UZ

Сўнгги янгиликлар

02:05Аҳмед Фатҳи: "Иккинчи бўлимда хатоларга йўл қўйдик, аммо ўйин сўнгида ғалабани илиб кетдик"  0 01:48Маркес Лопес: "Биринчи бўлимда барча жабҳаларда рақибдан устунроқ эдик"  10 01:44Аморим "Ипсвич"га қарши ўйинда МЮни бошқарадими?  0 00:55"Реал"нинг навбатдаги мураббийи аниқ...ми?  0 00:16Сречко Катанец: "Қандай қилиб сўнгги дақиқада оддий гол ўтказдик, буни билмайман" (тўлиқ)  93 00:03Миллатлар лигаси. Италия Бельгияда, Англия Грецияда меҳмон (асосий таркиблар)  0 23:54Катанец қўл остидаги иккинчи расмий мағлубият  76 23:35ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Сўнгги сонияда ютқаздик  87 23:30ЖЧ-2026 саралаши. БАА - Қирғиз Республикаси баҳси якунланди  19 23:23ЖЧ-2026 саралаш босқичи. Ўзбекистон 90+12 дақиқада ўтказилган гол эвазига Қатар майдонида мағлубиятга учради  1085 22:59Маттейс де Лигт: "Фақатгина тен Хаг учун МЮга ўтмаганман. Бу жуда катта клуб"  1 22:32Биринчи бўлимдаги фалокат  35 22:08Миллатлар лигаси. Қозоғистон Австрияга мағлуб бўлди ва B дивизиондан тушиб кетди  6 21:33Расман: "Рома"нинг янги бош мураббийи эълон қилинди, Шомуродов собиқ мураббийи билан ишлайди  3 21:15ЖЧ-2026 саралаши. Жанубий Корея ишончли ҳисобда, Хитой сўнгги дақиқада ғалабага эришди  0

"Арсенал"ни сотиб олиб, клубга “янги қон” олиб кирмоқчи бўлаётган Spotify асосчиси Янгиликлар

"Арсенал"ни сотиб олиб, клубга “янги қон” олиб кирмоқчи бўлаётган Spotify асосчиси

У болалигидан жамоа мухлиси бўлиб, Анри, Бергкамп ва Виейра каби тарафдорлари билан клубни харид қилмоқчи.

Бироқ Кронкелар оиласи мухлисларнинг ғалаёнига қарамай, "Арсенал"ни сотмоқчи эмас.

Суперлига ҳақидаги воқеадан сўнг "Арсенал" мухлисларининг сабр-тоқати сўнди: Лондонда клуб эгаси Стэн Кронкега қарши намойиш қилишди ва ундан клубни сотишни талаб қилишди. Ҳатто потенциал харидор топилди – Spotify мусиқа хизмати асосчиси.

Экнинг бойлиги 3,4 миллиард фунт стерлингга тенг, у мусиқа дунёсидаги энг нуфузли шахс ва Цукербергнинг дўсти

Даниэль Эк – 38 ёшли швед миллиардери ва Spotify'нинг хўжайини. Унинг бойлиги 3,4 миллиард фунтга баҳоланмоқда.

Даниэль ўсмирлик давридаёқ веб-сайтлар тузишни ўрганган, 18 ёшида у ўз компаниясини ташкил қилиб, унга 25 кишини – асосан, синфдошларини жалб қилган. Эк 2006 йилда шериги билан Spotify'га асос солган ва 2017 йилда Billboard мусиқа журнали уни санъат дунёсидаги энг нуфузли шахс деб топган, чунки унинг сервиси орқали машҳур қўшиқчилар рейтинги шакллантирилган. 

Экнинг яқин дўсти Facebook асосчиси Марк Цукерберг саналади: улар деярли тенгдош, америкалик бир-икки ёшга кичик. Цукерберг Даниэлнинг тўйига ташриф буюрган. Марк уни нафақат Европанинг энг яхши тадбиркорларидан бири деб билади, балки ажойиб дўст дея атайди.

"Арсенал" Экка нима керак?

У болалигидан лондонликлар мухлиси ва раҳбариятда мухлисларнинг овози бўлишини, сўзи ўтишини истайди. Швед болалигидан – швециялик футболчи Андерс Лимпар жамоада ўйнаган пайтдан бери "Арсенал"га мухлислик қилишини кўп марта таъкидлаган.  

Айтишларича, футбол  – ишбилармоннинг катта қизиқишидир;  у офисда ишчилари билан доимо FIFA ўйнаб туради. 

"Эмирейтс" стадиони ташқарисидаги мухлислар норозилиги (тахминан 3000 киши қатнашди) куни Эк Twitter'да "Арсенал"ни сотиб олишга тайёрлигини айтди:

"Мен эсимни таниганимдан буён ушбу клубни қўллаб-қувватлайман. Агар KSE (Кронкенинг оилавий компанияси – championat.asia) клубни сотмоқчи бўлса, бундан мамнун бўлар эдим".

Твит тезда 25 минг ретвит қилинди ва 100 мингдан ошиқ лайк тўплади. 

Эк агар ҳаммаси ижобий ҳал бўлса, мухлисларнинг клубга таъсирини оширишни ният қилгани аллақачон маълум бўлган: унинг ғояси "Арсенал" бошқарувида мухлисларнинг ҳам бевосита иштирокини таъминлашдан иборат.

Унинг тарафдорлари кимлар?

"Арсенал"нинг камида учта афсонаси – Анри, Бергкамп ва Виейра уни қўллаб-қувватламоқда. Инглиз нашрлари "The Telegraph" ва "The Guardian" улар "Арсенал"ни Эк билан бирга сотиб олиш таклифини тайёрлашаётгани ҳақида хабар берди. Хабар қилинишича, миллиардер "канонирлар" афсоналаридан таклиф бўйича тайёргарлик жараёнида ёрдам беришни сўраган. Режа шундай: агар Даниэль клубни харид қилса, трио раҳбарият таркибига кириши мумкин.

Тьерри аллақачон тайёргарликни бошлаган – у "The Telegraph"га интервью бериб, Кронке жамоаси бошчилигидаги раҳбариятни танқид қилди:

"Мен "Арсенал"ни яхши кўраман ва ўла-ўлгунимча мухлислик қиламан, аммо ҳозир ўз клубимни танимаяпман. Ёпиқ лига(Суперлига назарда тутилмоқда – championat.asia)га киришга уриниш – шунчаки даҳшатли.

"Арсенал"ни футбол клуби эмас, худди компания сингари бошқаришяпти. Эҳтимол, бу футбол қадриятларини нотўғри тушунишдан келиб чиқади ва пул жуда катта васвасага олиб келмоқда. Аммо нима бўлишидан қатъий назар, бу тўғри эмас. Мухлислар нима учун ғалаён қилаётганликларини тушунаман.

Илгари одамлар иккинчи севимли жамоаларини танлашлари керак бўлса, бу "Арсенал" бўларди – тарих, маданият, оила туфайли. Ҳозир буни гувоҳи бўлмаяпман ва бу аламли. Шундай экан, шахсиятимизни қайтариб олишимиз керак".

Кронкелар оиласи жамоани сотишга кўнадими?

Мухлислар стадионда тартибсизликлар уюштиришмоқда, афсоналар матбуотда бомбардимон қилинмоқда, швед миллиардери катта таклиф билан чиқди – аммо жаноб Кронке "Арсенал"ни сотмоқчи эмас. Клуб бош директори Жош Кронке (Стэннинг ўғли) "тўпчилар" мухлислари форумидаги саволга шундай жавоб берди:

"Биз "Арсенал"ни қачон сотмоқчимиз? Мен бу саволга жавоб бермоқчи эмасман, чунки биз клубни сотмаймиз".

Албатта, KSE активдан ажралишни истамаслиги – сюжетнинг марказий нуқтасидир. Оила "Арсенал"нинг деярли 100% акцияларига эгалик қилади: сотиб олиш жараёни 2007 йилда бошланган, ўшанда Стэн Кронке 9,9% акцияларни харид қилган. 2018 йилда эса бутунлай клуб эгасига айланган.

"Forbes" ҳозирда "Арсенал"ни 2,8 миллиард доллар(тахминан 2 миллиард фунт)га баҳоламоқда - айни пайтда саккизинчи энг қиммат футбол бренди. "The Athletic" инсайдери Дэвид Орнштейннинг таъкидлашича, Кронкега бу пул етарли бўлмайди: у фақат астрономик миқдорга рози бўлади.

Демак, Даниэль Эк якка ўзи "Арсенал"ни қўлга киритиши қийин бўлади – 3,4 миллиард фунт стерлинг Spotify акцияларининг қийматидан келиб чиққан ҳолда келтирилган. Яъни, швед футбол клубини сотиб олиш учун уларнинг катта қисмини сотиши лозим.

Шундай қилиб, Даниэль "Арсенал"ни сотиб олишни хоҳлаган сармоядорларни топиб, махсус ишлаб чиқилган "сценарий" орқали иш тутиши керак. 

Эк инвесторлар билан ишлаш тажрибасига эга. Spotify 2006 йилдан 2018 йилгача фойда келтирмаган ва фақат инвесторларнинг пуллари боис фаолият кўрсатган – кейинчалик платформа ижобий натижа кўрсата бошлаган ва инвесторлар ўзларининг ҳиссаларини 300 ва ундан ортиқ марта кўпайтиришган.

Айтганча, афсоналар ҳам инвесторларни қидиришда ёрдам бериши мумкин. Айнан Анри Сапуто оиласига тегишли бўлган "Монреаль Импакт" жамоасини бошқарган. Сапуто – Канададаги энг бой инсонлардан бири. У "Болонья" жамоаси эгаси ҳам саналади.

Инглиз нашрларининг ёзишича, Эк келаси ҳафтада Кронкелар оиласига таклиф билан чиқади. 

Хуллас, воқеалар ривожини кузатамиз.

Шерзод Нурматов тайёрлади. 

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика