Ўзбек футболида фаолияти энг узоқ давом этган легионер футболчилар ҳақида биласизми? (Бекзод Толибов блоги)
25 июл 11:05
Янгиликлар
Ўзбек футболида фаолияти энг узоқ давом этган легионер футболчилар ҳақида биласизми? (Бекзод Толибов блоги)
Акмал Холматов (Тожикистон)
1996 йилда Юрий Саркисян бошқарувидаги "Нефтчи" сафига Тожикистоннинг "Регар ТадАЗ" клубидан келиб қўшилган Акмал Холматов ўзбек миллий чемпионаиларида жами 21 йил давомида ўйнаган. Фарғона клуби сафида 1996 йилдан 2007 йилга қадар ўйнаган тожикистонлик футболчи 2008 йилда "Пахтакор"га кўчиб ўтган. Тошкентликлар таркибида 2 йил мобайнида ўйнаган Холматов 2010 йилда Хамадоннинг "ПАС" клубига трансфер қилинади. Эрон чемпионатидаги икки йиллик фаолиятидан сўнг футболчи Тошкентга келади ва "Локомотив" клуби таркибига қўшилади. 2014 йилда яна "Нефтчи"га қайтган Холматов жамоада икки давомида ўйнайди. 2016 йилда бир муддат Тожикистоннинг "Истиқлол" клубида ўйнайди ва шу йилнинг ўзидаёқ яна "Нефтчи" таркибига қайтади. Шунингдек, у миллий чемпионатларимизда 2017 йилда "Шўртан", 2018 йилда "Ифтихор" ва 2019 йилда "РашМилк" клубларида ҳам ўйнаган. Кетма-кет ҳисоблаб кўрсак, Акмал Холматов ўзбек футболида жами 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҳаракат қилган экан.
Артур Геворкян (Туркманистон)
Туркманистонлик легионер футболчи Артур Геворкян ўзбек миллий чемпионатларидаги иштирокини 2007 йилда Ғузорнинг "Шўртан" клубида бошлайди. Туркманистоннинг "Ашхобод" клубидан келиб қўшилган футболчи "Шўртан"да 3 йил давомида ўйнайди ва 2010 йилда Тошкентнинг "Пахтакор" клубига трансфер қилинади. "Шер"лар сафида 1 йил давом этган фаолиятидан сўнг Геворкян 2011 йилда "Насаф"га кўчиб ўтган. Жами 5 йил мобайнида қаршиликлар сафида ўйнаган легионер футболчи 2016 йилда Тошкентнинг "Локомотив" ва 2017-2018 йилларда Навоийнинг "Қизилқум" клублари сафида ҳаракат қилган. Сиз ҳам ҳисоб-китоб қилиб кўргандирсиз, Геворкяннинг миллий чемпионатларимиздаги фаолияти жами 11 йил давом этган.
Драган Черан (Сербия)
Миллий чемпионатларимизда бир неча мавсумлардан буён тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб келаётган сербиялик легионер футболчи Драган Черан 2016 йилда "Насаф"га Шимолий Македониянинг "Вардар" клубидан келиб қўшилган. Қаршиликлар сафидаги 2 йиллик муваффақиятли фаолиятидан сўнг 2018 йилда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сафига кўчиб ўтган. Йиллар кесимида ҳисоблаб кўрсак, Драган Черан миллий чемпионатларимизда кетма-кет 8 мавсумдан буён ўйнаб келмоқда.
Кахи Махарадзе (Грузия)
Ўзбек футболида легионер сифатида узоқ муддат фаолият олиб борганлардан яна бири Кахи Махарадзе ҳисобланади. Грузиялик футболчи миллий чемпионатларимиздаги фаолиятини 2009 йилда Тошкентнинг "Локомотив" клубида бошланган. 2009-2010 йилги мавсумларда ушбу клубда ўйнаган Махарадзе 2011 йилда Тошкентнинг яна бир клуби - "Пахтакор"га ўтади ва бу жамоа сафида 2015 йилгача ҳаракат қилади. Кахи 2016 йилда яна собиқ клуби "Локомотив"га қайтган. 2016-2018 йиллада "темирйўлчилар" таркибида ўйнаган Махарадзе 2019 йилги мавсумнинг Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубига кўчиб ўтган. Грузиялик футболчи 2020 йилда "Локомотив"га қайтган ва шу мавсумда миллий чемпионатларимиздаги фаолиятини якунлайди. Кахи Махарадзенинг ўзбек футболидаги фаолияти жами 12 йил давом этган.
Шунингдек, яна бир неча нафар легионер футболчилар ҳам ўзбек футболида фаолият кўрсатишган ёки кўрсатиб келишмоқда. Жумладан туркманистонлик Гочкули Гочкулиев ҳам 6 йил давомида миллий чемпионатларимизда ўйнаган. Яна сербиялик легионер футболчи Йован Жокич ҳам 6 йилдан буён ўзбек футболида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Умумий ҳисоб-китобларга таянсак, бугунга қадар ўзбек футболида энг кўп вақт давомида ўйнаган футболчи Акмал Холматов бўлиб турибди. Футболчининг миллий чемпионатларимиздаги фаолияти жами 20 йилу 6 ой мобайнида давом этган.
Бекзод Толибов тайёрлади.
Фикрлар