Халк: ”Қачондир "Зенит"га қайтишни хоҳлайман"
18 июл 2016 22:20
Янгиликлар
Халк: ”Қачондир "Зенит"га қайтишни хоҳлайман"
56 миллион евро эвазига амалга оширилган трансфердан кейин у ўтиши хусусида фикрларини билдирди.
– Хитойга ўтишингизда асосий сабаб нима?
– Энг муҳим иштиёқ – бу янги саргузашт. Фаолиятимга назар ташланса, Японияда 4,5 йилни ўтказдим. Кейин “Порту”да 4 мавсум ва “Зенит”да ҳам шунча вақт давомида ўйнадим. Энди менда шунча муддат учун Хитой клуби билан шартнома мавжуд. Ўйнаган барча еримда бахтли бўлганман, бунга эришганман. Синов шундаки, бу ерда ҳам менда ҳаммаси яхши кўриниш олсин ва бу ерда тарихни яратишга эришай.
– Шанхайга келишингиз туфайли Бразилия терма жамоасига чақирилишингиз барҳам топади деган хавф йўқми?
– Йўқ, бу борада хотиржамман. Бу ерда терма жамоага чақирилаётган кўплаб футболчилар бор. Ҳозир мен учун ўйнайдиган клубимда ишларим ижобий кетиши муҳимроқ – мураббий мени терма жамоага таклиф этишни хоҳласин.
– Сиз учун аҳамиятлиси “Зенит” трансферингиздан 56 миллион евро ишлаб топади. Россия чемпионатидаги бирор футболчи учун шу пайтгача бунчалик кўп тўлашмаган!
– “Порту”га келганимда бу Португалия тарихидаги энг йирик трансфер бўлганди. Кетишимда ҳам шундай ҳолат кузатилган. “Зенит”га ўтишимда яна шундай ҳолатга дуч келганман. Ишингни муносиб баҳолашлари ёқимли. Уни Портуда, кейин Санкт-Петербургда муносиб баҳолашди. Умид қиламанки, Шанхайда ҳам буни уддалаш насиб қилади.
– “Зенит” кетишингиздан кейин янги жамоа қуришига қўшиласизми? Бу жараённи сиз қандай бошлаган бўлардингиз?
– Барчасини бошидан қилишга тўғри келади деб ўйламайман. Ҳозир “Зенит”да ажойиб таркиб бор. Турли терма жамоалар ўйинчилари мавжуд. Шунингдек, клубда яна 2-3 нафар яхши ижрочиларни таклиф этиш имкони бор ва бу жамоани кучайтиради.
– Кетишингиздан Зюба жуда ранжийди – у билан ажойиб дуэтга айландингиз. Энди Артёмга ким голли паслар беради?
– Ўйлашимча, энди ҳамма буни бажаришга интилади. Зюбага ростдан кўплаб голли тўп оширишларни уддаладим, буни статистикадан кўриш мумкин. Бу унинг хислати, яъни майдонда ҳаракатланиши ва очилиши сабабли рўй берди. Артём ўзига тўп келиб тушишига арзийди. Бошқа футболчилар унинг учун ўйнашни бошлашларига ишонаман.
– Мирча Луческу тайинлангандан сўнг орадан бир ой ўтди. У футболчиларга ўз рақамидан СМС-хабар йўллаган. У билан суҳбатлашдингизми?
– Мураббий билан телефон орқали гаплашдик. Луческу мендан умид қилаётганини таъкидлади. Ўшанда трансферим бўйича музокара кетаётганди. У буни билмаган бўлса керак. Биз учрашмадик, лекин унга клубда омад тилайман ва “Зенит” билан кўплаб совринларга эга чиқишига умид қиламан.
– Россиядаги фаолиятингизни қандай таърифлаган бўлардингиз? Нималарни уддаладингиз, нимани йўқ ва энг катта афсусланиш?
– Энг ранжитган ҳолат келишимдан кейинги давр бўлганди. Мен бошқача кутиб олишни кутгандим. Бир қатор футболчилар менга ҳурматсизлик билдиришди ва бу жаҳлимни чиқарди. Бахтимга улар тез орада клубдан кетишди. Шундан кейин жамоада ажойиб муҳит ҳукм сурди. “Зенит”да ижобий фаолиятга эга бўлдим деб ўйлайман. Бошида барчаси яхши кетмади, лекин буни енгиб ўтдим ва шундан кейин жамоага майдонда ва унинг ташқарисида ёрдам беришга муваффақ бўлдим. Жуда илиқ хайрлашдик. “Зенит”нинг эшиклари мен учун очиқ қолди деб ўйлайман. Бу жамоа оиламга айланди ва у билан ҳамиша илиқ муносабатни сақлашимга умид қиламан. Клубга ва Санкт-Петербургга ҳурмат билан ёндошаман.
– Жамоадаги энг бахтли кунингиз қайси? Ва энг яхши ўйинингиз?
– Совринларга эга чиққан кунларимиз. Жамоа билан уч соврин ютдим ва яна кўпроқ юта олардик. Бироқ хатларимиз бунга йўл қўймади. Ўша совринлар эса мени янада бахтли қилди.
– “Зенит”га қайтишни истайсизми? Қандай ролда?
– Албатта, хоҳлайман. Олдимда эса Шанхайдаги 4 йиллик шартномам турибди. Фаолиятим қандай давом этишини билмайман. Ҳаммаси клубдан қандай таклиф тушишига боғлиқ. Кўрамиз. Айтганимдек, жуда илиқ хайрлашдик. Кетганимдан кейин клуб ходимларидан кўплаб хабарлар олдим, яхши гаплар эшитдим ва бунинг учун миннатдорман.
– Европа чемпионати ўйинларини кўрдингизми ва Россиянинг гуруҳдан чиқиб кетганига муносабатингиз қандай?
– Тўғриси, кам учрашувларни кузатдим. Таътил пайтимда имкон борича кўпроқ дам олишга интиламан. Барчасини унутиб, оилам билан бўлишга ҳаракат қиламан. Албатта, Россиянинг гуруҳдан чиқиб кетганини билганимда бу қайғули бўлди. Россиянинг Англияга қарши биринчи ўйинини томоша қилдим. Унда жамоангиз яхши ўйнади ва ғалабага озгина етишмади. Бу футбол ва унда доим ҳам кучлилар зафар қучмайди. Баъзида ҳаммасини кичик тасодифлар ҳал қилади.
– Россиядаги фаолиятингизда кимга энг катта раҳмат деб айтган бўлардингиз?
– “Зенит” ва унинг барча ходимларига. Улар менга ишонишгани, катта пул тўлашгани учун. Бу пулларнинг қайтгани жуда муҳим. Миллер, президент Дяков, клуб директори Митрофанов ва клубга келган пайтимдан бошлаб мен билан ёнма-ён юрган барчага раҳмат айтаман. Жамоадаги муҳит туфайли менга оғриқли бўлганда клубдан кетишимга рухсат беришмагани учун миннатдорман. Улар қолишимни сўраб, ишлар яхши бўлишини айтишганди. Шундай бўлди. Якунда клубда бахтли йилларни ўтказдим.
– Клуб ва шаҳардан нима ёдингизда қолади?
– Шаҳарнинг ўзи. Санкт-Петербург – мўжизавий жой, уни жуда ёқтираман. Рафиқам ва болаларимга ҳам у ёқади, улар кўплаб дўстлар орттиришди. Клубдан барча ходимларнинг илиқ муомаласи ёдимда қолади. Улар доим менга ҳурмат билан муносабатда бўлишди ва уларга шундай жавоб қайтаришга интилдим. Менга қилинган ғамхўрликни ҳеч қачон унутмайман.
– “Зенит” ва Россияга хайрлашув чоғида нима тилайсиз?
– Россияга тинчлик ва хурсандчилик, клубга эса ғалабалар ва омад тилайман. Ҳамиша улар учун мухлислик қиламан, бу мамлакат қалбимда бўлади.Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Фикрлар