Евро-1988. Мукофот пули туфайли бойкотга учраган Португалия, синган шишадан боши ёрилган дарвозабон, рақиб либосини ҳожатхона қоғозига қиёслаган Куман ҳамда чемпионлик паради фожиага айланган нидерландлар ҳақида ҳикоя қиламиз
08 июн 13:10
Янгиликлар
Евро-1988. Мукофот пули туфайли бойкотга учраган Португалия, синган шишадан боши ёрилган дарвозабон, рақиб либосини ҳожатхона қоғозига қиёслаган Куман ҳамда чемпионлик паради фожиага айланган нидерландлар ҳақида ҳикоя қиламиз
1988 йилги Европа чемпионати финал босқичига 10–25 июнь кунлари Ғарбий Германия (ГФР) мезбонлик қилди.
1985 йил февралида УЕФА Европа чемпионати мезбонлигини ГФРга топшириш ниятини маълум қилгач, Шарқий Германия (ГДР) жиддий норозилик билдирди. Аммо Европа грандлари бунга аҳамият бермади. Орадан қисқа муддат ўтгач, барибир ГФРга мезбонлик ҳуқуқи берилди.
Саккизта жамоа иштирокидаги Евро-1988 финал босқичи ўйинлари саккизта стадионда ўтказилди. Саралаш босқичида 32 жамоа гуруҳларга бўлинган ҳолда иштирок этди. Жамоалар ҳар бир рақиб билан уй ва сафар ўйинларини ўтказишди, ғалаба учун икки, дуранг учун эса бир очко тақдим этилди. Амалдаги чемпион Франция ушбу босқичдан ўта олмади.
Португалия терма жамоаси билан ўзига хос воқеа содир бўлди. 1986 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан олдин кўплаб ўйинчилар мукофот пулларини оширишни талаб қилишган, акс ҳолда, мундиалга боришдан бош тортишини маълум қилишган. Федерация футболчиларнинг талабларига рози бўлишдан бошқа чораси қолмади. Аммо Португалия жаҳон чемпионат гуруҳ босқичида сўнгги ўринда қолиб кетди. Бундан ғазабланган Португалия футбол федерацияси 8 нафар иштирокчини умрбод четлаштирди. Бироқ бунинг оқибатлари янада ёмонроқ бўлиб чиқди. Португалия паспортига эга бўлган юздан ортиқ футболчи терма жамоага бойкот қилишга қарор қилди.
Тасаввур қила оласизми, португалиялик мураббийлар штаби саралаш ўйинларига қайси футболчилардан таркибни шакллантирган? Натижада португалияликлар саккиз ўйиндан фақат иккитасида ғалаба қозониб, саралашдан ўта олмади. Жамоа ҳатто Мальтага қарши ўз уйида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Охир-оқибат, ўша саккиз нафар футболчига нисбатан чиқарилган қарор бекор қилинди, бироқ саралаш ўйинларида йўқотилган очколарни қайтариб бўлмади.
Шунингдек, саралаш босқичи доирасидаги Нидерландия — Кипр учрашувининг дастлабки дақиқаларида тоиошабинлардан бири шинани синдириб, у билан меҳмонлар дарвозабонининг бошини ёрди. Кейинчалик посбонга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уни замбилда олиб чиқиб кетишди. Ўйин давом этди, аммо танаффусдан сўнг 5:0 ҳисоби қайд этилаётган пайти бошқа мухлис гибрид портловчи қурилма ҳамда тутун чиқарадиган кубиксимон портлатгич улоқтирди: ушбу модда кипрлик захира дарвозабони ёнига тушди ва портлади. Хайриятки, бундан ҳеч ким жабрланмади. Ғазабланган меҳмонлар бир соат давомида майдонга қайтишга кўндирилди. Якунда нидерландияликлар 8:0 ҳисобида ғалаба қозонди, бироқ ортга қайтгач, кипрликлар норозилик билдиришди.
Дастлаб УЕФА нидерландияликларга техник мағлубият ёзмоқчи эди. Аммо узоқ давом этган музокаралар натижасида учрашувни қайта ўтказишга келишилди. Бўм-бўш стадионда қайта ўтказилган баҳсда "апелсинранглилар" яна ғалаба қозонди (4:0).
Финал босқичининг "А" гуруҳида ГФР гуруҳ пешқадамига айланган бўлса, Италия иккинчи ўринни эгаллади. Испания ва Дания гуруҳда қолиб кетди.
Буюк Петер Шмейхель учун бу турнир унинг Европа ва жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида дебюти бўлди. 24 ёшли дарвозабон қитъа чемпионатига иккинчи дарвозабон сифатида йўл олди, бироқ Троэльс Расмуссен Испания билан ўйинда бир нечта қўпол хатоларга йўл қўйганидан сўнг, Шмейхель дарвозадан жой олди. Гарчи Дания қолган ўйинларда мағлуб бўлган бўлса ҳам, терма жамоа узоқ йиллар давомида ўзига ишончли дарвозабон топди.
"B" гуруҳида эса СССР етакчига айланди, Нидерландия ҳам ярим финал иштирокчисига айланди. Дебютант Ирландия ва Англия турнир билан эрта хайрлашди. Очилиш учрашувида Нидерландия СССРга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди, бироқ кейинги икки ўйинда зафар қучди. Англияга қарши учрашувда Марко ван Бастен хет-трикка эришди.
Ярим финалнинг дастлабки учрашувида ГФР Нидерландияга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Мазкур қарама-қаршилик фаворитини аниқлаш қийин эди, аммо барибир немислар устунроқдек эди - улар гуруҳ босқичида ишончлироқ кўринишди ва чемпионат мезбонлари саналарди.
Ўйиндан аввал нидерландлар бир қанча қийинчиликларга дуч келишди. Нидерландияликларнинг таъкидлашича, жамоага яхши меҳмонхона ажратилмаган, улар шуғулланиши керак бўлган машғулот майдони банд бўлган, Рууд Гуллитнга эса тунги соат 1 да немислар қўнғироқ қилиб, уйқусини бузишган ва "Милан"дан аввал қайси жамоада ўйнаганини сўрашган.
Биринчи бўлим курашларга бой бўлди, бироқ гол урилмади. Иккинчи бўлимнинг бошида эса немислар ҳисобни очишди. Франк Райкард жарима майдончаси ичида Юрген Клинсманга нисбатан қўполлик ишлатди, Лотар Маттеус эса пенальтини аниқ амалга оширди. Нидерландияликлар ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида, Рональд Куман томонидан аниқ ижро этилган пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Сўнгги дақиқаларда ван Бастеннинг зарбаси нидерландларга Германия терма жамоаси устидан 32 йил ичида илк ғалабани тақдим этди.
Ўйиндан кейин немис футболчиси Олаф Тон билан либос алмашган нидерландиялик Рональд Куман рақиб футболкасини ҳожатхона қоғозига қиёслаб, ножоиз хатти-ҳаракат амалга оширди.
Франц Беккенбауэр Нидерландия кийиниш хонасига рақиб жамоани табриклаш учун кирганида, уни истеҳзо билан кутиб олишди: "1940 йил Германия бизнинг ўлкамизга бостириб кирганди, 1988 йил эса биз жавоб қайтардик".
Нидерландия халқи ушбу ғалабани урушда ғалаба қозонгандек жуда катта тантана билан нишонлади.
Ярим финалнинг яна бир баҳсида СССР Италияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Совет мамлакати вакиллари иккинчи бўлим ўрталарида тўрт дақиқа ичида иккита тўп киритишни уддалади.
25 июнь куни Мюнхендаги "Олимпия" стадионида бўлиб ўтган финалда Нидерландия СССРни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ босқичидаги мағлубият учун реванш олди. Биринчи бўлимда Руд Гуллит рақиб дарвозасини ишғол қилди, танаффусдан сўнг Марко ван Бастеннинг жаҳон футболчи тарихидаги энг яхшиларидан бири сифатида эътироф этиладиган голи учрашув тақдирини ҳал қилди.
Нидерландия — СССР — 2:0 (1:0)
Голлар: Гуллит, 35 (0:1), ван Бастен, 55 (0:2).
Голга айланмаган пенальти: Беланов, 73 (дарвозабон).
Нидерландия: ван Брекелен, ван Тиггелен, Р.Куман, ван Арле, Ваненбург, Мюрен, Гуллит (сардор), ван Бастен, Э. Куман, Райкард, Ваутерс.
СССР: Дасаев (сардор), Демьяненко, Хидиятуллин, Рац, Алейников, Литовченко, Заваров, Протасов (Пасулько, 71), Беланов, Михайличенко, Гоцманов (Балтача, 68).
Мюнхендаги мағлубиятдан сўнг СССР Европа чемпионатининг учта финалида мағлуб бўлган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
Нидерландия терма жамоаси ҳужумчиси Марко ван Бастен 5 та гол билан мусобақа тўпурарига айланди. "Учар нидерланд" ўша йили "Милан" клуби ва терма жамоадаги муваффақияти учун "Олтин тўп" билан тақдирланди.
"Мен оғир йилни ўтказдим, жароҳатлар туфайли жуда кўп муаммоларга дуч келдим, аммо турнир давомида ҳаммаси ўзгарди", деди Ван Бастен ўша даврни ёдга олиб.
Дарҳақиқат, Ван Бастен жарооҳатидан тезроқ фориғ бўлиши ҳамда 12-ўчинчи дея ҳисобланадиган мухлислар далдаси етиб бориши учун у турнир давомида рамзий маънода 12-рақамли либосда ҳаракат қилган.
Турнир ғолиби Нидерландия терма жамоаси таркиби
Дарвозабонлар: Ханс ван Брекелен, Йооп Хиле
Ҳимоячилар: Роналд Куман, Франк Райкаард, Берни ван Арле, Вим Куверманс, Якоб Троост, Адри ван Тиггелен, Вилберт Сюврейн
Ярим ҳимоячилар: Ян Воутерс, Арнольд ван Мюрен, Гералд Ваненбург, Аарон Винтер, Эрвин Куман, Хенк Крюзен
Ҳужумчилар: Жон ван’т Схип, Марко ван Бастен, Вим Кифт, Жон Босман, Рууд Гуллит.
Евро-1988'да дарвозабон Питер Шилтон Англия терма жамоаси сафида 100 та ўйин ўтказган тўртинчи футболчига айланди. Бироқ юбилей муваффақиятли ўтмади, чунки у Марко ван Бастендан учта гол ўтказиб юборди ва жамоаси 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Ринус Михелс 70-йилларда "Аякс"даги фаолияти давомида тотал футбол услубини ихтиро қилгани билан довруғ қозонган эди. Михелс ушбу услубни терма жамоага ҳам сингдира олди.
Турнир рамзий терма жамоаси: Ханс ван Брекелен (Нидерландия), Жузеппе Бергоми (Италия), Рональд Куман (Нидерландия), Франк Райкаард (Нидерландия), Паоло Мальдини (Италия), Жузеппе Жаннини (Италия), Лотар Маттеус (ГФР), Ян Ваутерс (Нидерландия), Рууд Гуллит (Нидерландия), Жанлука Виалли (Италия), Марко ван Бастен (Нидерландия).
Нидерландия футболчилари қайиқ устида чемпионлик парадини ўтказди, бир миллион одам Амстердам каналлари бўйлаб саф тортди. Завқ билан рақсга тушаётган одамларнинг оғирлиги ҳисобига канал бўйида жойлашган бандаргоҳлар талафот кўриб, қайиқлар ва одамлар сувга ғарқ бўлди.
Учрашувдан кейинги байрамлар Нидерландияда Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг катта оммавий байрам сифатида қабул қилинди.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Фикрлар