
28 йил деганда янги йилни пешқадам сифатида қарши олган Неаполнинг “Наполи” клуби карвонбошилик мақомини янада мустаҳкамлади. Шу тариқа “Ювентус” билан орадаги фарқ 4 тага етди. Турин клуби Тошкент вақти билан 00:45 да “Кальяри” майдонида саф тортади ва бу фарқни кичиклаштириш учун ҳаракат қилади.
Римнинг “Лацио” клуби эса Чиро Иммобиленинг покери сабаб йирик ғалабага эришди. Симоне Индзаги жамоаси “Спал” майдонида 5 та гол уриб, очколар сони бўйича ҳамшаҳри “Рома”дан илгарилаб кетди.
Женнаро Гаттузо бошқарувидаги “Милан” иккинчи даврани ғалаба билан бошлади. Миланлик футболчилар Гаттузо мураббий бўлгач, чемпионатнинг 1 та ўйинида зафар қучган бўлса, яна 2 та ўйинда мағлуб бўлган ва шунчасида дуранг ўйнаганди. Энди эса Гаттузо ҳисоблардаги мувозанатни тенглаштириб қўйди.
Еврокубоклар учун кураш олиб бораётган “Сампдория” яққол аутсайдер ҳисобланган “Беневенто” майдонида имкониятни бой берди. Дебютант клуб бунгача “Милан” билан дуранг ўйнаган, “Кьево”ни эса таслим қилганди. Роберто Де Дзерби жамоаси кетма-кет иккинчи ўйинда рақибларини таслим қилаётгани диққатга сазовор.
Ва ниҳоят “Сассуоло” Генуяга сафар этиб, “Женоа”га имкониятни бой берди. Натижада мазкур икки клуб ўртасида очколар фарқи қолмади.