“Бунёдкор” стадионига янги директор тайинланди
29 июн 2022 15:11
Янгиликлар
“Бунёдкор” стадионига янги директор тайинланди
Дирекция “Бунёдкор” стадионидаги иншоотларни яхши ҳолатда сақлаб турган ҳамда мусобақалар ва ўйинлар учун керакли хоналар ва бошқа жойларни етарли ҳолатда таъминлай олаётган бўлсада, футбол ўйнаш учун энг долзарб бўлган жиҳат – майдонни, мана бир неча мавсумларки, кўнгилдагидай даражада тайёрлай олмаётганлигини кескин танқид қилди “Бунёдкор” футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев.
Бош ҳомий “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан дирекциянинг фаолияти учун барча шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамасдан, асосий масала – майдон ва чим ҳолатининг яхши эмаслиги кўпчиликнинг, айниқса, футбол жамоатчилигининг эътирозларига сабаб бўлаётганлиги айтилиб, буни яқиндагина ўтказилган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинлари ҳам яққол кўрсатганлиги билдирилди.
Натижада, 24 июнь куни “Бунёдкор” стадионига янги директор тайинланди. Бу лавозимни шу кунгача “Насаф” жамоасининг уй аренаси – Қаршидаги Марказий стадионда директор бўлиб ишлаб келган Шерзод Ҳақбердиев эгаллади.
“Бунёдкор” ФК президенти Ш.Ҳақбердиев олдига, биринчи навбатда, майдон чимининг ҳолатини бутунлай ҳамда талабга жавоб берадиган қилиб яхшилаш вазифасини қўйди. Шунингдек, “Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси”нинг бошқа йўналишдаги фаолияти ҳам таҳлил қилиб чиқилиб, зарур хулосалар юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши белгиланди.
Фикрлар