Ўзбекистоннинг топ-7 ёш футзалчиси
14 июн 2016 17:15
Янгиликлар
Ўзбекистоннинг топ-7 ёш футзалчиси
Беш кун давом этган мусобақанинг финалида Бухоро ҳамда Самарқанд жамоалари ўзаро куч синашишди ва унда самарқандликлар пенальтилар сериясида ғалаба қозонишди.
Бугун Ўзбекистон чемпионати (U-19)да ўзини кўрсатган 7 нафар ёш футзалчилар ҳақида сўз юритамиз. Қуйида келтирадиган рўйхатимиздан фақатгина мусобақада иштирок этган 19 ёшгача бўлган футзалчилар жой олган.
1. Рамил Алмамедов
13.08.1998, Самарқанд
Самарқанд дарвозасини қўриқлаган дарвозабон ҳар томонлама ўзини кўрсатди. 17 ёшли Рамил Олий лига ҳавосини ҳам кўриб улгурган. Якунланган мавсумнинг 2-турида "Нафис" жамоаси бўлажак чемпион "Олмалиқ"ни сенсацион тарзда мағлубиятга учратганда ҳам дарвозани айнан у қўриқлаган эди. Бухорога қарши финал ўйинида кўп бор жамоасини қутқариб қолди. Ана шу ўйинларидан кейин у миллий терма жамоамизнинг июнь ойи охирида бошланадиган йиғинига чақирилди.
2. Шохжаҳон Шоназаров
31.01.2001, Бухоро
Ушбу болакайни ҳозирданоқ бўлажак юлдуз дейишимиз мумкин. Унинг ўйинларини ва ҳаракатларини кузата туриб беихтиёр ҳаёлингиздан ўзбек футзалининг энг ёрқин вакили Баҳодир Аҳмедовнинг ўзгинаси деган фикр ўтади. 15 ёшли Шохжаҳон кичик жуссасига қарамай серҳаракат ўйинчи. Ўзидан 3-4 ёш катталар орасида ўзини мутлақо ҳотиржам тутди. У биринчи ўйинданоқ ҳамманинг эътиборини ўзига қарата олди.
3. Хушнур Эркинов
07.06.1998, Самарқанд
Самарқанд таркибида асосан ҳимояга жавоб берган Хушнур бу вазифани аъло даражада бажарди. Ҳужумга қўшилган пайтда қанот бўйлаб рақибдан қочиб кетиши ва "замах"и жуда яхши. Ўз устида ишлашда давом этса, келажакда ажойиб футзалчи бўлиб етишиши аниқ.
4. Дониёр Саидов
03.02.1998, Бухоро
Бухоро ҳужумларини якунлашда асосий ролни ўйнаган Дониёр Саидовда ҳужумчиларга зарур бўлган жиҳатлар бор. Курашувчан, тўқнашувлардан чўчимайди, энг муҳими имкон бўлиши билан дарвоза томон зарба беради. Бир сўз билан айтганда Когондаги футзал мактабининг яна бир ажойиб тарбияланувчиси.
5. Акбар Умонов
09.03.1997, Ўзбекистон U-19
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзосининг ўйинига назар ташлар эканмиз, футзалимизда ажойиб тўпурар ҳужумчи етишиб чиқаётганига амин бўламиз. Акбар Усмонов ҳаваскор жамоалар ўртасида ўтказиладиган Супер лигада 35та гол билан тўпурарликни ҳеч кимга бермай келаяпти. У дарвозага яқинлашиши билан кучли ва аниқ зарба билан рақиб посбонини доғда қолдиради.
6. Илҳом Хамроев
16.09.1997, Бухоро
Илҳом Хамроев ҳақида кўпчилик эшитган. Охирги бир йил давомида доимий равишда Ўзбекистон терма жамоасига чақирилмоқда. Ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида ўта совуққонлиги ва барча тўпларга охиригача курашиши билан ажралиб турди. Бухоро таркиби фақатгина Илҳом барча ўйинларда деярли алмаштиришсиз ўйнади.
7. Саид Ризо Миршарофов
08.06.1998, Самарқанд
Бир неча кун олдин 18 ёшни қарши олган Саид Ризо Миршарофов юқори техникага эга эканлигини кўп бор кўз-кўз қилди. Унинг шахсий имкониятлари жуда юқори, қийин паллада индивидуал ҳаракатлари эвазига жамоани вазиятдан олиб чиқиб кета олади. Ушбу мусобақада энг ёрқин ўйин намойиш этган футзалчи бўлди. Рақиб дарвозаларига жами 16та тўп киритди ва тўпурарликни қўлга киритди. Шу темпда давом этса унга Олий лиганинг етакчи жамоалари оғиз солишса ҳам ажабланмайман. Айнан чиройли ўйини эвазига у ҳам шу ой охирида бошланадиган йиғинга таклиф этилди.
Бугунги мақолани ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида ўзини кўрсата олган футзалчиларни алоҳида кўрсатган ҳолда уларни руҳлантириш мақсадида ёздим. Ушбу 7 нафар ёш ўйинчиларга бундан ҳаволаниб кетмасликни айтган бўлардим. Сизлар ҳали ёшсиз ва хатоларингизни тузатиш учун вақтингиз етарли. Ҳар қандай ҳолатда ҳам рақибни ҳурмат қилинг, рақибга нисбатан ҳурматсизлик мағлубиятга олиб келади. Айни пайтда сизларни олдингиздаги энг хавфли нарса бу "юлдуз ушлаб олиш"дан тийилиш, ўтиш даврини совуққонлик билан ортда қолдириш жуда муҳим. Шундагина келажакда терма жамоа даражасидаги ажойиб футзалчи бўлиб етишасиз.
Ҳозирча сиз қилишингиз керак бўлган нарса - ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш.
Толибжон Қосимов
Фикрлар