"Тез орада фаолиятимда янгилик бўлади". Грузиядаги футболчимиз Мурод Тўйчибоев Европадан Осиёга қайтадими?

Aslanov Jasurbek
3 июн 2021, 10:20
Ушбу мавсум Грузия чемпионатида ўзбекистонлик футболчи Мурод Тўйчибоев тўп тепаётганидан хабарингиз бор.

Яқинда мазкур мамлакатда биринчи давра баҳслари тугайди. Эшитишимизга қараганда ҳамюртимизга Таиланд ва бошқа мамлакатлардан таклифлар бор. Хўш, у фаолиятини Европада давом эттирадими ёки Осиёда? Бу борада Мурод Тўйчибоев сайтимизга фикрларини билдириб ўтди.

- Грузияда ишларингиз қандай кетмоқда? "Торпедо Кутаиси" билан шартномангиз қачонга мўлжалланган?

- Авваламбор ассалому алейкум. Грузияда ишларим худога шукур яхши. Сўнгги тўртта турда бирин-кетин рақибларимизни мағлубиятга учратмоқдамиз. Натижаларимиз ёмон эмас. - "Торпедо Кутаиси" билан шартномам шу йилнинг охиригача мўлажалланган. Йил якунида клуб билан тузган шартномам тугайди. 

- Таиланд клубидан жиддий таклиф бўлгани ростми? Балки бу борада тез орада янгилик кўрармиз...

- Ҳа, Таиланд клубларидан чорлов бўлди. Уларнинг таклифи ўз кучида турибди. Айни пайтда Грузияда биринчи давра тугашини кутмоқдаман. Насиб қилса тез орада фаолиятимда янгилик бўлади. 

- Европа футболи ҳавосини ҳис қилдингиз. Ўзбекистонлик футболчиларга у ерда ўйнаб кетишлари учун энг асосийси нима керак?

- Футболчида ўзига бўлган ишонч юқори бўлса бас. Бизнинг ёш футболчиларга озгина эътибор берилса ҳар қандай чемпионатда ўйнаб кета олишади. 

- Грузияда қай томонлама ўсишни сездингиз? Аввалги мавсумларни Бангладеш чемпионатида ўтказгансиз. Икки қитъа футболи ўртасида тафовут бор барибир...

- Ўз кучимга ишончим ортди. Ўйлайманки, бу билан тўхтаб қолмайман. Олдинга интилишда давом этаман. Бугунги кун футболида тўхтаган инсон катта нарса йўқотади. 

- "Торпедо Кутаиси"да бош мураббий билан алоқаларингиз қандай? Чунки Европа жамоаларига борган футболчиларимизнинг баъзиларида мураббий билан келиша олмаслик ҳолатлари учрамоқда...

- Илк кундан бошлаб бу борада муаммо кузатилмади. Клубдагилар мени яхши кўришади. Бош мураббий билан муносабатларим яхши. Кўп нарса ўрганишга ҳаракат қиляпман.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia