UZ

Сўнгги янгиликлар

20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  0 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  4 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  20 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  30 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  4 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  8 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   17 16:33"Нефтчи" Билолхон Тошмирзаев билан шартномани узайтирди  1

Даврон Файзиев: "Бу йил олий лигада қолсак, келаси йил катта ўзгаришлар бўлади" Янгиликлар

Даврон Файзиев: "Бу йил олий лигада қолсак, келаси йил катта ўзгаришлар бўлади"

Жамоалар қизғин равишда иккинчи даврага тайёргарлик кўрмоқдалар. Мазкур ҳафтада эса айнан 14-турга старт берилади.
Айтиш мумкинки, ҳар бир жамоа ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда мавсумга ҳозирлик кўрмоқда. Бир қатор клубларда эса молиявий қийинчиликлар мавжуд. Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси бундай муаммолар бўлишига қарамасдан иккинчи даврага кўтаринкилик билан тайёргарлик кўрдилар. Улар Тошкентда ҳам йиғин ташкил қилиб бир қатор назорат беллашувларида қатнашдилар. Умуман олганда, мазкур клубни чемпионат бошида ҳамма яққол аутсайдерга чиқариб қўйганди. Лекин биринчи даврадан кейинги турнир жадвалида 14 ўринда ҳам, 13-ўринда ҳам «Сўғдиёна»ни учратмадик. Демак, Даврон Файзиев ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Иккинчи даврада ҳам бу жамоа очко улашувчи ролини бажариб бермоқчи эмас. Шу боис яхшироқ тайёргарлик олиб бордилар. Тўғри, таркибга у қадар янги ўйинчилар жалб қилинмади. Бу асосан боя айтганимиздек, маблағ масаласи билан боғлиқ. Лекин мураббийлар ихтиёридаги бор ўйинчилар билан иккинчи даврани ўтказишга мажбурлар. Лекин улар тушкунликка тушишмаяпти. Олий лигада жон сақлаб қолиш учун охиригача курашиш уларнинг бош вазифаси бўлиб қолмоқда.

«Сўғдиёна»нинг Тошкентдаги йиғин кўнгилдагидек кечди. Ҳар холда ўтказилган назорат ўйинларидаги бу жамоанинг қайд этган натижалари яхшироқ бўлди. Улар асосан жамоавий ўйин эвазига шаклланиш жараёнини бошидан ўтказмоқдалар. Бунинг устига бош мураббий ёшларга ҳам катта эътибор қаратаётгани сир эмас. Чунки таркибга янги кучлар жалб қилинмагач ўз-ўзидан маҳаллий ёшларга янада кенгроқ эътибор берилади. Жамоанинг ашаддий мухлислари эса иккинчи даврада ўзига хос сюрпризларни кутишмоқда. Очиғини айтганда, бундай сюрпризларни «Сўғдиёна»дан кутса бўлади. Иккинчи давра баҳслари яқинлашиб қолгани сабабли тайёргарлик жараёни қандай кечганлиги, таркибдаги ҳозирги ҳолат ва яна бир қатор масалалар билан бош мураббий Даврон Файзиевга мурожаат қилдик.     

Тошкентдаги йиғин ўз ниҳоясига етди. Бош мураббий сифатида пойтахтдаги тайёргарлик жараёни режангиз асосида кечдими?

-  Умуман олганда, иккинчи даврага тайёргарликни режамиз асосида бошлаганмиз. 12 июлдан 18 июлга қадар Зомин тоғларида машғулот олиб бордик. Биз у ерда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга эътибор қаратдик. Навбатдаги йиғинимиз 19-27 июл кунлари Тошкентда ўтказилиши керак эди. Ҳаммаси биз ўйлагандек бўлди ва ушбу саналар давомида пойтахтимизда шуғулланиб, ўйинлар ўтказдик.  5та назорат учрашувини иштирок этиб 3тасида ғалаба қозониб, 1та дуранг ва 1та мағлубиятга учрадик. Айтишим керакки, ушбу ўйинларимиз кўнгилдагидек ўтди. Чунки яхши рақиблар билан беллашдик. «Навбаҳор», «Шўртан», «Бухоро», «NBU-Осиё» ва «Нефтчи» жамоаларига қарши тўп сурдик. Ўтказган барча ўйинлардан ўзимиз учун тегишли хулосаларни чиқариб олдик. Мени қониқтирмаган томони шу бўлдики, ҳимояда ўз айбимиз билан кўп хатоларга йўл қўяпмиз. Бу мени ташвишга соляпти. Айнан «Бухоро» билан ўйинда учта гол уриб, ўз дарвозамиздан ҳам учта тўп ўтказиб юбордик. «Навбаҳор»ни 2:0, «Шўртан» ҳамда «Нефтчи»ни 3:2 ҳисобларида мағлуб этдик. «NBU-Осиё»га эса 0:3 ҳисоби билан ютқаздик. Биз мазкур учрашувда иккинчи таркибни майдонга туширдик. Аммо мағлубият учун баҳона қидириш керак эмас. Назорат ўйинида бўлса ҳам мағлубият барибир мағлубият. Энди 30 июл куни ўз қароргоҳимизда йиғиламиз. Иккинчи давра бошланишидан аввал 31 июл куни биринчи лига пешқадами - «Машъал» жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишга келишиб қўйганмиз. Бу бизнинг охирги назорат ўйинимиз бўлиб қолади.

Тошкентда бир қанча ўртоқлик учрашувларидан қатнашдинглар. Бундан кўзланган асосий мақсад нима эди? Умуман, ушбу учрашувлар қанчалик самара беради?

-  Самараси ҳақида гапирсам, кўпроқ тўпни назорат қилишга эътибор қаратдик. Биласиз, таркибимизда ёшлар кўп. Ўртоқлик учрашувларида уларга ўзларини йўқотмасдан эркин ўйнашга ўргатяпиз. Тўпни йўқотиб хато қилишса ҳам ушбу хатолар устида ишладик. Қандай бўлмасин ёшларимизда ўзларига бўлган ишончни кўтаришимиз керак. Ўртоқлик учрашувларида натижа муҳим эмасди. Ютсак ҳам, ютқазсак ҳам ёшларимиздан ўзларига ишонган ҳолда эркин ўйнашларини талаб қилдик. Чемпионатда буни янада мустаҳкамлашимиз керак. Чунки назорат ўйинлари билан чемпионат ўйинлари бошқа-бошқа. Бизга айнан ёшларимизнинг ўзига ишончи етишмаётганди. Назорат ўйинлари давомида шу нарса устида кўпроқ ишладик.

Иккинчи давра бошланишига саноқли кунлар қолди. Шундай экан, жамоангизни қанчалик чемпионатга тайёр деб ҳисоблайсиз?

-  Ўз жамоамга баҳо берадиган бўлсам, 80-85 фоизга тайёр деб айта оламан. Назаримда ҳеч ким 100 фоизга тайёр деб айта олмайди. Футболчиларимиз машғулотларда ўз устида чин дилдан ишлашганлиги кўриниб турди. Ҳар бир ўйинчи асосий таркибда ўйнаш учун бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилишяпти. Бу эса мени хурсанд қилди. Яъни, бизда озгина бўлса-да рақобат юзага келди.

Шу ўринда таркибдаги ўзгаришлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

-  Тўғрисини айтсам, таркиб борасида кучайдик ёки кучсизландик деб ҳисобламайман. Кучайиш учун иқтисод масаласида қийинчиликларга эгамиз. Шу сабабли ўз ёшларимизга таяндик. Жамоамизни тарк этган футболчилар бўлди. Жумладан Акмал Абдураҳмонов, Жалил Кимсанов, Хуршид Йўлдошев ҳамда Дурбек Умаралиев ўз ихтиёрлари билан кетишга рухсат сўрашди. Мен бу йўқотишларни жиддий бўлди демаган бўлардим. Биз уларнинг клубни тарк этишларига ҳеч қандай эътироз билдирмадик. Қўшилган ўйинчилардан «Олмалиқ» клубидан Маъруф Муродовни таркибимиўга жалб қилдик. Шунингдек, илгари «Бунёдкор»да тўп сурган ва биринчи даврани «Навбаҳор»да ўтказган Расул Шуҳратовни ҳам сафимизга қўшиб олдик. Айнан иккита янги ўйинчи машғулотларимизда қатнашяпти. Ҳозирча улар ёмон таассурот қолдиришгани йўқ. Ўз устиларида кўпроқ ишлаб тезроқ жамоага мослашиб кетишлари учун маслаҳатлар бердим.

Иккинчи даврадаги натижаларни нисбатан яхшилаш учун «Сўғдиёна»га икки нафар янги футболчининг қўшилишини етарли деб ўйлайсизми?

-  Албатта етарли деб ўйламайман. Биз янада кучайишимиз керак. Бироқ кўпроқ футболчиларни таклиф қилиб таркибни янада кучайтириш учун бизда молиявий имконият ҳавас қилгудек эмас. Бу йил олий лигадаги ўрнимизни бир амаллаб сақлаб қолсак, кейинги йили катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун ушбу чемпионатда олий лигада қолишимиз керак. Биринчи даврада имкони борича мақсадимиз учун курашдик. Табиийки, иккинчи даврада ҳам охирига ҳаракат қиламиз ва умид қиламанки ўз мақсадимизга эришамиз.

«Сўғдиёна»нинг мавсумдаги иштироки ва иккинчи даврага тайёргарлигидан худди таваккалчиликка қўл ураётгандек таассурот уйғонмоқда?

-  Мен таваккалчилик қиляпмиз деб айтмаган бўлардим. Ҳамманинг хабари бор, бизнинг уй ўйинларимизни ўтказадиган стадионимиз йўқ. Айни пайтда стадионимизда катта қурилиш ишлари давом этмоқда. Шунинг учун ўйинларимизни Зоминдаги стадионда ўтказяпмиз. Зомин Жиззахдан 65 километр узоқликда жойлашган. Тўғри, мухлислар бизни ташлаб қўйишгани йўқ. Ҳар учрашувда зоминлик ва жиззахлик мухлислар қўллаб-қувватлаб туришибди. Лекин кўпчилик мухлислар ўйинга бора олмаяптилар. Шу боис таваккалчилик деб ҳисобламайман. Биз тузиб чиққан иш режамиз асосида меҳнат қиляпмиз. Тезроқ ўз стадионимизга эга бўлганимизда ҳаммаси янада яхши бўларди деб ўйлайман.

Иккинчи давра бунданда қийин бўлиши турган гап. Шундай экан, бош мураббий сифатида ҳавотирларингиз борми?

-  Чемпионатимиз худди кеча бошлангандек! Вақт тез ўтяпти, мана энди иккинчи даврага старт бериляпти. Очиғи, давралар оралиғида борган сари ҳаяжон мени босиб боряпти. Лекин мен буни билдирмасликка ҳаракат қиляпман. Бироқ халқимизда жўжани кузда санаймиз деган нақл бор. Ҳозир ушбу нақлга етиб келяпмиз. Иккинчи даврани ўз майдонимизда «Олмалиқ» жамоасига қарши ўйин билан бошлаймиз. Охирги пайтларда бу клуб жуда яхши шаклланяпти. Умуман, бу йилги жамоалар ичида менда жуда яхши таассурот қолдираётганлар - «Бунёдкор», «Насаф», «Локомотив» ва «Олмалиқ» клубларидир. Мавсумнинг иккинчи ярмини «Олмалиқ» билан бошлаш барибир ҳаяжонни келтириб чиқаряпти. Биз ҳар бир учрашувга бир хил тайёргарлик кўрамиз. Лекин «Олмалиқ»қа қарши пухта ҳозирлик кўрмасак, бизни жуда қийин старт кутиб турибди. Биласиз, биз молиявий имконият бўйича ҳам мақтана олмаймиз. Шу томондан кўплаб жамоалардан орқадамиз. Бу нарса барибир футболчи ва мураббийга таъсир кўрсатади. Шу боис муаммоларни қандай бартараф этиш устида ҳам ишлаяпмиз. Нима бўлган тақдирда ҳам йил охирида биз кутган натижага эришамиз.

Бу йил «Сўғдиёна» билан бирга олий лигага чиққан «Гулистон»нинг ҳозирги молиявий танг ҳолати сизларда ҳам рўй бериши чўчитмаяптими?

-   Албатта чўчитяпти. Аммо охирги 5-6 кун ичида «Гулистон» жамоаси бу борада ўзини бироз ўнглаб олди. Лекин бундай қийинчиликлар ҳар бир клубнинг бошидан ўтса керак деб ўйлайман. Аммо ночор аҳволда деб айтишаётганларга қўшилмайман. Эсингизда бўлса, мавсум бошида «Сўғдиёна» билан «Гулистон»ни айнан ночор аҳволда деб баҳолашганди. Лекин бундай эмаслигимизни исботлаб бердик. Иккинчи даврада ҳам «Гулистон» ҳам, «Сўғдиёна» ҳам ўз мақсадига эришади деган умиддаман.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.   

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика