UZ

Сўнгги янгиликлар

07:49Роналду: «Винисиус «Олтин тўп»ни ютиши керак эди, унга нисбатан адолатсизлик қилишди»  2 03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  2 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  6 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  19 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  8 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  2 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  19 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1

Бир йилда иккита ЖЧга чиқа олмадик, бунга шифокор нима дейди? Янгиликлар

Бир йилда иккита ЖЧга чиқа олмадик, бунга шифокор нима дейди?

Кеча терма жамоамиз Эронга ютқазди. Сал аввалроқ Ироққа мағлуб бўлиб, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан маҳрум бўлдик.

Болалар футболи, болалар футболи деявериб чарчадик. Эътибор қилишмади. Берган таклифларимизни ўрганиш тугур, ўқиб ҳам чиқишмади. Уларга кўпроқ таклифдан кўра, «комент»ни ўқиш қизиқ. Битта яхши немис шифокори бор экан, савол жавоб қилиб касалингизни аниқлаб бераркан. Шундай қилиб, болалар футболи шифохонада.

Б.Ф: – Guten Tag!

Шифокор: – Ўзбекча гапираверинг, «Championat.asia» сайтини ўқиб тураман. Мен анча мунча ўзбекча гапиради. Шу дўстим, сайтда фикр қолдирадиганлар кўп ёмон гап гапиряпти, кўп гапиряпти, менга олиб келинг юмшоқ жойига укол қилиб қўяман.

Б.Ф: – Буни ҳал қиламиз, Сиз бизни касалимизни кўриб беринг...

Шифокор: – Кўрамиз, кўрамиз... Хўш, Сиз манга айтади, МРТ қилдирдингизми?

Б.Ф: – Ҳа, мана (Б.Ф: МРТни шифокорга узатади)

Шифокор: – (шифокор ўрнидан туриб кетади) Чатоқ, чатоқ... Аҳвол анча чатоқ... Шунча пайт нега шифокор ҳузурига келмадингиз? Ишқилиб дардини берган, шифосини ҳам берсинда...

Б.Ф: – Жа унчаликмасдир ўртоқ шифокор, мана 1996 йилларда туғилган болаларимиз Осиё чемпиони бўлишди.

Шифокор: – Қачонгача мақтаниб юраверасиз? Ўша болалар қани ҳозир? Жаноб Естафеевнинг болалари қани? Уларнинг иккиси ҳам жаҳон чемпионатида ўйнаб қайтишди. Менга қаранг, жаҳон чемпионатидан келган футболчиларингиз кейин қаерда тўп тепишади?

Б.Ф: – Ҳеч қаерда, улар ёш-ку ҳали. Онда-сонда ўринбосарлар сафида тушиб туришади. 

Шифокор: – Ҳа, 20 ёш бу ёш футболчи саналиши ёдимдан чиқибди. Узр, ноўрин саволни мен бердим. Лекин мана бу МРТ натижаларига қарасам, сўнгги 5 йилдаги аҳволингизни тушунишим мумкин. Бу маълумотларни менга «Championat.asia» сайтининг маъмурияти берди. Олий лиганингиз қариб кетган. Бу йил Анвар Бердиевни икки клуб ўртасида талаш бўлганини эшитиб роса кулдим. Пайтида бу футболчи МТЖингизга керма эмас эди. Яна Мирхолдиршоев, Холмуродов, Ирисметов деган бомбардирларингиз бўларди. Кечинов деган футболчингиз 17 ёшида олий лиганингизда тўпурарлар рўйхатида бўлган. Сиз уйлантириб қўядиган ёшга етган футболчини ҳамон ўринбосарлар сафида ўйнатасиз. Мана қаранг (статистикани кўрсатиб), 2010 йилда жамоаларингизни ўртача ёши, ёшлар фойдасига 8-6. Бу ерда мен жамоанинг ўртача ёши 27гача ва ундан катта бўлганларни ажратиб бераяпман. Сиз мени олдимга 2011 йилни ўзидаёқ келишингиз керак эди. Нима қилиб юрдингиз 4 йил. Ана ўшанда келмайсизми, ҳозир Қатарда шарманда бўлмай қайтган бўлардингиз. Олимпиада, Олимпиада дейсиз, Олимпиадага 2 ой тайёргарлик кўрилмайди. Унинг учун танангиз соғлом бўлиши керак. Эх, газак олдириб юборганингизни қаранг. 2012 ва 2013 йилларда олий лиганингиз сал эпақайига келди. «Бунёдкор»дан юлдузлар кетиб қолгач ёшларга жой берди. Шунинг учун бу йилларда 7-7 натижасини кўриш мумкин.

Туппа-тузук ёшлар билан ишлаб турган Шквиринни болаларини йиғинма-йиғин олиб кетавериб, уни ҳам ёшлардан безиллатиб қўйдинглар. Олий лигага чиққанида «Олмалиқ», «Пахтакор»дан кейин иккинчи ўринда турарди, ёш футболчиларни ўйнатиш борасида. Қани ўша йиғинма-йиғин олиб юрган болаларингиз? Энди Шквиринни ўзига ҳам керак эмас. Охирги 4 йилда у ҳам ёшларни туширмай қўйди. Туширмайдида, раҳбарият натижа талаб қилиб турганидан кейин, ёш футболчини кашф қилай деса четдан йиғиндан келмаса. Ёш болани сарсон қилишни нима кераги бор, олий лигада ўйнасин, кўзи пишсин. Ўткан йили ёмон бўлмади, сал бўлсада ёш жамоалар сони ошди. Лекин бу йилги натижангиз... «Шўртан»нинг ўртача ёши 28.8, «Бухоро»ники 28.3... Бу ҳали ҳаммаси эмас (шифокор асабийлаша бошлади)! «Қизилқум» 30ни уриб қўйибдику, 29.5. Бу олий лиганингиз тарихидаги энг қари жамоа. Қаердан сиз жаҳон чемпионатига чиқасиз, ҳеч бўлмаса 10 нафар футболчингиз йўқ-ку олий лигада. Авваллари бахтингизга биринчи лига сал тузук эди, ҳозирчи?  Ўзи бу лигангиз ПФЛга қизиқми, қани бир сайтига кирайликчи (шифокор планшетини очиб сайтга киради). Ҳа, 30-тур якунига етибди, яхши-яхши... «Локомотив»га балли, биринчи лигада фарм клуб қилибди, мана ёшларга эътибор (ҳамшира: – устоз бу 2011 йил-ку, ўша йили «Локомотив» биринчи лигада ўйнаганди.)

Эх, нега «СА»да ҳам йўқ унда?

Ҳамшира: - Йил бошида «Оқ-тепа» биринчи лигадан чиқиб кетди-ку, шунга уларда техник носозлик. «Оқ-тепа»ни очкосини бекор қилишди...

Шифокор: - Ҳа шунақа дегин, ўзи биринчи лигани ҳам бир жарроҳлик хонасига олиб кириб чиқишимиз керак экан. Ҳа, майли. Қани ёшлар лигасини кўрайлик-чи, «Бунёдкор» чемпион бўлади дейишаётганди... (биринчи лигани очиб) Қанақасига «Бунёдкор» чемпион, ҳали «Андижон»да ҳам имконият бор экан-ку, олдинда 15 та тур бор.  

Ҳамшира: (ичида, уфф... шу профессор ёши ўтгач бирам эзма бўлиб кетди-ки): – Устоз ҳозир 26-тур.  

Шифокор: – Ҳа, шундайми? Майли, нима деяётгандим?

Б.Ф: – «Отамми» уйлантираман дедингиз...

Шифокор: – Сендака ҳангомачидан, отамни уйлантираманмиш.  

Б.Ф: – «Дўхтир» вохима қилманг, ана Ироқ ҳар мусобақада муваффақиятли иштирок этаяпти-ку, биз улардан анча яхшимиз-ку?

Шифокор: – Ироқни пеш қилманг менга. Сен ҳам ишла улар каби. Билиб олганларинг «Пахтакор» ва «Бунёдкор». Кўчага чиқ, вилоятга чиқ. У ерларда ҳам бор, болалар. Ироқнинг терма жамоаларини қараб кўр сен. Бари ҳар хил шаҳардан. Японни қара, Кореяни қара. Нима, ёки яхши ўйинчилар фақат Тошкентдами? Олдин нима учун ғалаба қозонаётгандинг, биласанми? Нима учун 1993/1994/1995/1996 муваффақиятга эришди биласанми? Билмасанг, билиб қўй. Бу мураббийларни клубида нари борса 25 нафар футболчиси бор эди. Футболчисида пасайиш бўлса, атайин у билан ишларди. Турнирма-турнир юрарди. Ёзги оромгохларга борарди. Вилоят кезарди. Яқинда бир мактабингизга кўрикка бордим. Эх... қон босимим ошиб кетди-ёв... (шифокор олдида турган доридан битта ичиб юборди) Битта мураббийингизда 3та «группа». Ҳаммасида 30 нафардан бола. Биридан чиқиб иккинчисига машқ қилдиради, кечга учинчиси. Бунақада сифат йўқолади-ку, ахир. Битта таркиби билан бемалол вилоятга кета олмайди, ортидан 60 нафар қора кўз қараб қолади. Ўйинчиси яхши ўйнамай қолса, уни иккинчи таркибга юборади. А, ишла ундан кўра устида. Ўрганиб олдингиз, ўйинчи ўйнай олмаса, бошқа вилоятдан тайёр ўйинчини олиб келишга. Ундан кўра ҳамма ўз вилоятида ўйнасин, келиб захирангда ўтирмай. Билиб олганинг 11 нафар асосий таркиб. Ота-оналарингга ҳам хайронман. Хўрозқанд чет элники деса... Захирада ўтирса ҳам майли, фақат «Пахтакор» ва «Бунёдкор»да ўйнасин. Эх барака топкур, бу ёшда ўйнамаса, 20 ёшда ўйнамаса, ундан кўра фанга бер, футболни ташласин, ўқит болангни, ватанга шунда фойдаси тегсин. Битта журналистларинг бор, ёшлар лигасини ташкил этиш керак деб ёзгани, ёзган. Шунчалик қийинми, 15-17 ёшли битта лига, битта 17-19 ёшли лига ташкил қилиш? Биздан келиб ўрганиб кетинг. 14 ёшли футболчиларимизни «Бундеслигаси» бор. Академияси йўқ клубга лицензия берилмайди. Сизларда зўр битта мусобақа бор. «Тайёрлов гуруҳи» дейсизлар. Қанақасига тайёрлов гуруҳи, қассоблар-ку у ерда. 15 ёшлиларнинг мусобақасида, 15 ёшли футболчини «лупада» қидирсанг. Шу болалардан натижа сўрамаларинг. Биринчи лига жамоаларингни мактаби йўқ. Чунки ПФЛларинг талаб қилмайди. Тайёрлов гуруҳига ўша ой учун ижарага жамоа олиб ўйнатиб олади. Тошкентда қизиқ бу. 6та биринчи лига жамоаси ўйнаяпти. Барчасида ё "Пахтакор", ё "Бунёдкор" либоси. 2 ҳафтага ижарага олган. Ҳатто ўз клуби эмблемасини туширган футболка қилиб бера олмайди!  

Б.Ф: (қаердан ҳам келдим, тезроқ дори-дармонни ёзиб берса-ю, кетсам): - Жаноб, сал кечикиб тургандим, бугун «Локомотив»  «Бунёдкор» ўйини бор эди.

Шифокор: – Қанақа ўйин у?

Б.Ф: – Кубок ярим финали.

Шифокор: – Нега кўчада ҳеч қаерда афиша йўқ, қаерданам стадионга одам кирсин? Хоп, унда мен сенга футболингни қандай муолажа қилиш мумкинлигини ёзиб бераман. Демак:

1. Барча вилоятларда Тошкентда бўлгани каби шаҳар чемпионатини йўлга қўясиз. Унда 5та авлод вакиллари қатнашсинлар.

2. Ҳар бир вилоятда иккинчи лига бўлсин. Сурхондарё эсдан чиқмасин, 4 йил бўлибди иккинчи лигасига чек қўйилганига. Пайтида «Нефтчи»ни чемпион қилган футболчилар ўша ўлкадан келган эди.

3. 15-17 ёшли футболчилар ўртасида ҳудудий лига тузилар. Воҳа лигаси Қашқадарёни ўз ичига олсин. Сурхондарё ҳам кичкина жой эмас, улар ҳам Қашқадарё каби битта бўлса бўлаверади. Ҳанна йўл кира тежалади. Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси битта ҳудуд бўлсин. Самарқанд  билан Жиззах. Бухоро ва Навоий. Водий битта «зона». Тошкент ўз йўлига. Тошкент вилоятида ҳам жамоалар сероб.

4. Агар 2002 йилда таваллуд топган футболчиларингиз жаҳон чемпионатига чиқишини истасангиз, 2017 йил Республиканинг барча ҳудудларида 2002 ва 2003 йилларда таваллуд топган футболчилар ўртасида мусобақа ўтказинглар. 4та ҳудудни белгилаб, тўрттовига биттадан селекционер бириктиринг. 

5. Омма билан ишлашни ўрганинглар. Нуқул «СА»дагилар интервью оламан деса, «запрет». Мусобақа ўтиб олсиндан бошқа баҳона йўқ. Ютқазиб қайтганидан кейин кимга қизиқ мусобақаси.

6. 14 ёшгача бўлган мусобақалардан турнир жадвалини олиб ташланг. Шунда ёшни кичиклаштиришни олдини оласизлар. 7 ёшдан бошлаб барча янги футболчиларни базасини йиғинг.

7. Германияда ҳар бир оддий мактаб жисмоний тарбия дарсидан кейин ойлик ҳисоботни ўз ҳудудларидаги академияларга беришади. У ердан ҳам чиқиб қолади яхши истеъдодлар. Боя сиз айтган Ироқнинг ҳам ютуғи мана шунда бўлаяпти. Мактабларингизни кўраман, жисмоний тарбия дарсида оқ кўйлак, қора шимда юрган болаларни, четда телефонида интернетини «титиб». Футболни фан сифатида ўрганиш даркор.

Шифокор: – Ҳозирча шуларни бажаринг, келаси йил олдимга келасиз. 

Б.Ф: – Кечирасиз, сўнгги саволим, нима деб ўйлайсиз, биз жаҳон чемпионатига чиқа оламизми?

Шифокор: – Шунча дардинг бўла туриб менга бераётган саволингни қара, аввал юқорида мен ёзиб берган камчиликларингни тўғирла. Ҳа айтиш ёдимдан кўтарилибди. 2017 йилги олий лига битта 21 ёшга тўлмаган футболчини майдонга туширишни мажбур қилиб қўймасанглар, Токиода бўладиган Олимпиадага ҳам чиқа олмайсизлар. Яхшиси, биринчи шу масалани кўриб чиқинглар, кейин қолгани ўзи келаверади. 

Бўлди чиқинг, ҳамшира мен икки соат дам олмасам бўлмайди, бошқа мижоз қабул қила олмайман, аввал қон босимимни ўлчаб қўйинг!

Нодирхўжа Юлдашев.

Рейтинг: +71   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика