

2016 йил Тошкентда ўтган футзал бўйича Осиё чемпионати ярим финалида Таиланд билан баҳсда пенальтилар сериясида ҳал қилувчи голлардан бирини урган Фаҳриддинов кўп йиллар давомида "Дўстлик-АИН" шарафини ҳимоя қилди. Бу мавсумни у Тошкентнинг "Пахтакор" клубида бошлади. Биз дастлабки икки тур ўтгач футзалчи билан интервью қилишга қарор қилдик.
- "Пахтакор"га ўтиш қандай амалга ошди?
- "Дўстлик-АИН" клуби билан шартномам тугагач "Пахтакор"дан таклиф тушгач тошкентликлар сафига ўтишга рози бўлдим. Янги мавсумга янги жамоа сафида яхши тайёргарлик кўрдик. Умид қиламанки "Пахтакор" сафида катта ютуқларни қўлга киритамиз.
- Собиқ клубингизнин кейинги тақдири нима бўлди?
- "Дўстлик-АИН" жамоасининг кўплаб футзалчилари турли клубларга ўтишди ва асосий ёш ўйинчилар қолди. Ушбу жамоа бу йилдан "Насаф"га айлантирилди.
- Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати янги форматга ўтди. Бунга қандай қарайсиз?
- Қандай формат бўлса ҳам бизнинг вазифамиз тушиб футзал ўйнаш. Олдинлари битта тур битта шаҳарда ўтказиларди. Бу йилдан эса ҳар бир тур уй-сафар тизимида ўтмоқда. Бир клуб билан икки кун ичида икки бор ўйнамоқда. Бу эса юртимизда футзал мухлисларининг кўпайишига хизмат қилади деб ўйлайман.

- "Пахтакор" футзал жамоаси ҳақида ўқувчиларимизга маълумот берсангиз.
- "Пахтакор" таркиби бу йил тажрибали футболчилардан ташкил топган. Акмал Хазратқулов, Равшан Элибоев, Дилшод Ирсалиев, Мақсуд Файзуллаев. Жамоадги ёш футзалчилар буларга қараб ўсишади ва келажакда терма жамоа даражасига чиқишлари мумкин.
- Бош мураббий ҳақида нима дея оласиз?
- Равшан Ражабов жамоа учун жон куйдиради. Таркибдаги барча йигитлар билан яхши муносабатда, барчага имконият беради.
- Клуб раҳбариятининг футзал жамоасига эътибори қандай?
- Клуб раҳбарияти футзал жамоасига яхши шароитлар яратиб бермоқда. Ҳеч қандай камчилик йўқ. Биз ҳам шунга яраша яхши натижаларга эришиб уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
- "Пахтакор"нинг уй аренаси қайси?
- Дастлабки уй ўйинимизни "Бунёдкор" залида ўтказдик. Бунга "Ёшлик" спорт зали тайёр бўлмагани учун сабаб бўлди. Кейинги турлардан уй учрашувларини "Ёшлик"да ўтказамиз.
- Мавсумни Бухорода бошладингиз.
- Дастлабки турни меҳмонда "Бухоро" билан ўтказдик. У ерда биз икки очко йўқотдик деб ўйлайман. Аммо мавсумдаги илк учрашув бўлгани, ўйинимиз у қадар қовушмагани учун дуранг қайд этдик. Эртаси куни уларни мағлуб этдик.
- Рақиб ҳақида фикрларингиз?
- "Бухоро" жамоаси яхши шаклланган жамоа. Собиқ "Когон" клуби футзалчилари айни пайтда "Бухоро" шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар кўплаб клубларга бош оғриқ бўла олишади.

- "Бухоро"дан сўнг "Қўқон-1912" билан ўйнадинглар...
- Ҳа, иккинчи турда "Қўқон-1912"ни иккала баҳсда ҳам йирик 7:1 ва 7:3 ҳисобида мағлуб этдик. Бу жамоа таркибида футболдан футзалга ўтган ўйинчилар кўп экан. Тажрибали ўйинчилар кўпчиликни ташкил этар экан.
- Бу йилги мавсумда қайси клублар фаворит деб ўйлайсиз?
- Суперлигада АГМК, "Металлург", "Нефтчи" ва шу билан бирга "Пахтакор" клуби юқори ўринлар учун кураш олиб боради деб ўйлайман.
- 3-турда водийга борасизлар...
- Ҳа тўғри. Кейинги турни Наманганда "Навбаҳор"га қарши ўтказамиз. Рақибимиз ёш футзалчилардан тузилганини биламиз. Насиб қилса Намангандан иккита ғалаба билан қайтишга уринамиз.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди



