UZ

Сўнгги янгиликлар

12:41"Валенсия" Рубен Барахани истеъфога чиқарди  0 12:21Про лигани қандай қутқариб қолиш мумкин?  1 11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  2 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  19 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  5 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0

Милош Трифунович: «Бразилия майдонларида Ўзбекистонни кўрсам хурсанд бўламан» Янгиликлар

Милош Трифунович: «Бразилия майдонларида Ўзбекистонни кўрсам хурсанд бўламан»

2011 йилги футбол мавсумини «Бун­ёдкор»да ўтказган Милош Трифунович айни пайт Хитойнинг «Ляонинг Хувин» клуби шарафини ҳимоя қиляпти.
Сербиялик ҳужумчи қисқа вақт ичида олий лигамиз тўпурари бўлиш баробарида маҳаллий ишқибозларнинг ёқимтойига ҳам айланиб улгурганди.

 Милош профессионал фаолиятини Сербиянинг дунёга машҳур «Црвена Звезда» клубида бошлаб, кейинчалик «Бежания», «Земун», «Белград», «Борац», «Явор», Черногориянинг «Единство», Швециянинг «Хальмстад» жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Ўтган йил январь ойида эса Хитой клуби Трифунович трансферини ўзи учун рекорд сумма - 1,5 млн. еврога сотиб олди. Биз ўзбек футболи тарихида қолган (бош тўпурар бўлгани назарда тутиляпти, - муал.) иқтидорли ҳужумчи билан боғланиб, эксклзюзив интервью олдик.

— Милош, қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни футболга кириб келган даврингиз, бу спорт турини танлашингизга сабаб бўлганлар, мураббийларингиз ҳақида бошласак.

— Ҳар доим болалик йилларимни ширин хотиралар билан ёдга оламан. Миллионлар ўйинини ҳамма қатори ўз даврининг машҳур футболчиларига ҳавас қилган ҳолда танлаганман. Кўп йиллар давомида Мадриднинг «Реал» клуби таркибида тўп сурган Предраг Миятовичнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Деян Савичевични эса кумирим сифатида биламан. Ортга назар ташласак, собиқ Югославиядан кўплаб забардаст футболчилар етишиб чиқишган. Номларни узоқ вақт санаш мумкин. Уларга ҳар томонлама муносиб бўлишга ҳаракат қиламан. Илк мураббийим - Томислав Миличич. Белграднинг «Црвена Звезда» ёшлар жамоасида шу мутахассисдан сабоқ олдим. Маҳаллий «Бежания», «Земун» каби жамоаларнинг ёшлари сафида ўйнадим. Кейинчалик «Единство», «Борац», «Явор», «Рибница», «Белград» ҳамда Швециянинг «Хальмстад» клубларида ўз кучимни синаб кўрдим. 2009 йилнинг 30 декабрь куни «Црвена Звезда» билан шартнома имзоладим. Сербиянинг фахри ҳисобланган жамоада 11-рақам остида ўйнадим. «Бунёдкор»га ҳам айнан «Црвена»дан ўтдим. Тан олиш керак, Белград клуби Европада бундан 15-20 йиллар муқаддам бўлгани каби катта мавқега эга эмас. Бугунга келиб жамоанинг халқаро обрўси бироз тушган. Ўша пайтда мамлакатда нотинч вазият, уруш ҳукм сурди, бунинг натижасида бир нечта мустақил давлатлар юзага келди ва охир-оқибат минтақада футбол савияси пасайди. Лекин «Црвена» Европанинг кўзга кўринган клубларига ёш истеъдодларни етказиб беришдек шонли анъанасини сақлаб қолди. «Кўҳна қитъа» клублари селекционерлари 15-16 ёшли истеъдодларни «илиб» кетишяпти. Ўйлайманки, яқин йилларда «Црвена Звезда» аввалги мавқеини тиклаб олади.

— «Бунёдкор»га ўтишингиз тарихи қандай бўлганди?
— Футбол агентлари орқали жамоа кўригига таклиф қилишди. Кучимни янги муҳитда синаб кўришга мойил эдим. Руминиянинг «Стяуа» клубига қарши кечган ўйинда майдонга тушдим. Ҳаракатларим мураббийлар штабига маъқул келди, шекилли, кейинги назорат ўйинларида ҳам ишонч билдиришди. Клуб билан шартнома имзолашдан олдин «Пахтакор» таркибида тўп тепаётган Боян Миладинович билан маслаҳатлашдим. «Бун-ёдкор»ни танлаб адашмаган эканман.

— Тошкентга келишингиздан аввал ўзбек футболи ҳақида бирор маълумотга эгамидингиз?
— Албатта. Ўзбекистон футболи ҳақида кўп эшитгандим. Россия ва Украина чемпионатида ўйнайдиган легионер футболчиларингизни билардим. Ўзбекистон чемпионатида ўйнашим аниқ бўлганидан сўнг бу юрт футболи ҳақидаги билимларимни интернет хабарлари асосида бойитиб бордим. Ўша пайтда аксарият ўзбек клубларида болқонлик футболчилар ўйнашарди.

— Голни ҳали ҳам ўзига хос тарзда, яъни ҳеч қандай дабдабасиз нишонлаяпсизми?
— Мен аввалги жамоаларимда ҳам шундай йўл тутардим. Зеро, гол уриш орқали ўз вазифам ва мажбуриятимни бажараман, холос. Шунинг учун сальто ошмайман, самолёт каби учмайман, каратэ кўринишларини намойиш этмайман ёки чимга ўзимни улоқтирмайман.

— Фаолиятингизни «Бунёдкор»да давом эттиришингизга нима тўсқинлик қилганди?

— Тошкентда ижара шартномаси асосида ўйнадим. Менимча, клуб раҳбарияти келишувни узайтириш масаласида «Црвена» билан бир тўхтамга келолмади. Белград клуби мен учун катта маблағ талаб қилган бўлса керак, назаримда. Шу орада «Ляонинг»дан молиявий томондан яхшигина таклиф тушди ва «Црвена Звезда» раҳбарияти трансферимни тўлалигича сотди.

— Ўзбекистон миллий терма ҳимоячиси Шавкат Муллажонов айнан сизнинг жамоадошингиз ҳисобланади. Қолаверса, Хитой чемпионатида Анзур Исмоилов ва Егорь Кримец ҳам тўп суришяпти. Улар билан мулоқот қилиб турасизми?

— Бўлмасамчи? Айтганингиздек, Шавкат билан бир жамоа шарафини ҳимоя қиляпмиз. У майдонда бўлган пайт ҳимоя ҳақида кўпам қайғурмаймиз. «Чанчунь Ятаи» клубида Анзур ўйнаяпти. Исмоилов билан «Бунёдкор»да бирга тўп тепгандик. Қолаверса, «Пекин Гуоан» таркибида ҳаракат қилаётган Кримец билан ҳам гаплашиб турамиз. Энди бу ҳолат асосан ўзаро тўқнаш келган ўйинларимизда рўй беради.

— Сўнгги йилларда Хитой клублари ҳам араб жамоалари сингари асосан легионерлар орқали чемпионатни кучайтиришга ҳаракат қилишяпти. Нима деб ўйлайсиз, бу усул савиянинг ошишига қанчалик хизмат қиляпти?
— Хитой супер-лигаси Осиёдаги энг кучли 5та чемпионат сирасига киради. Фаолиятим давомида Сербия, Черногория, Швеция, Ўзбекистон чемпионатларида ўйнашимга тўғри келди. Ҳозир уларни бир-бири билан таққосламоқчи эмасман. Ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша кучли ва шу билан бирга заиф томонлари бор.

— Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан таклифлар тушмаганмиди?
— Йўқ. Чунки «Црвена» мен учун катта маблағ сўраганди.

— Умуман, юртимиздан қандай таассуротлар билан кетдингиз?
— Таассуротлар бир олам. Тошкент мен бўлган шаҳарлар орасида энг гўзали. Бу сўзларни ҳеч муболағасиз айтишим мумкин. «Бунёдкор» таркибида ОЧЛда ўтказган ўйинларим бир умр хотирамга муҳрланди. Тошкентда қисқа муддат яшаган бўлсамда, у иккинчи ватанимга айланиб улгурганди. Қолаверса, қитъанинг клублар миқёсидаги энг яхши турнирида иштирок этиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

— Ўзбекистонда сизга нима кўпроқ маъқул келдию, аксинча, нима ёқмади?
— Биргина мусиқа бобида кичик эътирозим бор. Энди ҳар бир миллатнинг ўз мусиқаси, маданияти бўлади. Қолган барчаси супер эди. Айниқса, «Бунёдкор» мухлисларининг қўллаб-қувватлашларини ҳеч қачон унутмайман. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйин давомида футболчининг исмини айтиб, кўнглини кўтариб туришарди.   

— Демак, имконият туғилса, «Бун-ёдкор»га қайтишга қарши эмассиз...
— Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

— Тошкентда қайси футболчилар билан яқин дўстлашгандингиз?
— Ҳамюртларим Саша ва Славолюб Жоржевич, шунингдек, Акбар Тўраев, Акмал Шораҳмедов билан қалин дўст эдик.

— «Бунёдкор» иштирокидаги ўйинларни кузатиб боряпсизми?
— Очиғини айтсам, «Пекин» клубига қарши кечган ОЧЛ доирасидаги ҳар икки ўйинини кўрдим, холос. Миллий чемпионат учрашувларида қайд этаётган натижаларидан эса клуб расмий сайти орқали хабар топяпман.

— «Ляонинг» раҳбарияти жорий мавсумда жамоа олдига қандай вазифа қўйган?
— Хитой клубларининг деярли барчаси жуда яхши инфратузилма, стадион, юқори сифатли майдонга эга. «Ляонинг» ҳам шулар жумласидан. Тўғри, ўтган йилги мавсумни кўнгилдагидек ўтказолмадик. Лекин клуб раҳбарияти тегишли хулосаларни чиқариб олди. Бу йил ОЧЛга йўлланма берувчи ўринлар учун курашяпмиз. Ўйлайманки, бу вазифани бажаришга қодирмиз. Бизда аҳил жамоа бор. Кўз тегмасин, мураббийлар билан ҳам муносабатларим аъло даражада.

— Легионер футболчилар учун ҳамиша ўзга мамлакат чемпионатида ўйнаш қийинчилик туғдирган. Қайси мамлакат ички биринчилигида ўзингизни яхши ҳис қилмагансиз ёки машаққатга дуч келгансиз?
— Ҳар бир нарсанинг бошланиши қийин кечади. Секин-асталик билан муҳитга мослашилади. Масалан, «Бунёдкор»да ҳам ўйнаб кетишим осон кечмаган. Яъни бошида дарвозани ишғол қилолмаганман. 4-5та тур учрашувидан сўнг ўйиним очилиб кетган.

— Футболчининг оиласига янада қийин: ватандан узоқ бўлиш баробарида турли мамлакатларнинг урф-одатлари, яшаш тарзига ҳам мослашиши керак...
— Футболчининг қисмати шу. Қайси давлат чемпионатида ўйнамай, рафиқам, фарзандларим мен билан бирга бўладилар. Бу нарса жуда муҳим. Оила аъзоларинг ёнингда туришса, кўнглинг хотиржам, ахир...

— Илк профессионал шартномангиз ёдингизда бўлса керак...
— Албатта. 2002 йили Сербия 2-лигаси вакили «Рибница» билан шартнома тузгандим. Илк маошни ҳам шу клубдан олганман.

— Агар футболчи бўлмаганингизда, қайси соҳани танлардингиз?
— Бу ҳақда ўйламаган эканман. Балки адвокатлик касбини ўзлаштирармидим?

— Ўз амплуангиздаги қайси футболчиларнинг ўйинларидан завқланасиз?
— Тьери Анри ва бир неча йил олдин фаолиятини якунлаган Деян Савичевичнинг ўйинларига ҳавас қилганман.

— Замонвий футбол юлдузлариданчи?

— Криштиану Роналду...

— Шу ой Монакода Европанинг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчиси номи эълон қилинади. Ҳозирда уч футболчи (Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Франк Рибери) бу номга даъвогарлик қиляпти. Сизнингча, «улоқ» кимга насиб этади?
— Мессининг имкониятлари юқорироқ бўлсада, Роналдунинг ютишига хайрихоҳман. Менга қолса, Криштиануга овоз бераман. У ўтган мавсум ЕЧЛда тўпурар бўлди, ахир.

— Ёшлигингизда қайси клубда ўйнашни орзу қилгансиз?
— «Црвена Звезда»да. Фаолиятимни ҳам шу клубда якунлашни хоҳлайман.

— Севимли жамоангиз?
— Шубҳасиз, «Црвена Звезда».

— Ўзбек таомлари сизга манзур бўлганмиди?
— Гап йўқ. Хитойнинг нисбатан аччиқ таомлари билан таққослаганда, супер. Сербия ва Ўзбекистон таомлари эса бир-биридан унчалик фарқ қилмайди. Бу борада ҳеч қандай муаммога дуч келмагандим. Ошнинг таъми оғзимда қолган. Қани энди ҳозир бир лаган ош бўлса (кулади).

— Сўнгги пайтларда Сербия терма жамоасининг ЖЧ ва Европа чемпионатлари саралаш босқичидаги иштирокини ижобий баҳолаб бўлмайди. Бу пасайишни нима билан изоҳлаш мумкин?
— Савол Сербия футбол ассоциацияси раҳбарларига тегишли. Синиша Михайлович ўйнаган пайтлар терма жамоа жуда кучли ўйин кўрсатарди. Ҳозир ҳам жамоа таркибида дунё футболи даражасидаги юлдузлар жам бўлишган. Сербияни бемалол жаҳоннинг 10-15та топ терма жамоаси сафига киритиш мумкин. Аммо натижа шунга монанд эмас. Бу савол мени ҳам ўйлантиради...

— Милош, суҳбат учун раҳмат. Келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз.

— Сизга ҳам раҳмат. Ўзбекистон миллий терма жамоасига Иордания билан бўлиб ўтадиган ЖЧ-2014 «плей-офф» ўйинларида омад тилайман. Терма жамоа таркибида кўплаб дўстларим ўйнашади. Агар келгуси йили Бразилия яшил майдонларида ўтадиган мундиалда Ўзбекистон термасини кўрсам, бағоят хурсанд бўлардим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика