UZ

Сўнгги янгиликлар

07:00Бугун Париж Олимпиадасида қайси спортчиларимиз иштирок этишади? (рўйхат)  0 04:48Париж-2024. Ўзбекистон гуруҳ босқичида барча жамоалар ичида қандай кўрсаткичлар қайд этди?   12 00:32Расман: "Милан" Павлович трансферини эълон қилди  1 00:01"Атлетико" "Барселона" ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 23:31ЕЧЛнинг янги формати тасдиқланди: анъавий гуруҳ босқичи ўтмишга айланди, қуръани махсус компьютер ўтказади  13 22:30Аёллар футболи афсонаси Марта ўзининг Олимпиададаги катта эҳтимол билан сўнгги ўйинида қизил карточка олди  1 21:43Расман: АПЛ "Манчестер Сити"ни жаримага тортди  2 21:18Килиан Мбаппе ўзи ўйнаган клубни расман сотиб олди  2 20:49Юрген Клопп қачон мураббийликка қайтиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди  3 20:25Расман: "Насаф" сербиялик вингер трансферини эълон қилди  8 19:46Суперлигада тоза ўйин вақти ошди  6 19:20"Боруссия" "Манчестер Сити" футболчисини сотиб олади  0 18:43Расман: U-20 Осиё кубогида чемпион бўлган футболчимиз легионерга айланди  8 18:18Флик "Барса" ҳақида: "Манчестер Сити"дек иш тутмоқчимиз"  0 17:41"Барселона" Европа чемпионининг трансфери устида ишлашни бошлади  3

Самвел Бабаян: “Чемпионликка эришганимиздан ҳайрон бўлмаяпман” Янгиликлар

Самвел Бабаян: “Чемпионликка эришганимиздан ҳайрон бўлмаяпман”

Мавсум-2014нинг чемпионлиги “Пахтакор”га насиб этганидан яхши хабардорсиз. “Шерлар” ўз олдига қўйилган вазифани чемпионат тугашига икки тур қолганида расмийлаштиришди.
Очиғини айтганда, йил бошида уларнинг шоҳсупага биринчи бўлиб етиб келишини кутмаганлар кўпчиликни ташкил қилганди. Негаки, клуб бошқарув тизимизда ўзгариш юз берган бўлиб, бош мураббий мансаби бекор қилинди ва ўрнига менежерлик лавозими таъсис этилди. Табиийки, ушбу жараённи Самвел Бабаян ўз бўйнига олди. Узоқ йиллардан бери клубда фаолият кўрсатиб, “Пахтакор”нинг юзига айланган мутахассис янги бошқарув тизими қанчалик самара келтирганини барчага кўрсатиб қўйди. У нафақат жонкуяр раҳбар, балки мураббий сифатида ҳам билимли эканлигини амалда исботлади. Деярли маҳаллий тарбияланувчилари билан олтин медални қўлга киритиш бу бошқалар учун орзуга интилиш билан баробардир. Бабаянни қўлга киритган чемпионлик билан табриклаш ва қилган меҳнатларининг самараси қандай бўлганлигини билиш учун у билан учрашишга қарор қилдик. Самвел Вячеславовични “Пахтакор” стадионида учратдик. Менежерга мақсадимизни обдон тушунтирганимиздан кейин кечки пайт соат 17.00 да суҳбатлашишга ваъда берди. Ҳар томонлама профессионалликка интиладиган ушбу мутахассис билан олдиндан келишилганидек ушбу вақтда “Пахтакор” стадионининг меҳмонларни кутиб олиш залида суҳбатлашдик.  



- Аввало “Пахтакор”нинг чемпионликни қўлга киритгани билан сизни қизғин табриклайман. Бу клуб томонидан эришилган катта муваффақият бўлди. Бунга қадар сизни кучли ташкилотчи сифатида яхши билардик. Лекин кўриб турибмизки, мураббий сифатида ҳам ўзингизни кўрсата олдингиз. Навбатдаги чемпионлик ҳақида ўйлаганингизда ҳаёлингизга дастлаб қандай фикрлар келади?
- Ҳозир менда футбол борасидаги кўникмаларимни амалда синовдан ўтказиш учун қулай имконият пайдо бўлди. Шогирдларим ўйин борасидаги қарашларимни майдонда амалга татбиқ қила олишларини кўриш мен учун муҳим эди. Албатта, ўзим ҳақимда баландпарвоз гапларни айтиш ниятида эмасман. Шогирдларим машғулотлар чоғида берилган кўрсатмаларимни майдонда амалга оширдилар. Ўйлайманки, мавсум аввалидаги айрим камчиликларни кейинчалик бартараф этишга эришдик.

Яхши эсласангиз, ўшанда камроқ голлар киритдик. Мавсумнинг якуни шуни кўрсатдики, йигитлар мени жуда тўғри тушунибдилар. Улар ўзларидан нимани талаб қилганимизни ҳис этган ҳолда тўп сурдилар. Устоз учун шогирдларининг ўгитларига қулоқ солишлари жуда ёқимлидир. Айнан шу жиҳатлар чемпионат давомида мен учун энг муҳим омил бўлди. Натижалар қандай бўлганлигини ҳамма кўриб турибди. Ўз ишимга бўлган иштиёқ ва клубни бошқариш борасидаги қарашларимдан сира чекинмаганман. “Пахтакор”нинг машғулотлар ўтказиш режаларида доим иштирок этаман. Муайян ўйинларнинг хулосалари борасида ҳам ҳаммамиз ўзаро муҳокама қиламиз. Учрашувларга қандай тактика танлаш хусусида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Айтишим керакки, чемпионликка эришганимиздан сира ҳайрон бўлмаяпман. Мен учун янги бўлган хусусият шундан иборатки, 2013 йилнинг 20 декабрдан бошлаб бутун диққатимни мураббийлик ишига қаратдим. Ўйинчиларга айтган дастлабки гапларим шундай бўлганди: “Агар мени олдинлари кам кўрган бўлсангиз, бундан буёғига тез-тез кўришингизга тўғри келади”.

Ўзимни бутунлай жамоа ишига бағишладим. Ўтган вақт мобайнида бирорта ҳам машғулотни ўтказиб юбормадим. Аввалига йигитлар “бир нечта машғулотлардан сўнг кетади-да” деган ҳаёлда бўлдилар. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Чунки йигитлар жамоада масъулиятли вазифани бажаришим кераклигини ҳис қилиб турардилар. Шукрки, клубда бундай масалалар билан шуғулланадиганлар топилади. Улар ўзларига юклатилган вазифани адо этиш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. Шу боис ўзимни бутунлай мураббийлик ишига бағишладим. Бу ролда қандай кўринганим ҳақида яхшиси бошқалар хулоса чиқарганлари маъқул. Асосийси, олдимизга қўйилган вазифани бажардик. Тўғри, жамоамиз ўйинига салбий муносабатда бўладиганлар ҳам топилади. Уларга эришган натижамиз билан жавоб қайтардик, деб ҳисоблайман.

- “Пахтакор” – ўз тарбияланувчиларига таяниб ишлаш сиёсатини йўлга қўйган. Айнан ёшлар эвазига жамоа катта натижага эришди. Лекин мавсум бошида ҳеч ким буни кутмаганди. Нега деганда, “Локомотив”, “Бунёдкор” ва “Насаф” клубларида номлари чиққан футболчилар тўп суришлари боис кўпчилик айнан уларни чемпионликка асосий даъвогарлар сифатида эътироф қилганди. Аммо “Пахтакор” бу борада қилинган барча тахминларни йўққа чиқарди. Чемпионат бошланиши олдидан ғолиб чиқишингиз мумкинлигига қай даражада ишонгандингиз?
- Агар ростини айтсам, ихтиёримдаги ўйинчиларнинг қобилиятига ишонгандим. Аммо барибир тан олиб айтишим керакки, ушбу чемпионлик оғир машаққатлар эвазига қўлга киритилди. Нега деганда, бошқа даъвогар клублар ҳам чемпионлик йўлида охиригача кураш олиб бордилар. Бу йили олдинги мавсумлардан фарқли равишда чемпионлик учун бирданига тўртта жамоа даъвогарлик қилди. Яна қайтараман: биз жуда яхши жамоани шакллантира олдик.



Даъвогарлар хусусида ҳам фақат илиқ фикрларни билдиришим мумкин. Масалан, “Насаф”нинг таркиби бир неча мавсум давомида шаклланган. Таркибда иқтидорли ўйинчилар кўпчиликни ташкил этади. Эҳтимол, улар чемпионат давомида барқарор ўйин кўрсата олмаган бўлишлари мумкин. Бироқ айрим паллаларда “Насаф” вакиллари ҳар қандай ишқибозга ёқадиган ўйин кўрсатдилар. “Локомотив” иштирокчилар орасида энг кучли таркибни йиққанди, десам муболаға бўлмайди. Таркибда номдор футболчилар борлигига қарамасдан жамоа ёзда яна бир қанча харидларга қўл урди. Уларнинг орасида миллий терма жамоага номзодлар борлиги ҳаммасини кўрсатиб турибди. Жиддий рақобатга қарамасдан ғалаба қозонганимиз ажойиб иш бўлди.

Шунинг учун қўлга киритилган чемпионликдан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу йили ҳар сафаргидан кўра бизга оғир бўлди. “Пахтакор”нинг маррага биринчи бўлиб етиб келишига олдиндан ишонгандим. Бундай ишонч Туркияда мавсумга тайёргарлик кўриш чоғидаги йиғиндан бошланганди. Чунки футболчилар ўйин борасидаги қарашларимни майдонда аъло даражада амалга ошира олдилар. Яхши эсласангиз, ўша йиғин давомида Россия премъер-лигаси вакиллари билан тенгма-тенг ўйин кўрсатдик. Уларнинг аксариятида ғолиб чиқдик. Ўшандаёқ жамоамизнинг чемпионатда қандай иштирок этиши мумкинлиги борасида дастлабки таассуротларга эга бўлгандим. Яъни, тўғри йўлдан бораётганимизни тушуниб етганман. Фарғона ва Андижонда майдонларнинг ҳолати кўнгилдагидек бўлмаса ҳам жуда яхши ўйин кўрсата олдик. Биз ўша баҳсларда тўпни ўз назоратимиз остида сақладик ва мезбонларга нисбатан кўпроқ ҳужумлар уюштирдик. Ҳимоядаги ўйинларимиз ҳам таҳсинга лойиқ бўлди. Мақтаняпти деманг-у, жамоамнинг ғолиб чиқишига ишонгандим. Биз шундай натижага ҳақли эдик.

Мухлисларимиз ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдириб қоламан. Шогирдларим майдонга катта иштиёқ билан тушиб, нималарга қодирлигини кўрсата олдилар. Бундай ўйинлар эса мухлисларга ёқади. Умуман айтганда, “Пахтакор” ўйиннинг барча жабҳаларида уйғунликка эриша олди. Бундай бўлишида эса йигитларимизнинг хизмати беқиёсдир.

- “Пахтакор”ни халқ жамоаси деб бежиз атамайдилар. Чунки “Пахтакор”нинг нафақат Тошкентда, балки барча вилоятларда ўз мухлислари бор. Эсингизда бўлса, Андижондаги ўйинга стадионга 18221 нафар ишқибоз ташриф буюрди. Чемпионат давомида бошқа бирорта стадионда бунчалик кўп мухлис йиғилмади. Чунки “Андижон”нинг рақиби “Пахтакор” эди. Бошқа вилоятларда ҳам жамоангизнинг ўзига яраша ихлосмандлари бор. Нима деб ўйлайсиз, мавсум давомида бу ҳол жамоангизга қанчалик ёрдам берди?
- Учрашувлар чоғида мухлисларнинг далдаси жамоага ёрдам беришига шубҳа қилмайман. Лекин сафардаги учрашувларда ҳамма фақат бизга ишқибозлик қилмайди-ку! “Андижон”нинг мухлислари вазиятга теран нигоҳ билан қарайдилар. Яхши ўйин кўрсатганимиз учун улар бизни олқишлаб турдилар. Албатта, менга ҳам ихтиёримдаги клубнинг мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда тўп суришини кўриш ёқади.

Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарёда тўп суриш осон бўлмади. Ўша беллашувларда ҳамма бизга қарши бўлса-да, бундай муҳитда тўп суриш бошқача кайфият бағишлади. Ишқибозлар билан гавжум ареналарда ўйнаш биз мураббийларга ҳам бошқача кайфият тақдим этади. Майдондаги ўйинчиларни-ку, гапирмасам ҳам бўлаверади. Бундай вазиятда тўп суриш улардаги иштиёқни янада кучайтиради холос. Албатта, “Пахтакор” жуда оммабоп клуб.



Афсуски, Тошкентдаги ўйинларимиз борасида бундай фикр билдира олмайман. Ўзбек футболининг байроқдор жамоаси ҳисобланадиган “Пахтакор”га ишқибозларнинг далдаси катта ёрдам беради. Ўз навбатида йигитларга “Пахтакор”нинг футболкасини эгниларига илиш қўшимча масъулият юклайди. Албатта, бундай шароитларда тўп суриш бизга ёрдам беряпти. Эътибор билан кузатаётган бўлсангиз, ҳар чемпионат охирида ўйинимизни янада кучайтиряпмиз. Ғолиблик анаъналари футболчиларга ижобий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Албатта, мамлакатимизнинг кўплаб ишқибозлари жамоамизни ёқтиришларини биламан. Ўз ўрнида биз ҳам учрашувларда ишқибозларга ёқадиган ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки бундай эътиборга муносиб бўлишимиз керак. Бу гап клубимизда ишлаётган ҳар бир кишига тегишлидир.

- “Пахтакор” бундан бир неча йил олдин чемпион бўлганида рақибларини асосан йирик ҳисобда мағлубиятга учратарди. Бу йилги чемпионлик билан солиштирадиган бўлсак, жамоа катта машаққатлар эвазига ғалаба қозонди. Бундан келиб чиқиб айтсак, чемпионатимиз йил сайин ривожланиб боряпти, дейишимиз мумкинми? Нега деганда, клубларнинг савияси ҳам ортиб бормоқда.   
- Мавсум давомида бирор-бир ўйин биз учун осон ўтгани йўқ. Бу эса жамоаларнинг савияси ортиб бораётганини кўрсатиб турибди. Ғалабаларга катта машаққатлар эвазига эришдик. Чемпионликни муддатидан олдин ҳал қила олганимиздан кейингина йигитлар босимни унутган ҳолда тўп суришга тушдилар. Албатта, ўз кучига бўлган ишончни ҳис қилган футболчиларимиз ўйинларни  ижобий натижа билан ҳал қилишга эришдилар. Мавсум бошида эса уларда бундай ҳотиржамликни кўра олмагандик. “Пахтакор” марказий стадионининг ўзига яраша салобати бор. Ҳар қандай ўйинчи бу стадионда майдонга чиққан маҳалда ўзида қандайдир ўзгаришларни сезади. “Пахтакор”нинг чемпионликка осонликча эришди деб ҳисоблаётган кишиларнинг фикрига қўшилмайман. Чемпионатимиз жуда яхши шаклланган. Рақобат ҳам анча юқори.

Агар ҳар бир иштирокчи ўз олдига катта мақсадларни қўйган ҳолда майдонга тушар экан, биринчилигимиз янада қизғин тус олади. Агар келгуси мавсумда ғолиблик учун тўрт эмас, балки олти жамоа курашадиган бўлса, шубҳасиз биринчилигимизнинг савияси ортади. Ҳозир мусобақа жадвали гўё иккига бўлиниб қолгандек таассурот уйғотмоқда. Унинг юқори қисмида жойлашганлар ғолиблик учун, пастки қисмдагилар эса кучлилар сафидаги ўринларини сақлаб қолиш учун курашмоқдалар. Нима бўлган тақдирда ҳам чемпионатимиз савияси йилдан-йилга ортиб боряпти дейишим мумкин. Жамоаларнинг таркиби эса ёшариб бормоқда. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қатнашган футболчилар бугунги кунда олий лига иштирокчилари сафида тўп сурмоқдалар. Аксарият клубларда майдонга тушаётганлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Ўз навбатида бу ҳол ҳар бир жамоада соғлом рақобатни юзага келтирмоқда. Рақобат бор жойда эса албатта ўсиш кузатилади. Айтишим керакки, ёшларнинг клубларга кириб келишлари улардан анча тажрибали бўлган ўйинчиларни ҳам сергак торттиради. Нега деганда, бундай вазиятда улар астойдил ишламаса бўлмаслигини тушуниб етадилар.

Рақобатнинг ўсиши ҳар томонлама фойдалидир. Бугун клубларда ўзларини кўрсата бошлаган ёшлар эртага терма жамоа сафида порлашга тушадилар. Чемпионатимизнинг савияси ҳақида салбий фикр билдираётганларнинг гапига қўшила олмайман. Аксинча, биринчилигимиздаги савия йил сайин ортиб бормоқда.



- “Пахтакор” чемпионга айланди. Бироқ айрим ишқибозлар клубнинг фақат натижа учун ўйнаганлигини гапирмоқдалар. Шу боис клуб чиройли ўйин кўрсатишни унутди, деб фирклаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай фикрдаги мухлисларга қандай жавоб берган бўлардингиз?
- Ёмон ўйин кўрсатган ҳолда ижобий натижага эришиб бўлмайди. Футболда юқори натижага эришиш учун эса яхши ўйин кўрсатиш керак бўлади. Эҳтимол, айрим учрашувларда минимал ҳисобда ғалаба қозонганимиз учун шундай фикрлаётганлар кўпайиб кетган кўринадилар. Лекин мавсум давомида кимга қарши ўйнамайлик, ҳар бир рақиб жиддий қаршилик кўрсатди. Айтишим керакки, биз ҳимояда ҳам яхши ҳаракатланадиган жамоани шакллантирдик. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Негаки, кучсиз деб қаралган рақиб ҳам ҳимоя ожиз бўлса сенга қатор муаммолар туғдириши турган гап. Ҳимоядаги ишончли ўйинимиз эвазига чемпионатда бошқаларга нисбатан дарвозамиздан камроқ гол ўтказдик.

Ҳар бир ўйинда рақиб “Пахтакор”га осонлик билан таслим бўлишни истамади. Тўғри, чемпионат аввалида унчалик кўп гол ура олганимиз йўқ. Лекин бу билан ўша ўйинларда голга тортадиган вазиятларни бармоқ билан санарли даражада юзага келтирдик, демоқчи эмасман. Игорь Сергеев ўйинлар чоғида қатор қулай имкониятларга эга бўлди. Улардан самарали фойдаланишига балки тажрибаси камлиги имкон бермаган бўлса керак. Ўйиндан-ўйинга ўтиб борган сари натижаларимиз ҳам яхшилана бошлади. “Бухоро” ва “Локомотив”га қарши учрашувларни мисол қилиб келтиришим мумкин. Ўша баҳсларда томошабоп ўйин кўрсата олдик.

Натижага эришишни мақсад қилган ҳар қандай жамоа ҳимояда ишончли ҳаракат қилишни ҳам билиши керак. “Локомотив”га қарши шогирдларимнинг кўрсатган ўйинлари менга жуда маъқул бўлди. Биз ўша кунги беллашувда ўйиннинг барча жабҳаларида ўсишга эришганлигимизни кўрсатдик. Биринчи бўлим давомида рақиб дарвозамиз томон бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олмади. Учрашув давомида кескин қарши ҳужумлар уюштириб рақибни саросимага сола олдик. Асосийси, шогирдларим стандарт вазиятардан ҳам самарали фойдалана олишларини кўрсатдилар. Егор Кримец, Боян Миладинович, Камол Тожиев ва Игорь Сергеев сингари ўйинчиларимиз атлетик жиҳатидан жуда яхши шаклланганларини кўрсата олдилар. Биз ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ҳамжиҳатликда ўйнай олишимизни кўрсатдик.

- “Локомотив”га қарши ўйинда голларни Боян Миладинович, Егор Кримец ва Александр Мезрляков киритишди. Гарчи бу баҳсда голларни ҳимоячилар киритган бўлсалар-да, жумчиларга эътирозингиз бўлмадими?
- Бизда голларни ким киритишининг фарқи йўқ. Чунки “Пахтакор” ҳужумда ва ҳимояда 10 киши бўлиб ҳаракат қила олади. Кримец ва Миладинович бештадан гол киритишди. Саша Мерзялков эса менимча, учта тўп киритган. Бизда ҳимоячилар ҳам ҳужумга қўшилишни хуш кўришади. Вақти келса, ҳужум чизиғида етти ўйинчи билан ҳаракат қилишимиз мумкин. Бизда биринчи эшелон Сергеев бошчилигидаги ҳужум чизиғи ҳисобланади. Бугунги кунга келиб у ҳар томонлама етук ижрочи сифатида шаклланишга улгурди.

Игорь майдонда катта ҳамжда иш бажара олади. Жамоа тўпни йўқотиб қўйган пайтда у дарҳол ҳимояга қайтиб, ушбу чизиқдаги жамоадошларига ёрдам беришга ошиқади. Бу ҳам ўйин фалсафамизнинг майдондаги бир кўринишидир. Клубда ҳамма бир тан-у, бир жон бўлиб ҳаракат қилади. Мерзляков киритган голда Сергеевнинг ҳиссаси катта бўлди. Чунки у ўша вазиятда қанотдан рақиб жарима майдончасига бостириб киришга уриниб, ҳимоячиларни ўзига жалб этди. Ёки бўлмаса ўйиндаги дастлабки голни олайлик, унда Владимир Козакнинг тер тўккани катта фойда келтирди. Шунингдек, ўша паллада Козак Сергеев билан рақибларга босим ўтказишга киришганди. Баҳодир Пардаев ҳам охирги пайтларда стандарт вазиятлардан қандай фойдаланиш кераклигини жуда яхши ҳис қилмоқда. Бурчак тўпларини ўйинга киритиш чоғида ҳам кўпроқ Баҳодир ҳаммасини ўз зиммасига оляпти. Бу гапларим билан ўйинчиларни ажратиб кўрсатмоқчи эмасман. “Пахтакор”нинг навбатдаги чемпионлигида ҳамма бирдек тер тўкди.



- Ўша ўйиндан кейин Вадим Абрамов матбуот анжуманига ташриф буюрмади. Эртаси куни эса у бу ишини сизга жавоб тариқасида амалга оширгани билан изоҳлади. Матбуот орқали унга гапингиз борми?
- Унга ҳеч қандай гапим йўқ. Чунки чемпионлик тақдири ҳал бўлган ўйиндан кейин эхтирослар анчагача сўнмайди. Буларнинг барини фақат ҳис-туйғулар жунбуши билан изоҳлаш мумкин холос. Мен бошқаларга жамоам кўрсатаётган ўйин билан жавоб қайтаришни маъқул кўраман.

Ҳамкасбларимнинг қизишиб турган пайтда айтган гапларига жавоб қайтаришлик менинг тамойилларимга тўғри келмайди. Абрамовнинг ўша гапларини изоҳсиз қолдираман.

- Суҳбатимиз бошида сизни бежиз кучли ташкилотчи деб айтмадим. Мураббий сифатида ҳам ихтиёрингиздаги жамоани чемпионга айлантириб, ўзингизни кўрсатдингиз. Клубда шундоқ ҳам қиладиган ишларингиз жуда кўп эканлигидан яхши хабардорман. Бир ёқда академия, бир ёқда футбол мактаби... Ҳаммасига қандай улгурмоқдасиз?   
- Келинг, яна ҳаммасини бироз тушунтириб ўтай: менежернинг вазифаси нималардан иборат? Менежер ўқув машғулот жараёнларидан тортиб, ўйин учун танланадиган тактикага қадар ҳаммаси билан шуғулланиши керак. Биз клуб раҳбарияти ва таъсисчилари билан бирга шунга келишганмиз. Аслини олиб қараганда, бундай ишлар билан мураббий шуғулланиши керак. Фарм-клубларимизда ҳам менежер шундай ишлар билан машғул бўлади. Менежер клубимизда ҳамма ишларни ташкил этишда бошидан охиригача шуғулланади. Бу ҳам менежернинг бевосита зиммасидаги мажбуриятларига киради. Клубимиз юритаётган трансфер сиёсати ҳақида мендан ҳеч ким сўрамади.

Аслида “Пахтакор”нинг трансфер ишлари билан ҳам фақат ўзим шуғулланаман. Академия ва футбол мактабида тарбияланаётган иқтидорли ёшларни асосий жамоага жалб этиш билан ҳам ўзим бош-қош бўламан. Клубда ташкилотчилик ишлари бевосита менинг ваколатимга киради. Қолаверса, “Пахтакор”да вице-президент ҳисобланаман ва ҳеч ким мени бу лавозимдан четлатгани йўқ. Ҳа, ёрдамчиларим жуда малакали. Улар ўз ишларини профессионал даражада олиб бормоқдалар. Барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга ёрдам беришим ва жамоада амалга оширилаётган ишлардан кўз-қулоқ бўлиб туришга ҳаракат қиламан. Мураббийликдан кўра менежерлик иши кенг қамровли ҳисобланади. Агар қолганлар бундай ишларни бажара олишларига умид қилиб, эртага ўзларини менежер деб атасалар, қийналиб қолишлари турган гап. Ахир мен бундай ишлар билан 14 йилдан бери шуғулланиб келаман.



Клуб акционерлар кенгаши мени шу вазифага бир овоздан танлаган. Юқоридаги гаплардан хулоса чиқариб, ўзини мақтаяпти деманг-у, бу мавсумда фақат ташкилотчи мураббий бўлдим холос. Ҳар қандай вазиятда ҳам жамоадаги барча жараёнларга бевосита аралашишимга тўғри келади. Жорий йилдан бошлаб “Пахтакор”нинг моддий-маънавий таъминоти янги босқичга кўтарилди. Бугун клубда барқарорлик юзага келган. Биласизми, энди бемалол телефонимни ҳам ўчириб хотиржам юришим мумкин. Албатта, бу даражага етиш учун жамоа жуда катта кўламдаги ишни амалга оширди. Шу боис бутун диққатимни жамоа олдига қўйилган асосий вазифани бажаришга қаратдим. Моддий томондан барқарорликка эришганимиз боис энди бемалол янада юқори даражага чиқиш ҳақида ўйлашимиз мумкин.

- Бунга қадар ҳам сизда мураббийликка бўлган қизиқиш борлигини билардик. Амалга оширган ишларингиз айнан шу йилга келиб самара беришини билармидингиз?
- Ростини айтсам, шундай бўлишига умид қилгандим. Ишга енг шимариб киришганимиз ўз самарасини берди. Агар эсласангиз, олдинлари бош мураббий ишлаган кезларда ҳам ўйин чоғида майдон четига чиқиб кетардим. Бундай пайтларда йигитларга далда беришга ҳаракат қилардим. Футбол борасидаги тушунчаларимни машғулотлар ва ўйин жараёнида шогирдларим амалга татбиқ этаётганини кўриш мени қувонтирмоқда. Тўғрисини айтадиган бўлсам, буни четдан туриб томоша қилиш ўзимга жуда ёқади. Албатта, ҳаммаси рисоладагидек кечмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Бундай кезларда ўйиннинг эртаси ҳаммасини бир бошидан таҳлил қилиб, қаерда хатога йўл қўйганимни англашга ҳаракат қиламан. Ўйинни томоша қилар эканман, келгуси машғулотда қандай ишлашимиз кераклигини режалаштириб бораман. Яна бир бор қайтараман: бир кун келиб ҳаммаси шундай бўлишини билардим. Бугунги кунга келиб “Пахтакор” ҳар томонлама тўлиқ оёққа туриб олган. Ҳомийларимиз жамоага пул сарфлаётган эканлар, уларнинг ишончини оқлашимиз керак бўлади. Буларнинг барчаси зиммамиздаги масъулиятни икки ҳисса ортишига туртки беради. Меҳнатларим зое кетмаганлигини ҳис қилганимдан жуда бахтиёрман. “Пахтакор”да улкан потенциал бор. Ўйлайманки, клубимиз халқаро майдонларда ҳам олдингидан кўра рақобатбардош бўла олади.

- Келгуси мавсумда жамоа таркибида катта ўзгаришларни кўрмаймизми? Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этадиган таркиб ва қўйиладиган вазифа қандай бўлади?
- Йигитларимизда ОЧЛда иштирок этиш борасида етарлича тажриба бор. Мазкур мусобақада қандай иштирок этиш борасида ўтган йиллар мобайнида ўзимда ҳам катта малака тўпланди. Ҳозирдан бирор нарсани ваъда қила олмайман. Бу менинг тамойилларимга тўғри келмайди. Юқорида айтганимдек, бизда рақобатбардош жамоа бор. ОЧЛда қандай натижаларга эришишимиз фақат Яратганга аён.

- Ҳозирда “Пахтакор”нинг кўплаб ўйинчиларига четдан қизиқишлар бўлмоқда. Агар шогирдларингиздан бирига рад этиб бўлмайдиган таклиф келиб тушса, қандай чора кўрасиз?
- Гапингиз рост, ҳозирданоқ шундай таклифлар бор. Ўйинчиларимизга кўпчилик қизиқиб қолган. Уларнинг орасида жуда зўр таклифлар билан чиққанлар талайгина топилади. Чемпионлик масаласи ҳал қилинганидан кейин йигитларни тўплаб уларга олдимизга қўйилган вазифани бажарганимиз юзасидан миннатдорчилик билдирдим. Бугун жамоа ўзига жуда ишонади. Олдинлари “Пахтакор”га донор клуб сифатида қарашарди. Шундай ҳолатда ҳам жамоа натижалар берарди. Бугунги вазият олдингисидан тубдан фарқ қилади. Биз энди четдан кучли ижрочиларни таркибга чақиришимиз мумкин. Ўз навбатида асосий ва ўринбосарлар жамоаларида тўп сураётган иқтидорли йигитларимизга эса бошқалар қизиқиб қолганлар. Чунки улар турли ёш тоифаларидаги миллий терма жамоаларимизда ўйнайдилар. Халқаро майдонларда яхши натижалар кўрсатсак, йигитларимизнинг обрўи бундан ҳам ортади. Ўз навбатида бу ўйинчиларимизга жиддийроқ клублардан қизиқиш бўлишини таъминлайди.



- Жорий мавсумда “Пахтакор”нинг асосий рақиби “Локомотив” бўлди. Улар катта пуллар сарфлаб таркибга энг кучли футболчиларни жалб этдилар. Лекин “Пахтакор” хотиржамлик билан ўз мақсадига эришди. “Локомотив” ҳам Кубокдан кўра, ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўйганди. Аммо “Пахтакор” юритаётган сиёсат ўзини оқлаганлигига гувоҳ бўлдик. Ушбу масалада бошқа клубларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
- Ҳар бир клуб ўз йўлидан боради. Масалан, биз ўзимизга хос тизимни ишлаб чиқиб, уни йўлга қўйганмиз. Биринчи навбатда ишни муносиб ворисларни тарбиялашга қаратиб, мактаб ва академияга эътибор қаратдик. Таркибимизни ҳам асосан академия тарбияланувчилари билан тўлдириб боряпмиз. Албатта, бир клубнинг иш услубини иккинчисига олиб кириш амирамҳол. Чунки юқорида айтганимдек, ҳар бир жамоанинг ўз йўли бўлади. Уларнинг ўз фалсафаси бор. Масалан, “Локомотив” номи чиққан ўйинчиларни сотиб олиш орқали иш ташкил қилади. Бизда ҳам 2000-йилларнинг бошида натижани талаб қилганлар. Ўшанда бизга осон бўлмаган. Чунки таркибда ёш ўйинчилар кўпчиликни ташкил қиларди. Урғуни академияга берганимиз самарасини мана энди кўряпмиз. “Локомотив” молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шундай йўлни танлаган. Шунинг учун саволингизга мана шу вариант энг тўғриси, дея жавоб бера олмайман.

Бошқа клубларга қандай маслаҳат беришим мумкинлиги ҳақидаги саволингизга келсак, бунга жавоб беришим даргумон. Негаки, ўша жамоаларнинг моддий ва маънавий имкониятлари қай даражада эканлигидан бехабарман. Фақат шуни айтишим мумкинки, ҳар қандай жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб, унга эришишга интилмоғи керак. Албатта, бунинг самараси дарҳол бўй кўрсатмаслиги мумкин. Мисол учун, “Анжи”ни олайлик. Бу клуб юлдуз ўйинчиларни сотиб олишга интилган ҳолда ижобий натижага эришишни кўзлади. Ўз вақтида бундай сиёсат самара берди. “Анжи” икки бор Европа Лигасида қатнашди. Кейинчалик клуб асосий урғуни академияга қаратиш кераклигини ҳам тушуниб етди. Юксак марраларни кўзлаган жамоа аввало бунинг учун пойдевор қўймоғи керак. Бу йўлда молиявий барқарорлик муҳим аҳамият касб этади. “Локомотив”нинг академияси ҳам яхши ишламоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам натижага эришиш учун аввало пойдевор мустаҳкам бўлиши шарт.

- “Пахтакор”нинг “Анжи” билан ҳамкорликни йўлга қўйгани яхши, албатта. Бундан ташқари клубингизнинг бошқа ҳамкорлари ҳақида нима дея оласиз?
- Мен “Краснодар” клуби академияси қандай ишлаётганини кўриб келдим. Борган пайтимда бу ерга Фабио Капелло ҳам келган экан. У ердаги ташкил қилинган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдим. Менга кўп нарсаларни, жумладан тикланиш жараёни ўтказиладиган марказни кўрсатдилар. Клубнинг бош директори буни кўрсатар экан, мақтаниб ҳам қўйди. Улар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. “Краснодар” мутасаддилари ҳам “Пахтакор”да қандай ўйинчилар тўп сураётганларини кўрадилар.

Бу катта лойиҳадир. “Краснодар” раҳбарияти жамоага четдан ҳам номи чиққан ўйинчиларни жалб этмоқда. У ерда клубнинг бош акционери ва хўжайини ҳисобланадиган Галицкий ташкил этган йиғилишни ҳам кузатдим. Бутун диққатини бизнесга қаратган ўша кишининг клубга вақт ажратганлигини кўриш жуда бошқача бўлди. Одил Аҳмедов менга жамоанинг машғулотлари қай тарзда ўтказилиши ҳақида батафсил гапириб берди. Бизнесга муккасидан кетган одамнинг жамоага бефарқ эмаслиги – бу жуда яхши намуна. Галицкий бу билан футболни теран тушунишини намойиш этди. Буларнинг барчасини кузатиш мен учун жуда яхши амалиёт вазифасини ўтади. Краснодар ўлкасига қилган сафарим фойдали бўлди. Улар билан ҳамкорлигимиз ҳар томонлама фойдали бўлишига ишонаман. Қандай ўйинчиларни кўрганларидан кейин уларнинг бизга бошқача муносабатда бўлишлари турган гап.

- Кейинги мавсумга олий лигамизда нечта жамоа иштирок этгани маъқул? 14 тами ёки 16 та?
- Юртимиз катта, футболимиз эса йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Асосийси, бизда пойдевор бор. Ўйлайманки, эртами-кечми, чемпионатимизда 16 жамоа иштирок этади. Масалан, Жиззах ва Фарғонада янги стадионлар барпо этиляпти. Бухоро, Самарқанд, Қарши каби шаҳарларда кўркам ареналар мавжуд. “Андижон” гарчи биринчи лигага тушиб кетган бўлса ҳам унинг стадиони ҳам талабга жавоб беради. Ўйлайманки, чемпионат иштирокчилари сони ошириладиган бўлса, бизда бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Клублар сонининг 16 тага оширилишидан мухлислар ҳам хурсанд бўлишлари табиий.

- 12 ноябрь куни “Локомотив” ва “Бунёдкор” Ўзбекистон Кубоги финалида куч синашади. Ўша ўйинда қайси клубга мухлислик қиласиз? Фақат бу саволга чиройли футбол учун, деган жавоб олишни истамасдим...
- Ўша куни оддий ишқибоз сифатида ўйин томоша қилишга ҳаракат қиламан. Чемпионатдаги асосий рақобатчиларимизнинг ўйинидан ўзимиз учун керакли хулосаларни чиқаришга ҳаракат қиламан. Финални футболдан ҳузур олиш ва мириқиб ҳордиқ чиқариш ниятида томоша қилмоқчиман. Ўйинни энг муносиб жамоа ютсин. Учрашувга ким яхши тайёргарлик кўрса, ўша клуб ғалаба қозонади. 

“Футбол Экспресс” газетаси мухбири
ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.   
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика