйгани жуда қизиқ. Ўжар Пеп эса яна эски қуролига ишонади.

Шахсан менга ким ютишининг умуман фарқи йўқ. Муҳими, чиройли футбол ва муносиб жамоа ғалаба қозонса бўлгани.


Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига мурожаат қиладиган бўлсак, 8 учрашувнинг 4тасида "Бавария", 3тасида "Юве" ғалаба қозонган ва битта ўйин дуранг бўлган. Бу борада минимал устунлик немислар тарафида.


Ҳа айтганча, бу ўйинни матнли онлайн трансляция ҳам мени зиммамда.

Демак ғойибона кўришгунча...


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +15   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика