UZ

Сўнгги янгиликлар

17:09ЖЧ-2026 саралаши. Хитой - Япония (Онлайн натижа)  0 16:51КХДР — Ўзбекистон (матнли трансляция)  104 16:41Левандовски "Барселона" билан шартномани узайтирмоқчи  1 15:59ЖЧ-2026 саралаши. Индонезия - Саудия Арабистони. Асосий таркиблар маълум  1 14:50"Милан" "Реал"да ўйин амалиётига эга бўлмаётган вингерга кўз тикди  4 14:23Скамакка 3 ойдан кейин машғулотларга қайтди  0 13:55"Малага"нинг ёш вингери "Реал" ва "Барселона" эътиборига тушди  1 13:31Эшитдик-да! Илҳом Мўминжонов янги мавсумда водийда иш бошлайди   19 13:24"Ливерпуль" "Лион" футболчисини қўлга киритмоқчи   3 13:05Ўзбекистон ва КХДР ўзаро ўйинлар тарихи. Пхеняндаги мағлубият, Гейнрихнинг чиройли голи ва Австралияда "порлаган" Сергеев  10 13:05КХДР билан ўйинлар ёдингиздами?  7 12:44КХДР - Ўзбекистон учрашувини бизга яхши таниш ҳакам бошқаради  9 12:21АПЛнинг уч клуби Пулишични кузатмоқда  1 12:00Лаосдан гапирамиз  20 11:47Ўзбекистон терма жамоасининг КХДР билан ўйин учун тахминий таркиблари  27

Фарҳод Абдуллаев: "Ўзбекистонда ҳакамликни яна аввалги юқори даражага олиб чиқса бўлади..." (эксклюзив интервью) Янгиликлар

Фарҳод Абдуллаев: "Ўзбекистонда ҳакамликни яна аввалги юқори даражага олиб чиқса бўлади..." (эксклюзив интервью)

Қатарда давом этаётган Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев фаолият олиб бормоқда.

Дунёнинг энг кучли ва сараланган ҳакамлари ишларини таҳлил қилиш, уларнинг хатоларини кўрсатиш ва янгиликлардан хабардор қилиш билан шуғулланаётган Фарҳод Абдуллаев вақт тиғизлигига қарамай, championat.asia сайтига интервью берди. Шу ўринда бир маълумот, Жаҳон чемпионати вақтида инструкторлар ва ҳакамлар ФИФА рухсатисиз интервью бериши тақиқланган. Сайтимиз ўқувчилари номидан Фарҳод Абдуллаев ва ФИФАга рухсат учун миннатдорчилик билдирамиз.

Маълумот учун, Фарҳод Абдуллаев 6 та Жаҳон чемпионати, 2 та Осиё Кубоги ва ва Олимпия ўйинларида инструктор сифатида ишлаган. 150 дан зиёд халқаро семинарлар ўтказган, ФИФАнинг Топ-10 инструкторлари қаторига киради, ФИФАнинг Топ-5 VAR инструкторидан бири ҳисобланади, ўз вақтида ОФК ҳакамлар академиясида етакчи инструктор бўлиб ишлаган, айни пайтда Саудия Арабистони ҳакамлар қўмитаси директори ҳисобланади.




- Жаҳон чемпионати олдидан ФИФА ҳакамликка қандай ўзгартиришлар киритди?

- Ҳакамлик бўйича кўзга кўринарли катта янгиликлар киритилмади. Футболга технологиялар кириб келмоқда, лекин бунга қадар "Goal line" технологиясини ишлатганимиз, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганини аниқлайдиган тизим олдинги мундиалларда ҳам ишлатилган. Ҳамма миллий чемпионатларда ҳам у технология мавжуд эмас. Лекин Қатардаги мусобоқада бир нечта янги деталлар киритилди. Масалан:,чипли тўп. Нега чипли тўп керак? Чипли тўп ҳар бир тегинишни назорат қилади ва сантиметрлик офсайд ҳолатларига аниқлик киритади. VAR тизими бор вазиятларда ҳам баҳсли вазиятлар бўлиб қолади, VAR тизимининг ҳар бир камераси офсайд чизиғини чиза олмайди, бор-йўғи битта камера офсайд чизиғини аниқлай олади. Ҳакамларга бу муаммо кўп қийинчилик тўғдиради ва кўпинча футболчилар бир бирини тўсиб қўяди ва шундай ҳолатларда ярим автоматик офсайдни аниқлаш тизимини жуда катта ёрдам беради, чунки бу технология зарба ҳолатини секундларгача аниқлаб, ўйинчилар жойлашувини кўриб чиқиб, офсайдни хатосиз аниқлайди. Ва яна чипли тўпнинг устунлиги шундаки, футболчи бош билан зарба берганда тўп қўлга тегиб, ўз йўналишини ўзгартириши мумкин. Масалан, шундай ҳолатда гол бўлса, VAR тизими буни аниқлай олмайди, шундай ҳолатда чипли тўп, зарбадан сўнг яна тўпга тегиниш бўлганини аниқлайди ва гол бекор қилинади.

- Яқинда бўлиб ўтган ҳодиса: Агар Португалиянинг голида Роналду боши билан тўпга текканда чип ишлар эди ва гол Роналдуга тегишли эканлиги аниқланарди, яъни чипли тўп эвазига гол кимга тегишли эканлигини аниқлади, тўғрими?

- Биз бундай ишларга аралашмасликка ҳаракат қиламиз, бизнинг мақсадимиз гол тоза урилганини аниқлаб бериш. Агарда мусобақа ташкилотчилари биздан ёрдам сўрашса, уларга гол муаллифини аниқлаб берамиз, лекин бу бизнинг вазифамиз эмас.

- Кўп ҳолатларда 11 метрлик зарбаларда футболчилар тўпга икки маротаба тегинишар экан. Бу тез-тез учраб турадиган ҳолатми?

- Бундай ҳолатлар жуда-жуда кам учрайди, футболчи тўпни нуқтага қўйиб, иккинчи оёғи билан тегиниб кетиб кейин зарба бериб гол урса, бу тўпга иккита тегиниш ва шундай вазиятда VAR тизими тўпга икки маротаба тегиниш бўлганини сезади ва гол ҳисобланмайди.

- Бундай ҳолатларда пенальти қайта тепиладими?

- Бундай вазиятда эркин зарба белгиланади, яъни дарвозасига пенальти белгиланган жамоа эркин зарбани амалга оширади.

- Роналду "Реал"да ўйнаган вақтлари пенальти зарбаларини шундай тепарди ва мен шу ҳақда мақола ўқиган эдим...

- Билмадим тўғриси, қоида бўйича бундай тарзда гол уриб бўлмайди.

- Чипли тўпларни зарядлаш билан ким шуғулланади?

- Аниқ биз эмас. Технология ва шунга боғлиқ ишлар билан "ADIDAS" ва ФИФАнинг махсус департаменти "FTI" шуғулланади.

- Ҳар бир учрашувга 15 тадан тўп ажратилган деган маълумот бор. Шу гап ростми?

- Ҳа, 15 та тўп ажратилган.



- Бундай янги технология футболни ўлдириб қўймайдими? Кураш кечаётган пайтда миллиметрлик офсайдлар футбол зарарига ишламайдими?
- Жаҳон чемпионати баҳсларида ҳар бир сантиметр, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир гол ҳам жуда муҳим. Лекин энди ортга йўл йўқ. Биз футболга технологияларни олиб кириб бўлдик, энди уларни олиб ташлаш имконсиз.

- Замонавий технологиялар ҳакамларнинг ишини осонлаштирадими?

- Ҳа, албатта бундай технологиялар ҳакамлар ишини осонлаштиради. Олдинлари ҳакамларга қийинроқ эди ва олдин шундай баҳсли вазиятларда ҳакамлар, ўзиниг шаҳсий фикридан келиб чиқиб қарор чиқарар эди. Ҳозир эса бундай вазиятлар камаяди. Тизим ва қоидалар ҳал қилишни бошлайди, шундай ҳолатларда ҳакамнинг қулоқчинида "Гол-гол-гол-гол" деган тошувлар янграйди ва ҳакам голни ҳисоблаши аниқ.

- Бундай замонавий технологиялар футболга кириб келганидан сўнг ҳакамлар тизимга ишониб, ўз устида ишлашдан тўхтаб қолмайдими?

- Бошидан шундай фикрлар бор эди ва бошида ҳатто ҳакамликнинг келажаги қандай бўлади, деган саволлар бор эди. Лекин биз ҳакамлардан ҳар доим сўнгги қарорни қабул қилишни талаб қиламиз. Масалан, Жаҳон чемпионатида кўп пенальтиларда ҳакамлар сўнгги қарорни ўзлари қабул қилишди. Бу ФИФАнинг талаби.

- Сиз ўзбекистонлик ҳакамларни VAR тизимига ўқитган экансиз. Ўзбекистонлик нечта ҳакамда VAR тизимида ишлаш учун лицензия бор? Ва уларнинг сони яна ошадими?

- Ҳар бир давлатда ҳам ФИФА инструкторлари йўқ. ФИФА ўқув жараёни бошида ёрдам беради, кейинчалик улар ўзлари ўқув жараёнларини давом эттиради. Мен ҳозир ФИФА ўқув жараёнида иштирок этмайман. Яқинда Владислав Цейтлин билан суҳбатлашдим, Валентин Коваленко билан ҳам билан ҳам Малайзияда кўришган эдик, Равшан Эрматов билан ҳам кўришган эдим. Ёрдам сўрашса, қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман, лекин ҳали ҳеч ким алоқага чиқмади ва мен ҳам ўзимни таклиф этмадим.

- Ўзбекистон чемпионатини кузатсангиз керак. Ушбу мавсум бизда VAR бўйича катта савволар бор эди, ҳакамлар 5-6 дақиқалаб VARни текширишаётган эди. Бу техника билан боғлиқмиди? Бизда 4 та камера бор. Жаҳон чемпионатида нечта камера ишлайди?
- 42 та камера.

Фарҳод Абдуллаев: Сизга савол берсам майлими? Ўзбекистон чемпионатида нечта жамоа бор?

- 14 та.

- Саволингизга жавоб: миллий чемпионатда 14 та жамоа бўлса, ҳакамларни ҳам бир жамоа дейлик шунда 15 та жамоа бўлади. Мавсум давомида 14 та жамоа ҳар куни икки маҳалдан машғулот олиб боради. Энди ҳакамлар жамоаси-чи? Мавсум давомида нечта машғулот ўтказишди? Нечта тренинг, семинар бўлиб ўтди? Амалиёт ўтишга имконият берилдими? Танқид қилишдан олдин шароит яратиб бериш керак. VARни танқид қилиш, бир нима талаб қилишдан олдин шароит яратиб бериш лозим. VARни танқид қиласизлар, лекин VARга нима яратиб бердингиз, нима қилиб бердингиз?




- Жаҳон чемпионатида ҳакамлар билан нечта ҳодим ишлайди? Фитнес-муррабий, инструктор ва бошқа мутахассисларнинг умумий сони қанча?

- Жами 200 нафар ходим ҳакамлик делегациясида ишлайди. Уларнинг ичига 10 та инструктор, 8 та фитнес-муррабий, шифокорлар жамоаси, IT бўлимидаги ходимлар ва биз 10 нафар техник инструктор кирамиз.

- Демак сиз ҳозирги вақтда дунёдаги энг зўр топ 10 та инструкторлар орасидан жой олган экансиз-да?! Олдин бизда энг зўр ҳакам бор эди, ҳозир эса энг зўр техник инструктор бор.

- ...)

- IT бўлимидаги ҳодимлар, нима билан шуғулланади?

- Улар камера орқали тизимни текширишади. Машғулот жараёнида ҳар хил қийин вазиятлар яратишади ва уни VAR тизими орқали текширишади, яъни бу ҳакамлар учун тайёргарлик жараёни бўлиб беради. Ҳакамлар ўйиндан бир кун олдин "минус 1" машғулотини ўташади, 3 қатор ўйинчилар орасидан вазиятларни кўриб баҳолаши керак бўлади. Ўйиндан кейин ҳам ҳакамлар машғулот ўтказишади, фитнес-муррабий билан ҳам шуғулланишади. Шифокорлар ҳам ҳакамларнинг ҳолатини назорат қилиб туради.

- Ҳакамлар ўйинга тайинланганини қанча вақт олдин билишади?

- Ҳакамлар учрашувга тайинланганини учрашувдан икки кун аввал билишади. Ҳакамларнинг ҳаммаси ўйинга тайёр, чунки дунёнинг энг кучли ҳакамлари келган, шу сабаб буларнинг аҳамияти йўқ. Ёрдамчи ҳакамларга тактика бўйича ёрдамчи ҳам бор. Улар тактикани ўргатишади, масалан, ким қандай ўйнайди, ким провокация қилади, ким сардор.

- Ҳакамларни ўйинларга тайинлашда қандай мезонлар бор?

- Регионал жойлашуви, нейтрал бўлиши ва тўқнаш келадиган жамоаларнинг олдинги учрашувларини бошқармаган бўлиши керак.

- Учрашувларга кўп қўшимча вақт қўшилаётганига нима сабаб бўлмоқда?

- Мундиалда захирадаги бешинчи ҳакам ишлайди, бешинчи ҳакам гол нишонлаш, фоллар, ўйиндаги тўхталишларни ҳисоблайди. Шу сабабли ушбу мундиалда кўпроқ қўшимча вақт қўшиб бериляпти. Мақсадимиз – соф ўйин вақтини ўзайтириш. Бундай қарорлар ўйин вақтини узайтиради ва миллий терма жамоалар ёки халқаро турнирлардаги фарқни тенглаштириб беради. Масалан, бизнинг терма жамоа соф 45 дақиқа ўйнаса, кучли рақиблар 60 дақиқа соф ўйнаган бўлса, устунлик албатта, кўпроқ ўйнаган жамоада бўлади ва шу сабаб биз соф ўйин вақтини ўзайтиришни лозим топдик.

- Жаҳон чемпионатидаги соф ўйин вақти неча дақиқа? Айта оласизми?

- Барча қўшилган вақтларни ҳисобга олсак ҳам, 60 дақиқа атрофида.

- Биринчи тур баҳсларида жуда кўп вақт қўшилаётган эди. Бунинг сабаби нимада?

- Биринчи турда футболчилар кўп вақт чўзишди. Кейинги турларда эса вақт чўзишлар камайди.

- Бундай янгиликни Суперлигамизга олиб кирса бўладими?

- Бу осон нарса. Захира ҳаками вақтни ҳисоблаб туради, бўлди.

- Нима деб ўйлайсиз, футбол бора-бора футзалга ўхшаб вақтни тўхтатиб ўйнайдиган бўладими?

- Худо кўрсатмасин.

- Шундай таклифлар бор, деган гап эшитгандим...

- Бу ҳақида ҳали таклифлар бўлмади.

- Ҳакамларни инспектор назорат қилиб борар эди. Бу сафарги мундиалда улар иштирок этмаяпти. Ҳакамларни Жаҳон чемпионатида ким назорат қиляпти?

- Инструкторлар.




- VARдаги ҳакамларни ким назорат қилади?

- Инструкторлар. Бизда халқаро бўлим бор. Ҳар битта ўйинда ўша ерда бўламиз. Қулоқчинлар орқали ҳакамларнинг суҳбатини, VARдагиларнинг гапларини эшитамиз, вазиятларни назорат қилиб, такрорларни кўрамиз. Ҳар бир нарсани такрорини кўрамиз, эшитамиз. VARдагиларнинг гаплари ҳам ёзиб олинади.

- Демак, ўйин пайтида ҳакамлар турмуш ўртоғига телефон қила олишмайди? (кулади)

- Ҳамма ўз иш билан банд бўлади.

- Жанубий Кореянинг ўйинида Сон Хён Мин бир тайм сардорлик боғичи яхши ёпишмагани туфайли уни қўлида олиб юрди. Бундай ҳаракатлар мумкинми?

- Бу ҳакамликка эмас, кўпроқ ташкилотчиларга тегишли савол.

- Бир учрашувда ҳакам офсайд ҳолатини нотўғри белгилади, яъни офсайд йўқ вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. Бундай вазиятларга VAR аралаша оладими ёки фақат пенальти ва қизил карточка ҳолатидами?

- VAR тизими ўйинга 4 та ҳолатда аралаша олади: гол урилганда, қизил карточка кўриб чиқилаётганда, пенальти текширилаётганда ва карточка адашиб бошқа ўйинчига кўрсатилганда.

- Ҳаттоки сариқ карточка адашиб бошқа футболчига берилса ҳам VAR аралашадими?

- Ҳа, сариқ бўлса ҳам. Агарда шу 4 та ҳолатдан бири бўлмаса, VAR умуман аралашмайди.

- Мен бир мақола ўқигандим. У ерда ёзилишича, агар бош ҳакам пенальти белгиласа, VARдаги ҳакамлар пенальтини бекор қила олишмайди, ҳатто у нотўғри белгиланган бўлса ҳам...

- Аслида VAR ҳеч нимани бекор қилмайди. VAR бош ҳакамга ёрдам беради, яъни такрорларни тақдим этади ва уларни кўриб чиқиб, бош ҳакам ўзи қарор чиқаради. Биз бу ҳақида семинар ҳам ўтган эдик.

- Ён ҳаками офсайд ҳолатини қайд этса, ҳакам дарҳол эмас, ҳужум тугаганидан сўнг байроқчасини кўтаряпти. Бу ҳакамларга берилган маслаҳатми?

- Агар ўша ҳужум сўнгида гол бўлса, ён ҳаками байроғини кўтармагани учун VAR текшириб, ишонч ҳосил қилиш учун имкониятга эга бўлади.

- Ким ҳозирги Жаҳон чемпионатидаги ҳакамлар қўмитаси жамоасига киради, машҳур собиқ ҳакамлардан?

- Бу Жаҳон чемпионатидаги ҳакамлар қўмитаси, асли ФИФАнинг ҳакамлар кўмитаси, у ерда ҳар бир конфедерациядан битта аъзо бор.

- Ҳакамлар билан суҳбат қуриш имконияти борми, яъни Жаҳон чемпионати вақтида улар билан кўришиш?

- Йўқ, улар турган меҳмонхонага киришга ҳаракат қилиб кўринг, билиб оласиз, қанчалик уддалаб бўлмас вазифа эканлигини. Ҳатто ФИФАдагилар ҳам ҳакамлар билан кам кўришишади. Жаҳон чемпионатига дунёнинг энг кучли ҳакамлари ташриф буюришган. Агар уларга қандайдир таклифлар бўлса, улар дарҳол кимга ҳабар беришни билишади.

- Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонлик ҳакам борлигига ўрганиб қолган эдик. Эрматов фаолиятини тугатгани ОФК ва ФИФА учун аҳамиятлими?

- Ҳамманинг ўз даври бор, Равшан албатта, катта йўқотиш, унга ўхшаган ҳакамлар дунёда саноқли. У жуда профессионал, мен у билан кўп ишлаганман ва айта оламанки, у даҳо. Равшанга ўхшаган даражага етиш учун 10000 соатдан кўп бу иш билан шуғулланиш керак. Мен унинг иш жараёнига қандай ёндашганини билан ва албатта, бу жуда катта йўқотиш. Равшан тажрибасини дунёдаги барча ҳакамларга мисол тариқасида келтириш мумкин, лекин афсуски, ҳозир у ўз тажрибаси билан бўлишиш имкониятига эга эмас. Равшан Эрматов катта талант, лекин 2 фоиз талант ва 98 фоиз меҳнат қилиш керак. Биз ёшлигимизда Равшан билан семинарлар, лекцияларда иштирок этардик. Равшандек бўлиш учун жуда жуда кўп меҳнат қилиш керак. Ҳозир Равшан ОФК инспектори бўлди ва ўз тажрибаси билан бўлишади.

- Ўзбекистондан ҳакамлар катта турнирларга чақирилмаяпти. Бу Ўзбекистонда ҳакамлик мактаби синганини англатадими? Ёш ўзбекистонлик ҳакамлардан кимни айтиб ўта оласиз?

- Ҳеч кимни айта олмайман, лекин иқтидорли йигитлар бор. Кўп ҳам кузатиб боришга вақтим йўқ. Мен Саудия Арабистони чемпионатида ишлайман, унга кўп вақтим кетади. ОФКда ўз вазифаларим бор, ФИФАда ҳам. Шунинг учун вақтимни кераксиз нарсаларга сарф этмайман.

- Ҳакамликка бўлган саволларни ҳал этиш учун нималар қилишимиз керак?

- Ишлаш керак, Саудия Арабистони ҳам бошида ҳакамлардан норози эди, лекин ишладик ва муаммолар ҳал этилди. Ҳозирги кунда саудиялик ҳакамлар Осиёдаги ўйинларга жалб этилмоқда ва мен уларнинг ҳар бир ўйинини кузатиб бораман,. Бундай муаммоларни ҳал этиш учун биринчи навбатда шароит яратиб бериш керак, фақатгина лавозимни эгаллаш эмас.

- Коста-Рика – Германия учрашувини франциялик аёл ҳакам Стефани Фраппар бошқариб боради. Футболчилар томонидан унга босим бўлмайдими, ҳар ҳолда у аёл киши... (интервью ўйиндан олдин ташкил этилган)

- Бўлади, чунки у ҳакам. Ҳакам ҳар доим босим остида бўлади. Бу аёл ҳакамларнинг биринчи ўйини эмас, ахир улар нима қилишни билишади. Биз бунга қадамма-қадам етиб келдик.




- ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳакамга қўнғироқ қилиб, уни танқид қила оладими? (кулади)

- Бу ерда профессионаллар ишлайди, қўнғироқ қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Ҳакамлар ҳатто телефонларини ҳам ўчириб қўйишади. Улар ўйинга қувват тўплашади.

- Ҳакамларда Жаҳон чемпионатида ҳаяжон бўладими? Ахир, барибир катта турнир-ку. Шундай ҳолатлар бўладими?

- Ҳаяжон бўлиши керак, чунки бу одатий ҳол. Ҳакамларнинг ўйин олдидан юрак пульси 150 бўлади, лекин ўйин бошланиши билан ҳаяжон ва ҳамма нарса йўқолади, эътибор фақат ўйинда бўлади. Кўп ҳакамлар ўйиндан бир кун олдин ўз телефонларини ўчириб қўйишади. Шу орқали бир кун аввал қандайдир нохуш хабар эшитиб қолиш хавфининг олди олинади. Қисқаси, бир кун олдин кўпчилик ҳатто ҳеч ким билан гаплашмайди ҳам.

- Нега Ўзбекистон сиздек кадрни йўқотди?
- Мутахассислар кўп. Биласизми, ҳар бир инсон янги даражага чиққанда талаб ошади ва у ўзига янги синовлар хоҳлайди. Саудия Арабистонида ишлаш қийин, ҳар бир учрашувдан сўнг катта танқидлар бўлади, биз томонга. Мен ҳозир бўлишим керак бўлган жойдаман, лекин менинг ватаним Ўзбекистон ва мен буни унутмаслигим керак. Мен ҳали битта ҳам ёрдам сўраган ўзбекистонликларга рад жавобини бермаганман. Мен ҳар доим ёрдам беришга тайёрман, лекин ёрдам сўрашмаса, ўзимни таклиф этишим нотўғри. Мен нонини еб катта бўлган жойимни унутмайман.

- Ўзбекистондаги ҳакамликни ривожлантириш ва аввалги даражага олиб чиқиш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Ҳакамларни назорат қилаётган раҳбарлар энг аввало, тизимни тушунишлари керак. Тизим бу ФИФА, ОФК ва миллий ассоциациялар ўзаро қандай тарзда ишлаши. Миллий ассоциациянинг мана шу катта тизимдаги ўрни қандайлигини билиши. Тизимни тушуниш учун футбол ва ҳакамлик соҳасида чуқур билимга эга бўлиш зарур. Бу орқали ўз ишингни қандай бажариш кераклигини тушуниб етасан. Ўз навбатида, ҳакамлик даражаси ҳақиқатан ҳам ўсиши учун халқаро мусобақаларда ўзбекистонлик ҳакамларнинг кўпайиши, келажакда ўзбек футболи ташриф қоғозига айланадиган ҳакамлар даражасини кўтаришга раҳбарларда жуда катта истак бўлиши шарт. Бундан ташқари, режалаштириш ва бюджетни унутмаслик керак. Бу икки нарсасиз нимадир ҳақида гапиришнинг ўзи қийин. Режалаштириш юқорида айтганимдек, тизимни тушунишга боғлиқ: қандай ҳаракат қилиш керак, қандай ишлаш керак, қайси муҳим йўналишларга пулларни сарфлаш ва бошқалар. Шу боис Ўзбекистонда ҳакамликни ривожлантириш ва уларни юқори даражага олиб чиқиш учун режалаштириш ва бюджет жуда катта роль ўйнайди. Биз ўз вақтида ўша юқори даражада эдик.




Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика