Зафар Мусабоев: «Навбаҳор»да мураббийлар алмашаверса ҳеч нарсага эришилмайди»
17 июл 2016 12:00
Янгиликлар
Зафар Мусабоев: «Навбаҳор»да мураббийлар алмашаверса ҳеч нарсага эришилмайди»
Ўша йили Виктор Жалилов бош мураббийлигида Наманганда ажойиб жамоа ташкил этилган эди. Мавсумни кўтаринки руҳда ўтказган «Навбаҳор» футболчилари якунда тарихий чемпионликни қўлга киритишганди. Шонли жамоа таркибида тажрибали ҳужумчи Зафар Мусабоев ҳам бўлган. Бугунги кунда Зафар аканинг нима билан банд эканлиги бизни қизиқтирди. Ўйлаймизки, бу сиз учун ҳам қизиқ мавзу.
- Зафар ака, сизни ўрта авлод футбол мухлислари жуда яхши билишади. Лекин футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг бироз ўзингизнинг севимли касбингиздан йироқлашгандек таассурот қолдирдингиз. Бугунги кунда нималар билан бандсиз? Футболдамисиз?
- Афсуски, йўқ. Умуман бошқа соҳада фаолиятим давом этяпти. Тадбиркорлик билан шуғулланяпман. Шу орқали қора қозонимиз қайнаб турибди (кулади).
- Футболни соғинмадингизми?
- Албатта, соғинаман. Чортоқ туманида ўзим ташкил қилган жамоа бор. Айни пайт вилоят чемпионатининг 2-лигасида иштирок этяпти.
- Жамоангизнинг натижалари қандай? Бу борада сизга ким ёрдам беряпти?
- Устозим яқингача ёрдам бериб келгандилар. Аллоҳ раҳматига олсин, февраль ойида оламдан ўтдилар. Уларнинг исм-шарифлари Абдулло Жўрабоев. Чортоқдан етишиб чиққан ягона мураббий эдилар. Жуда ҳам кўп шогирдларни тарбиялаганлар. Улар орасида Тоҳир Мадраҳимов, Рашид Ғофуров, Муҳиддин Ортиқов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Анвар ва Аъзам Ҳафизов, Ғиёс Комилов каби футболчиларни алоҳида айтиш мумкин. Бундан ташқари, 1-лига жамоаларида ҳам кўплаб шогирдлари тўп суришяпти.
- Зафар ака, бир пайтлар ўзингиз ўйнаган ва чемпион бўлган «Навбаҳор» жамоасининг бугунги таркиб иштирокидаги ўйинларини бевосита стадиондан кузатяпсизми?
- Бўлмасам-чи. Дўстларим тинч қўйишмайди. Бормасликнинг сира ҳам иложи йўқ.
- Охирги марта қайси ўйинга бордингиз?
- Бу йил ҳисобидан фақат «Металлург» ва «Бунёдкор» жамоаларига қарши кечган ўйинларни бевосита стадиондан кўриш учун бора олмадим. Рамазон ойи бўлгани учун вақт нуқтаи назаридан имкониятларим чекланиб қолди. Қолган барча учрашувларни, шу жумладан, кубок баҳсларини ҳам марказий стадиондан кузатдим.
- Бу йилги мавсумнинг биринчи даврасида «Навбаҳор» жамоаси мураббийлар алмашиши бўйича ўзига хос рекорд ўрнатди. Бу қўнимсизликнинг асл сабаблари нимада, деб ўйлайсиз? Балки мураббийга ишлаш учун озгина вақт ва имконият бериш керакмикан?
- Шу зайлда юқори темпда мураббийлар алмаштирилаверса, жамоа бўладими? Рашид Ғофуровга камида бир йил вақт бериш керак эди. Мен Рашидни яқиндан билганим учун шундай деяпман. Ҳали жамоадагилар билан яқиндан танишиб олишга улгурмай, уни бўшатишди. Ғофуровга вақт беришганида, у натижа кўрсата оларди. Ёки бўлмаса, Александр Волковга ҳам мавсум охиригача имконият бериш керак эди. Бундан кейин ҳам мураббийлар мана шу тарзда алмаштирилаверса, «Навбаҳор»да ҳеч нарса ўзгармайди.
- Мураббий сифатида катталар жамоасида ишлаш ниятингиз йўқми?
- Йўқ. Айни дамда ўз ишим бор. Юқорида айтиб ўтганимдек, бир неча йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келяпман. Ҳар бир инсон ўз севган касбини қилгани яхши, деб ўйлайман. Қолаверса, оиламиз катта. Мен ягона ўғил фарзандман. Беш нафар синглим бор. Раҳматли отам бу дунёни эрта тарк этганлар. Фарзандлар тарбияси, уларни турмушга бериш билан шуғулланиш менинг зиммамга юкланганди. Шукурки, бугунга келиб сингилларимнинг барини узатиб бўлдик. Улар ўз оилалари билан бахтли ҳаёт кечиришяпти. Афсуски, отам уларнинг камоли ва бахтини кўра олмадилар. Ҳаёт синовлари ва ташвишлари сабаб футболдан ўзим истамаган ҳолда йироқлашишга мажбур бўлганман.
- «Навбаҳор»га бу йилги мавсумда нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз? Ўзингиз учун таҳлил қилиб кўрдингизми?
- Менимча, вақт керак, холос. Жа-моа деярли нолдан шакллантирилди. Жамоавий ўйиннинг йўқлиги панд беряпти. Мураббийларга озгина вақт берилганида, балки ишлар яхши томонга ўзгариб кетармиди, деб ўйлаб қоламан. Кейин мавсумлар оралиғида селекция ҳам суст даражада бўлган.
- Зафар ака, олий лига ўйинларини кузатиб бораётган бўлсангиз, нима маъқул келяпти-ю, нималар ёқмаяпти, дилингизни хира қиляпти?
- Очиғини айтаман. Бу йилги мавсумда деярли келишилган ўйинларни сезмадим, кўрмадим. Бу нарсани ўйинлар натижасидан ҳам шундоққина билиб олса бўлади. Аввалги йиллар билан таққослаганда, кутилмаган натижалар кўп қайд этиляпти. Шу нарса мени жуда ҳам хурсанд қиляпти. Кўз тегмасин, шу руҳда давом этса, бу футболимизнинг ўсишига ҳам хизмат қилади. Олий лига ўйинлари яхши, юқори темпда ўтмоқда. Кубок баҳсларида ҳам кутилмаган натижаларни кўрдик. Масалан, «Бухоро» жамоаси ҳар иккала ўйинда ҳам амалдаги чемпион «Пахтакор»ни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Чемпионат ўйинида эса «шерлар» билан дуранг ўйнади. Бундан ташқари, «Металлург» жамоасини ҳам алоҳида таъкидлаган бўлардим. Рустам Мирсодиқовнинг бир неча йил давомида шакллантирган жамоаси бугунга келиб ўз мевасини бера бошлади. «Металлург» бежизга пешқадамлар сафида юрмаяпти. Бу футболимиз учун яхши «сюрприз» бўлди. Фақат баъзи ҳолатларда ҳакамлар ўйинни бироз бузиб қўйишяпти. Ўйлайманки, бу камчиликларга ҳам тез орада барҳам берилади.
- Ўз вақтида жуда яхши ҳужумчи бўлгансиз. Бугунги ҳужумчилар ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Албатта, бу муаммо нафақат клублар, балки терма жамоада ҳам кўзга ташланиб қоляпти. Нима учун унинг ечими топилмаяпти?
- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Ҳужумчилар муаммоси айниқса, сўнгги 2-3 йилда яққол кўзга ташланиб қолди. Голни ҳис қиладиган ҳужумчи йўқ ҳисоби. Яқин 20-25 йил ичида Ўзбекистон терма жамоасида ҳужумчи ва дарвозабон муаммоси бўлмаган. Барча даврларда тажрибали, бир ўзи вазиятни голга айлантира оладиган, совуққон ҳужумчилар бўлган. Биз ўйнаб юрган кезлари Олег Шацких бор эди. Ундан кейин унинг укаси Максим катта саҳнага чиқди. Бугунга келиб биргина Игорь Сергеевни кўряпман. Бошқа ҳужумчини айта олмайман. Биз жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш ҳақида ўйлаяпмиз. Биргина ҳужумчи билан бу мақсадга эришиш осон иш эмас. Бу менинг шахсий фикрим.
- Зафар ака, бу йил «Навбаҳор» жамоасининг тарихий чемпионлигига 20 йил тўлади. Ўша шонли жамоанинг ғалабаси сири нимада эди?
- 1996 йилги мавсумда ҳақиқатан наманганлик мухлисларга ажойиб онларни туҳфа этгандик. Энг катта ютуғимиз - жамоамиздаги аҳиллик эди. Бир-биримизни кўз қарашидаёқ тушунардик. Бу шунчаки, баландпарвоз сўзлар эмас, фикримни қолган жамоадошларим ҳам тасдиқлашади. Бир нарсани айтишим керак, «Навбаҳор»нинг тарихий ютуғида раҳматли Ҳакимжон ака Ҳошимовнинг хизматлари чексиз бўлган. У киши ҳақиқий футбол фидойиси эдилар. Миллионлар ўйини деганда оилаларини ҳам эсдан чиқариб юборардилар. «Навбаҳор» таркибини, умуман, жамоани сақлаб қолиб, уни кучайтиришга айнан Ҳошимжон ака сабабчи бўлгандилар. Бу саъй-ҳаракатлар 1996 йилда натижасини берган. Ўша йили Фарҳод Магометов, Геннадий Денисов каби тажрибали футболчилар жамоага жалб этилганди. Олег Шацких, Тоҳир Мадраҳимов, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Илҳом Шарипов сингари етакчилар юқори савияда ўйин намойиш этишган. Деярли 40-50 фоиз ўйинчилар терма жамоа шарафини ҳам ҳимоя қилишарди. Ўша йиллари биз учун асосий рақиб «Нефтчи» ҳисобланарди. «Водий дербиси»га қизиқиш жамоалар турнир жадвалининг қайси поғонасини эгаллаб турганлигидан қатъий назар, юқори бўларди. 1996 йилги мавсумда бу икки клуб ўзаро ўйинларда биттадан ғалабага эришишган. Намангандаги учрашувда биз 1:0 ҳисобида муваффақият қозонгандик. Фарғонада кечган ўйинда эса «Нефтчи» 2:1 ҳисобида зафар қучганди. Шунга қарамай, чемпионат якунида олтин медаллар бизга насиб этган. Қаранг, ўшанда дунёга келган гўдак бу йил 20 ёшга тўлади. Айни навқирон ва майдонда жавлон уриб футбол ўйнайдиган ёш. Бугунги авлод вакилларини кўриб, ўша ўзимиз ўйнаган даврлар ёдимга тушиб кетди.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Фикрлар