Эшитдик-да! Кеча Аргентинанинг рақиби Эстония ўрнида Ўзбекистон бўлиши мумкин эди
06 июн 2022 12:13
Янгиликлар
Эшитдик-да! Кеча Аргентинанинг рақиби Эстония ўрнида Ўзбекистон бўлиши мумкин эди
Испаниянинг Памплона шаҳрида "Осасуна" клубига тегишли "Эл-Садар" стадионида бўлиб ўтган ўйинда Аргентина йирик (5:0) ҳисобида ғалаба қозонди. Барча голлар Лионель Месси ҳисобига ёзилган.
Эътиборга молик жиҳати, кечаги учрашувда Аргентинанинг рақиби Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бўлиши мумкин эди. Гап шундаки, Аргентина таклиф юборган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бўлган.
Лекин бу таклиф бизнинг режаларга тўғри келмагани боис, Аргентинага рад жавоби берилган. Айни пайтда миллий терма жамоамиз 8-14 июнь кунлари оралиғида Наманганда ўтказиладиган Осиё Кубогининг саралаш ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Гуруҳимиздан Мальдив ороллари, Шри-Ланка ва Таиланд терма жамоалари жой олган.
Қайсидир маънода ЎФА ва терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанецнинг қарорини тушуниш мумкин.
Биздаги маълумотларга қараганда, миллий терма жамоамиз билан ўртоқлик ўйини ўтказиш таклифини Аргентинадан ташқари Уругвай ҳам билдирган. Бундай таклифлар Қатардаги Жаҳон чемпионатига қадар ҳали етарлича бўлади. Осиё терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган мундиал иштирокчилари Ўзбекистон билан ўйнаш истаги билан мурожаат қилишади.
Фикрлар