UZ

Сўнгги янгиликлар

21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  3 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  2 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4

Мозийга қайтиб... Эркаклар йиғлаганда... Янгиликлар

Мозийга қайтиб... Эркаклар йиғлаганда...

1979 йилнинг 11 август куни “Пахтакор” жамоасининг 17 аъзоси авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган.

Бу воқеа СССР цензураси туфайли жуда қаттиқ сир сақланган ва вафот этганлар қаторида бутун бошли футбол жамоаси бўлмаганда, авиаҳалокат тўғрисида ҳеч қаерда гапирилмасди ва ёзилмасди. Лекин футбол командаси ўз-ўзидан ғойиб бўлиши мумкин эмас ва бир неча кундан кейин бу ҳақда маълумот берилган, фақат қуруқ ва икки қаторгина. Орадан йиллар ўтиб ҳам, бу мавзу ёпиқлигича қолган ва у ҳақда гапириш ва ёзиш мумкин бўлмаган. Тўғри, марҳум пахтакорчилар ёд олинган, улар хотирасига мусобақалар ўтказилган, лекин воқеанинг ўзига тўхталинмаган. Фақат орадан 9 йил ўтиб, ўша пайтда мамлакатда бошланган ошкоралик принциплари туфайли бу борадаги илк мақола эълон қилинган. Ўзбекистон матбуотида “Пахтакор-79” ҳалокати ҳақида батафсил ёзилган илк мақола.

Эркаклар йиғлаганда...

(“Туркистон” газетасининг 1988 йил 11 август сонидан олинган).


Ҳозир аниқ эсимда йўқ. Лекин ўша куни уйимизда қандайдир йиғин бўлиши керак эди. Аммо мудҳиш хабарни қай тариқа эшитганим ёдимдан чиқмайди.
Эрталаб уйғонганимда дадам кўринмадилар. Онамнинг айтишларига қараганда, кимдир эрталаб соат тўртлар атрофида машина билан олиб кетибди. Биз ювиниб, нонушта қилгач, бирин-кетин-қариндош уруғлар кела бошлашди. Бироқ дадамдан хабар йўқ эди. У кундузи соат 12 ларга яқин кириб келди. Рангида-ранг қолмаган. Ҳеч кимнинг саломига алик ҳам олмай, ҳовлининг четидаги устунга суяниб қолди. Ҳаммамиз унинг атрофига тўпландик. Хавотир билан нима бўлганини сўрадик. У эса худди “Пахтакор” стадионидаги сухандонлик хонасида ўтирганидек ўйинчилар номини санай кетди: “Покатилов, Корчёнов, Аширов, Агишев, Загуменних, Ан, Фёдоров...” Дадам иккала қўлини алам билан пастга силтади-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Ҳамма қотиб қолди. Мен умримда биринчи маротаба дадамнинг йиғлашини кўришим эди. Тағин барчанинг олдида. Ҳовлидаги хотин-ҳалажлар “Тинчликми, нима бўлди ўзи? Гапирсангизчи?” деб қўйишмаганидан сўнг кўз ёшларини артиб, бир хўрсинди-да, титроқ овоз билан тушунтирди: “Пахтакор” командаси Минск шаҳрига ўйнагани кетаётганида улар учаётган самолёт бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетибди. Қаттиқ портлаш натижасида пассажирларнинг ҳаммаси ҳалок бўлибди...”
- Вой нима гап экан, дебмиз. Ваҳимангиз қурин. Биз бошқа ҳаёлларга борибмиз.
Баъзи аёлларнинг бу хабарга билдирган фикрлари ана шундай бўлди.

Лекин биз оиламиз аҳли билан дадамга жуда ачиндик. Чунки “Пахтакор” у киши учун нималигини яхши билардик. Онам эса анча вақтгача ўзларига келолмай қолдилар. Сабаби, ўша самолётда дадам ҳам учишлари керак эди. Фақат ана шу йиғин туфайлигина сафарга бормаган эдилар...

Кечга яқин эркак қариндош-уруғлар ҳамда дадамнинг яқин оғайнилари ҳам ҳовлини тўлдиришди. Улар бир томондан қаттиқ ҳафа бўлишса, иккинчи томондан – дадамнинг тасодиф туфайли омон қолганлигидан хурсанд бўлишарди. Йиғинга келаётган аммам эса остона ҳатламасдан, уйимизга додлаб кирган. Бир-икки кун олдин дадам Минскка кетаман деб, у кишига телефон орқали хабар берган экан...

Мудҳиш хабар шаҳарга яшин тезлигида тарқалди. Бозор-ўчар, дўкон, чойхона ва шифохона, корхона ва кўча-куй, барча ерда ва барчанинг оғзида ҳалок бўлган “Пахтакор”. Эртасига киоскаларда одамлар турна-қатор бўлиб навбатга туришди. Ўшанда “Ўзбекитон физкультурачиси” газетаси талаш бўлиб кетганди. Ўша сонда ҳалок бўлган 17 спортчининг суратлари босилганди. Бироқ газетанинг кам сонли тиражи ишқибозларга озлик қилди. Буни сезган олғир шахслар суратларни йиғиб, атрофига таъсирли сўзларни ёзиб, ёнига 1980 йил календарини тушириб сота бошладилар. Уларнинг бозори чаққон бўлиб кетди. Қизиққан-қизиқмаганлар бу “қўлбола” календарларни харид қила бошлади.

Тақвим бўйича белгиланган кунда Минск шаҳридаги стадионни мухлислар ўйин бўлмаслигини билсалар-да тўлдирдилар. Майдон ўртасига “Динамо” жамоаси формада саф тортди. Барча футболчилар қора рангдаги ҳошия тақиб олгандилар. Бир дақиқа сукутдан сўнг, футболчилар майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этдилар. Бу ўзига хос таъзия изҳори эди. Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитасига эса шу мазмундаги телеграмма келди: “Азиз биродарлар! Биз авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган ўн етти йигит қаршисида бош эгамиз. Сиздан илтимос, бу таъзиямизни марҳумларнинг оила-аъзоларига етказсангиз. Биз ўзбек футболи яна қайта тикланиб, шон-шуҳратга кўмилишида тилакдошмиз. Агар марҳумлар учун ёдгорлик ташкил қилинса, илтимос, бизга манзил жўнатинг. Биз ҳам ўн етти ўғлон учун жамғарма жўнатамиз.

Бир гуруҳ грузиялик футбол ишқибозлари”.




Ҳалок бўлган команданинг энг катта аъзоси, таниқли футболчи ва мураббий Идгай Тазетдинов бўлса, энг ёши – ҳали 18 га қадам қўймаган Сирожиддин Бозоров эди. Сирожиддин ўзи бир кун олдин ўринбосарлар таркибида жўнаши лозим экан. Фақат оиласида тўй бўлгани сабаб, мураббийлар унга асосий таркиб билан учишга рухсат беришган экан. Тақдирнинг бундай бешафқатлигини ким ҳам билибди, дейсиз?

Чипта олиб қўйиб, Минскка учмаганлар орасида “Пахтакор”нинг бош мураббийи Олег Базилевич ҳам бор эди. У зудлик билан янги команда тузишга киришди. Мамлакат футбол федерациясининг илтимосига биноан олий ва биринчи лиганинг кўпгина жамоалари командани оёққа турғизиш учун ўзларининг ўйинчиларини “Пахтакор”га юбордилар. Тез орада “Пахтакор” белгиси туширилган формани грузин футболчилари З.Церетели, Г. ва М. Мачаидзелар, москвалик С.Глушаков, В.Соловьев ҳамда А.Якубиклар, минсклик П.Василевский ва бошқалар кийдилар. Янги команда дастлабки ўйинни Ереванда “Арарат”га қарши ўтказди. Гарчанд майдон эгалари 3:1 ҳисобида ғолиб чиққан бўлсалар ҳам, пахтакорчи Глушаков киритган ягона тўпи бизга умид бағишлади. Навбатдаги учрашув эса Тошкентда ўтказилиши лозим эди. Ҳали ҳам авиаҳалокат тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлмаганлар ўша куни стадионга “Пахтакор” – “Динамо” (Тбилиси) ўйинини кўргани келдилар. Учрашув бошланишидан аввал стадион сухандони барчадан бир дақиқа сукут сақлашни сўради. Стадион карнайларидан марҳам футболчиларнинг номлари ўқила бошланди. Биринчи маротаба улар тўлиқ – исм, фамилия ва отасининг исми билан ўқилди: “Сергей Константинович Покатилов, Александр Иванович Корчёнов...” Ўйинчилар майдонга тушадиган тартиб рақами билан ўқиларкан, саккизинчи бўлиб Михаил Ан ва тўққизинчи бўлиб Владимир Фёдоровларнинг номлари айтилиши керак эди. Сухандон аёлнинг овози Анни зўрға айтди, Фёдоровга келганда титраб кетди. Кейин эса умуман ўчиб қолди. Сукунат сақланиб тургани учун ҳам, вишиллаб турган карнайдан титроқ йиғи товуши эшитилди. Мен ҳайрон бўлиб бошимни кўтардим. Бироқ атрофдаги кишилар ундан ҳам ҳайрон қоладиган даражада эдилар. Стадионда эллик мингга яқин одам йиғларди. Бу даҳшатли манзара эди. Ҳозиргина бир-бири билан жой талашган икки ўсмир ҳам, кўксидаги орденлари билан стадионга келган шляпали чол ҳам, боласини елкасига ўтқазиб олган анави мўйловли амаки ҳам йиғларди. Ниҳоят сухандон бир амаллаб рўйҳатни тугатди. Мухлислар ҳам ўзларига келишди. Янги “Пахтакор” ўзининг илк ғалабасига ўша куни эришди. Ҳамюртларимиз 2:1 ҳисобида устун келдилар. “Янги” ва “эски” иборалари мана, ўша вақтдан бери қўлланилади. “Пахтакор” 1982 йил 6-ўринни эгаллаганда ҳам, олий лигадан тушиб кетганда ҳам, “саёҳатчи” футболчилар командани талон-тарож қилганда ҳам, “эски” “Пахтакор”ни эслашади. Ҳозирги кунда ҳам исталган ишқибоз “ўша” ўйинчиларни ёддан айтиб бериши мумкин.

Отам ҳам йиллар ўтган сари эски “Пахтакор” ҳеч қачон қайтиб келмаслигини, ўшандай ўйинчилар ҳеч қачон бўлмаслигини ҳис қилиб бўлди. Ўтган йили матбуот саҳифасида “Пахтакор” 2000 йилгача олий лигага чиқа олмайди, борди-ю, мен янглишсам фақат хурсанд бўлардим” деган жавобидан кейин, “юқоридан” “ўзингиз футболни тарғиб қилиш ўрнига песимист бўляпсиз” деб норози бўлишганди. Отам эса анчагача куйиниб юрди. “Ўзим ишонмаган нарсага қандай қилиб бошқаларни ишонтираман. Ахир “Пахтакор”нинг аҳволи менга беш панжадек маълум-ку”, деб.
Бу йил чемпионат арафасида команда мураббийлари биринчи ўйиндан олдин “Пахтакор” хотирасини ёдга оламиз, деб ваъда беришди. 7 апрел куни ўтказилган “Пахтакор”-“Ротор” учрашувида эса, бу нарса амалга оширилмади. Шундан кейин ҳам командага ишониб бўладими? Ҳатто Василис Хадзипанагис Грециядан келиб, “Пахтакор”ни хотирлаб кетди. Монументга гулчамбар қўйди, футболчилар номидаги кўчаларни айланди.

Яқинда уйимизга бир мактуб келди. Унинг қиқача мазмуни қуйидагича: “Ҳурматли Ахбор ака! Кечирасиз, мен иложи бўлмаганидан сизга мактуб ёзаяпман. Чунки бу ишга фақат сиз ёрдам беришингиз мумкин. Қишлоғимиздагилар ҳам шу фикрда. Гап шундаки, мен Сирожиддин Бозоровнинг опаси бўламан.

Кичик укам футболга қизиқиши сабабли, уни Тошкентдаги спорт-интернатига, Сирожиддин ўқиган жойга олиб борган эдим. Ота-онам ҳам у футболчи бўлсин, уни майдонда кўрсак, Сирожиддинни эслаб юрамиз, дейишганди. Бироқ у ердаги мураббийлар бизга ҳатто қайрилиб ҳам қарашмади...”

Отам хатни ўқиб анчагача ўзига келолмади. Самарқандга жавоб мактуби ёзди. Ўзи Сирожиддиннинг укасини спорт-интенатга олиб борди. Шундан кейин республикада таниқли мураббийлар уни синаб кўришди. Фақатгина ёши етмагани учун келаси йил албатта қабул қилишларин айтиб, узр сўрашди.

Шу кунларда эса отам уйга қоғозга ўроғлиқ нарса кўтариб келди. Сўнг ҳаммамизга бирма-бир кўрсатиб чиқди. Биз темир ва шиша парчаларини ушлаб, ҳеч нарсага тушунмадик. Отам бундан хафа бўлмади ҳам. Ёш болаларга хос қўлидаги нарсага суқланиб қараркан, менга мурожаат қилди: “Тўққиз йилдан бери орзу қилиб қидирган нарсамни топдим. Булар “Пахтакор” ҳалокатга учраган самолёт парчаларидир. Танишларинг бўлса, менга музейлардагидек ойнаванд экспонат ясатиб бергин. Буларни ва 1979 йил ҳалокатдан олдин ўйинчилардан қўл қўйдириб олган вимпелни кўргазма қилиб уйнинг тўрига жойлаштираман...”

* * *

“Спорт журналисти жуда мураккаб касб. Республикамизда бу касбнинг усталари саноқли. Чунки одатда жисмоний тарбия институтини битирганлар адабиётни яхши билишмайди ва акcинча журналистика ёки филология факультетини битирган студентларнинг спорт билан мунтазам шуғуллангаларини кам учратганман”.

15 йил футбол билан шуғуллангандан сўнг университетни битириб, редакцияга илк бор мақола ёзганимда, юқоридаги гапларни отам менга уқтирганди. Шундан сўнг мен ҳар сафар нима ёзишимдан қатъий назар, отамга кўрсатаман. У ҳам эринмасдан ўқиб чиқиб, ўзининг фикрларини айтади. Бугунги ёзганларимни илк бор отамга кўрсатмасдан чоп эттираётирман. Чунки уни аввалдан ёдига кўп нарсаларни солиб, юраги сиқилишини истамадим.

Бугун эса мумкин, чунки 11 август. “Пахтакор” ҳалокатга учраган кун. Отам одатдагидек эрта уйғонади. Бозордан гул ҳарид қилиб, Боткинодаги марҳумларсиз қабрларни зиёрат қилади. Ўйинчиларнинг номи қўйилган кўчаларни кезади. Марҳумларнинг оила аъзоларига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрайди. Сўнгра, уйга кириб вимпел, расмлар, хуллас, “Пахтакор-79”дан нима эсдалик қолган бўлса, барчасини яна бир бор кўздан кечиради. Шунинг учун ҳам мен хоҳласам-хоҳламасам, бугун у яна бир бор йиғлаб, юрагини бўшатиб олади. Унинг шундай бўлиб қолганига бугун 9 йил бўлди...

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика