UZ

Сўнгги янгиликлар

23:00Миллатлар лигаси. Англия, Австрия, Норвегия ва Қозоғистон термалари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтмоқда (онлайн ҳисоб)  5 22:38Рамос "Реал"га қайтадими?  0 22:06Канте Ла Лига топ клубига ўтиши мумкин  1 20:55Неймар "Сантос" билан келишувга эришди ва "Ал Ҳилол" билан шартномани бекор қилишни муҳокама қилмоқда  1 20:28"Барселона" Шенсни билан шартномани узайтириши мумкин  6 19:57"Реал" агар Дэвисни харид қилса, Гутьерресни "Жирона"дан сотиб олмайди  0 19:25"Милан" "Реал" футболчисига қизиқмоқда  4 18:53Футзал. 2-турга старт берилди  1 18:16Кейн АПЛга кичик ўзгартириш киритиш кераклигини айтди  0 17:59Ямаль "Сельта"га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушмаслиги мумкин  10 17:37Беллингем нимадан норози?  10 17:21Назорат ўйини. "Локомотив" "Олимпик"ни мағлуб қилди  1 16:46Суперлига-2024 рамзий термаси эълон қилинди  11 16:14"Goal" Африканинг XXI асрдаги энг яхши футболчилари рейтингини тузди  12 15:54"Аякс" логотипини ўзгартиради  0

“Келишилган ўйинлар қироли”. VIII боб Янгиликлар

“Келишилган ўйинлар қироли”. VIII боб

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг саккизинчи бобини тақдим этамиз.
«СИНЬОРИ ЎЙИННИ СОТИШГА ТАЙЁР ФУТБОЛЧИЛАРНИ БИЛАРДИ»

2008 йил ноябрь ойининг бошида Ливандаги «агентим» менга уларнинг 19 ёшгача бўлган ўйинчилардан иборат терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишини маълум қилди.  Мен яхши пулга ишлашни истайдиган бир қанча ливанлик ўйинчилар албатта топилади, деган ўйда Дамашққа учиб бордим ва улар билан учрашдим. Футболчиларга Шимолий Кореяга тўрт тўп фарқи билан ютқазишлари кераклигини айтдим. Улар бу вазифани аъло даражада уддаладилар. Хитойга қарши ўтадиган навбатдаги ўйин олдидан коэффициентлар шубҳали тарзда тушиб кетди. Бу ўйинни бошқа биров сотиб олганлигини  англатарди. Яна келишилган ўйинларнинг қироли ким, деган унвон учун мусобақа бошланганди. Кўп ўтмай Сингапурдан менга Дан қўнғироқ қилиб қолди:
- Нималар бўляпти? Хитойликлар ҳам иш устида чоғи...
Ливанликлар ҳисобни очишди, аммо кўп ўтмай ўйинни «ташлаб» юбордилар. Бу эса хитойликларга қўл келиб, улар жавоб тўпини киритишди. Иккинчи бўлимда хитойлик мураббий захирадан бир йигитчани майдонга туширди ва у дублни расмийлаштирди. Афтидан ўша йигитча келишувдан бехабар кўринади. Унинг шарофати билан ливанликлар керакли 1:3 ҳисобида ютқаздилар.
ЖЧдан сўнг Чилига учиб бориб, 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мундиални кўришни режалаштиргандим.  Бразилияга ташриф буюришни истагандим. Сан-Паулуга қўнганимдан кейин Бразилия таътилни ўтказиш учун орзудаги жой эмаслигини тушуниб етдим. Кундузлари ҳаммаси ажойиб, аммо тунда сизни ўлдириб кетишлари ҳам мумкин. Оқшом тушганидан кейин меҳмонхонани тарк этишни истамасдим. Зерикканимдан онлайн орқали Бразилия чемпионатидаги ўйинларга пул тикиб ўтирдим. Одатда бундай кезларда кўпинча ютардим. Чунки шу иш билан шуғулланишни бошлаганимдан бери ким ғолиб чиқишини олдиндан айтиб берардим ва камдан-кам ҳоллардагина хатога йўл қўярдим. Турнирнинг даражаси қанчалик паст бўлса, тахминларингиз деярли тўғри чиқаверади. Аввалига ҳисобимда 30 минг доллар бор эди. Мен уларни 2,5 миллион долларга айлантирдим. Бу ҳеч бир келишувсиз мен қўлга киритган энг катта пул эди.

Агар ўрнимда бошқаси бўлганда пулларни қўлга киритганидан сўнг ўша заҳоти Сингапурга қайтган ва ставкаларни бир умрга эсдан чиқарган бўларди. Лекин мен ўйинчиман. Чемпионлар лигаси ва тасодифий ўйинлар учун пулларни тикишда давом этдим. Бир ҳафта ичида салкам 1,5 миллион доллар ютқаздим. Осон келган пуллар шундай тарзда қўлдан кетди. Ҳаётимда миллионларга бир неча бор эга бўлганман: 1996 йили, 1997 йили, 2009 йили икки бор ва 2010 йили бир бор. Ва ҳар сафар пуллар бамисоли қум сингари кафтларим орасидан тўкилиб кетган.

ОКЕАН ОРТИДАГИ САРГУЗАШТЛАР
Бразилиядан ниҳоят Чилига учдим. ЖЧ қатнашчилари билан олдиндан келишиб олмагандим. Мен биринчи учрашувларда имкониятни бой берган терма жамоаларга чиқдим. Конго ДР терма жамоаси икки бор ютқазганди. Аммо француз тилини билмасдим. Чилидан Ямайкага учиб бордим. Бу ерда Кариб Кубоги ва келаси йили АҚШ қабул қиладиган КОНКАКАФ Кубогининг саралаш баҳслари ўтказиларди. Ямайка - беқиёс мамлакат. Мен КОНКАКАФ Олтин Кубогида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган терма жамоалар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилдим. Гренадалик йигитлар билан танишдим ва ҳатто уларга бироз пул бердим. Кейин кубаликларга чиқдим. Ўзим учрашган 10 нафар футболчининг ҳар бирига минг доллардан беришни режалаштиргандим. Банкнотларни санар эканман, кубаликларнинг кўзлари чақнаб кетарди:
- Бу ҳақиқий долларларми?
- Албатта.
Улар яп-янги пулларни қўлларида у ёқ бу ёққа айлантирар эканлар, сал бўлмаса ақлдан озишга яқин қолардилар. Чунки улар бунча пулни умрида кўрмагандилар. Биз тезда тил топишиб олдик. Океан ортига қилган саёҳатим ёмон чиқмади.

ЯНА ОСИЁДА

Декабрь ойида Баҳрайнга учиб келдим. У ерда маҳаллий терма жамоа Сурия билан ўртоқлик учрашувида беллашиши керак эди. Баҳрайнда ярим профессионал лига бор. Шунинг учун бўлса керак, мухлислар у қадар кўп эмас. Стадионга нари борса 20 киши ташриф буюради. Баҳрайннинг пойтахти Манама Дубайдан кичикроқ. У ерда спиртли ичимликларни сотишади ва кўнгилхушлик қилиш мумкин. Шу боис Саудия Арабистонидан Манамага автомобиллар бамисоли кети кўринмайдиган карвондек оқиб келади. Баҳрайнда сунъий ва шиа мазҳабларига мансуб мусулмонлар ўртасида кескин қарама-қаршилик юзага келган. Шиалар озчиликни ташкил этишади. Уларнинг деярли ҳаммаси такси ҳайдайдилар. Саудия Арабистони ва Баҳрайнда худди шундай кўриниш юзага келган. Аммо Эронда шиалар мамлакатни бошқарадилар.

Баҳрайнда ҳаммасини мамлакатни бошқараётган оила ҳал қилади. Одамлар ҳозиргача ўзларини қулдек ҳис қиладилар. Уларни тушунаман. Чунки Сингапурда ҳам худди шундай. Етакчи партия ҳаммани бошқаради. Давлат хизматчилари ишдан бўшатиб юборамиз деган таҳдид орқали Халк партиясини овоз беришга мажбур қиладилар. 1995 йилгача бизда сунъий йўлдош орқали намойиш этиладиган ТВга рухсат бермаганлар, шунинг учун ЖЧни кўриш учун қўшни Индонезияга йўл олардик.
Баҳрайнда Сурия терма жамоасининг футболчилари билан танишиб қолдим.

- Сурия чемпионатида бизнесингизни йўлга қўйишингизда ёрдам бераман, - дея таклиф қилди улардан бири. - Юртимизга борсангиз, ҳаммасини ўзингиз кўрасиз.
Мен унинг телефон рақамини ёзиб олдим. Пуллар коррупцияга замин яратади. Умуман пули бўлмаганлар кўп нарсага тайёр турадилар. Агар ўйинчига таклиф билан чиқсанг, у ҳаётида бирор марта кўрмаган пулга эга бўлиш учун сенга рад жавобини бера олмайди. Албатта, мусулмонларда пора олиш гуноҳ ҳисобланади.
Лекин бу ўйинчилар Муборак, Каддафи ёки Ассадни қандай йўллар билан бойишларини билмайдилар. Табиийки, уларнинг орасида ақидага қаттиқ ёпишиб олмайдиганлар ҳам топилади. Мен кабилар учун пуллар букмекерлик сайтларидаги оддий рақамлар ҳисобланади. Бир зумда бойиб кетиш ва кўз очиб юмгунча банкрот бўлиш бизни пуллар хусусида кўп қайғурмасликка ўргатган эди. Сурияликларни сотиб олишга ҳаракат қилдим, бироқ эплай олмадим. Аниқроқ айтганда, кераклиги даражада сотиб олмадим. Менда дарвозабон йўқ эди. Жамоалар 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашди. Учрашувдан кейин мени Баҳрайн ФАдаги муҳим одамларга таништирдилар. Мен бош котиб Аҳмад Яссим билан учрашдим. У мени ҳамма нарсага қурби етадиган шайх Али бин Халиф Ал Халиф яъни, футбол ассоциациясининг президенти билан таништириб қўйди. Албатта, улар қандай ишлар билан шуғулланишимдан бехабар эдилар. Бу кишилар хорижий терма жамоаларни олиб кела оладиган «агент» билан танишганларидан жуда хурсанд бўлдилар.

- Бизга хорижий терма жамоалар камдан-кам ташриф буюришади. Сиздек киши билан танишганимиздан хурсандмиз, - дейишди улар.
Хуллас, ўзаро қўл ташлашдик. Таклиф юбориш ва ўйинни уюштириш улардан, қолган ишлар эса менинг зиммамда. Муносабатимиз тез орада ажойиб кўриниш олди. 2009 йилнинг январида Муруган иккимиз Қатарга келган пайтимизда Дан билан учрашгандик. Доха ўшанда ёшлар ўртасидаги ўртоқлик турнирини қабул қилганди. Сурияликлар билан тил бириктирдик, улар Сербияга ютқазишлари керак эди. Аммо уларнинг устози бутун ўйин давомида худди телбадек шогирдларига тинмай бақирди ва бирор марта ҳам ўрнига келиб ўтирмади. Учрашув голсиз дуранг билан ниҳоясига етди.

- Майдон четидаги телба тинмай бақирар экан, ўйинчилар қандай қилиб ютқазишлари мумкин?  - дея ҳайрон бўлди Дан.
Стадионда серб делегациясининг расмий шахслари билан учрашиб қолдик ва Дан уларга ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.  Ортга қайтаётган пайтимизда у стюардессалардан бирининг ортидан қолмади. Дан ўзини ҳақиқий боссдек тутмай, ҳамманинг диққатини ўзига тортишни истайдиган эркатой болакай қиёфасига кирганди. Самолётда учиб борар эканмиз, 2001 йили ЧЛда «Фенербахче» - «Барселона» клублари ўртасидаги учрашув чоғида стадионда чироқ ўчиб қолганини эсладик. Мен бу ишни Пал уюштирган бўлса керак, деб ўйлагандим.

- Йўқ, буни Пал эмас, балки мен ташкил қилганман. Биз хитойлик икки шоввоз билан келишгандик. Улардан бири билан бизнесимни бўлишардим. Уни қарзлар туфайли Таиландда ўлдириб юборгандилар.
Шунда мен гап Пал ҳақида кетаётганини тушундим.
- Брайан стадионда чироқни ўчириб қўйиш билан боғлиқ ғоясини ўртоқлашганди. Туркияга учиб бордим ўша ерда яшайдиган ва турк аёлига уйланган хитойлик билан танишдим.  Биз режа ишлаб чиқдик. Хитойликнинг Туркия ва Молдавияда катта алоқалари бор эди.  Испан клубларининг Туркияда ютмаганлигини билганимиз учун «Фенер»га тиккандик. Хитойлик керакли паллада чироқни ўчириб қўйиш учун альпинистни ёллади. Ўйинни тўхтатиб қўйишади ва ставкам иш беради, деб ўйлагандим. Аммо ҳаммаси бошқача кечди.
- Катта пул йўқотдингми? -сўрадим мен.
- Жуда ҳам кўп. Стадионда қўшимча генератор борлигини билмагандик.  Чироқни ёқишди ва ўйин давом этди. Хитойлик шеригим шундоқ ҳам қарзлар гирдобида қолгани ва бир ўйин билан аҳволини яхшилаб олишдан умид қилганини айтди. Лекин қарзларга янада чуқурроқ шўнғиди. Ўша ўйин бечорани адои тамом қилди.
- Чироқни ўчиришни Брайан эмас, балки мен ўйлаб топгандим.
Дан бироз жим қолди ва шундай деди:
- Яхшиси стадионда граната портлатган маъқул.
Эртаси куни Дан , Адмир ва мен Ханойга қараб учдик. У ерда Осиё Кубоги саралаш баҳслари доирасида ўтадиган Вьетнамнинг Ливанга қарши ўтказадиган ўйинини сотиб олмоқчи эдик.

(Давоми бор)

Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика