UZ

Сўнгги янгиликлар

09:07Маркиньос: "Рақиб дарвозабоннинг ҳаракатларини чеклаб қўйганди"  0 08:43"Ман Сити" 75-дақиқада 3:0 ҳисобида олдинда бориб, юта олмаган ЕЧЛ тарихидаги биринчи жамоага айланди  10 08:20"Интер" 12 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти  1 07:56"Барса" ЕЧЛда қаторасига 4 та ғалабага эришди, умумий ҳисоб – 17:3  4 07:32Компани ПСЖ устидан қозонилган ғалабадан кейин: "Яна 1-2 та гол урганимизда ўйин анча хотиржам руҳда ўтарди"  0 03:07ЕЧЛ. Дембеле четлатилган ўйинда "Бавария" ПСЖ устидан ғалаба қозонди  11 03:05ЕЧЛ. "Барса" йирик ғалаба қайд этди. "Манчестер Сити" "Фейеноорд"га қарши 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади  11 02:03Левандовски ЕЧЛдаги 100-голини урди. Фақат Роналду ва Мессида бундан кўпроқ  7 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Садд" билан дуранг ўйнаган "Ал Ҳилол" плей-офф йўлланмасини нақд қилди. "Ал Насср" ҳам кейинги босқични кафолатлади  6 00:50ЕЧЛ. "Милан" ва "Атлетико" ўз учрашувларида ғалаба қозонишди  1 00:35ЦСКА "Рубин"ни йирик ҳисобда мағлуб қилиб, Россия кубоги ярим финалига йўл олди. Файзуллаевдан гол!  14 23:45Жуд Беллингем: "Олтин тўп" "Реал Мадрид"га келиши керак эди"  6 23:05Расман: Хавьер Маскерано "Интер Майами" бош мураббийига айланди  16 22:19Cуперлиганинг охирги турида учта ўйинда ВАР ишлайди. Қолган учрашувларга қўшимча ёрдамчи ҳакам бириктирилади  7 21:25ПСЖ нега айнан Ҳусановга қизиқиб қолди? Foot Mercato нашри Абдуқодирга Париж клубидан бўлган қизиқиш тафсилотларини маълум қилди  17

Минбар. "Насаф" клуби бош менежери Шамил Ярулин билан суҳбат Янгиликлар

Минбар. "Насаф" клуби бош менежери Шамил Ярулин билан суҳбат

Сайтимизда янги лойиҳа - Минбар. Ушбу минбар орқали клубларимиз раҳбарияти билан жамоадаги муаммолар ва бошқа қатор мавзуларда суҳбат қурамиз.
Минбарнинг илк меҳмони - "Насаф" клуби бош менежери Шамил Ярулин бўлади.


- Маълумки, "Насаф"га келишиздан аввал "Севинч" клубида иш юритгансиз. Аёллар футболидан катта футболга кириб келиш қанчалик қийинчилик туғдирган?

- Жуда катта фарқи бор. Аёллар футболи ва катта футболни ўртасидаги тафовут катта. Ўз вақтида Ўзбекистон бўйича 10та қизни йиғишни ўзи жуда катта муаммо эди. У пайтда қизлар асосан футбол билан шуғулланмасди. Мусулмон бўлганимиз учун қизларга футбол ўйнаш тақиқланган деб айтолмайман-у, бунга бироз бошқачароқ қарашарди. Қизлар футбол асосан эркаклар ўйнайдиган спорт тури бўлгани учун қизиқиши ҳам йўқ эди. Реклама ҳам бўлмаган. Шу ўринда Алишер Султонов ва Нуриддин Зайниевга раҳмат айтиш керак. Улар бутун ўзбек футболини жуда катта қўллаб-қувватлашди. Шундан сўнг аёллар футболига ҳам бўлган эътибор ортди. "Севинч" клуби билан футзал бўйича Европа кубоги соҳибига айландик. Бу натижани нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда бошқа бир жамоа қўлга кирита олмаган адашмасам. Бизни аёллар ўртасидаги футзал бўйича Европа чемпионати очилиш маросимига таклиф этишди. Тўғрисини айтганда, бизни ўша турнирда деярли ҳисобга ҳам олишмаган эди. Бизнинг қизлар кичкинагиналиги кўриб, бизга бу қизларни бозордан териб олдингларми деган  ҳазиломуз гапларни ҳам қилишганди. Кейинчалик ҳал қилувчи ўйинларда Испания ҳамда Россия терма жамоаларини мағлуб этганимиздан сўнг футболнинг ҳақиқий завқини шу ерда ҳис этдим. Футбол нималигини ўшанда тушуниб етгандим. Ўшанда делегациямизда 35 киши бўлган бўлса, барча ходимларимиз деярли ярим соат ўз кўз ёшларини яшира олишмаганди. Ота-оналар футболда нафақат ўйинни, балки ўз фарзандларини келажагини ҳам кўра олишди. Шундан кейин қизларни футболга бўлган қизиқиши кескин ошди. Мен "Севинч"да ишлаб юрган пайтимда шу ердан нафақага чиқаман деб юрардим. "Насаф"га ишга таклиф қилишадида деб ҳеч ўйламагандим. Клуб президенти мени "Насаф"га ишга таклиф қилганида, мен бу ердаги нарсаларни кўриб шуни тушундимки, мен футболда ҳеч нимани тушунмаган эканман. Аёллар футболи ва эркаклар футболи ўртасидаги тафовут жуда катта экан. Бу ерда умуман бошқача футбол эканлигини тушуниб етгандим. Бу ердаги футбол даражаси жуда катта экан. Футболга бўлган муносабат, иш ҳажми ва бошқа бир қатор жиҳатларда кескин фарқ қилар экан. Масалан "Севинч"ни оладиган бўлсак, у ерда битта майдон, битта ошхона ва ётоқхонаси бор. "Насаф"ни айтадиган бўлсак, бу ердаги ходимлар камида 1000 нафар чиқади. Буларни нафақат ишлатиш керак, нафақат кўнглини топиш керак, балким уларга тўғри йўналишни кўрсата билиш керак. Аёллар футболи ва эркаклар футболидаги энг асосий фарқлардан бири шундаки, бу ўйиндаги тезлик, умуман футбол ичидаги об-ҳаво бошқа-бошқа дунё. Бу ерга келиш менга жуда қийин бўлди. "Севинч"да қизлар билан ишлаб бироз зерикардим лекин. "Севинч"ни ҳали ҳам ўзимни клубим деб ҳисоблайман. Ярим юрагим у ерда қолди. Бу клубда 2007-2012 йиллар мобайнида фаолият юритдим. Бу ҳам оз муддат эмас. Ўз вақтида Қаршида “Karshi Cup” турнирларини ўтказдик. Кўпчилик ҳозир ҳам кўпроқ халқаро ўртоқлик турнирларини ўтказиш кераклигини таъкидлашади. Уларни қандай ўтказамиз? Масалан ОЧЛ мусобақасини олсак, бир клубни деярли уч кун меҳмон қилиб кутиб олишингиз керак. Бу каби турнирларни ташкил этилса, бир вақтнинг ўзида 10-12 жамоа келади. Уларга меҳмонхона, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарур. Бу жуда қийин. Кейин улар 2-3 уч кун эмас, балки 10 кун яшашади. Уларга эътиборга молик жойларимизни кўрсатишимиз лозим. Самарқандга обориб қадимий жойларда уларни айлантириш керак. Спорт ҳам бир сиёсат. Биз қанчалик чиройли яшаётганимизни уларга кўрсатишимиз лозим.

- "Насаф"га келганингиздан кейин нима ишларни амалга оширдингиз? Яъни айтмоқчи бўлганим, режада киритилган қайси ишлар бажарилдию, қайси ишлар тўхтаб қолди?

- “Насаф”га келганимда клубимиз бўйнида катта қарздорлик бор эди. Буни клубга келиб билдим. Агарда буни аввалроқ билганимда, бу ерга келмасдан “Севинч”дан нафақага чиқиб кетардим. Озиқ-овқат бўйича ҳам катта миқдорда қарздорлик бор эди. Вақтида ойлик маошлар берилмасди. Шу боисдан биринчи режамиз қарздорликни ёпиш бўлган. Қанчалик қийин бўлмасин қарздорликдан қутулдик. Шундан сўнг кўчага ёруғ юз билан юрадиган бўлдик. Кейинги режамиз стадионимизни қайта реконструкция қилиш эди. Стадионнинг ғарбий ва шарқий секторларини янги проект бўйича айланма шаклида икки қаватли қилиб қуришни режалаштиргандик. Кейин ўйладик, ҳозирда стадионга 16 мингга яқин мухлислар сиғади. Агарда айтиб ўтган ишларни амалга оширсак, 20 минг ўрин сиғимга эга бўламиз. Лекин ҳозирги ҳолатда ҳам стадионга мухлислар келяптими деган савол туғилади? Авваллари ОФК ўйинларида стадион тўлгандир. Бироқ ҳозир олий лига учрашувларида шуларнинг ярми ҳам келмаяпти. Раҳбарият ва бош ҳомийлик билан гаплашганимизда, ҳозирча бу ишларни қилолмаймиз деган қарорга келдик. Стадион ичидаги офисимизни қайта реконструкция қилишни режалаштиргандик. Бу реконструкцияга бир миллиард сўм сарф этилди. Алюкабонтчиларни жалб этиб, офисимизни янгилаб олдик. Шу ишларни амалга оширган ишчиларнинг ойлик маошининг ўзига 70 миллион сўмга яқин пул кетди. Бу қилган ишларимиз ҳам биз учун яхши бўлди деб ўйлайман. Бу бизга қанчалик қийинчилик туғдирди ёки йўқ бу ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман. Кейин ҳаммада савол туғилиши аниқ, шимолий сектор қурилиш ишлари нега тўхтаб қолди? Режа бўйича бу ишлар тугаб битказилиши керак эди.  2012 йилда Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқди. Агарда 2 миллиарддан кўпроқ пул қурилишга ажратиладиган бўлса, унда бу қурилиш ишлари вазирлар маҳкамасининг рухсати билан қурилиши лозим. Шимолий сектор томоннинг қурилиш ишлари учун эса 30 миллиард пул маблағи кетади. Шу боис бу ишлар тўхтаб қолди. 2009 йилнинг иккинчи ярмида “Насаф” футбол клуби қошидаги тикув цехи (раҳбари Отабек Ҳайитов) бир неча йиллардан бери жамоа ўринбосарлари, 1-лигада иштирок этувчи “Насаф-2” ва жамоа футбол академияси тарбияланувчиларни эпикировкалар билан таъминлаб келмоқда. Ўтган йили мамлакатимиз футбол клублари орасида биринчи бўлиб “Насаф” жамоаси ўринбосарлари учун база (раҳбари Зиёҳиддин Бобоқулов) фаолиятини бошлади. Бу ерда ёш футболчилар учун барча керакли шарт-шароитлар муҳайё этилган. Стадион раҳбари Шавкат Ўринов бошчилигидаги аҳил жамоа бу борада тинимсиз меҳнат қилиб келмоқда.

- "Насаф" клубининг йиллик бюджети қанчани ташкил этади?

- Бунинг катта сири йўқ. Бу саволга бошқа клублар раҳбарлари ҳам аниқ жавоб беролмаса керак. Саволдан бироз четга чиқаман, бу ҳақида тўлиқ тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Масалан “Бунёдкор”ни олайлик. Уларни стадиони ҳам, академияси ҳам клубга қарамайди. “Пахтакор”ни олайлик, уларни битта стадиони бор. Кейин академиямиз бор деяпти. Лекин аслида уларда академия йўқ. Қайси маънодаки, улар шартнома асосида иш олиб боришади. Деярли бу борада харажатлари йўқ. Энди “Локомотив”ни оламиз. Уларнинг стадионлари алоҳида, клуб алоҳида. Стадион ҳисоб рақамлари ҳам алоҳида. “Насаф”нинг ўз академияси, стадиони, клуб қароргоҳи, ёшлар жамоаси базаси бор. Ҳаммаси “Насаф”нинг ўз ҳисоб рақамида туради. Биз бу борада Ўзбекистондаги ягона клубмиз. Буларни ҳаммасини ҳисобга олсак, одамлар “Насаф”га катта пул келаркан деб ўйлайди. Бюджетимиздаги пулни ярмини ҳам жамоа учун ишлатмаймиз. Асосий қисми айнан мана шу академия, база, стадион ва ишчиларга кетади. Буларнинг харажати жуда катта. Масалан “Бунёдкор” билан ўйинга борсак, уларга телефон қилиб бизга шунчадир чипта керак, беринг десак улар бера олишмайди. Сабабики, улар чиптага хўжайин эмас. Стадион ва клуб бошқа-бошқа ташкилот ҳисобланади. Ёки ўша куни “Нефтчи”га борганимизда бизнинг фан клуб мухлисларининг барчаси чипта сотиб олишди. Лекин биз улар келганида текинга чипта тарқатамиз. Чунки барчаси бизнинг ўзимизга қарайди. Шу боисдан йиллик бюджетимизни жуда катта маблағни ташкил этади ва буни ошкор қила олмайман. Бу бизнинг ички сиримиз.


- Клубни айни пайтда қандай муаммолар қийнамоқда?

- Ҳозир бизни қийнаётган энг асосий муаммо бу ёш футболчиларни асосий таркибга етиштириб бериш муаммоси. Агарда ёшлар жамоасида етарли тажрибага эга мураббий ишламаса, унда клуб академиясидан етишиб чиқаётган ёш футболчилар бир жойда тўхтаб қолишади ва асосий таркибгача етиб бора олишмайди. Бу ҳақида Рўзиқул Бердиев билан жуда кўп бош қотирмоқдамиз. Усмон Тошев мураббийлик қилган пайтида биз Рўзиқул Бердиевни ёшлар жамоасига ишга олгандик. Ўшанда ёшлар жамоамиз умуман бошқача ўйнарди. Қанча ёшлар асосий таркибга киришганди. Ўйин даражаси ҳам юқорилаганди. Кейинчалик ёшлар жамоамизда Баҳодир Аннаматов, Зафар Холмуродовни қўйдик. Зафар Холмуродовни нега қўйдик? Чунки у клубнинг ҳақиқий афсонаси ҳисобланади. Нафақат “Насаф”нинг, балки ўзбек футболидаги энг кучли ҳужумчилардан бири саналади. Лекин шуни тушуниб етдикки, ҳар доим ҳам яхши футболчидан зўр мураббий чиқмайди. Ёки аксинча. Ўз даврида яхши футболчи бўлмасада, келажакда яхши мураббий бўлиши мумкин. “Насаф” академиясини мақтасак бўлади. Мана олтита тарбияланувчиларимиз турли ёшдаги терма жамоаларга жалб этилишди. Лекин бу натижалар бизни қониқтираётгани йўқ. Футболчиларимиз жуда аста-секинлик билан ўсиб боришмоқда. Масалан Рой Рок ёки Артур Геворкянни олайлик. Уларнинг тўпни ўзига тўхтатиб олиш техникаси, дриблинги, тезлиги умуман бошқа даражада. Рой Рок европа футболи мактабида таҳсил олгани сезилиб туради. Энди ўзимизни маҳаллий футболчиларни олайлик, уларни мактаби бошқа-бошқа. Илҳом Шомуродов ёки Фарруҳ Сайфиевни олайлик, улар тўпни тўхтата олмаяпти. Бир ўйинда камида беш-олти маротаба вазиятларга эга бўлишади, лекин фойдалана олишда оқсашмоқда. Бу ҳаммаси мактабдан. Масалан ёшлигида бола кўпайтириш-бўлишни яхши ўрганса, кейинги олий таълим ўқув юртида бемалол қийналмай ўқий олади. Бироқ мактабда яхши баҳога ўқий олмаган бўлса, унда жуда қийналиб қолади. Ҳаракат қилиши ёки интилиши мумкин, бироқ жуда кўп қийинчиликларга дуч келади. Фарруҳ Сайфиев жуда ҳаракатчан, интилувчан, тиришқоқ йигит. Бир ўйинда майдонда қиладиган иш ҳажмини олсак, у менимча жаҳон чемпиони бўлса керак. Лекин тўп билан ишлашда футболчини мактаби бироз ғариб бўлгани сезилиб қолади. Сайфиев жуда кўп югуради, лекин югурганда ҳам фойдали иш коэффициенти бўлиши даркор. Бизнинг асосий муаммомиз, бу футболчиларга керакли мактабни бера олмаяпмиз. Яна “Севинч” мавзусига қайтишга мажбурман. Бизнинг қизларимиз нега бирдан кучайиб кетишди? Чунки биз улар билан йилига 4-5 маротаба хорижга йиғин ўтказардик, турнирларда иштирок этардик. Кучли жамоалар билан кўпроқ ўйнардик. Шу сабабдан уларнинг маҳорати ошиб борди. Мен шу учун айтаман, академиямиз боллари кўпроқ ўзларидан кучлироқ жамоалар билан ўйнашлари керак. Ўртоқлик халқаро турнирларда иштирок этиб, тобланишлари лозим. Кейин академияга четдан юқори малакали мутахассисларни жалб этишимиз керак. Масалан ўтган йили келган германиялик Андрей Вайбертни олайлик. Унинг иш дастури умуман бошқача. Мен, Рўзиқул Бердиев ва Виталий Ни футбол академиямизнинг ишларидан ҳали кўнглимиз тўлгани йўқ. Биз ҳали “Пахтакор” футбол академияси билан рақобат қила олмаймиз. Уларни мактаби умуман бошқа. “Бунёдкор”нинг мактаби ҳам бизникидан фарқ қилади. Агарда шуларни ҳисобга олсак, биз улардан ортда қолмоқдамиз. Бизнинг академия жуда секинлик билан кўтарилмоқда. Айнан мана шу муаммо бизда “қайнамоқда” десам тўғрироқ бўлади.

-Бизда ёшлар футболидан бошлаб  натижа талаб қилинади. Лекин ёш футболчиларнинг кўрсатадиган натижа эмас, балким уларнинг ўйин даражаси, тажрибаси ортиб бориши муҳимроқ. Жаҳоннинг етакчи жамоалари ёшлардан натижани талаб қилмайди. Чунки бу нарса ёш футболчини ёшлигидан эркин ҳаракат қилишига тўғаноқ бўлиши мумкин. Кейин хорижга бориб кучли жамоалар билан ўйнаб маҳоратини ошириши керак дедингиз. Буни амалга ошириш учун нима халақит қилмоқда?

-Бизлар академиядан, ёки ёшлар жамоамиздан натижани талаб қилмаймиз. Асосий талаб қиладиган нарсамиз шуки, бу йилига асосий таркиб жамоамизга нечта футболчи тайёрлаб берасан деймиз. Мураббийдан шуни талаб қиламиз. Лекин футболчиларга бориб, натижа муҳим эмас десак ҳам нотўғри бўлади деб ўйлайман. Биз мураббийга вазифа қўямиз. Уларнинг асосий иши “Насаф”га футболчи тайёрлаб бериш. “Насаф” футбол академияси директори Кучеренкодан ҳам натижа талаб қилмаймиз. Биз унга имкон қадар “Насаф-2” ёки “Насаф” ёшлари жамоасига кўпроқ футболчи тайёрлаб беришини ўқтирганмиз. Мана кўп таъкидлаяпмиз, бизда ҳужумчи муаммоси бор деб. Лекин ҳужумчи дегани бу туғма истеъдод дегани. У худдики ғиччакчига ўхшаб куйни чиройли ижро қилиб бера олиши керак. Дарвозабонни ҳужумчи, ёки аксинча ҳужумчидан дарвозабон ясаб бўлмайди. Клуб президенти ёки мен ёшларимизга маълум бир миқдордаги ўринни оласан, ёки мана шу сени вазифанг деб айтмаймиз. Лекин турнир жадвалида қараганимизда, “Насаф” ёшлари пастки ўринда бўлса, истаймизми-йўқми кўнглимиз ранжийди. Бу табиий.

- Бизнинг футболда раҳбар инсон ёки футболга унча яхши тушунмайди ёки раҳбар сифатида ишлай олмайди. Сизда бу икки сифат мавжудми? Яъни сўраганим, сиз раҳбар билан биргаликда футболга тушунчангиз қай даражада?

- Ўзимга баҳо қўя олмайман. Мени ўйлашимча, агарда футболга алоқаси йўқ одам раҳбар бўлса, унда жамоа натижалар кўрсата олмасди. Сўнгги йилларда биз совринли ўринларни эгалладик. Бунинг учун бутун жамоамизга, мураббийлар штабига, футболчиларга, бутун клуб ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мана бу йили ОЧЛда ҳам муносиб иштирок этдик деб ўйлайман. Қаердадир бизга омад етишмади десам ҳам муболаға бўлмаса керак. Ўзбек клублари орасида “Насаф” нисбатан яхшироқ ўйнади. Буни сиз журналистлар, мухлислар ҳам кўп бора таъкидлашди. Бу эътибор учун ҳаммага раҳмат. Агарда жамоа ва клуб шаънига яхши гаплар бўладиган бўлса, унда бунда менинг ҳам ўз ҳиссам бордир деб ўйлайман. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёни олиб қарайдиган бўлсак, ҳеч бир клубнинг ўринбосарлар жамоасининг ўз базаси йўқ. Буни мен қурдим деб айтмайман, буни бутун коллектив билан бажардик. Раҳбарият жамоа ишига аралашмасада, бизлар уларга керакли шароитни қилиб беряпмиз. Бизнинг вазифамиз уларга керакли шароитни яратиб бериш. Раҳбар одам футболга тушунмасада, лекин бу ерда ишлаганидан сўнг футболни тушунишга мажбур бўлади. Фақатгина уларга озиқ-овқат ва бошқа шароитларни яратиб бериб, ойлик маошини бераман десангиз, унда бу ерда ишлай олмайсиз.

- Стадионда мухлислар учун шароитни аъло деб бўлмайди. Стадион ичида кафелар мавжуд. Лекин улар деярли ишламайди?

- Биз 2012 йилдан бошлаб 4-5 марталаб эълон билан чиқдик. Клубнинг ўзи ҳам кафе очиб уни юритиши қийин масала. Сиз футбол билан шуғулланисизми, унда фақат футбол ишларини бажаришиз керак. Лекин шунга қарамай бошқа ишлар билан ҳам шуғулланамиз. Кофе-брэйк, егилик махсулотлари ва ичимликлар билан ҳам ўз мутахассислари ишлашлари керак. Биз баъзи бу ерда ишламоқчи бўлган тадбиркорлар билан гаплашгандик. Бироқ улар ва хавфсизлик масалалри билан боғлиқ муаммолар бўлганлиги сабабли бу ишлар амалга ошмай қолди. Сотувчилар ўзларининг аввалги услублари бўйича ишлашга ўрганганлар. Бу ерда эса одам кўп бўлади ва хавфсизлик биринчи даражада. Яъни стаканлар, темир идишлар билан нарса сотиб бўлмайди. Улар эса бу система бўйича ишлай олмадилар. Бизлар ишламоқчи бўлган тадбиркорларга айтяпмиз, бу ерда махсус идишлар билан нарса сотиш зарур. Бу пластик, қоғозли ичимлик идишлари бўлиши керак. Шу интервью орқали биз билан ҳамкорликда ишламоқчи бўлган тадбиркорларга мурожаат қиламан. Агарда сиз биз билан ишламоқчи бўлсангиз, унда бемалол келиб гаплашиб олишингиз мумкин. Сиздан биринчи илтимосимиз, аввало шу мухлисларни рози қилиб, биз айтган махсус идишлар билан ишни йўлга қўйсангиз бас. Ижара ҳаққи ҳам у қадар кўп бўлмайди. Агарда кимдадир шу хусусида таклифи бўлса бемалол. Буни биз қабул қиламиз.


- Тасаввур қиламиз сиз футбол мухлисисиз. "Насаф"нинг ўйинига ўз машинангизда келишни истайсиз. Бироқ бу ерга келганингиздан сўнг ўз автоўловингиз қўйишга махсус жой йўқ. Нега бу муаммо ҳақида ҳеч бош қотирилмайди. Бу ҳам мухлисларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда?

- Тўғри, яхши савол. Сўнгги маротаба Саудия Арабистонига бордик. Мени хайрон қолдирган жиҳат шу бўлдики, стадион олдида деярли 45 гектарлик автомобиллар турар жойи бор экан. Буни кўриб мен хайрон қолдим. Ҳар бир мухлис ўз машинасида футболга келади ва уни стоянкага қўяди. Бу нарса стадион қурилиши олдидан режага киритилган бўлган. Бизнинг стадион эса шаҳар ўртасида жойлашган. Автомобиллар турар жойи қуриш учун жой йўқ. Шаҳар раҳбарияти билан бу борада кўп гаплашганмиз. Лекин яна бир томони, хавфсизлик биринчи ўринда туради. Агарда тирбандлик юзага келса, бу яхшиликка олиб келмайди. Шу нарсаларни ҳам ўйлаш керак. Шу мавзу борасида шаҳар раҳбариятига яна мурожаат қиламиз. Лекин улар ҳам менга айтишади, қаердан сизга жой берайлик деб? Бўш жой ҳам йўқда. Коллеж, институт жойлашган олдимизда. Бу нарсани аввало стадионни қургунча проектда киритиб кетиш керак эди. Лекин бу нарса қилинмаган. Бу савол ҳали яна кўтарилади. Шу сайт орқали барча раҳбарларга мурожаат қилмоқчиман, шу масала бўйича бизга ёрдам беришларини илтимос қиламиз.

- ОЧЛ ўйинларида ва Олий лиганинг марказий баҳсларида мухлислар ўйиндан икки ёки уч соат олдин келсаларгина стадионга киришга муваффақ бўлишади. Ўйиндан ярим соат аввал ёки ўйин пайти келишса стадионга кира олишмаяпти. Ваҳоланки уларни қўлларида ўйин чиптаси бўлади. Бу каби ҳолатлар ушбу мавсумда жуда кўп учрамоқда. Мухлис чиптага пул тўлайди, лекин стадионга кира олмаяпти. Қўлида чиптаси бор ишқибоз қайси пайтда келишидан қатъий назар стадионга кириши шарт! Лекин кира олмаётган мухлислар ҳам анчагинани ташкил этмоқда. Бу деярли фирибгарлик билан тенгку. Клуб мухлисни пулини олади, лекин уни стадионга киришини таъминлаб бера олмаяпти. Футбол бу мухлислар учун. Бу муаммо қачон бартараф этилади?

- Бу жуда хунук ҳолат. ОФК регламенти бўйича мухлислар ўйинга 2 соат вақт қолганида кириши мумкин. Ундан эртароқ кира олишмайди. ОЧЛ ўйинлари доираси олдидан бўлиб ўтадиган митингда ОФКдан келган учрашув комиссари, Қашқадарё Вилояти Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи иштирок этишади. Бир нарсани ўйламоқдаман, шу митингда кейинги йиллар агарда яна иштирок этсак, журналистларни ҳам таклиф этмоқчиман. Комиссар айтадики, ўйиндан икки соат аввал ҳеч бир мухлисни стадионга киргизмайсан деб. Лекин икки соат ичида 16 мингга яқин ишқибозни кирғизиш жуда қийин иш. Кейинги масала, бизлар ўйин чиптасини учрашувдан икки олдин чиқарамиз. Лекин қалбаки билетлар ҳам жуда кўп чиқиб кетмоқда. Баъзи мухлисларни Ички ишлар ходимлари қалбаки билет билан қўлга олишди ҳам. Кейин мухлислар ҳам сал эртароқ ўйинга келишса мақсадга мувофиқ бўларди. Ўйинга ярим соат қолганида эмас, бир соат аввал келишсин. Шунда муаммо бўлмайди деб ўйлайман. Учрашувга 20 дақиқа қолганида келган мухлисларни стадионга олиб кириш қийин бўлмоқда. Мен Испанияда бўлганман, Саудия Арабистонида бўлганман. Уларда бу  борада муаммо йўқ. Яъни улар ўйинга ярим соат, ёки 20 дақиқа қолганида эмас, балки бир соат аввал стадионга кириб ўтиришади.

-Чет элда ишқибозлар истаган вақтида келади, яъни улар асосан учрашувга 10-15 дақиқа қолганида келишади. Бунга ўзим ҳам гувоҳи бўлганман. Кейин мухлисларга сен бунча вақтда келасан, ёки бир соат аввал келасан деб шарт қўя олмайсиз. Клуб бу борада ечим топиши керакку?

- Сизни гапингиз тўғри. Лекин бизлар бироз бошқача бўлишимиз керакда. Ҳозир балки имкониятимиз йўқдир. Балки бир-икки йилдан сўнг бу муаммоларни бартараф этармиз. Ҳозирги кунда мухлислар иложи борича ўйинга бир соат вақт қолганида келишгани маъқул. Ҳозирда стадионимизни хавфсизлиги таъминлаш учун шу муаммолар бўлиб турибди. Биз имкон қадар яна бошқа вариантларни излаб кўрамиз. Хавфсизлик энг биринчи ўринда туради. Мухлислар ҳам бизни тўғри тушунишлари керак.

-Қалбаки чипталар кўп чиқиб кетяпти дедингиз. Шу муаммони бартараф этиш мақсадида “Бунёдкор” стадионига қўйилган турникетлардан қўйса бўлмайдими?

- Буни ҳам биз ўйлагандик ва шу нарсани амалга оширмоқчи бўлгандик. Бироқ гап пулга бориб тақалади. Агарда ушбу системани қўймоқчи бўладиган бўлсак, унда 20 минг долларга яқин маблағ кетаркан. Ҳозирги молиявий аҳволимиз бу ишни амалга оширишга имконият бермайди.  Келажакда бу ишни амалга оширишни режалаштирганмиз. Бу ер “Челси” эмас, ёки Алишер Усмонов келиб менга пул бермаяпти. Бош ҳомийимиз Шўртангазкимё мажмуаси имкон қадар бизга ёрдам бермоқда. Бунинг учун клуб президенти Одил Темировга раҳмат айтаман. Уларга ҳам қийин, уларни ҳам тўғри тушунишимиз керак. Шўртангазкимё мажмуаси бутун Қарши шаҳрини қурилиш ишларини олиб бормоқда. Раҳбариятимизнинг имконият даражасини ҳам тўғри тушунишим керак. Мухлислар масаласи бўйича Қашқадарё Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи билан кўришдим. Бу борада гаплашиб олдик. Уларни ҳам тўғри тушунаман, уларга ҳам қийин бўлмоқда. Кейинги ўйинларда бошқа муаммолар бўлмайди деб ваъда бериб, кейин ёлғончига айланиб қолмоқчи эмасман. Кейинги учрашувларда муаммолар имкон қадар камроқ бўлади. Лекин аниқ ваъда бераманки, бу масалада бош қотирамиз ва ишлаймиз. Кейинги мавсумлардан бошлаб ҳаммаси яхши бўлади.

- Стадионда киришда нафақат мухлисларда, балки журналист ва CIP секторига чипта олган мухлисларда ҳам муаммолар етарли. ОФК ва ПФЛ регламентига мувофиқ ОАВ ходимлари стадионга кираверишда мухлислар билан тўқнаш келмасликлари кўрсатилган. Лекин бунга бу ерда риоя этилмайди. Шунингдек, баъзи пайтлари 13-сектор мухлислар билан тўлган пайтда, қолган ишқибозлар CIP секторга киролмай қолмоқда. Сабаби, кириш жойи битта. Хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб қараганда, хавфсизлик ходимлари тўғри қилишади. Яъни тўлган секторни кириш жойи беркитилади. Нега ОАВ ходимлари учун ажратилган “Media-tribune”ва CIP секторига чипта сотиб олган мухлислар учун алоҳида кириш жойлари йўқ?

- CIP секторига алоҳида кириш жойлари қурилади ва бу борада стадион директори ишларни бошлаб юборди. Кейинги йилдан бошлаб бунақанги муаммолар келиб чиқмайди. Журналистлар эса асосий кириш жойи орқали кираверишади. Кейин мухлисларга мурожаатим бор, Сизлардан илтимос, барча ўзи сотиб олган чипта бўйича жойига ўтирсин. Журналистлар учун ажратилган ложага мухлислар кириб олишади, ёки бошқа одамни жойини банд этишади. Шу ҳам кўшимча муаммоларни келтириб чиқаради. Барчани назорат қилиб бўлмайди. Орамизда шунақанги ишқибозлар ҳам борда. Бу ҳаммаси маданиятдан бўлса керак. Кейин ўйин кунлари журналистлар учун ажратилган ложа томон умуман бу соҳага алоқаси бўлмаган одамлар кириб кетаверади. Сиз қаердан сиз деб сўрасам, мен бу жойда ишлайман, мен бу ташкилотданман деб кириб кетаверишади. Ҳамма ўз жойига ўтириши керакку. Хизматга келгани хизматда бўлиши керак. Футбол кўргани келган мухлис ўз жойида ўтириш керак. Журналистлар учун ажратилган ложага фақат ОАВ ходимлари бўлиши зарур. Шундагина келишмовчиликлар келиб чиқмайди. Қонун ҳамма учун баробар. Биз ИИБ ходимлари билан биргаликда ишлаймиз. Барчамиз бу борада ҳамжиҳатмиз. Менимча, кейинги ўйинларда ҳаммаси яхши бўлади.

- "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев сўнгги йилларда раҳбарият томонидан жамоа олдига ҳеч бир аниқ вазифа қўйилмай келаётганини таъкидлаб ўтди. "Насаф"дек клуб нега жамоа олдига вазифа қўя олмаяпти? Ёки уларга шароит қилиб беришга кўзи етмайдими раҳбариятни?

- Мен ҳам бу ерда Рўзиқул Бердиев сингари ишчиман аслида. Лекин раҳбариятга кираман. Ҳамма ўз молиявий имкониятидан келиб чиқиб иш қилади. Бизга ҳозир мураббий мана бу футболчилар керак, ҳужумчи, дарвозабон, ҳимоячи керак, олиб берасан деса биз буни қилолмаймиз. Чунки шароитимиз бунга йўл қўймайди. Жамоага қачон пул бўлишини аниқ билсанггина ўшанга қарат таркиб тузасан. Бизни бахтимизда янги мавсум олдидан Каблаш “Сўғдиёна”да эди. Биз сўнгги паллада уни жалб этдик. Аввалига унинг ўйинларини кўриб, ўзимизча зўрку деб мақтандик. Лекин алдандик. Ундан ташқари ҳам биз яна иккита-учта ҳужумчи олишимиз керак эди. Мураббий тўғри айтмоқда, агарда унинг қўли остида ўзига керакли футболчилар бўлмаса қандай қилиб чемпион бўла оламиз дейди. Кейин мен ҳам бизда таркиб кучли эмаслигини кўриб турибман, шунда қандай қилиб уларга вазифа қўя оламиз? Ҳомийлик томонидан маблағ билан таъминланиб, вазифа қўйишмаса биз нима қила оламиз? Ҳозирги кунда футболчилар ўз олдига аниқ бир мақсад ва вазифа қўйган жамоаларга йўл олишмоқда. Мана бу йили “Олмалиқ” ўз олдига вазифа қўйган. Шу боисдан уларга ҳозир исталган футболчи ўтиши мумкин. 2012 йилдан бошлаб “Насаф”га аввалгидек эътибор йўқ. Ҳомийимиз бўлмиш Шўртангазкимё мажмуасига минг раҳмат. Сўнгги паллада улар бизни ташлаб қўйишмади ва имкон қадар ёрдам бериб келишмоқда. Ҳомийлигимиз Тошкентда “Бунёдкор” стадионини қуриб битказди. Бу ҳам осон иш эмас. Янги директор келганидан сўнг аҳволимиз бироз яхшиланди. Бунинг учун Одил Темировга минг раҳмат. Одил Темиров энди аста-секин футболга қизиқишни бошлади. Лекин шуни унутмаслик керакки, биз тепага ҳам чиқмадик, пастга ҳам шўнғимадик. Жамоа бир текисда ўйнамоқда. Мана яқиндан бошлаб вазифа қўйиш бошланди.

(P.S.Интервьюнинг эртаси куни Шамил Ярулин бизга шуни маълум қилдики, эндиликда жамоа олдига бош вазифа қўйилган. Клуб бош менежерининг гапларига кўра, "Насаф" президенти жамоа олдига олтин медалларни қўлга киритишни бош вазифа этиб тайинлаган.)




- Сиз клуб менежери сифатида жамоа натижаларидан қониқяпсизми?

- Тўғрисини айтаман, йўқ. Осиё чемпионлар лигасида жуда катта ҳаракат қилдик. Ҳаражат қилмадик, фақат ҳаракат қилдик. Агарда ҳаражат бўлганида, балки ҳаракатларимиз самара берармиди. Лекин ҳозир ҳеч кимдан хафа бўлмаслигимиз керак. Мана ўша япониялик ҳакамдан ранжигандек бўляпмиз, аммо ўзимиз ўйнашимиз керак эди. Илҳом Шомуродовни ҳужумчи деб ҳисоблаймизда. Аммо ким нима деса-десин, лекин у “Насаф” даражасидаги ҳужумчи эмас. Агарда Шомуродов “Сўғдиёна”га ўтадиган бўлса, у жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланади. Ман уни танқид қилмоқчи эмасман, шунчаки “Насаф” янги даражага чиқди. Тўртта-бешта футболчимиз бор, майли исм-шарифини айтмайман. Улар ўз устида қаттиқ ишлашлари керак. Рой Рок, Артур Геворкяндан ўрнак олишлари лозим. Керак бўлса, мураббий келиб менга Шамил ака ман бу футболчини қўйиб юбордим, бизга тўғри келмади десин. Лекин Рўзиқул Бердиевни ҳам тушунса бўлади, Илҳом Шомуродовдан ташқари ҳеч ким бўлмаса қандай уни қўйиб юборади? ОЧЛда гуруҳдан чиқишимиз керак эди. Кейин “Олмалиқ”дан мағлубиятга учрамаслигимиз лозим эди. “Металлург” билан учрашувда имкониятни бой бердик. Ҳакамлар голимизни инобатга олишмади. Лекин барибир ўзимиз ўйнашимиз керак эди. Мана шу кўрсатган натижаларимиз мени қанотлантирмади.

- “Насаф” клуби трансферлар орқали пул ишлаб олишни кўзлаганми? Умуман клубга футболчилар бўйича расман таклифлар келиб турибдими?

- Ёш футболчиларимиздан Ислом Кенжабоев, Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробековлар бор. Агарда истасак, эртагаёқ уларни икки қўлимиздан олиб кетишади. Лекин биз ёшларимизни европага олсагина уларни бизга маъқул келмайдиган нархда ҳам бериб юборишимиз мумкин. Чунки улар у ерда футболчи сифатида ўсишади ва кейинчалик бизга бепул ижарага қайтиб келишади. Аммо ички чемпионатимиз жамоаларига уларни сотиш бизга маъқул эмас. Бу нотўғри йўл. Бу йўл билан биз керакни маблағни ҳам ишлаб ололмаймиз, ҳам бу футболчининг ўзига ҳам фойда келтирмайди. Бизни трансфер сиёсатимиз шуки, агарда футболчини сотсак, фақат европага сотамиз. Акс ҳолда уларни ўзимизда ўйнатамиз. Академиямиз аввало асосий таркибимизга футболчи етиштириб бериши лозим. Агарда шундан ортиб қолсагина қолган футболчиларни сотишимиз мумкин. Лекин биз масалан легионерларни сотиб олаверсак, унда академия нимага керак бизга деган савол туғилади. Академия ҳеч бўлмаса 20 фоиз болаларни бизга берса, шуларнинг 5 фоизини сотсак бўларди. Ҳозир санаб ўтган футболчиларимиз ҳеч бўлмаса Сардор Рашидовдек бўлсайди. Агарда мени қўлимда Сардор Рашидов бўлганидами, мен уни европага сотиб юборардим. Масалан Германияга. Икки йилдан сўнг қайтарди ўзимизга. Қайтганда ҳам ҳақиқий “юлдуз” бўлиб қайтарди. Лекин “Насаф”да Сардор Рашидовдек иқтидор эгалари йўқ.

- "Насаф" ёшлар жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келган Зафар Холмуродов истеъфога чиқарилди. Бунинг сабаби нимада? Холмуродов қўл остида "Насаф" ёшлари ёмон натижалар қайд этишмаётган эди.

-Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Зафар Холмуродов ўз аризасига биноан ишдан кетди. Зафар Холмуродов яхши мураббий бўлиб етишиши ҳали очиқ савол. У зўр футболчи бўлган, лекин бу унга яхши мураббий бўлиши учун етмаслиги мумкин. Зафар Холмуродов ўзи ҳам буни яхши тушуниб турибди. Кейин Холмуродовнинг шахсий муаммолари кўп. Агарда оилада муаммолар туғилаверса, унда ишингизга ҳам бу ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Холмуродов шахсий муаммолари туфайли кетди.

- Зафар Холмуродов “Насаф”нинг афсонаси ҳисобланади. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар футболчига ҳайрлашув учрашуви нарёқда турсин, стадиондан муносиб тарзда ҳам кузатиб қўйилмаган. Бунга муносабатингиз қандай?

- Мен келганда Зафар Холмуродов футболдан кетганди. Кўчада юрарди. Биз Рўзиқул Бердиев билан биргаликда уни ишга таклиф қилдик. Унинг ўзи айтди, мен мураббий бўлолмайман, мендан мураббий чиқмайди деди. Аввалига уни Бердиев ўзига ёрдамчи қилиб олди. Кейинчалик унга ёшлар жамоасини бердик. Мени фикримча, уч йил футбол ўйнамаган футболчини қандай қилиб кузатиб қўйиш мумкин? Бу мени шахсий фикрим. Энди кеч бўлганди. Биз Рўзиқул Бердиев билан Зафар Холмуродовни футболга қайтардик. Қолган ишни менга қадар ишлаган раҳбарият ёки мураббийлар қилиши керак эди деб ўйлайман. Биз имкон қадар Холмуродовни обруйини оширишга ҳаракат қилдик. Уни мураббий сифатида шакллантирмоқчи бўлдик. Лекин одамни ўзи истамаса қолгани бекор. Ўзига боғлиқ бўлган ишни инсон ўзи қилиши лозим. Яна қайтариб айтаман, Зафар Холмуродовни ҳеч ким бу ердан ҳайдамаган.

-“Насаф”нинг Кўчма Телевизион Станцияси бор эди. Қаршидаги футбол учрашувлари жонли эфирда экран юзини кўрарди. Бу нарса футбол мухлисларига қулайлик яратиб бераётган эди. Бироқ сўнгги йилларда КТС кўринмай қолди. Шу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз?

- Олдинги раҳбариятимиз шу ускуналарни сотиб олиб беришган. Бу жуда қулайликлар яратганди. Нафақат футбол ўйинлари, балки юртимиздаги катта тадбирларни ҳам бизнинг КТС тасвирга тушурган. Бунинг учун бизга бир қатор мақтов айтишган, раҳмат айтиб хатлар йўллашган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан бизнинг КТС ва “Бунёдкор”нинг КТС МТРКга берилсин деб Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқарилди. МТРК бизга ваъда бердики, “Насаф”нинг Қаршидаги барча ўйинлари, “Севинч” футбол клуби учрашувлари тасвирга олиниб, жонли эфирда кўрсатилади деб айтишган эди. Лекин ҳозирча бу ишлар амалга ошмади. Бу масала ҳали кўриб чиқилади. Ҳозирча жимлик.

- “Насаф”даги қайси футболчининг ўйини сизга кўпроқ манзур бўлади?

- Умуман олганда ҳаммаси яхши. Ҳеч кимни ажратиб бўлмайди. Агарда Артур Геворкянни айтсам, барча билади унинг зўрлигини. Футболчини нафақат ўйини, балки одамгарчилиги, муомаласига қараб ҳам ёқтириш мумкин. Жамоамиздаги футболчиларни ажратиб бўлмайди. Рўзиқул Бердиев йиғган жамоа бу бир катта оила. Баъзи футболчилар ўзимга укамдек, ўғлимдек десам ҳам бўлади. “Насаф”да ёмон футболчилар йўқ. Уларни ялқов ҳам деб бўлмайди. Вақти билан Фарруҳ Сайфиевни манзилига эътирозлар билдириб тураман. Лекин Сайфиев голларни ҳам уриб қўяди. Сайфиев жуда ҳаракатчан, тиришқоқ йигит. Элдор Суюновни олсак, бу бола Бердиев билан мени кўз олдимда катта бўлди. Унга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Суюнов “Машъал”дан келганида асосий таркибга ҳам кирмас эди. Мана ҳозирда терма жамоа даражасидаги футболчи бўлиб етишди. Мақсуд Каримов олайлик, қаерлардан келиб бизда ўйнамоқда. Хоразмдек узоқ жойдан келиб “Насаф” шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу ўзимизни йигит. Шу боладан келажакда зўр мураббий етишиб чиқади деб ўйлайман. Гапни тўғри гапира олади, муомаласи ҳам жойида. Жамоа ичида “авторитет”. Шуҳрат Муҳаммадиев бироз хомроқдир. Лекин унинг техникаси жуда юқори. Агарда ўз устида меҳнат қилса, у келажакда жуда зўр футболчи бўлиб етишади. Лекин футболчининг душмани жароҳат уни бироз тўхтатиб қўйганди. Ҳамза Каримов билан Ботир Қораев олсак, уларга минг раҳмат. Улар бошқаларга ҳақиқий ўрнак бўлишмоқда. Агарда Ботир Қораев ва Ҳамза Каримов бўлмаганида, Одил Ҳамробеков шу даражага чиқармиди? Ким билади. Ёшлар тажрибали футболчилардан ўрнак олишади. Бу футболчилар жамоамиз “оқсоққоллари” ҳисобланишади. Кейин Илҳом Юнусов ҳам жамоамизнинг энг тажрибали футболчиларидан бири саналади. Уни “тико” деймиз. Юнусов беш дақиқага бўлса ҳам майдонга тушса, ўйинга янги об-ҳаво киритиб беради. Вақти билан шартнома тузаётганда футболчилар асосан манга шунча ойлик берасиз дейди. Лекин “Насаф” шу нарсани кўрмадим. Шу сабабдан буларни барчасини ҳурмат қиламан. Бунинг учун Рўзиқул Бердиевга катта раҳмат. Мен кўп мураббийларни биламан. Масалан мен фақат сер Алекс Фергюссонни ҳурмат қиламан. У жамоани нолдан олиб чемпионлик даражасигача олиб чиқди. Энди Моуриньо олайлик, унга раҳбарият истаган футболчини олиб беради ва у кейин чемпион қилади. Лекин у ишни нолдан бошламаган. Жозе Моуриньо кимни хоҳласа унга клуб президенти шу футболчини сотиб олиб беради. Энди Бердиевни олайлик, унга жуда қийин. Рўзиқул Бердиев “Насаф”да ишни нолдан бошлади. У менга мана бу футболчини олиб берасиз демади. Ўзбекистонда ҳам менга бу футболчини олиб берасиз деб айтадиган мураббийлар жуда кўп. Масалан Олий лигада шундай жамоа борки, уларнинг таркибида бутун терма жамоа футболчилари ҳаракат қилишмоқда.

- Бу йилдан бошлаб чемпионатимизда келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланди. Очиқроқ гапирадиган бўлсак, шу ишлаган фаолиятингиз давомида келишилган ўйинларга дуч келдингизми?

- Очиғини айтаман, шунақанги тоифадаги ўйинларни сезганмиз. Лекин қўл билан ушламаганингиздан кейин бировни айблолмайсиз. Рости бу тоифадаги учрашувлар бўлганини сезганман. Лекин бу йилги мураббийлар ўртасида бўлиб ўтган мажлисдан сўнг кўпчилик жуда хурсанд бўлди. Шу давр мобайнида қилган ишларимиз расво бўлдида. Мана бу йилги “Металлург”га қарши учрашувимизни кўрмаган одамлар “Насаф” ўйинни сотди дейиши ҳам мумкин. Лекин биз ҳалол ўйнаб келяпмиз. Эски давр билан яшайдиган бўлсак, бу ўйинни сотганга чиқаришарди. Лекин барчага раҳмат, ҳозир ҳалол ўйинлар бўлмоқда. 2012 йилларда бизни уй учрашувларимизда мухлислар ташрифи кескин камайиб кетди. Кимдир артистларни чақириш керак деди. Лекин бу нарсалар ишқибозларни қайтара олмайди. 1970 йиллар Қарши шаҳридаги “Меҳнат” ўйингоҳида футбол бўларди. Ўшанда Блохин ва бошқа бир қатор футбол юлдузлари келишарди. Ўшанда биз футбол учун эмас, уларнинг номлари учун стадионга тушардик. Футболга қаерда тушунардик. Ўша шахсларнинг ўйинини кўраман деб стадионга ошиқардик. Футболни мухлислар учун ўйнаш керак. Бизлар ҳозирда фақат натижа йўлида ўйнаймиз. Вақти билан майдонда ётамиз, вақтни чўзамиз. Бизда битта футболчи бор. Салгина тегиб кетсангиз ҳам йиқилаверади. Шу футболчини кўп сўкаман. Нима демоқчиман, бизлар чиройли футбол кўрсатишимиз керак. Бизлар мухлисларни тарбия қилишимиз керак. Ишқибозлар Элдор Суюнов, Илҳом Шомуродовнинг ўйинини кўриш учун, улардан дастхат олиш учун ташриф буюришлари керак. Шунга уларни ўргатишимиз лозим. Мухлислар маданиятини кўтаришимиз зарур. Ўша кунги ОЧЛ доирасидаги “Ал Аҳли”га қарши баҳсдаги битта кичкина тош бизга 6 минг долларга тушди. Футболни театрга айлантиришимиз керак. “Насаф” агарда мағлуб бўлса, мен бир-икки кун кўчага чиқа олмайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.


Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика