UZ

Сўнгги янгиликлар

12:16ОКМК ОАВ вакиллари ва мухлисларни ҳисобот конференциясига таклиф этмоқда  0 11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  1 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  9 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  4 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7

Жанубий Кореяда дастлабки босқич ортда қолди - "Кванджу" сенсация соҳиби, Рустам Ашурматов билан суҳбат Янгиликлар

Жанубий Кореяда дастлабки босқич ортда қолди - "Кванджу" сенсация соҳиби, Рустам Ашурматов билан суҳбат

Жанубий Корея юқори дивизионида дастлабки босқич ортда қолди.

12та клуб жамғарган очколарига қараб юқори олтилик ва пастли олтиликка бўлинди. Қувонарлиси Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рустамжон Ашурматов тўп тепаётган "Кванджу" клуби ҳам кучли олтиликка кира олди.

Олдинги икки йилни К Лига 2'да ўтказган "Кванджу" бу мавсум юқори лигага қайтди. Табиийки қуйи лигадан чиққан клубнинг дарҳол кучли олтиликка киришини кўпчилик кутмайди. Бироқ бош мураббий Парк Жин Суб бошчилигидаги "Кванджу" биринчи босқичнинг сўнгги турда 7-ўриндан 6-ўринга чиқа олишди ҳамда ўзига хос сенсация намойиш этишди.

Жамоа 14-турдан 20-тургача ўтган 7та ўйиннинг ҳеч бирида ютқазмади. Бу орада Кореянинг икки гранди "Ульсан" билан ҳам, "Чонбук" билан ҳам дуранглар қайд этилди. Биринчи босқичнинг сўнгги турида сафарда Жамшид Искандеров ўйнаётган "Сеонгнам" мағлуб этилди ҳамда тўплар нисбатига кўра Икром Алибоев фаолият олиб бораётган "Сеул" ортда қолдирилди.

Энди иккинчи босқичда 6та клуб ўзаро бир мартадан ўйин ўтказишади. Яъни ҳар бир клуб 5тадан учрашувда майдонга тушади. Тақвимга кўра кучли учликдаги учта клуб ўз майдонида 3тадан ўйин ўтказади, қолган уч жамоа эса ўз уйида иккитадан учрашув ўтказади.

Рустам Ашурматов ўйнаётган "Кванджу" (Gwangju FC) клубининг бу мавсумдаги қолган ўйинлари:
27 сентябрь

Поханг Стилерс - Кванджу

3 октябрь

Кванджу - Тэгу

18 октябрь
Чонбук Хюндай Моторс - Кванджу

25 октябрь

Кванджу - Сангжу Сангму

1 ноябрь
Ульсан Хюндай - Кванджу


Ўзбекистонлик Икром Алибоев фаолият олиб бораётган "Сеул", Жамшид Искандеров тўп тепаётган "Сеонгнам Илва Чунма" ва Достонбек Турсунов ўйнаётган "Пусан ИПарк" клублари афсуски кучли олтиликка кира олишмади. Бу жамоалар энди олдиндаги 5та турда лигада қолиш учун кураш олиб боришади. Барча ҳамюртларимизга ва уларнинг жамоаларига омад тилаймиз.



П.С. Айни пайтда 4-ўриндаги "Сангжу Сангму" клуби ҳарбий клуб ҳисобланади ва бу мавсум қайси ўринни эгаллашидан қатъий назар қуйи лигага тушиб кетади.



Ушбу кичик муваффақият билан табриклаш учун Рустам Ашурматов билан боғландик ва унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.


- Жамоа кучли олтиликка киришига қачон умид уйғонди?

- Аслида мавсум бошида жамоа олдига лигада қолиш вазифаси қўйилганди. Бироқ бошқа клублар билан тенгма-тенг ўйнай олаётганимизни кўрган жамоа мураббийлари кучли олтиликка киришга ҳаракат қиламиз деб айтишди.

- Мавсум бошида биринчи мақсад лигада қолиш бўлган бўлса керак. Бу вазифа уддаланди. Эндиги мақсад қандай?

- Тўғри, дастлабки вазифани ортиғи билан бажара олдик. Бундан хурсандмиз. Сўнгги 5та турда кучли клубларга муносиб қаршилик қилиш ҳамда имкони борича юқорироқ ўринни эгаллашга интиламиз.

- "Кванджу" олдиндаги 5та турда максимал очко тўпласа ҳам кучли учликка кира олмайди. Бу ўйинларда жамоа қандай мақсадни кўзлаб майдонга тушади? Мотивация нима бўлади?

- Тўғри айтдингиз, нафақат учлик, балки тўртинчи ўринга чиқиш ҳам қийин бўлади. Айни пайтда реал олиб қарайдиган бўлсак бешинчи ўринга чиқиш учун курашсак бўлади. Буни амалга оширишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Мотивация - бу ҳар бир баҳсда ғалаба учун майдонга тушиш.

- Ортда қолган 22та турда 20 марта майдонга тушдингиз. Жамоадаги қолган ҳеч қайси ҳимоячи бунчалик кўп ўйнамаган. Барқарорликнинг сири нимада?

- Биринчи ўринда мураббий ишончи. Агар мураббий ишонсагина футболчи майдонга тушиб яхши ўйин кўрсата олади. Барча учрашувларда мураббийнинг менга ишонаётганини кўриб ҳаракат қилдим. Балки шунинг учун ҳам бошқаларга қараганда кўпроқ ўйнагандирман. Бу менга қўл келмоқда ҳамда кучли ҳужумчиларга қарши баҳсларда ўз навбатида тажрибамни ошириб бораяпман.

- "Кванджу" сафида коста рикалик ҳужумчи Маркос Уренья ҳам бор. Лекин у атиги 7та учрашувда майдонга тушибди. Бунинг сабаби жароҳатми?

- Йўқ, унда жароҳат йўқ. Шунчаки мураббий билан тил топишиб кета олмади. Шунинг ҳисобига жуда кам ўйнади. Лекин асосий таркибда ўйнашга муносиб футболчи, шу билан бирга Коста Рика терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.



- Иккинчи босқичда 2та ўйинни уйда ўтказасизлар, 3та учрашувни сафарда. Рақиблар ҳам жуда кучли. Томошабинларсиз ўтаётган ўйинларда уй фактори роль ўйнаяптими?

- Тўғрисини айтсам, уйда ўйнаш барибир қулайроқ. Сабаби шу ерда кўп ўйнайсиз, майдоннинг ҳар бир қаричини жуда яхши биласиз. Лекин бизнинг жамоага уйдан кўра сафарда ўйнаш яхшироқ деб ҳисоблайман. Сабаби уй стадионимиздаги майдон сифати у қадар яхши эмас. Қолган клубларнинг майдонида эса муаммо йўқ. Таъкидлаш лозимки, биз уйдан кўра сафардаги баҳсларда кўпроқ ғалабага эришдик. Шу боис бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ деб айта оламан.

- Шу йил охирида клуб билан тузган шартномангиз тугайди. Рустам Ашурматовни янги мавсумда бошқа клубда кўрамизми?

- Ҳа, шартномам шу йил охирида ўз ниҳоясига етади. Агар ҳозирги клубимдан кучлироқ клубдан таклиф бўлса албатта кўриб чиқаман, агар ундай бўлмаса клубда қоларман. Барчасини вақт кўрсатади. Ҳозир бор эътиборим олдиндаги 5та турга қаратилган. Мавсум тугаганидан кейин бемалол қарор чиқариш учун вақтим бўлади деб ўйлайман.

- Жанубий Корея юқори лигасидаги қолган ўзбекистонлик футболчилар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Футболчиларимизнинг барчаси ҳар хил ҳолатда. Масалан, Икром Алибоев "Сеул"га янги мураббий келганидан кейин умуман ўйнамаяпти. Мураббий уни бир марта бўлса ҳам майдонга тушириб синаб кўргани йўқ. Бунга айнан нима сабаб бўлганини тўғриси билмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки Алибоев бу мураббий келгунига қадар яхши ўйнаб келаётганди. "Пусан ИПарк" аъзоси Достон Турсунов эса сўнгги турларда жуда яхши ўйнамоқда. Тўғри мавсум бошида балки янги жамоага мослашиш қийин кечгандир. Лекин айни пайтда жуда ҳам яхши формада. "Сеонгнам"да ўйнаётган Жамшид Искандеров доим ўйинларда иштирок этмоқда. Баъзида асосий таркибда, баъзида захирадан майдонга тушмоқда. Менимча бу ҳолат мураббийнинг тактикасига боғлиқ бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда ўзбекистонлик футболчилар майдонга тушган ўйинларда ўзларидан ёмон таассурот қолдиришмаяпти. Шуни таъкидлашни истардимки Жанубий Кореяда ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш анчагина ортган.


Нарзулла тайёрлади

Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика