Аббос Ғуломов: "Ўртоқлик учрашувларидаги натижалар алдамчи эканлигини чемпионат давомида исботлашга ҳаракат қиламиз "
25 фев 2021 16:19
Янгиликлар
Аббос Ғуломов: "Ўртоқлик учрашувларидаги натижалар алдамчи эканлигини чемпионат давомида исботлашга ҳаракат қиламиз "
Биз эса Туркия йиғини, жамоадаги ички муҳит ва бошқа саволлар билан Аббос Ғуломовга юзландик.
- Дастлаб, Туркия йиғини ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...
- Туркия йиғини кўнгилдагидек ўтди. Биз учун барча шароитлар яратиб берилди. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва клуб вице-президенти Отабек Саматовга миннатдорчилик билдираман. Ўртоқлик учрашувларидаги натижаларнинг алдамчи эканлигини чемпионат давомида исботлашга ҳаракат қиламиз. Туркиядаги ўртоқлик ўйинларида камчиликлар устида ишладик. Жуда яхши биласиз, мухлисларимиз жамоамиздан ҳар қандай ўйинда фақат ғалаба кутишади ва ўзларининг муносабатларини билдиришади. Шу боис ҳам "Навбаҳор"да босим юқори. Буни енгиб ўтиш ҳаммага ҳам эмас.
- Хориж йиғинида ички муҳит қандай бўлди? Ўйинларда футболчилар ўзаро келиша олмаган, рақиб ўйинчилари билан уришиб кетган ҳолатлар гувоҳига айландик. Шу боис, кўпчиликда ички муҳитда муаммо бор деган фикр юзага келди...
- Ички муҳит ажойиб. Билмадим, кўпчилик шу қабилидаги гапларни айтяпти. Лекин, бари миш-миш. Жамоамизда нимадир бўлса, инсонлар бўрттириб гапиришга одатланишган. Барча футболчилар доимгидек аҳил. Майдонда ўзаро келишмовчиликлар бўлгани йўқ. Тўғри, рақиб футболчилари билан тортишиб кетдик. Биз бир оиламиз. Ака ёки укамизга кимдир ҳаддан ташқари қўполлик ишлатса, биз унинг ёнини оламиз, ҳимоя қиламиз. Бу ички муҳитнинг ёмонлигини билдирмайди.
- "Навбаҳор"да Андрей Канчельскис давридан бирор нарса сақланиб қолиндими? Нўъмон Ҳасановнинг фалсафаси ва услубига ўрганиш қандай кетмоқда?
- Андрей Канчельскис давридан ажойиб хотиралар қолган. Боиси, айнан шу мураббий бошқарувида Суперлигада дебютимни ўтказдим ва асосий таркибга кирдим. Фурсатдан фойдаланиб Андрей Антанасовичга катта раҳмат айтиб қоламан. Ҳеч қайси мураббий даврида бунчалик ишонч билан ўйнамаганман. Канчельскис берган ишончни бошқа ҳеч кимда ҳис қилмаганман. Нўъмон Ҳасановнинг фалсафаси бошқача. Секин-аста кўникиб бормоқдамиз. Туркия йиғини шу томонлама ҳам фойдали бўлди, дея оламан.
- Суперлигада дебют қилган илк йилингиз ажойиб чиққан эди. Ҳаттоки, олимпия терма жамоасига ҳам жалб қилинган эдингиз. Лекин, нима учундир кейинчалик ўйинингизда пасайиш юзага келди...
- Тўғри, дебют мавсумим ёмон чиқмаганди. Тўғри айтдингиз олимпия терма жамоасига ҳам таклиф қилиндим. Кейинги мураббий даврида кам ўйин амалиётига эга бўлдим. Сўнг жароҳат олдим. Ўтган мавсумни бошида ҳам яхши тўп тепдим, десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кенгайтирилган таркибидан ўрин эгалладим. Шу орада коронавирус билан касалландим. Мавсум ўртасида мураббий ўзгарди. Якунда ўйин амалиёт кам берилди. Ўйинимдаги пасайишнинг сабаблари шулардир. Менинг ёшимдагиларга энг кераклиси ўйин амалиёти, деб ўйлайман.
- Аввалги икки мавсумда натижалар яхши кўриниш олмагани сабаб бу йил жамоадан нима кутиш мумкин?
- "Навбаҳор" ишқибозлари доим юқори ўринларни эгаллашимизни кутишади. Шунга яраша, биз ҳам уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
- Қуръа ҳақида нима дея оласиз? "Навбаҳор" учун қийин келдими?
- Қуръадан кўнглимиз тўлди. Гранд жамоа биланми ёки аутсайдерга қаршими бизга фарқи йўқ, фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Биринчи турдан ўрин олган "Сўғдиёна" билан ўйинни интизорлик билан кутмоқдамиз. Барчамиз футболни соғинганмиз.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.
Реклама
Фикрлар