U-20 жаҳон чемпионати. Мундиалда порлаши кутилаётган 5 футболчи
19 май 2023 18:27
Янгиликлар
U-20 жаҳон чемпионати. Мундиалда порлаши кутилаётган 5 футболчи
Аргентина яшил майдонларида 20 майдан 11 июнга қадар бўлиб ўтадиган жорий йилги турнирда томоша қилиш керак бўлган юлдузлар билан танишамиз.
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати Диего Марадонадан тортиб Лионель Месси, Поль Погба ва Серхио Агуэрогача бўлган ёрқин футболчиларнинг карьераси учун старт майдони бўлди.
20 май куни старт оладиган мусоқабада машҳур клублар эътиборини тортиши мумкин бўлган ёш ўйинчилар ҳақида маълумот берамиз.
Кендри Паес, 16 ёш (Эквадор)
Паес рўйхатдаги энг ёш ўйинчи бўлишига қарамай, унинг имкониятлари юқори баҳоланган. 2022 йилги "Next Generation Trophy" турнирининг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланган Кендри Паесни дриблинг жиҳатдан Лионель Мессига қиёслашмоқда.
Паес Эквадор U-17 терма жамоаси сафида 10 та ўйинда майдонга тушиб, Аргентина ва Колумбияга қарши ўйинларда рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган.
Англия Премьер-лигасининг номдор клубларидан бири бўлган "Челси" 16 ёшли футболчи учун 20 миллион евро тўлашга тайёр турибди. Жаҳон чемпионатида узоқроққа боришни мақсад қилган Эквадор жамоасининг таянч нуқтасида Паесдан кўп нарса кутилади.
Алекс Скотт, 19 ёш (Англия)
Англия ёшлар терма жамоаси сўнгги вақтларда кутилган ўйин намойиш эта олмаётган бўлса-да, "Бристол Сити" ўйинчиси Алекс Скоттнинг ажралиб туриши кутилмоқда.
19 ёшли йигитча аллақачон "Манчестер Сити" устози Пеп Гвардиоланинг эътиборини тортишга улгурди. Англия кубоги доирасида жамоаларнинг ўзаро тўқнашувидан кейин испаниялик мутахассис уни ақлбовар қилмас ўйинчи деб атаган.
Грилишга қиёсланадиган футболчи мамлакат ёшлар жамоаси сафида 6 учрашувда майдонга тушган, бироқ ҳали ўз номини таблога ёзиб қўя олмаган. Аргентина майдонлари унга ўз истеъдодини юқори босқичга чиқариш учун ажойиб имконият тақдим этади.
Маркос Леонардо, 20 ёш (Бразилия)
U-20 Бразилия терма жамоаси сафида 10 та ўйинда 8 та гол урган Маркос Леонардо мундиал тўпурарлиги учун курашадиганлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ҳужумчи бразилиялик афсонавий Пеленинг собиқ клуби "Сантос" сафида 23 та тўп киритган.
Леонардонинг "Сантос" билан 2026 йилгача мўлжалланган шартномаси мавжуд, бироқ яқинлашиб келаётган U-20 жаҳон чемпионати юлдузларидан бирига Европанинг йирик клублари харидор бўлиб келса, ажабланмаймиз.
Жумладан, келаси мавсум ҳужум чизиғига янги куч қўшишни режалаштираётган Жозе Моуринью мураббийлигидаги Италиянинг "Рома" клуби футболчига қизиқиш билдирмоқда ва 20 миллион евро таклиф қилмоқчи.
Куинн Салливан (АҚШ)
2022 йилги U-20 КОНКАКАФ чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган Пакстен Ааронсон АҚШ терма жамоаси билан Аргентинага бормаган бўлса-да, америкаликлар сафида жамоанинг энг яхши иккинчи тўпурари етиб келган.
Куинн Салливан АҚШ U-20 терма жамоаси сафида 13 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урган, шу жумладан, ўтган йили Санто Домингода ўтказилган қитъа турнирида 6 та голни расмийлаштирган.
Аммо фақатгина рақиб дарвозасига тўп йўллаш Салливаннинг ягона хислати эмас. "Филадельфия Юнион"нинг ёш футболчиси жамоа таркибида бешта голли узатмани ҳам амалга ошириб, бу борадаги иқтидорини ҳам кўрсатиб қўйди.
Бўлажак жаҳон чемпионатида мамлакат томонидан футболчига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонч билдирилади.
Лука Ромеро, 18 ёш (Аргентина)
Аргентина ихтиёрида истеъдодли футболчилар бисёр, шу жумладан, терма жамоага жалб этилган "Манчестер Сити" аъзоси Максимо Перроне ноёқ истеъдод соҳиби саналади.
Шу билан бирга, А Серияда 14 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган 18 ёшли Лука Ромерога ҳам эътибор қаратиш лозим.
Аргентиналик ёш юлдузларни таққослаш одатига айланганидек, Ромерони ҳам "янги Месси" дея аташмоқда. Лукадан 2005 йилги U-20 Жаҳон чемпионатида ўз мамлакатини ғалаба сари етаклаган Месси сингари етакчига айланишни кутишмоқда.
Оқил Абдубарноев тайёрлади
Фикрлар