Нойер ва Нюбель футболдаги эгизаклар-ми?!
07 янв 2020 15:00
Янгиликлар
Мануэль Нойернинг фаолиятида 2та клуб номи бор. Нойер — "Шальке" тарбияланувчиси. У ўша ерда ёшлар даражасидан ўтди, Бундеслигада дебют қилди ва сардор бўлишга ҳам улгурди. Нойер 2011 йил "Бавария" билан шартнома имзолади — ҳалигача ўша клубда фаолиятини олиб бормоқда. Аввалига мухлислар Нойерни қабул қилишни исташмади, чунки у "Шальке"далигида "Бавария" мухлисларини ҳақорат қилганди. Аммо кейин барчаси ўз ўрнига тушиб кетди.
Энди эса "Бавария" яна бир топ-дарвозабонга эга бўлди. 2020 йилнинг ёзида Александр Нюбельнинг "Шальке" билан тузган шартномаси ўз ниҳоясига етади ва у эркин агентга айланади. Кейин эса Нюбель "Бавария" сафига келиб қўшилади. Мюнхен клуби ўйинчи билан беш йиллик шартнома имзолаш учун келишувга эришганини расман эълон қилди. Натижада "Шальке" 23 ёшли посбон-капитанини текинга қўлдан бой берди. Шу ўринда клуб Нойер учун ҳеч бўлмаганда, 30 миллион евро олганди...
Нойер "Бавария" сафида еттита чемпионлик титули, тўртта Германия Кубоги ва битта Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритди. У Нюбельдан 10 ёш катта, бироқ асосий таркибдаги ўрнини ёш иқтидор соҳибига осонлик билан бериб қўйиш нияти йўқ. "Sport Bild" трансфер билан боғлиқ муҳим жиҳатларини ўрганиб чиқди: Нойер янги ўйинчи — Нюбель жамоага келишига қаршилик кўрсатяпти. Сабаби ўзи барча баҳсларда муносиб тарзда ўйин кўрсата олишига ишончи комил эмиш. Нойерга айтишларига қараганда, Нюбель келаси мавсум камида 15 ўйинда майдонга тушар экан.
Нойер ва Нюбель фаолиятининг профессионал футболдаги қисми жуда ўхшаш. Нюбель ҳам шу ерда катта футболда дебют қилди, сардорлик ҳислатларига эга бўлди ва дарвозадан ўзига хос тарзда отилиб чиқиши билан кўпчиликнинг эътиборига тушди. Нойернинг ўзига хос сакраши ва дарвозадан узоқлашиб кетганда, Станкович деярли майдон марказидан унга гол уриб қўйгани ёдингиздами? Декабрь ойида Нюбель шунга ўхшаш "учишни" амалга оширди. Лекин унинг "нишони" "Айнтрахт" футболчиси бўлди. Шу сабабли, тўртта ўйинга дисквалификация қилинди.
Нюбель қайси жиҳати билан эътиборга лойиқ?!
"Бавария" — Нюбель профессионал фаолиятидаги иккинчи клуб бўлади. Бироқ шу ўринда Нойердан фарқ қиладиган бир жиҳати бор. Нюбель — "Падерборн" тарбияланувчиси. У 2015 йил у учун 600 минг евро тўлаган "Шальке" клубига ўтди. Бундан келиб чиқадики, "Шальке" посбон учун пул тўлаб, ундан фойда ололмаган клуб бўлиб қолмоқда.
Нюбель "Шальке"нинг расмий сайтига берган интервьюсида "Падерборн"дан ҳавотир олаётгани ҳақида сўзлаб берганди: "Мен ўша ерда туғилиб ўсдим. Шаҳар ҳамда клубга бўлган меҳрим бўлакча". Бу мавсум жамоалар Бундеслига чемпионатида тўқнаш келдилар. "Шальке" Нюбель билан биргаликда "Падерборн"ни 5:1 ҳисоб билан мағлуб этди. Аввалига Нюбельнинг дарвозада туриш нияти бўлмаган. У 14 ёшигача "Падерборн" мактабида майдон ўйинчиси бўлган. Ўша пайтлар "Падерборн"да бутун клуб учун битта дарвозабонлар мураббийи бор эди — ҳафтада бир марта академия ўйинчилари у билан машғулотга чақирилган. Нюбельга ўшанда дарвозада ўйнаш ёқиб қолганди.
Нюбель майдонда ўзининг тажовузкорлиги билан ажралиб туради. "Айнтрахт"га қарши баҳсда у дарвозадан ўзига хос тарзда отилиб чиқиши — бу Нюбельнинг илк "намойиши" эмас. 2019 йил февраль ойида Бундеслигада сўнгги икки йилда қизил карточка олган илк дарвозабонга айланди. Бу "Боруссия" (Менхенгладбах)га қарши баҳсда содир бўлди.
Нойернинг "Бавария" билан тузган шартномаси 2021 йилда ўз якунига етади. "Transfermarkt"нинг ёзишича, клуб у билан шартнома муддатини 2023 йилгача узайтириш ҳақида музокара олиб борган, аммо Нюбель жамоага келиши аниқ бўлганидан сўнг, улар ўртасидаги муҳокамалар бироз чўзилиши мумкин. "Бавария" раҳбарияти Нойернинг ўрнини келгусида Нюбель эгаллашини яшираётгани йўқ. Лекин бундай алмашинувни аста-секинлик билан амалга оширишни режалаштиряптилар. Нюбель иқтидорига баҳо беришнинг яна бир йўли, унинг трансфери учун бўлган курашга эътибор беришдир. SPIEGEL маълумотларига қараганда, Европанинг 12та клуби Нюбельга давогарлик қилган экан. Кучли посбонлари бўлишига қарамай, бу рўйхатда "Атлетико", "МЮ" ҳамда "Милан" ҳам бўлган экан. Бироқ Нюбель барибир "Бавария"ни танлади — энди Нойер билан нафақат фаолият йўлини солиштиришади, балки бевосита рақобатда ҳам таққослашади.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар