UZ

Сўнгги янгиликлар

01:54А Серия. Чемпионлик учун курашаётган "Интер" ва "Наполи" сўнгги тур олдидан дуранг ўйнади, "Рома" ва "Ювентус"да ғалаба  27 01:06"Барселона" футболчиси клубдан кетишга яқин  5 00:20Ла Лига. "Атлетико"дан йирик ғалаба, "Реал" тўққиз киши бўлиб қолган "Севилья"ни мағлуб этди, "Барселона" эса ўз уйида "Вильярреал"га мағлуб бўлди  38 00:13Илёс Зейтуллаев: "Бугун футбол ўйнадикми?"  12 00:00Григорий Колосовский: "Иккинчи голдан кейин ташаббусни рақибга топшириб қўйдик"  1 23:40Асрор Алиқулов: "Бугун йигитларда характер етишмади"  1 23:32Гильерме Гедеш: "Ғалаба туғилган кунимга кутилмаган совға бўлди"  0 23:21Шоҳмалик Комилов: "Жорий мавсум Суперлигада бирор жамоа ажралиб тургани йўқ"  1 23:10Суперлига. "Пахтакор" Навоийдан йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтмоқда  80 23:07Алишер Одилов: "Машғулотлардан кейин "Тривела" услубида алоҳида шуғулланамиз"  2 23:05Туркия Суперлигаси. Алиқулов жамоаси иштирокидаги ўйинда 9 та гол урилди, "Сивасспор" эса меҳмонда мағлуб бўлди  0 22:57Ҳаким Фузайлов: "Урганчдаги стадионда битта камчилик қолди холос"  2 22:41Руслан Жиянов: "Гол уриш яхши, бу голлар жамоага фойда келтирса, ундан ҳам яхши"  1 22:30АПЛ. "Арсенал" Райснинг голи туфали "Ньюкасл"ни мағлуб этди  4 22:20Мирко Еличич: "Мен ишлаган "Локомотив" билан ҳозиргисининг фарқи жуда катта"   0

“Шўртан” жамоаси 20 ёшда ёхуд бу йилги байрам янада ўзгача маъно касб этади Янгиликлар

“Шўртан” жамоаси 20 ёшда ёхуд бу йилги байрам янада ўзгача маъно касб этади

Бугун “Шўртан” Профессионал футбол клубининг расман юридик мақом – статусга эга бўлган кун сифатида тарихга кирганлигига роппа – росса 20 йил тўлади.
1994 йилнинг айнан мана шу санасида Ғузор клуби туман ҳокимияти адлия бошқармасида рўйхатдан ўтди ва ўзининг профессионал фаолиятини бошлади.

Ҳар қандай шароитда бўлса-да, орадан ўтган 19 йил “Шўртан” футбол клуби томонидан баҳоли қудрат байрам сифатида нишонлаб келинди. Ҳеч бир йил, ҳеч қайси бир сана четда, яъни эътибордан ташқарида қолмади. Мисол учун, ўша яқин ва олис 1994 йилги жараён туман ҳокимлиги, жамоа ҳомийлари, раҳбарияти, мутасаддилари, ходимлари, мураббий-ю футболчилари ва энг биринчи галда Ғузор аҳли, шунингдек фидойи мухлислари учун унутилмас тарихий воқеага айланган бўлса, 10 йиллик юбилей (2004 йил) “Шўртан” жамоаси фаолиятида янги саҳифа очди. Олий лига сари ташланган қадам чин маънода, залворли ва шукуҳли бўлди (бу ҳақда қуйида тўхталамиз). Мана ниҳоят, бу йилги 20 йиллик юбилей ҳам клуб ҳаётида ўчмас из қолдириши шубҳасиз. Баъзи бир сабаблар билан бирозгина мамлакат футболининг элитасидан узоқлашган “Шўртан” яна ўз ўрнига қайтди. Ўз мавқеи ва обрўсини тиклаб олди. Энди жамоанинг олдида йиллар давомида йиғилган обрў-эътибор, ҳурмат ёки бир сўз билан айтганда Ғузор футболининг даражасини мустаҳкам сақлаш билан бирга янада юксакроқ чўққилар сари парвоз қилиш вазифаси турибди. Демак, фақат олға юр, деймиз сенга “ШЎРТАН”!

Тарихий манбаларга суянган ҳолда эса шуни айтиш мумкинки, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида миллионлар севган футбол ХХ асрнинг ўрталаридан эътиборан, халқ севган оммавий спорт тури сифатида ўйнала бошланган эди. Расман олиб қараганда эса футбол Ғузорда илк бор ХХ асрнинг 70-йилларида тўла шаклланди. Айнан 1970 йилга келиб, туман марказида жойлашган “Ғафур Ғулом” номли мактаб қошида спорт-интернат иш бошлади. Бу эса Ғузорда ҳар йили бир неча ўнлаб ёш истеъдод соҳибларининг кашф бўлишига замин яратди. Футбол масканида камол топа бошлаган истеъдодли болалар турли футбол мусобақаларида тобланишар эди. Вақти келиб, шу ёшлардан “биринчи қалдирғочлар” вояга етишди. Бунга мос равишда маҳаллий аҳоли талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, 1975 йилда туман марказида ҳозирги Марказий стадион ҳашар йўли билан қуриб битказилди. Ўз стадионига эга бўлган ғузорлик чарм тўп усталари “Оқ олтин” номи билан катта футболдаги илк фаолиятини бошлашди. Ғузор футболининг тамал тошини қўйган, кўплаб ёшларга устозлик қилган марҳум Эшмурод бобо Чоршанбиев барча ишларда бош-қош бўлди. “Оқ олтин” футболчилари 1986 йилдан бошлаб, бир неча мавсум собиқ Иттифоқ чемпионатининг Республика миқёсидаги мусобақаларида тўп суришди.

Йиллар ўтиши билан Эшмурод бобонинг ёрдамчилари ҳам, футболга ошно тутинган ёш истеъдодлар ҳам туманда кўпайиб борди. Натижада бир эмас икки-учта жамоага етадиган даражадаги футболчилар камол топишди. Мустақиллик йилларида янада кенгайган имкониятлар эндиликда, Ғузорда нафақат вилоят миқёсидаги мусобақаларга, балки олий ва биринчи лига ўйинларига бўлган қизиқишни ҳам кучайтириб юборди. Туман футболининг асосчиси Эшмурод бобо катта жамоани иккига бўлиш режасини илгари сурди. “Оқ олтин” иккига бўлинди. Жамоанинг бирига “Шўртан”, иккинчисига “Ёшлик”, дея ном берилди. Эшмурод Чоршанбиевнинг ўзи ёшлар билан ишлаш, уларни ҳам акалари сафига қўшиш мақсадида “Ёшлик”да қолди. “Шўртан”га эса Баҳодир Аҳмедов устозлик қиладиган бўлди. Шундан сўнг, иккала жамоа ўртасида соғлом рақобат юзага келди.

Бу орада Ғузор футболи жонкуярларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда елиб югуришлари билан 1994 йилнинг 5 ноябрь санасида “Шўртан” Профессионал футбол клуби расман юридик мақом – статусга эга бўлди. Ана ўша орадан ўтган қисқа, лекин шарафли йиллар давомида Ғузор жамоаси босқичма-босқич ривожланиш пиллапояларидан юксаклик сари кўтарилиб борди. Аввал вилоят чемпионатида, кейин Ўзбекистон Республикаси биринчилигида муваффақият қозонган “Шўртан” ПФК 2005 йилдан эса ўзининг мамлакат олий лигасидаги юришини бошлади. 2010 йилги мавсумда олий лига баҳсларида фахрли тўртинчи ўрин ва Ўзбекистон Кубоги ўйинларида финалга қадар етиб борган ғузорликлар жамоаси навбатдаги йилдан эътиборан илк бор Осиё футбол Конфедерацияси Кубоги турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Бу бир туман миқёсидаги жамоа ва унинг ашаддий ҳамда фидоий мухлислари учун чин маънодаги ҳақиқий байрам, шунингдек тарихий воқеилик эди. Шу ўринда яна бир гап: “Шўртан”нинг Профессионал клуб даражасида шаклланиб боришида муносиб ҳиссаларини қўшган фидоий мухлислар Ғузор тумани, унинг ҳудудий тарихига асосланган ҳолда ўз севимли жамоаларига жаҳон футболида кенг қўлланиш анаъанасига ҳамоҳанг равишда муносиб, чиройли, мазмун ва моҳиятга эга атама, яъни лақаб қўйишда жонбозлик кўрсатишди. Хайрулло Пирназаров раҳбарлигидаги мухлислар клуби “Шўртан”га донолик, ақл ва шижоат, ҳужумкорлик, куч, ирода, ботирлик, мардлик рамзиларини англатувчи “ОҚ БЎРИЛАР” атамасини тақдим этишди.

Бугун кунда – яъни ўзининг ташкил топганлигига 20 йил тўлганлигини нишонлаётган “Шўртан” Профессионал футбол клуби, унинг раҳбарияти, Ғузор туман ҳокимлиги, ҳомийлари, мураббийлар гуруҳи, барча ходимлари, футболчилари, Ғузордаги марказий стадион маъмурияти ва барча мухлисларига энг яхши тилаклар, клубнинг бундан кейинги фаолиятига, футбол оламида янада юксак чўққиларни забт этишда омадлар, муваффақиятлар тилаймиз.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика