UZ

Сўнгги янгиликлар

09:17«Пахтакор» икки нафар футболчи билан шартнома тузганини эълон қилди  1 08:50Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  10 08:24Париж-2024. Япония муддатдан аввал плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  12 08:00Ўртоқлик учрашуви. ОКМК «Машъал»ни кичик ҳисобда мағлуб этди  1 07:35Ўртоқлик учрашувлари. «Арсенал»дан камдек, Манчестер клубларида мағлубият ва бошқа натижалар  3 01:39Расман: Ўткир Юсупов — "Фулад" футболчиси!  10 01:32"Арсенал" Рафиньянинг трансфери бўйича "Барселона"га кўп миллионлик таклиф тайёрлайди  1 01:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1, Ҳимоядаги хато қимматга тушди  14 00:53"Атлетико" ва Испания терма жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини якунлади  2 00:15РПЛ. Эсанов ҳаракат қилаётган "Акрон" меҳмонда "Факел"ни ишончли ҳисобда мағлуб этди  16 23:35Тимур Кападзе: "Иккала ўйинда ҳам ютишимиз мумкин эди"  122 23:01Расман: "Атлетико" Испания терма жамоаси футболчиси билан шартнома имзолади  1 22:29"Навбаҳор" назорат учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Қувватовдан норасмий дебют, Никабадзедан хет-трик  10 21:31"Манчестер Юнайтед" форварди ПСЖга ўтиши мумкин  5 21:05Париж-2024. Ўзбекистон иккинчи турда Мисрга ютқазди ва гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди  850

Диёр Имомхўжаев: Сайловга 24 соат вақт қолди. Ўзгаришларга-чи? Янгиликлар

Диёр Имомхўжаев: Сайловга 24 соат вақт қолди. Ўзгаришларга-чи?

ЎФФ 12 сентябрь санасига 6 ҳафта вақт қолганида ташкилот президентлиги учун номзодлар ҳақида маълумот бериши керак эди.

Сайловга 24 соат вақт қолганида ҳам футбол жамоатчилиги жимжитлик романидан парча ўқиб турибди. Очиғи, ажабланмадим. Ўзбекистон олимпиячилари Риога бора олмаса, Бабаян ва Толибжонов ишдан кетиши керак эди. Биринчиси бирйўла миллий терма жамоа томорқасини ҳам пайҳон қилиб кетди, иккинчиси фаолиятини давом эттирмоқда. Айтилган гап қилинмаганидан кейин, ёзиб қўйилганига кимдир амал қиладими?

Ўзимизча Алишер Султонов, Улуғбек Рўзиқулов, Фаттоҳ Шодиев деб чалғиган бўлдик. Ваҳоланки бу вариантлар ҳақиқатга яқин эмас. Султоновга қолса, “Ўзбекнефтегаз”дан вақт орттириши қийин. Бўйнида МОҚ жавобгарлиги ҳам бор. Агар ЎФФ ҳам илиб қўйилса, умуман ухламасдан ишлаши керак бўлади. Улуғбек Рўзиқулов “Ўзбекистон ҳаво йўллари” лойиҳалари билан банд, Фаттоҳ Шодиевга Ўзбекистон футболи умуман қизиқ эмас, деб биламан. Унинг каби инсон футболни эрмак деб билганида, аллақачон Бельгия ёки Қозоғистондан битта жамоа сотиб оларди ўзига. Мадомики, улар бизнинг футболга кириб келяптими, марҳамат, хусусий инвесторларни кутаётгандик. Катталар манфаатсиз ишларга аралашишмайди, бошқа соҳаларда ҳам улар учун Ўзбекистон эшиклари очилаётгани балки яхшиликкадир.  

Шодиевларнинг Ўзбекистон футболига фойдаси тегиши аллақачон бошланди. “Пахтакор”нинг қўлга киритилиши ва каттагина мажмуа қурилиши уларнинг гарданига тушганидан кўпчилик хабардор. “Пахтакор” мухлислари клуб яқин йиллар ичида қайта оёққа туриб олишига ишонади. Мана шу ишлар бошланган вақтдаёқ, Шодиевларнинг Ўзбекистон футболи тепасига келиши борасида гап-сўзлар тарқалганди. Ва бу ҳақиқатдан у қадар йироқ эмас. Аммо қай кўринишда?

Бобур Шодиев “Пахтакор” клубининг президентига айлангани ёқимли бўлганди. Гап бунда шахс ҳақида кетаётгани йўқ, шунчаки Тошкент шаҳар ҳокимининг бунда деярли роль ўйнамаслигини ҳамма билиб турган бир вақтда, унинг яна президент бўлиб кўриниши кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмасди. Энди эса у ким бўлишидан қатъий назар, “Пахтакор”нинг эгаси бор. Буниси яхши, биз истаётган ва талаб қилаётган масала ҳам аслида шу — клубларни тезроқ хусусийлаштириш.

Бобур Шодиев “Пахтакор”ни қўлга киритгач, Умид Аҳмаджоновни Миллий Паралимпия қўмитасидан олиб келиб, якунда клуб вице-президентига айлантирганди. Сизнингча, Аҳмаджонов ЎФФ президентига айланиши мумкинми? Воқеалар ривожи шундан далолат бераётгандек. Сайловга саноқли соатлар қолганида ҳам ҳеч нарса маълум бўлмаганидек, унга 15 дақиқа қолганида ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетиши ҳам мумкин, албатта.

ЎФФ қошидаги терма жамоалар маркази ўз фаолиятини тўхтатгач (нега шундай бўлгани ҳам айтилмади), Асқар Толибжонов “Пахтакор”нинг янги раҳбарияти олдида пайдо бўла бошлаётганди. Ҳозир мени бир савол қизиқтиради: борди-ю, Аҳмаджонов ЎФФ президентига айланса, Толибжонов унинг ўрнига “Пахтакор” вице-президенти бўладими ёки ташкилотдаги фаолиятини давом эттирадими? Сайловдан кейин у лавозимидан айрилади деган вариант менинг эҳтимоллик назариямдан мутлақо четда турибди. Ўз-ўзидан яна бир савол чиқиб келади: ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаев ҳам жойида қолади, тўғрими? Биринчидан, у ОФК ижроқўмининг 2019 йилнинг майигача бўлган аъзосидир, яъни, ЎФФдан кетса ҳам, ОФКда қолаверади. Иккинчидан, федерациянинг бугунги кундаги сиёсати ҳақида яхши билади, интервью бермайди, кўп гапирмайди, қалтис ишдан йироқда юради — хуллас, “дилбар” шахс. Бунгача уни қўллаб келганлар, бундан кейинги тақдирини ҳам ижобий ҳал қилиб бера олмайди деб, ҳеч ким кафолат бера олмайди Бобур Шодиев ким ва у қандай инсон экани “Пахтакор” президенти эканидан келиб чиқиб, унинг мухлислари учун аҳамиятли эди. Вақти келиб бу жамоа Абрамовичнинг “Челси”си, Ҳалайфийнинг “ПСЖ”сига айланса, биз фақат хурсандмиз. Сайловдан кейин эса Шодиевлар миллионаб мухлислар учун аҳамиятли инсонларга айланишади. Уларнинг гарданида осон бўлмаган масъулият юки туради. Мен подадан олдин чанг чиқаришни истамасдим. Қолганлар каби фақат яхшисидан умид қиламан ва эртага ўзбек футболи тепасига келадиган кишиларга омад тилайман, ишонаманки, хавотирларимиз ўринсиз бўлиб чиқади.

Ҳа, айтганча, масалан парламентнинг учдан икки қисми ишончсизлик вотуми билдирилса, фақатгина вазир эмас, бошқа вазирлар ҳам, бутун бир ҳокимият истеъфо беради. Афсуски, футболимизда парламент йўқ (футболчи ва мураббийлар, ҳакамлар, журналистлар уюшмаси ва ҳоказо). Агар шундай вотум ишқибозлар томонидан билдирилса деган кулгули фаразни кўз олдимизга келтирсак, ўйлашимча, учдан икки қисмимиз ўзгаришлар учун қўл кўтарган бўлардик. Демак, эртага аввалгиларнинг барчаси истеъфо бериб, бутунлай янги раҳбариятнинг келиши мухлисларни қувонтирса керак. Яна ўша каром шўрвани ичишда давом этсак, билмадим... Охири баҳрайр бўлсин!

Рейтинг: +75   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика