Модрич, Мбаппе, Икарди, Торрейра... Уларни топган скаут ҳозир Италияда
05 дек 2018 18:20
Янгиликлар
Модрич, Мбаппе, Икарди, Торрейра... Уларни топган скаут ҳозир Италияда
Альдо икки ўғли Риккардо ва Николни футбол томоша қилишга кўп олиб борарди. Риккардо нафақат ўйинга қизиқар, балки уни ўзгача завқ билан кузатарди. Майдонда омади чопмаганидан сўнг, у скаутинга ўтиб кетди.
Қизиғи шундаки, Никол ҳам футбол соҳасида ишлаган: 2007 йил Американинг IMG компаниясига А Серия футболчиларининг биринчи каталогини тузиб берган. Шу билан бир қаторда, агент сифатида ҳам фаолият юритган. “Ҳа, ёш ўйинчиларни қидириб, топиш бизнинг қонимизда бор”, — деб ҳазиллашганди Риккардо Tuttosportга берган интервьюсида.
2002-йил Печини “Фиорентина”да синов муддати асосида иш бошлади. У келишидан бир неча ой аввал клуб касодга учраган ва қуйи дивизиондан ўрин эгаллаганди. Икки йилдан сўнг жамоа А Серияга қайтган ва таркибни кучайтиришга муҳтож эди. Печини ёрдамида клуб Наката, Микколи ва 20 ёшли Жоржо Кьеллини билан шартнома имзолаган. Лекин энг муҳими Риккардо “Фиорентина”да янги билимларни ўзига сингдириб оларди. У кундузи ўқир, тунда эса ўйин томоша қилар ва футболчиларнинг картотекасини тузарди.
“Скаутингни фақатгина амалиётда ўрганиш мумкин, яъни иложи борича кўпроқ ўйин томоша қилиш керак. Бу соҳада маълумотни қандай тўплаш кераклигини билиш муҳим: кам гапириш, кўп эшитиш, алоқалаларни кучайтириш, ўзига таъсир ўтказишга йўл қўймаслик лозим. Умуман олганда, худди журналистлардек ишлаш керак”, — дея ёдга олди италиялик.
Модрич ва Мбаппе
2005 йил Риккардони Жанубий Европада скаут бўлиб ишлашга таклиф қилишганди ва у “Тоттенхэм”га келган ҳамда билимларини чархлаган. Печини энг катта ютуқларидан бири бўлмиш Лука Модрични ана ўша ерда топганди.
Модрич Печинининг рўйхатида 2005 йил пайдо бўлган. Ўша пайтларда Лука Хорватиянинг “Интер Запрешич” клубида тўп тепарди. У вақтларда хорватияликни ҳали ҳеч ким танимасди: озғингина йигитнинг иқтидорига Загребда ҳеч ким ишонмай, уни доим турли жамоаларга ижарага бериб юборишарди. Лекин бу скаутни ташвишга солмади: “У чўпдек озғин эди, бироқ тўп билан яхши ҳаракатланар ва турли вазиятларда ўзини яхши бошқара оларди”. Лука Загреб шаҳрининг “Динамо” клуби футболчилари Нико Кранчар ҳамда Ведран Чорлука билан иқтидорли ўйинчилар қаторига кирганди.
Печини 2007 йил ёзигача Модрични ҳамда Болқон ярим оролининг бошқа футболчиларини ўрганган. Бу вақтгача эса Лука “Динамо” етакчиси бўлиб улгурганди. Италиялик бундан ҳайратланиб, дарҳол “Тоттенхэм” спорт директори Дамьен Комоллига қўнғироқ қилади ва уни зудлик билан Загребга учиб келишини сўрайди.
Печини хорватияликни шахсан ўзи бир йил давомида кузатиб юрган. Хорватлар “Уэмбли” стадионида Англия термасини мағлубиятга учратишганида, Модрич ҳам баҳсда тўлиқ иштирок этганди. Шундан сўнг, Риккардо ҳавбекни “Тоттенхэм”га сотиб олишга илк бор уриниб кўради. Аммо “Динамо” директори Златко Мамич жуда ҳам кўп нарса талаб қилган.
2008 йил апрель ойида вазият яна ҳам кескинлашди: Модрич “Динамо” ва Евро-2008га чиққан Хорватия термасининг асосий юлдузига айланди ва у ҳақида кўпчилик хабар топди. “Барселона” ҳам унга қизиқа бошлади. Англиянинг “Арсенал”, “Ньюкасл” ва “Манчестер Сити” клублари у билан шартнома тузишга киришди. Лукани йўқотиб қўйишдан чўчиган Комолли эса умидсизликка тушиб шундай деганди: “Агар биз 1-2кун ичида Модрич билан шартнома тузмасак, ҳаммасини қўлдан чиқардик десак ҳам бўлади”. У эрталабдан Дэниель Левига қўнғироқ қилиб, бу хақида хабар беради. Президент эса биринчи рейс билан 3 соат ичида Загреб шаҳрига учиб боради. Леви эртаси куни Комоллига хушхабарни айтиш учун телефон қилади ва шундай дейди: "Модрич билан шартнома тузилди. У энди бизники!" Ўша йили “Тоттенхэм” яна икки футболчи Кранчар ва Чорлукани сотиб олади. Уларни ҳам Печини топганди.
2007/08 йилги омадли мавсумдан сўнг, Печини “Сампдория”га йўл олади. У ерда техник-директор лавозимида бир йил ишлайди ва Симоне Дзадза ва Мауро Икардини кўз остига олиб қўяди. Печинининг навбатдаги катта ютуғи 2012 йил “Монако”да содир бўлди. Риболовлев лойиҳаси эндигина иш бошлаган ва ёш иқтидорли ўйинчиларга муҳтож эди. Тақдимотда Васильев янги ҳамкасби ҳақида шундай деган: “Риккардо Печини — ўз ишининг ҳақиқий устаси. У бизнинг академияни Францияда энг яхши ўқув муассасаси қилишига ишонамиз”.
Печини “Монако” техник директори бўлган ва биринчи жамоанинг координацияси, ўқув маркази, тиббий марказга жавоб берган ва скаутлар бўлимидаги 12та мутахассисни назорат қилган. Уларнинг 6таси ташқи бозор (Жанубий Америка ва Шарқий Европа), қолгани эса ички бозор бўйича фаолият юритган. Бу яхши натижа берган: клуб Марсьяль, Кондогбья, Лемар ва бошқа ёш юлдузлар билан шартнома имзолаган ва Лига 1 да ғалаба қозониб, ЕЧЛнинг ярим финалига чиқа олган.
Лекин энг асосий ютуқ — 2013 йил 14 ёшли Мбаппе билан тузилган шартнома бўлди.
«Ўйинчиларнинг натижалари ёзилган ҳисоботни биринчи мартта менга олиб келишганида, унда қандайдир хатолик бор деб ўйлагандим. Чунки 14 ёшли болакай бу даражада ўйнашига ишонгим келмасди. Кейин у иштирокидаги ўйин ёзиб олинган дискни қўйиб, томоша қила бошладим. Уни майдонда қандай ҳаракатланишини кўриб, кўзларимга ишонгим келмасди. Кўз ўнгимда бўлажак чемпион турарди”», — дея ёдга олди қахрамонимиз.
Франциянинг машҳур ўқув юртларидан бири Клерфонтен академиясида таҳсил олаётган Мбаппе учун бўлган курашда, “Монако” клуби “Интер” ва ПСЖни ортда қолбириб кетди. Парижликлар икки баравар кўпроқ — 650 минг евро таклиф қилишди. “Монако” эса 380 минг евро бермоқчи эди, бироқ ҳамма ишни Печини, “Монако” директори Тор-Кристиан Карлсен ва Киллианнинг отаси билан бўлган кечки овқат ҳал қилди.
“Монако” вакиллари Мбаппе яшайдиган Бонди шаҳарчасига етиб келишди. Меҳмонларга уй бўйлаб экскурсия ташкил қилишади. Печини бу вақт мобайнида Мбаппенинг хонасида Роналдунинг ўндан ортиқ деворга илинган суратларини кўради ва ёш болакайни аврай бошлайди. Кечки таомдан сўнг, Печини ишга киришади. “Роналдуни яхши кўрасанми? Биласанми, у Мадридга боришдан аввал, бир неча йил “Спортинг”да ўйнаган. Топ-клубга тайёр бўлиб бориш зарур. “Монако” — идеал вариант», — деганди ишонч билан Риккардо.
Италияликнинг гаплари Мбаппега таъсир қилади ва франциялик “Монако”ни танлади. Икки йилдан сўнг Печини “Монако”ни тарк этди. Сабаби у офисда ўтириб ишларди ва севимли машғулотига вақти етмасди:
“Менга ҳар куни офисда ўтиравериш ёқмайди. Мен самолетга ўтириб, навбатдаги иқтидорли ёш футболчини излашга кетаман. Бу ҳаётим мазмуни”.
“Сампдория” — Печинининг асосий лойиҳаси
2014 йилда кинопродюссер Массимо Ферреро “Сампдория”ни катта умидлар билан сотиб олади. Ўзи билан бирга ишлашга эса Карло Ости (тажрибали спорт директори, 90-йиллардан бери Италияда ишлайди) ва Риккардо Печинини ҳам жалб қилади.
Ферреро омманинг кўзига иложи борича қаттиққўл, қўпол ва терс бўлиб кўринишга ҳаракат қилган, бироқ клуб ишларини ташкил этишда маъсулият билан ёндашган ва ходимларга шароит яратиш зарурлигини тўғри тушунган: у Печинига катта имкониятлар бериб, ёш иқтидорларни излаб топиш билан шуғулланиши учун “скаутлар департаменти”ни яратишида қўллаб-қувватлаган.
Печинининг бўлими 5та скаут ва 1та координатордан ташкил топганди. Ҳар дам олиш кунлари у жамоаси билан ўйин томоша қилишарди. Ҳафта охирларида скаутлар 9 тагача жонли ўйин томоша қиларди. Жамоа жума куни эрталаб жўнаб кетса, душанба куни кечқурун қайтиб келарди. Сешанба ёки чоршанба кунлари ҳиобот топшириб, Печини билан ўйинчиларни муҳокама қилишарди. Иш ҳаққи — ойига 3000 евро эди.
Риккардонининг офисида ўйинчиларни 4та босқич бўйича таҳлил қилишарди: техника, менталитет, жисмоний ва тактик томонлама тайёргарлиги. Муҳокамадан сўнг, ҳамма ўзининг ҳал қилувчи овозини берарди: штабнинг ҳар бир аъзоси ўйинчига баҳо қўярди. Бўлимнинг асосий вазифаларидан бири — тезлик эди: футболчи ҳақида маълумот тўплаш ва уни ўрганиш учун икки ойдан кўп вақт сарфламаслик лозим. Сабаби у билан бошқа клуб шартнома имзолаб қўйиши мумкин эди.
“Сампдория”нинг бизнес режаси қуйидаги принцип асосида ташкил этилган: “яхши скаут”, “арзонга харид қилиш”, “қимматга сотиш”. Мақсади эса: ёш иқтидорларни топиш, уларга тўғри йўналиш бериш ва топ-клубларга сотиб юбориш. Трансфер бозорида рақобат кучли, шу сабабли у ерда биринчи бўлиш учун Печинининг бўлими бир нечта принципга асосланган:
• Ўйинчининг менталитети жуда муҳим.
Печини ноқулайлик туғдирадиган футболчилар билан ҳамкорлик қилмайди: “Агар у 4та тилда сўлаша олса, мураббий билан тил топишиб кетишида муаммо бўлмайди”. Печини бир қарорга келишдан аввал, ўйинчи ва унинг оиласи билан кечки овқат уюштиради: “Қаерда яшашини кўраман, қизиқишлари ва характерини қисман биламан”. Бу борада у Килиан Мбаппени идеал футболчи деб ҳисоблайди. “Оиласи туфайли Мбаппе болалигидан спортчи характерига хос тарзда улғайган. У 16 ёшидаёқ топ-даражада ўйнаш учун ўз устида кўп ишлаш кераклигини яхши тушунганди ва бунинг учун кўп нарсасини қурбон ҳам қилган”, — дея ёдга олади италиялик.
• Статистика муҳим эмас.
Ҳа, Печинининг қўл остидаги ходимлари статистикани ўрганишарди, аммо бу жуда катта аҳамиятга эга эмасди. “Англияликларда битта алоҳида бўлим ўйинчиларнинг маълумотларини таҳлил қилади. Лекин биз фақат статистикага қараб қарор қабул қилмаймиз. Мен аввал ўйинчини танлаб оламан, кейин эса рақамларга қарайман”, — дейди Печини. Скаут штатининг бир дунё ишлари ва доим бандлигига қарамай, Риккардо шахсан ўзи ўйинчини кузатади ва ҳафтасига 7 тагача ўйинни томоша қилишга ҳаракат қиларди.
• Доим ёш иқтидорларни топиш мумкин бўлган “янги бозор”лар ҳақида ўйлаш керак.
Ҳаммаси Печини Жанубий Европада скаутлик билан машғул бўлиб юрганидаёқ, яъни “Тоттенхэм”дан бошланганди. Риккардони иккита нарса ҳайратлантирганди: бу бозорга топ-клуб скаутларининг қизиқиши камлиги ва ёш иқтидорли ўйинчиларнинг сони. Печини “Сампдория”да кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган, кам ўрганилган ҳудудлар: Шарқий Европа (Шкриньяр, Шик, Линетти, Ковнацкий), Прибалтика, Хорватия ҳамда Греция, Европадан ташқарида эса Аргентина, Чили, Колумбия, Гана ва Нигерия аҳамият берган.
Лекин уни Африкага нисбатан эҳтироси куслироқ эди. Италиялик у ерда бир талай иқтидорли ўйинчилар борлигига ишонч ҳосил қилганди. “Габон шаҳрида Европага етиб келолмаган ўнлаб Обамеянгдек футболчилар яшайди”, — дейди скаут. Шунинг учун, италиялик Африка трансфер бозорига боришни, у ердан янги иқтидорли ўйинчиларни излаб топишни режалаштирган.
“Сампдория” — Печини фаолиятидаги энг асосий лойиҳа. У бошқа клубда бунчалик эркинликда ишламаган. “Сампдория” Печини билан тўрт мавсум давомида бирга бўлиб, юқори натижаларга эришмаган. Лекин доимо ёш иқтидорли таркиб билан майдонга тушарди ва 1-2 мавсумдан сўнг уларни яхшигина пул эвазига топ-клубларга сотиб юборарди.
2017 йилнинг ёзида клуб ўйинчиларини 80 миллион еврога сотган ва А Серияда “Юве”, “Рома” ва “Фиорентина”дан кейинги тўртинчи ўринни эгаллаганди. Сотилган ўйинчиларнинг асосий қисмини Печини клубга олиб келганди: Шик (4 млн еврога харид қилишган. Агар “Рома” трансфер ҳуқуқини сотиб оладиган бўлса, 14 млн ишлаб олишади), Шкриньяр (1 млнга харид қилинган, 24 млнга сотилган), Роберто Сориано (0,5 млнга харид қилинган, 14,5 млнга сотилган). Шу йилнинг ёзда улар сафига Лукас Торрейра қўшилганди. Уни яқинда “Арсенал”га 30 млн евро эвазига сотиб юборишди (2 млн еврога харид қилишган эди).
Қизиқарли факт: 2016/17 йилги мавсум бошида “Сампдория”нинг асосий таркибидаги 23 ёшгача бўлган 9та ўйинчининг иш ҳақи йилига 3,78 млн еврони ташкил қиларди. Бу ўртача ҳисобда ҳар бир ўйинчига 0.4 млн евродан деганидир. Яхши ишлагани учун иш ҳақи оширилиб борилиши — бу ҳам принципларнинг бири эди: Торрейра ўтган ёзда иш ҳақи йилига 0,2дан 1миллион еврога кўтарилиш талаби билан шартнома имзолаганди.
Италияда Печинига талаб катта экани ажабланарли эмас. Масалан, 2017 йилнинг ёзида Аурелио Де Лаурентис у билан қизиққанди. Унга кичик клублар камроқ таклиф билдиради. Ўтган мавсум сўнгида Италиянинг машҳур нашри “Calciomercato” Печинидан фаҳрланаиб, шундай ёзган эди: “Сампдория”нинг ҳақиқий чемпиони бор. Гап Торрейра, Шкриньяр ёки Шик ҳақида кетаяпти деб ўйлагандирсиз. Йўқ, адашдингиз. Биз ана шу ўйинчиларни топган ва уларни клубга олиб келган инсон ҳақида ёзмоқдамиз. У буюк скаут Риккардо Печинидир!”
2018 йилнинг ёзида италияликнинг “Сампдория” билан шартнома муддати якунланганидан сўнг, оммавий ахборот воситалари “Арсенал”, “Тоттенхэм” ва “Интер” унга таклиф билдираётгани ҳақида ёзишганди. Бироқ Печини уларнинг барчасига рад жавобини бериб, ўтган мавсумда Б Серияга тушиб кетган “Эмполи” клуби билан шартнома имзолаган. Биринчи пресс-конференцияда Печини вазиятни бироз тушунтирган: “Мен клубда доим асосий рольда бўлганман. Менга клубни ривожлантириш, уни юқори чўққиларга олиб чиқиш ёқади. Мен “Сампдория”да яхши ишладим деб ўйлайман. Печини аввал ҳам тосканаликлар клубини мақтаб, уларнинг академиясидан фаҳрланиши, болалар билан ишлашдан завқланишини айтганди.
“Арсенал” ва “Интер”дек клублар таклиф билдириб турганида, Б Сериянинг кичик бир клубини танлаш — фақат Печини шундай қилса керак. Риккардо у ерда янги бўлим ташкил қилиб, ишидан завқланиб фаолият юритиши аниқ. Демак, бир неча йилдан кейин А Сериядаги энг қайноқ трансферлар “Эмполи” билан боғлиқ бўлишига шубҳа йўқ.
Нозима Зарипова таржима қилди
Фикрлар