Шаҳзод Убайдуллаев: "Нефтчи"да тўпурар бўлмоқчиман, Европадаги фаолиятим ҳали тугамади"
08 фев 2022 10:00
Янгиликлар
Шаҳзод Убайдуллаев: "Нефтчи"да тўпурар бўлмоқчиман, Европадаги фаолиятим ҳали тугамади"
Антальядаги машғулотларда яқинда клуб билан шартнома тузган Шаҳзод Убайдуллаев ҳам иштирок этмоқда. Ўтган мавсумни Беларусь чемпионати вакили Солигорскнинг "Шахтёр" ва "Энергетик-БГУ"да ўтказган ҳужумчи эндиликда фаолиятини юртимизда давом эттиради. Кеча "Мақтаарал"га қарши кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг Убайдуллаевга бир нечта саволлар билан юзландик.
- Фаолиятингизда илк бор легионер сифатида тўп тепдингиз. Нима, деб ўйлайсиз, дастлабки уриниш қанчалик ўзингиз истагандек бўлди?
- Ҳар қандай футболчига хориждаги биринчи мавсуми қийин бўлади. Чунки янги муҳит, янги жамоа, бегона инсонларга ўрганишингиз керак. Кейинчалик ўрганиб олдим.
- Шаҳзод Убайдуллаев бор потенциалини кўрсата олгани йўқ. Ҳар ҳолда бизга шундай туюлди. Беларусь чемпионатида сизга нима тўсқинлик қилди?
- Ўзбекистонда бериладиган юкламалар билан Беларусь чемпионатидаги юкламани фарқи бор. Бизда кўпроқ техника ва тактикага эътибор берилади. У ерда эса жисмоний тайёргарлик устувор ҳисобланади. Мана шу жиҳатдан қийналдим.
- Легионерга айланишга ўша вақт қанчалик тайёр эдингиз?
- Мен вақтида легионерга айландим. Ўзбекистонга қайтишим оилавий сабабларга боғлиқ. Европанинг бошқа клубларидан таклифлар бор эди.
- Аслида косонсойликсиз. Сир бўлмаса, "Навбаҳор"дан таклиф олдингизми?
- Ўзбекистонга келишим билан "Нефтчи" таклиф билан чиқди. Ўйланиб ўтирмасдан қабул қилдим. Бу жамоа ўз номи, тарихига эга.
- Фарғона клубида тўп тепа туриб яна Европа клублари назарига тушишингизга ишонасизми?
- Ҳали Европадаги фаолиятим тугамади. Тўпурар бўлишни мақсад қилганман. Шу орқали яна кучли клубларга йўл олишим мумкин.
- Тўпурарлик ҳақида оғиз очдингиз. Сўнгги мавсумларда Драган Черан бу борада пешқадамликни ҳеч кимга бераётгани йўқ. У соф ҳужумчи эмас. Ўзимизнинг форвардлар ортда қолаётгнини нима билан изоҳлайсиз?
- "Пахтакор" ўзи кучли жамоа. Шу боис Черанга осонроқ кечади. Ўзбекистондаги энг яхши легионер. Кўрсангиз атрофидагилар Черан орқали ўйнашади. Унинг тўпурар бўлаётгани ёнида кўмакчилари кўп.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Фикрлар